Асосий мавзулар
22 март 2019

22 март – Мовароуннаҳр ҳукмдори ва астроном Мирзо Улуғбек туғилган кун

Математикага оид “Рисолаи Улуғбек” ва астрономия илмида воқеа бўлган “Зижи жадиди Кўрагоний” асарларини ëзган олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек ҳозирги Эроннинг Султония шаҳрида 1394 йилнинг 22 мартида дунëга келади.

Астроном, математик ва давлат арбоби сифатида из қолдирган Улуғбек Шоҳруҳнинг ўғли, Амир Темурнинг набирасидир.

Соҳибқироннинг “беш йиллик юриш”ида (1392-96) Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилиш чоғида туғилгани айтилади.

Улуғбекнинг ҳаётлигида чизилган ягона портрети.  Бу расм кейин яратилган ва ўйлаб топилган расмлардан мутлақо фарқ қилади. Бунда у ўғиллари Абдуллатиф, Абдулазиз, очиқ либос кийган хотинлари ва амирлари билан бирга ўтирибди. 1425-1450. "Фрир" галереяси,   (Freer Gallery of Art) Вашингтон
Улуғбекнинг ҳаётлигида чизилган ягона портрети. Бу расм кейин яратилган ва ўйлаб топилган расмлардан мутлақо фарқ қилади. Бунда у ўғиллари Абдуллатиф, Абдулазиз, очиқ либос кийган хотинлари ва амирлари билан бирга ўтирибди. 1425-1450. «Фрир» галереяси, (Freer Gallery of Art) Вашингтон

Давлат арбоби ва ҳукмдор

Шарафуддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида ёзишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади.

Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади.

Унинг ўз набирасига Муҳаммад Тарағай ва Улуғбек деб исм қўйганини ҳам мунажжимларнинг юқоридаги башорати билан боғлаш мумкин.

Амир Темур Улуғбек тарбиясига алоҳида эътибор берган ва уни давлат аҳамиятига молик тадбирларда қатнаштирган.

Клавихонинг қайд этишича, Улуғбек бобосининг хорижий элчиларни қабул қилиш маросимларида иштирок этган.

1404 йил Конигилда ўтказилган тантаналарда Амир Темур олтита набирасининг (жумладан, Улуғбекнинг) никоҳ тўйини ўтказган. Тўйда соҳибқирон Улуғбекка Тошкент, Сайрам, Янги (ҳозирги Тароз), Ашпара ва Мўғулистонни то Хитой ҳудудигача суюрғол қилиб берган.

Амир Темур Ўтрорда вафот этган чоғда Улуғбек ҳам ўша ерда бўлган. Темур васиятига кўра, Улуғбек Туркистон ҳукмдори бўлади ва давлатни Самарқанддан туриб идора қилади.

Маориф ва фан равнақи

Улуғбек даврига келиб мадрасаларда диний фанлар билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилди, кўпроқ аниқ фанларга аҳамият берилди. Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ва Регистон мажмуалари қурилишлари поёнига етказилди.

Замондошларга кўра, Улуғбек қилган энг буюк иш Самарқанд илмий мактабини – ўша давр академиясини барпо этганлиги бўлди. Бу илмий мактабда 200 дан ортиқ олим фаолият юритган.

Улар орасида энг йириклари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший эди. Улуғбекнинг илмий мактаби ўз фаолиятида ўрта осиёлик машҳур олимлар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний бошлаб берган илмий анъанага асосланар эди.

Улуғбек Самарқанд яқинида расадхона барпо қилди. Самарқандда 2 та мадраса: бири Регистон, иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо қилган.

Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.

Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, “Зиж” устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Улуғбекнинг яна бир математик асари “Рисолаи Улуғбек” деб аталади ва унинг 1-нусхаси Ҳиндистонда Алигарх университети кутубхонасида сақланади, ҳали ўрганилмаган.

Улуғбекнинг илмий мероси унинг “Зиж”идир. Бу асар сайёралар, Қуёш ва Ой ҳаракатини талқин қилиш, юлдузлар каталоги ва унда қўлланилган математик усуллари бўйича ўрта асрлардаги астрономик асарларнинг энг мукаммали бўлган.

Улуғбек ҳақидаги асарлар

“Зиж”га илк шарҳни Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи “Чархи Зижи Улуғбек” номи билан ёзган.

Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида «Улуғбек мадҳияси» деган махсус боб мавжуд. Унда Улуғбек заминда осмон яратган олим, деб таърифланади:

Расадким боғламиш зеби жаҳондир,
Жаҳон ичра яна бир осмондир.
Билиб бу навъ илми осмоний,
Ки андин ёзди «Зижи Кўрагоний».
Қиёматга деганча аҳли айём,
Ёзарлар анинг аҳкомидин аҳком.

1690 йил Гданскда поляк астрономи Ян Гевелий чоп эттирган “Юлдузлар осмонининг атласи”даги иккита гравюрада ўша даврнинг машҳур астрономлари орасидан Улуғбекка фахрли ўрин берган, унда Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вилгелм Ив ва ўзининг жадваллари билан солиштирган.

1711 йил Оксфордда Улуғбекнинг географик жадвали 3-марта нашр этилган.

1807 йил ўша ерда бу жадвал янги грек тилида ҳам нашр этилган.

1725 йил инглиз астрономи Д.Флеметид (1646-1719) Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вилгелм Ив, Ян Гевелий ва ўзининг жадваллари билан бирга нашр этган.

1908-09 йиллар В.Л.Вяткин Улуғбек расадхонасининг харобаларини ва унинг асосий асбоби – квадрантини кавлаб топгандан сўнг Самарқанд олимларининг фаолиятига қизиқиш янгидан бошланади.

Натижада 1918 йилда В.В.Бартольднинг “Улуғбек ва унинг даври” асари нашр этилган.

1611-1687 йилларда яшаб ижод қилган таниқли астроном Йоханнес Хевелиуснинг Улуғбекка бўлган муносабати илм аҳлига маълум.

Таниқли астроном Лаплас Улуғбекка «энг улуғ кузатувчи», деб баҳо берганди. Буюк француз даҳоси, тадқиқотчи олим Вальтер (Марк Франсуа Аруэ, 1694-1778) Улуғбек ҳақида: «Улуғбекнинг буюклиги унинг қилган ишлари билан белгиланади.

Улуғбек Самарқандда биринчи Фанлар академиясини яратди, ер куррасини ўрганди, коинот ва юлдузларни кашф этиб, машҳур жадвал тузди», деб таъкидлаган эди.

Улуғбек акс этган суратлар

Бугунга келиб Улуғбекнинг икки нодир сурати сақланяпти. Бир рангли сурат форс миниатюра санъати мактаби намояндаси бўлган рассом томонидан 17-асрда яратилган бўлиб, унда Улуғбекдан ташқари олимнинг 25 та шогирди, сарой аҳли тасвир этилган.

Улуғбек шогирдлари даврасида суҳбат устида тасвирланган. Энг таниқли шогирди Али Қушчи Улуғбекнинг чап ёнида кўрсатилиб, у буюк олим билан суҳбатлашаётган ҳолда тасвирланган.

Бу нодир сурат ҳақида дастлаб 1970 йили Англияда чиқадиган «Нistоrу Today» («Бугунги тарих») журнали саҳифаларида таниқли инглиз олимаси ва ёзувчиси, «Жаҳонгир Темур» романининг муаллифи Хилда Хукхем мақола эълон қилганди [«Нistory today», London, 1970, No.З, p.209]. Кейинчалик бу расм Ҳенри Виенчекнинг «Осиё устида бўрон» (Henry Wiencek, Storm across Asia, Nеw Yогк, НВJ Pгess, 1980, Printed in Italy, р.84) китобига илова қилинди.

Улуғбекнинг иккинчи сурати тахминан 1440 йилда Самарқандда ўз юртимиз рассоми томонидан чизилган бўлиб, Улуғбекнинг шу кунларгача топилган энг нодир сурати ҳисобланади.

Бу суратнинг асл нусхаси Низомий «Хамса»си саҳифасига чизилган ва у ҳозир Туркиядаги музейда сақланади.

Улуғбекнинг бу ўта нодир сурати ҳақида илк бор асли ўрта осиёлик тарихчи Абдулҳай Ҳабибий ўзининг «Темурийлар даври санъати ва санъатга оид асарлар» номли китобида маълумот берган ҳамда бу суратни «Аз Султон ул-Аъзам Улуғбеки Гўрагон» («Буюк султон Улуғбек Кўрагон») деб атаган.

Улуғбекнинг Истанбул музейидан топилган суратида буюк олим ерга чордона қуриб ўтириб осмонга боққан ҳолда якка ўзи тасвирланган.

Хевелиус Улуғбек асарини нашрга тайёрлаш билан бирга, Улуғбекнинг оврўполик рассомлар чизган икки суратини ҳам асарига илова қилган.

Улуғбек асарлари

Жаҳондаги машҳур кутубхона, музейларда ҳозирги кунларгача Улуғбек асарининг 25 та қўлёзмаси сақланиб келиняпти: олтитаси Англиянинг Британия музейида, учтаси Париж миллий кутубхонасида, еттитаси Англиянинг Бодлеан кутубхонасида, иккитаси Сент Жоунз коллежи кутубхонасида, биттадан Буюк Британия Қироллик астрономия жамияти ва Кровфорд китобликларида ҳамда бештаси Ҳинд идораси номи билан танилган ташкилот кутубхонасида.

Қўлёзмаларнинг 22 таси форс тилида ва фақат учтаси араб тилида ёзилган, Улуғбек «Зиж»ини Буюк Британияда биринчи бўлиб Жон Гривс тадқиқ этган.

1648-1658 йиллар ўртасида Ж.Гривс Улуғбек асарини уч марта нашр эттирган. Бошқа бир инглиз олими Томас Хайд 1665 йили Улуғбек асарини инглиз тилига таржима қилиб, 1018 та юлдуз жадвали билан бирга чиқарган.

Томас Хайднинг Улуғбек «Зиж»ига бағишланган бу тадқиқоти 1767 ва 1843 йиллари қайта нашр бўлган.

Падаркуш буйруғи билан

Бугунги замон илм фанига Улуғбекдан улуғ мерос қолди. Бироқ буюк астроном ва ҳукмдор ҳаёти унинг мутаассиб ўғли фармойиши билан фожиали якун топди.

Улуғбек 1449 йилнинг 27 октябрида Самарқанд яқинида падаркуш Абдуллатиф буйруғи билан қатл этилди. Унинг жасади Гўри Амир мақбарасига дафн этилган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 ноябр 2020
Афу эт мениТақлид қилолмадим, кечир, Ватаним –Тош каби бардошли бўлолмадим ҳеч.Сапчиб турган эсам, айбситма мени,Афу эт, ахир мен ўлолмадим ...
6 апрел 2018
1899 йилнинг 6 апрелида Москва йўлларида электр билан юрадиган трамвай пайдо бўлди. Бу трамвай от тортиб юрадиган кўнка аравалар ...
30 ноябр 2015
Дўстлик тумани ТИИБ терговчиси Ориф Анорбоев кимдир маслаҳат учун пул тўлаганлигини билиш учун Ўктам Пардаевга ёрдам сўраб мурожаат қилган ...
7 феврал 2018
Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шўролар даврида республикани узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидовнинг номини гўёки оқлашга қаратилган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...