Асосий мавзулар
17 сентябр 2024

Ишдан ҳайдалгани ортидан аламзада директор қаматган фаол қамоқда туғди

Қашқадарëдаги мактаб директорининг қонунга зид қилмишлари ва чек-чегараси йўқ ўзбошимчалиги ҳақида матбуотга хабар етказгани ортидан айни директор аризасига асосан иш қўзғатилиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган 40 яшар фаол Дилдора Ҳакимованинг 9 сентябрь куни жарроҳлик йўли билан туғдирилгани ҳақидаги хабарни тергов ҳибсхонаси бошлиғи Ҳамраев 14 сентябр куни 4048 рақамли хат орқали маҳкумнинг адвокатига билдирди.

Қамоқхона бошлиғи йўллаган мазкур расмий мактубда маҳкума Дилдора Ҳакимованинг «сурункали камқонлик ва кўкрак саратонига чалингани»маълум қилинади.

Мактубда маҳкумнинг тергов изоляторида «даво муолажа (олишига) имконияти йўқлиги» боис «режали узоқ муддатли даволанишга муҳтожлиги» ҳамда қамоқда она ва болани сақлаш шароити етишмаслиги сабабли қамоққа қайтарилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги қайд этилган.

Бир муддат туғрукхона палатасида «кесар кесиш» амалиëти ўтгани ортидан 13 сентябр куни тергов ҳибсхонасига қайтарилган Дилдора Ҳакимова¸ ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокати назарида «фаоллиги учун таъқиб қилинган тутқун» ўлароқ кўринмоқда.



Дилдора Ҳакимова қамоқдан Элтузга ëзган мактубида ҳам ўзининг тухмат ва шантаж қурбони бўлгани¸ айбсиз эканлигини урғулади.

Бу қўлëзма мактубда Қашқадарëда сўз эркинлигини бўғиш учун адолатсиз суд тизими ишлатилаëтганидан шикоят қилинади.

Қамоқда бола кўрган Ҳакимова «мактаб директорининг қилмишларини фош қилгани» ортидан жиноий жавобгарликка тортилган қаршилик икки блогернинг бири.

Жиноят ишлари бўйича Қарши судининг жорий йил 18 июлдаги ҳукмига кўра, етти нафар гумонланувчиларнинг иши кўриб чиқилиб, уларнинг  ичида тўртта шикоят ёзган ўкитувчини айбдор деб топилди.

Келдиëрова Наргиза¸ Ҳакимова Дилдора¸ Парпиев Шукрулло¸ Сафарова Шахноза¸ Маматова Фароғат¸ Умирова Мусаллам¸ Рустамовала Ойдинларга нисбатан суд маҳкамасида саслантирилган айблардан бири сифатида «муаммолар ҳақида Элтуз ва Озодликка хабар етказиш» деб топилди.

Судда асосий жабрланувчи ролини ўйнаган мактаб директори Ҳақбердиева шикояти ҳам Элтуз кўрган суд ҳукмидан ўрин олган.

Жабрланувчи Сайëра Ҳақбердиева 2015 йил октябр ойида Қарши туманидаги 12 макатабга директор қилиб тайинлангани ва 2023 йил октябрида ишдан бўшатилгани ҳақида судда кўрсатма берган.

Ҳақбердиева ишдан бўшатилганига Дилдора Ҳакимова ва Наргиза Келдиëрова бошлиқ бир гурух ўқитувчилар томонидан унинг устидан Элтуз ва Озодликка арз қилганини сабаб деб судда кўрсатма берган.

Суд расман бу етти нафар фаолни уюшган жиноятчи сифатида топмаган бўлсада, феълан уларни коллектив жазолаш орқали «буюртма»ни бажарган кўринади.

Элтуз тасарруфида мавжуд тўртта аудио ëзувда бу иддаонинг тескарисини кўрамиз. Ҳақбердиева Дилдорага телефон қилиб «бу мақолаларни тўхтатиш учун нима қилай» деган. Дилдора бўлса «қинғир ишларни тўхтатсангиз одамлар ҳам шикоят қилмайди» деган.

Қилмишлари учун ишдан ҳайдалган Сайëра Ҳақбердиева фаоллар қамалишида «калит фигура» ўлароқ кўринади.

Ҳақбердиеванинг қилмиш-қидирмишлари ҳақида Элтуз ва Озодликда ўнлаб мақолалар нашр қилинган.

Ҳақбердиева фаол блогерларни «тузоққа тушириш учун» улар очган МЧЖ ҳисобига пул юборган ва ИИБга шикоят ëзган.

Бу эса Қарши туманидаги камчиликларни халқаро матбуотга олиб чиқаëтган икки фаол Дилдора Хакимова ва Наргиза Келдиёровани қамаб жиноят иши очиш учун асос бўлди.

Шу ўринда Элтуз телеграм каналида ойлигини ололмаган мактаб қоровулининг адолатсизлик ҳақида адрессиз абстракт шеър ëзгани учун ҳам «мени айтяпти» дея Ҳақбердиева қоровул устидан судга ариза киритган эди.

Яъни Ҳақбердиева сўз эркинлигининг ҳар қандай кўринишини қатлга элтувчи «қўнғироқли эчки» вазифасини бажардими?

Саволлар бисёр.

Фаоллар шикояти ортидан ишдан бўшатилган директор шу йўсинда қасос олдими?

Қашқадарë вилояти Қарши туманидаги 12 мактабнинг (собиқ) директори Сайëра Ҳақбердиеванинг астрономик кўламдаги қилмишларини фош қилган фаол ва ўқитувчилар нега коллектив жазоланди?

Қашқадарëда юз бераëтган жиноятлар ва ҳуқуқий нигилизм яратган негатив фазо белгиларини халқаро матбуотга етиб бормаслигини истаган маҳаллий мулозимлар аламзада директордан фаолларни қамаш учун инструмент сифатида фойдаландими?

Бу саволларга бирин-кетин тўхталамиз.

Суд ўз хулосасида бу етти фаолнинг ягона жиноят тўдаси эмаслигини таъкидлаган бўлса ҳам Дилдора Ҳакимова ва Наргиза Келдиëровага узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинлади.


Бошқа ўқитувчиларга шартли ва кам муддатли жазо берилгани «қасос олувчининг нишони Дилдора Хакимова ва Наргиза Келдиёрова бўлган» деган иддаога исботдай кўринади. Феълан суд мактаб директори қилмишларини матбуотга олиб чиқиб фош қилган ва ҳақли равишда ишдан бўшаттирган икки фаолни жазолади. Шу ўринда «қасос олди» деган жумлани ҳам қўлласа бўлади.

Суд жараëнларида гўëки фоллар мактаб директоридан пул олгани ҳақидаги иддао ўзининг кучли исботини топмади. Судланувчилар адвокати маҳкамага тақдим қилган аудио ëзувларда «жабрланувчи»нинг «пулни босим остида юборгани» иддаоси йўққа чиқади. Ҳатто сўрамасдан¸ келишмасдан атай пул тиқилгани ҳақида Дилдора Ҳакимова 102 га телефон қилгани ëзилган аудио диск ҳам судга тақдим қилинган. Аммо суд бу муҳим далилни инобатга олмади.

Аснода жабрланувчи раҳбар бўлиб ишлаган мактабдаги криминал фазо¸ қонунсизлик кўлами ва коррупция манзараси ошкор бўлди. Бу манзарага фонарик тутиб ëритган ва мактабни коррупционер мулозимдан қутқарган блогерлар жазоланди.

Сўз эркинлиги бўйича ҳолатни Каримов даврига қайтаришни истаган қашқадарëлик «орган ходимлари» вазиятнинг Карши туман 12 мактаб доирасидан кенгроқ эканлигини яхши билишган. Наргиза Келдиёрова ва Дилдора Ҳакимова Қашқадарëдаги камчиликлар¸ муаммолар борасида фактлар билан Элтуз ва Озодликка мунтазам ҳабар бериб турган. «Орган» бу икки “канал”ни мактаб директор ëрдамида ëпиб, бахтли бўлишни орзу қилган ва «мустақил суд» уларни бу орзусини ижобатини таъминлади.

Судланувчиларнинг яқинларига кўра, 18 сентябрь куни Дилдора Ҳакимова ва яна беш нафар маҳкумнинг аппеляция суди давом этади.

Қашқадарëда сўз ва ифода эркинлиги бўғилишининг яққол намунаси бўлган бу «коллектив жазолаш» тизими ҳақидаги суриштирув Элтузда давомий ёритиб борилади.

Тағин ўқинг
23 январ 2017
Президент «пуф» дегандан кейин тадбиркорлар ва ишбилармонлар газетаси бўлмиш «XXI аср»га (19.01) жон кираётгандек бўлди. Ҳа йўқ, бе йўқ, ...
5 феврал 2016
Рассом Элсевар бугунги ҳажвий расмини, Ўзбекистонда газ, сув, электр ва бошқа коммунал тўловлардан қарзлар муаммосининг қандай ҳал этилаётганига бағишлади. ...
21 сентябр 2021
Ўша машъум 30-йилларда миллатимиз ойдинларининг қатағонлари тепасида турганлар орқасида нафақат миллат хоинлари, балки миллатимизнинг чинакам ташқи душманлари ҳам кўп ...
21 октябр 2022
Малака сертификатини олиш 2023 йилдан талаб қилиниши кутилмоқда. Мамлакатнинг давлат тилини тарғиб қилиш тўғрисидаги сўнгги баёнотида Ўзбекистон юқори давлат ...
Блоглар
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...
8 август 2024
«Арабистон тупроғида бола туғиш» мақсадидаги хотинлар ва уларни етаклаб кетаётган эркаклар. Арабистонда ўқилган шаърий никоҳга ...