Панадаги ишлар: Ўзбекистоннинг “оқ олтини”ни оқартириш
Ўзбекистонда 2015 йилги пахта йиғим-терими мавсумида тўпланган маълумотлар ҳукумат мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланишга чек қўйиш учун зарур ислоҳотлар ўтказмаётганини кўрсатмоқда.
Шунга қарамай, Ўзбекистонда 2015 йилги пахта терими мавсуми аввалги йиллардагидан сезиларли фарқ қилди. Ҳукумат бу вақтда миллиондан ортиқ одамни пахта теримида иштирок этиш, фермерларни эса жарима таҳдиди остида пахта етиштиришга мажбурлаш билан бир қаторда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан гўёки ҳамкорлик қилаётганини намойиш этиш, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя қилиш борасида Жаҳон банки олдида ўз зиммасига олган мажбуриятини бажараётганини кўрсатиш учун сезиларли саъй-ҳаракатлар қилди.
Ўзбекистон ҳукумати кўп нарсасини қартага тикканди. Жаҳон банки Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги секторига 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя йўналтирди. Ўзбекистон фуқаролик жамияти томонидан билдирилган шикоятлардан сўнг банк кредит тўғрисидаги битимга кредит ажратилаётган ҳудудларда мажбурий меҳнат ёки болалар меҳнати аниқланган тақдирда кредит ажратишни тўхтатиш тўғрисидаги бандни киритди.
Шартномага кўра, 2015 йилги пахта йиғим-терими даврида ХМТ кузатувчилари меҳнат мониторингини амалга оширди.
Ўзбекистон ҳукумати пахта секторини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ўрнига мажбурлашни янада кучайтиришга қарор қилди. Бош вазирнинг фермер хўжаликлари ер майдонини қисқартиришни кўзда тутувчи «мақбуллаштириш»га оид янги қарори истисносиз барча фермерларга 2015 йил 1 декабрга қадар ерни давлатга қайтариш мажбуриятини юклади.
Фермерларга нисбатан уюштирилган, «Ойболта» номини олган яна бир кампанияга мувофиқ, бош вазир суд ижрочилари ва милицияга пахта ва ғалла топшириш бўйича давлат режасини бажармаган фермерларнинг мол-мулкини тортиб олиш тўғрисида буйруқ берди. Шундай қилиб, мулкни тегишли баҳолаш амалга оширилмай туриб фермерларнинг чорва моллари, тракторлари, ҳатто телевизорлари мусодара қилинди.
Худди аввалги йиллардаги каби ҳукумат фермерларга пахта бўйича режа юклади ва уни етиштиришнинг барча босқичларини назорат қилди. Ҳукумат белгилаган пахта харид нархи ишлаб чиқариш харажатларидан ҳам паст бўлган бир пайтда давлат назоратидаги қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи монопол компаниялар фермерларни доимо қарздорликда ушлаб туришга қаратилган тизим яратган.
2015 йил ҳосилини йиғиб олиш учун амалдорлар яна бир бор миллиондан ортиқ одамни, жумладан, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар, ҳамширалар ва давлат муассасалари ходимлари ва хусусий бизнес вакилларини, уларнинг ихтиёрига зид равишда, ишдан бўшатиш ва бошқа таҳдидлар остида пахта далаларига чиқишга мажбурлади. Ҳукумат ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини дала ишларига жалб қилмаслик мажбуриятини олган бўлса-да, уларни мажбурий тарзда оммавий равишда далага олиб чиқди. Кишилар 15-40 кунлик сменаларга бўлинган ҳолда оғир вазиятларда, яъни тўс-тўполонда,
тоза ичимлик сув етишмаслиги ва таҳқирли санитария-гигиена шароитларида кунига жуда кўп соатлаб пахта терди.
Пули борлар ўзининг ўрнига мардикор ёллаб ва ўз бошлиқларига пора бериб далада ишлаш машаққатидан қутулиб қолиш имкониятига эга бўлди.
Амалдорлар ва тадбиркорлар миллий режани қўллаб-қувватлаш мажбурияти остида қолдилар ва тегишли ёзма буйруқлар чиқарган ҳолда ўз ишчиларининг ўртача 40 фоизини пахта йиғим-теримига чиқаришга кўрсатма бердилар.
Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми бир неча ана шундай буйруқлар намуналарини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Улар “Мажбурий меҳнатни ташкил этиш схемаси” онлайн жадвалида келтирилган. Бу эса Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга оид кенг кўламни давлат сиёсати юритилаётганини кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон фуқаролари пахта саноатини ўзларининг шахсий чўнтакларидан субсидиялайди. Биз жойларда 2015 йил баҳор ва куз мавсумларида ўтказилган кенг кўламли тадқиқотлар воситасида аҳолининг аксарият қисми пахта далаларида ишлашни қўшимча даромад олиш имконияти деб билмаслигини аниқладик. Аслида пахта етиштиришдаги мажбурий меҳнат тизими кўплаб ходимларга сезиларли иқтисодий зарар етказади. Улар ўз харажатларини қоплаш ҳамда оиласидан мажбурий равишда узоқда бўлиш ва асосий ишидан узилишлар ўрнини тўлдириш учун жуда кам пул топади ёки етарлича маблағ топа олмайди.
Ўзбекиcтон ҳукумати бутун мамлакатдаги жуда кўп сонли ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини пахта терими учун узоқ муддатли сменаларга сафарбар этиш, демакки мактаблар ва тиббиёт муассасаларини етарлича ходимларсиз қолдириш орқали таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига зарар етказмоқда.
Ҳамкасблари пахта тераётган бир вақтда ўз иш ўринларида қолаётган ходимлар кетганларнинг ўрнини қоплаш учун белгиланганидан кўра кўпроқ, аммо қўшимча ҳақ тўланмасдан ишлашга мажбур бўлди. Мактаблар ва шифохоналар ходимлари муассасанинг меъёрида фаолият кўрсатишини таъминлаш учун жуда катта босим остида қолди. Кўплаб коллеж ва университетлар талабалар пахта теримида иштирок этиши учун дарсларни тўхтатди, бошқалари эса учинчи курс талабалари пахта тераётган пайтда биринчи ва иккинчи курслар учун номигагина машғулотлар ўтказиб турди.
Сезиларли қўрқув муҳити пахта йиғим-терими мавсумига ҳам ўз таъсири ўтказди ва мажбурий сафарбарликка имкон яратди. Пахта терими даврида биз билан суҳбатлашганларнинг деярли барчаси агар теримдан бош тортса, унга таҳдид қилиниши ҳақида гапирди. Энг кенг тарқалган огоҳлантириш пахтага бормаган киши ишдан бўшатилишига оид бўлди. Қўрқув муҳити кишиларга Меҳнат вазирлиги ва давлат томонидан назорат қилинадиган касаба уюшмалари федерациясининг ишонч телефонларига шикоят этишига, шунингдек, ХМТ мониторинг гуруҳи аъзолари билан очиқ гаплашишига тўсқинлик қилди. Бу гуруҳ таркибида битта халқаро вакил ва давлат назоратидаги ташкилотларнинг тўртта мансабдор шахси бор эди.
Ҳукумат мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётганини яширишга уриниб, мустақил кузатувчиларга нисбатан мисли кўрилмаган таҳдид ва таъқиблар кампаниясини амалга оширди. Шу билан бирга, кенг тарқалган мажбурий меҳнат аслида кўнгилли асосда эканини кўрсатишга уринди. Айрим ҳолатларда ўқитувчилар, талабалар ва тиббиёт ходимлари улар пахта теримида кўнгилли равишда қатнашаётгани, агар пахта йиғим-теримида қатнашмаса, интизомий чоралар кўрилиши, жумладан, ишдан бўшатилиш ва ўқув юртидан ҳайдалишга рози экани тўғрисидаги аризани имзолашга мажбурланди.
Яна бошқа ҳолатларда амалдорлар кишиларга кузатувчиларга ёлғон гапириш, пахта теримига ўз хоҳиши билан чиққанини айтиш тўғрисида очиқчасига кўрсатма берди. Милиция ходимлари мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётганини ҳужжатлаштираётган ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан, Ўзбекистон-Германия форуми учун маълумотлар йиғаётган фаол фуқароларни бир неча марта ҳибсга олди, уларга ҳужум уюштирди ва уларга қарши сохта айбловлар тўқиди.
Ҳукуматнинг мажбурий меҳнатни яширишга ва самарали мониторинг ўткази лишига тўсқинлик қилишга қаратилган амалларига қарамай, ХМТ мажбурий меҳнат муаммоси сақланиб қолаётгани ва ислоҳотлар бўйича сезиларли саъй-ҳаракатлар зарурлиги тўғрисида хулоса берди. Мана шу хулосаларга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банкидан маблағ олишда давом этмоқда.
Ҳукумат томонидан мустақил кузатувчиларнинг таъқиб этилиши Жаҳон банки, ХМТ ва бошқа ҳамкор халқаро ташкилотларнинг чуқур ташвишига сабаб бўлиши зарур. Жаҳон банки ва ХМТ вакиллари билан учрашган фаоллар бу ташкилотлар мустақил кузатувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга, афтидан, устивор вазифа сифатида қарамаслиги тўғрисида гапирмоқда. Уларнинг бу юзадан сўровлар жўнатиши кам кузатилади, умуман, оммавий баёнотлар қилмайди, шунингдек, агар мониторлар ҳибсга олинса, қўпол муомалаларга дучор бўлса ёки бошқа муаммоларга дуч келса, уларни қўллаб-қувватлаш борасида бирор амалга қўл урмайди.
Ҳисоботнинг хулоса бобида Ўзбекистон-Германия форуми Ўзбекистон ҳукуматини пахта секторини қамраб олган мажбурлаш ва коррупцияга чек қўйишга, шунингдек, Жаҳон банки, АҚШ, Европа Иттифоқи ва ХМТни Ўзбекистон ҳукуматини халқаро мажбуриятларга мувофиқ жавобгарликка тортишга чақириши таъкидланган.
Ҳисоботнинг тўлиқ матни билан инглиз тилида
http://harvestreport2015.uzbekgermanforum.org сайти орқали танишиш мумкин.