Асосий мавзулар
28 ноябр 2020

РТдан ваъз: Коллектив ақлсизлик

Афу эт мени

Тақлид қилолмадим, кечир, Ватаним –
Тош каби бардошли бўлолмадим ҳеч.
Сапчиб турган эсам, айбситма мени,
Афу эт, ахир мен ўлолмадим ҳеч.
Кечир, сапчиб турдим оғир уятдан –
Тарихидан жудо бўлган халқ каби
Келажаги қаро инсониятдай –
Энг сўнгги лаҳзада турдим мен қалқиб!
Турдим, сапчиб турдим, ўзимга келдим,
Шаккок фарзандингни афу эт, Ватан –
Гўзал кафанларни эгнимдан юлдим,
Тушдим, сакраб тушдим тилла тобутдан!…

Муҳаммад Солиҳ

Ўтган ҳафта воқеа ва ҳодисаларга бой бўлди. Совуқ шунчалар қаттиқ келдики, сув иситгич қозонлар дош бера олмай қолди, чироқ Тошкентнинг қоқ марказида ўча бошлади – Ўзбекистон зимистонга айланди, шеърини эшитганингиз Муҳаммад Солиҳ мухолифат етакчилигидан истеъфо беришини билдирди.

Ҳаммасини охиридан бошласам.  

Лидернинг истеъфоси

“Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ истеъфога чиқиш ниятини очиқлади. Солиҳ “агар ҳукумат унинг ва партиянинг мусодара қилинган мулкини қайтариб, реабилитация қилса, Тошкентга бориб “Эрк” қурултойида истеъфо беришини” билдирди.

Айни пайтда Муҳаммад Солиҳ “шартлари бажарилмаган тақдирда мухолифатдаги фаолиятини давом эттиражаги”ни таъкидлади.

Ҳар холда расмий Тошкент Солиҳ талабларини бажармаслиги эҳтимоли катта. Демак, истеъфо ҳақидаги сўзнинг амалга ошиши келажакка ҳавола.

Муҳаммад Солиҳ 1949 йилда Хоразм вилоятида туғилган.

Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетини, Москвадаги Олий адабиёт курсини тугатган.

У ўзининг 1977 йилда нашр этилган илк шеърий китоби – “Бешинчи фасл” билан авангард шоир сифатида танилади.

20 дан ортиқ шеърий, насрий ва публицистик китоб муаллифи.

Муҳаммад Солиҳ Франц Кафка асарлари ва 20-аср француз шоирлари, шунингдек, атоқли турк шоири Юнус Эмро шеърлари ҳамда туркий халқларнинг машҳур эпоси саналмиш “Дада Қўрқут китоби”ни ўзбек тилига ўгирган.

Шўро даврида айрим танқидчилар Муҳаммад Солиҳни миллий анъаналардан узоқ, Ғарбга тақлид қилувчи шоир сифатида танқид қилишади.

Аммо айнан Муҳаммад Солиҳ ўзбек тили, миллий адабиёт ва тарихга нисбатан шўролар сиёсатини танқид қилиб чиққан илк ўзбек зиёлиси бўлади.

СССРнинг сўнгги йилларидаги ошкоралик сиёсати Муҳаммад Солиҳни ўткир публицистга айлантиради.

У Ўзбекистондаги пахта яккаҳокимлиги, Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик фожеа мавзуларида кўплаб мақолалар эълон қилган.

Мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ ва унинг баёнотига оид мавзуга хабарлардан сўнг қайтамиз.

Музлаётган Ўзбекистон

23 ва 24 ноябрь кунлари Наманган шаҳрида ва Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида қаҳратон совуқда газсиз ва электрсиз қолган аҳоли норозилик билдириб кўчага чиқди. Қаттиқ совуқдан думбаларигача музлаган аҳоли кўча-кўйда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам бир одамни – Мирзиёевни қарғади.

Ваҳоланки, шу йил кузида қишки мавсумга тайёргарлик ҳақида йиғилиш ўтказиб, қарор чиқарган президент Мирзиёев бу йил қиш қаттиқ келишини айтиб, Тошкентда тайёргарлик учун Бош вазир Абдулла Ариповни, вилоятлар учун Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовни масъул қилганди.

Бу гаплар Арипов ва Раматовнинг у қулоғидан кириб, нариги қулоғидан чиқиб кетгани 18 ноябрдан кейин аён бўлди. Шу куни ёққан қор Абдулла оканинг ҳам, Очилбой оғанинг ҳам кетларини очиб ташлади. 

Улар қишга умуман тайёргарлик кўрмагани ошкор бўлди. Тошкентда ва вилоятларда қозонхона, қувурлар ишдан чиқди, аҳоли газдан ва электр энергиясидан узиб қўйилди.

Ўзи охирги пайтларда шу Абдулла Арипов ва Очилбой Раматовнинг ўзлари ҳам, мўйловлари ҳам жуда шубҳали бўлиб бормоқда. Икковлон Мирзиёевга қарғиш келтирадиган ишларни дўндиришяпти.

Сўнгги икки йил ичида бутун Ўзбекистон бўйлаб гигант қурилишлар кетаётгандай туюлмоқда. Йўқ, ҳукумат йўлларни таъмирламаяпти, янги иситиш қувурлари ҳам ётқизаётгани йўқ. Давлат қандайдир дабдабали сити ва бизнес марказлар қурмоқчи. Бу бизнес марказлари эса бизнинг уйларимиз жойлашган ерда қурилиши керак экан. 

Агар сиз уй ўзимники деб ўйласангиз хато қиласиз

Тошкентлик фаол Фарида Шариф қуйидагиларни ёзди:

“Кўп қаватли турар жой биносида сизнинг уйингиз ёки квартирангиз бор. Сиз уни сотиб олгансиз ёки у сизга мерос қолган. Сизда ушбу мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатлари мавжуд.

Аммо тўсатдан сизнинг олдингизга аллакимлар келиб, “Huynia Project” МЧЖ уйларингиз тагидаги 2 гектар майдонни олгани тўғрисидаги ҳужжатнинг А5 форматда кўчирилган нусхани силкитиб, бу ҳам етмагандай, кадастр хизмати ушбу “Huynia Project”га мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказгани ҳақида ёзилган яна бир ўшандай А5 форматдаги ҳужжатни кўрсатиб турса… Қарабсизки, уйингиз энди сизники эмас.

Ва Ўзбекистон суди / прокурори / адвокати бундай дейди: “Ҳа, албатта, энди уйингиз сизники эмас, бўшатиб қўйинг”.

Сиз айтасиз: “Қанақасига меники эмас? Мана менинг шахсий мулк ҳуқуқимни тасдиқловчи ҳужжат!”

Ўзбекистон суди / прокурори / ва ҳар қандай адвокат сизга бундай дейди: “Ҳа, сизнинг шахсий мулкингиз энди сизга тегишли эмас. Мансублигига кўра, у давлатга тегишли, яъни муниципалдир”.

Сиз айтасиз: “Аммо менинг уйим давлат эҳтиёжлари учун эмас, балки ҳеч кимга номаълум “Huynia Stroy” МЧЖнинг тижорат манфаатлари учун берилмоқда”.

Судя / прокурор / ҳар қандай ўзбек адвокати эса сизга бундай дейди: “Ҳоким ҳукмдор, демак, шунга ўхшаш тарзда “Huynia Stroy” эҳтиёжлари давлат эҳтиёжидир”.

Сиз айтасиз: “Хусусий мулк дахлсизлиги ёзилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қаерда қолди? Хусусий мулк тўғрисидаги қонун-чи?”

Суд / прокурор / ва ўзбек адвокати эса бундай дейди: “Бу ерда шиорларга ўрин йўқ”. Шоҳ ва мот.

Оммавий иккиюзламачилик

Бир пайтлар бизнинг қишлоққа Бухородан Раззоқ носчи деган одам кўчиб келиб, нос ишлаб чиқаришни саноат миқëсида йўлга қўйиб бойиб кетди. Носга кул қўшарди.

Раззоқ носчи бир куни ўғил уйлаб тўй қилди. Одамлар роса яйради. Раззоқ ота бўлса, “Бемалол яйранглар. Ўзингизнинг пулингиз – ўзингизнинг кулингиз”, деган эди. 

Шунга ўхшаш Тошкент ҳокими давлат хазинасидан меҳмонларни тўйдиришга ўзининг фирмасига буюртма бергани бугун ўртага чиқди. 

Тошкент шаҳри ҳокимлиги 2020 йилнинг 24 январь куни давлат тадбирига ташриф буюрган меҳмонларни овқатлантириш учун қарийб 1,5 млрд сўмлик кетринг хизматига буюртма берган. Буюртмани AKFA Dream World компанияси бажарган.

Одамлар айни зиёфатда ёки Раззоқ носчининг тўйида яйраётган пайтда, табиий, тўйхонага йиғилган бир тўда эркаклар олдида раққоса ўйнайди. Бусиз ўзбекнинг тўйи тўй эмас. 

Рассом Тузга мактублар

Шу ўринда тармоқ фаоли Митра Анахита ëзган мактубни ўқиб берсам:


“Ҳурматли рассом Туз, бу хатни тўйхонада ўтириб ëзяпман. Эркаклар хира пашшадай раққоса қизга ëпирилган. Лекин нега бу ўзбек эркаклари Асалхон “фаолияти” ҳақида ҳақоратли комментлар ëзишади?

Улар тўйларда ўз фарзандлари олдида очиқ оргиялар қилса, ҳеч кимнинг иши йўқ. Ҳамма хотиржам. Ўзбек ўспиринлари 14 ëшидан бошлаб фоҳишага боришади. Буниям одатдагидек қабул қилишади. 

Статистикага кўра, ўзбеклар порно сайтларга кириш бўйича дунëда пешқадам. Улар ҳатто Покистонни ҳам қувиб ўтиб, рўйхат бошига чиқишди. Жамиятда қандайдир оммавий иккиюзламчилик кузатилмоқда”.

ТИЛЧИНИНГ ДЕГАНИ

“Эрк” сўзи
Отаси эмасмикин “эркак” сўзининг?
Шундай бўлиши мумкин,
Фақат – ўтган замонларда.

“Эрк” сўзида балки,
Умуман маъни йўқдир,
“Эрк” сўзи шунчаки
Ўлаётган аскарнинг бўғизидан чиққан
“Ҳиқ”иллашдир?

Шундай бўлиши ҳам мумкин,
Фақат афғон томонларда.
Биз учун эса
Эринчоқ одам тўқиган сўздай туюлар у,
Шунчалар қисқа:
Эрк.

Муҳаммад Солиҳ

Сайлов психологияси

У нуқул ирригаторни сўкди. Ким уни сайлаган бўлса, лимони қурисин, товуғи ўлсин, деди. Мана, сайлов келди. У ғоз туриб уйдан чиқаркан, “қарши овоз бераман”, деди қатъий қилиб. 

Сайлов участкасига яқинлашганида эса қатъийлик уни тарк эта бошлаган эди. Худди миясидаги исëнни атрофдаги милисалар рентген қилиб кўриб тургандай терлаб кетди қиш бўлса ҳам. 

Мана, сайлов участкасига кириб, бюллетенни қўлга олиб, мулозимларга қараб аянч жилмайди. Бахмал парда билан ўралган қути ичига кириб чуқур нафас олди. Орти-олдига аланглаб қаради. 

Кейин ирригатор яна сайлансин деган жойга “ҲА” деб розилик ëзиб, кабинадан чиқди. У худди катта қаҳрамонлик қилгандай атрофга қараб, “мен уни яна сайладим”, деб қувонч билан бақиришни истарди. 

Худди циркда эшак устидан ҳатлаган кўппак каби бозингардан қанд кутарди. Аммо катта телпакларни кийиб олган катталарга бу чмонинг ички туйғулари поххуй эди. Улар қоғозларга биннасалар ëзиб, тилпонларида гаплашиб ўтиришарди. 

Қиб қўйган ишига рағбат кўрмаган бу тавия бўйнини қисиб, калтакланган урғочи итдай участкани тарк этди. Уни совуқ ва электрсиз уй, бўм-бўш музлаткич ва доим оч бола ҳамда ўқлов кўтарган норози хотин кутиб турарди. “Ахир…”, деди у ўзига ўзи.

“Ахииирр”, деган эди, бирдан оëғи йўлдаги чуқурга кириб кетди. Кимдир кечаси ўша ерда катта ҳожат чиқариб, устини кўмиб кетган экан. Ботинка ҳам адо бўлди. Шу қишда уни ювсак қачон қурийди, деб ўйлади бу қашшоқ фуқаро. 

Ўша куни кечқурун Ўзбекистон телевидениеси ирригаторнинг 98 фоиз овоз олгани ҳақида тўғри хабар берди. Ҳақиқатан ҳам миллионлаб қашшоқ ва тавиялар овоз берган эди. “Яшасин мусаффо ва серқуëш янги истонимиз”, дея яна 30 йиллик уйқуга кетди бу раъият. Эркинлик нелигин билмай уйқуга кетди.

Қамоқхона ҳовлисидаги эркинлик

Давлат берган эркинлик – қамоқхона ҳовлисидаги эркинлик, деганди Америка президенти Ҳенри Турау. Давлат ўзи нима? Газ, чироқ йўқлиги ҳақида ëзсам, фейсбук фойдаланувчиларидан бири “буни ҳар ким ўзи ҳал қилсин”, дея эътироз билдирди. 

Яъни давлатнинг иши эмас бу. Тасаввур қилайлик, мактаб йўқ. Болани ўқитиш учун ўзингиз мактаб қурасиз. Мактабга борадиган йўл йўқ. Бульдозер ëллаб келиб йўл қиласиз.

Чироқ йўқ. Движок олиб келиб, чироқ ëқасиз. Кўмир сотиб олиб, уй иситасиз. Касалсиз, аммо касалхона йўқ.

Касалхона қуриб, докторни пулга ëллаб, ўтқазиб қўясиз. Йўлда юришга бандитлардан қўрқсангиз, тўртта барзангини ëллаб телех қиласиз. 

Хавфсизлик ҳам сизга керак. Чунки мактабда бола ўқитмоқчи, йўлда юрмоқчи, ëруғ ва иссиқда ўтиришни истамоқчи бўлган сиз. Даволанмоқчи бўлган ҳам сиз. 

Демак ўзингнинг муаммоингни ўзинг еч. Давлат Қирғизистон ва Тожикистонга ëрдам жўнатсин. Муз саройи қурсин, СССРни мақтайдиган кино учун миллион доллар ажратсин. Ўрис хоккейчиларига квартира совға қилсин.

Шундайми? Давлат нима? Давлат – бу 35 миллион киши солиқ тўлаб ушлаб турадиган тузилма. Унинг вазифаси йўл қуриш, мактаб ва соғлиқни сақлаш тизимини улшаб туриш ва халқни газ, сув, канализация ва электр билан таъминлаш. 

Айнан муз саройи қуриш, куëв боқиш, халқ мулкини ўзининг номидан қўшниларга совҳа қилиб юбориш давлатнинг ваколатида эмас. 

Газ Ўзбекистон ҳудудидаги бойлик. У газни Хитойга сотган палончи мулозимнинг ҳовлисидан отилиб чиққани йўқ. Олтин ҳам, давлатга оид бошқа бойликлар ҳам шунақа. Булар халққа фаровонлик келтириши керак. Тўртта қоринбой амалдорга эмас.
Мен кундалик муаммолар учун ҳокимиятни танқид қилсам, баъзилар доимий қуролларини ишга солишади:

“Санга эмас танқид қилиш. Четда туриб гапириш осон. Бир оилани зўрға бошқарамиз, бутун бошли мамлакатни бошқариш осонми? Катталар нима қилса, тўғри қилади!”  

Дамба ўпирилса балиқларни, девор ағдарилса қурилиш молларининг сифатсизлигини, қиз зўрланса унинг хулқ-атворини, мол қимматласа даллолни, ҳаммомда сув бўлмаса гўлахни, бозорда нархлар кўтарилса ҳаммолни айблаймиз.

Масъулият туйғусининг йўқлиги бизни йўққа айлантиради.
Кимни гапирсанг гапир-у, ҳокимиятга, давлатга тил теккизма. Давлат –  муқаддас.

Йўқолган масъулият туйғуси

“Масъулият туйғусининг йўқ бўлиши ҳокимиятга бўйсунишнинг энг катта натижасидир” (Стэнли Милграм).

Диктатура ва демократия  ўртасидаги энг катта фарқ  ифода эркинлигидир. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, инсоннинг ўз фикрини эркин изҳор этиш эркинлигидир. Демократия имтиҳонларидан бири “Майдон” имтиҳони деб аталади.

Сиз Тошкент шаҳри марказидаги Мустақиллик майдонига чиқиб, қамоққа олинмаслик ёда ўлдирилмасликдан қўрқмай, ўз фикрингизни эмин-эркин баралла билдира оласизми? 

Агар бундай имкон сизда бўлса, демак сизнинг мамлакатингизда сўз эркинлиги таъминланган, мамлакат демократикдир. 

Иккинчи имтиҳон эса “овоз бериб ҳайда”, деб номланади. Сиз сайловда овоз бериб, мамлакат президентини қудратдан четлата оласизми? Агар шундай имконият бўлса, демак сиз демократик давлатда яшаяпсиз. 

Лекин дунёнинг учдан икки қисмидаги мамлакатларда сиз кимгадир овоз бериб сайлашингиз мумкин, лекин айни шаклда уни ҳокимиятдан четлата олмайсиз.

Мисол учун, Россия  ва Ўзбекистон сингари давлатларда сайловлар бор. Лекин бу сайловлар бемаънидир.

Чунки натижалар олдиндан маълум! Чунки сайланувчи номзодлар олдиндан танлаб олинган ва улар ўртасида фарқ йўқ – уларнинг бари айни фикр ва қарашга эгалар. 

Эсингизда бўлса, президентликка номзод бир фалсафа профессори сайлов варақасини қутига ташлаб бўлгач, мухбирларга рақиби Каримовни ёқлаб овоз берганини айтган эди. 

Ёки парламент мажлисларида Мирзиёев нутқ қилса, энг кучли қарсакни президентликка номзод бўлган Кетмонов чалади. Чунки рақибига овоз берган профессор Жалоловда ҳам, рақиби чиқишини олқишлаган Кетмоновда ҳам масъулият туйғуси йўқ. Бу эса ҳокимиятга бўйсунишнинг энг катта натижасидир.

Нима керак сенга?
Нима излайсан?
Кўнсанг бўлмайдими шу ҳаётга?
Дўстларим кўрсатган ўша ҳаётга
Атир ҳиди анқиб турган ҳаётга
Узоқ тикиламан
Яна тикиламан…
Кўнмайман.
М. С.

Коллектив ақлсизлик

Нега одамлар инқилоб қилиб ҳукмдорларни ағдаради? Нега улар кўчага чиқиб ҳақ талаб қилади? Чунки улар мамлакат бойлигини давлат тепасидаги тўртта ўғри ўмарган қашшоқ юртда яшашни исташмайди.

Газ ва чироқ барқарор келадиган, бошқарув элитасининг амма-холаси туваги олтиндан бўлмайдиган тузум хоҳлашади. Андишаю муроса қилиб кўчага чиқмайдиган, ўнг юзига урсанг чап юзини тутадиган, кўтига тепсанг, “аяғингиз оғримадими, хўжайин”, дейдиганлар эса бу иши учун товон тўлайди. 

Уларнинг сассиз мутелиги эвазига қашшоқ, нотавон ҳаëт келади. Бу ҳаëтда фақат тепадаги тўртта ўғрида ҳуқуқ, имконият ва бойлик сарват бўлади. Қолганлар мўр-малах ва сассиқ алаф. Ўзларингиз сайлаб, тилаб олгансизлар бу раҳбарлар-у, бу тизимни. 

Мухолифатман деб бош кўтарган одамни ҳалигача масхара қиласизлар. “Менга қандай яшашни ўргатма”, деб Иқбол Мирзо шиғир ëзса, икки карра ҳожи она Юлдуз буни қўшиққа солди.

Сизлар эса чапак чалдингиз. Аммо мусибатга тушганлар ҳам чапак чалар экан. Совқотмаслик учун ҳам чапак чалса бўлади. Нима ҳам дердим. Баттар бўлинг. Сизлар буни ҳақ этдингиз. Коллектив ақлсизлик учун коллектив жазо бор. Ўзларингиз пиширган ошни айланиб, ҳам ўргилиб ҳам ичаверасиз энди.

Мана шу кетаётган одамларга қараб,
Мана шу кетаётган одамларга мен,
Мен жавоб бераман деса эди кимдир.
Мана шу кетаётган, тинмай кетаётган
Одамларга қараб, шуларга мен жавоб бераман,
Мен жавоб бераман, деса эди кимдир.
Майли бақирмасин,
Майли, ҳайқирмасин,
Майли, жар солмасин дунёга,
Майли, пичирласин,
Лоақал пичирласа эди,
М.С.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
7 январ 2016
Бир пайтлар ўрта мактабда оддий ўқитувчи эдим. Туман марказига бордим дегунча газета дўконига чопардим. Сотувчи опа эса мени кўриши ...
26 феврал 2019
26 февраль куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси “лицензия талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилгани, миллий урф-одатлар, одоб-ахлоқ, маънавий қадриятларга ёт ...
26 сентябр 2015
Нафақат кўрганлар, бизга ўхшаб кўра олмаганлар ҳам эшитиб оғзимиз очилиб қолди. Ўша кўрсатувда бир гуруҳ ўзбек болалари .., ҳа-я ...
29 март 2019
Бизни емиргувчи иллатлар ҳақида гапирсам. Бу калимани юз йил олдин Маҳмудхўжа Беҳбудий айтган эди. Мавзуга киришдан олдин аввалги сафар ...
Блоглар
10 май 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов кластерлар ...
6 май 2021
1881 йилнинг 6 майида Михаил Скобелев бошчилигидаги рус колонизаторлари Хива хонлигига қарашли Ахалтака вилоятини оккупация ...
29 апрел 2021
Феминизм дея оғизларингнинг икки четида тупук ялтираб тиржаясизлар, ўзларингча иякларингни кўтариб киноя қиласизлар, гўё бизнинг ...