Бошқа мақолалар
9 июн 2020

Ўш воқеаларини хотирлаб…

Бу мақолани ўтган йили ёзган эдим. Лекин ҳеч қаерга жўнатмадим. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидага муомала яхшиланиб бормоқда эди. Қилинаётган ишлар ҳурмати, мақола жўнатилмай қолди. Бироқ Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан Атамбоев томонидан ишлаб чиқилган сиёсат ҳозирги кунгача мутлақо ўзгармади. Бугунги кундаги воқеалар мақоладаги келтирилган фактларни омма билиши зарур эканлиги мени уни янги фактлар билан тўлдириб, ОАВ орқали чиқаришга ундади…

“Санпа” пахта заводи ёнидаги ҳайкални С. Жээнбеков бошлиқ гуруҳ зиёрат қилмоқда. 2017 йил 10 июнь

2017 йилнинг 10 июнь куни Қирғиз Республикаси бош вазири Сооронбой Жээнбеков Сўзоқ қишлоғи ёнидаги “Санпа” пахта заводи ёнида 2010 йилда “қурбон бўлганлар хотираси”га қурилган ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйди. Ўша куни Ўш шаҳрида ҳам шундай тадбир бўлди, деб хабар беради http://kyrgyztoday.org сайти.

Бундай тадбир 2010 йилдан буён биринчи марта ўтказиляпти. Тадбир давомида қатнашчилар худди қаҳрамонларни эслагандек нутқ ирод этдилар. Ўлганлар мақталди, 2010 йил воқеаларини ўзлари хоҳлаган тарзда шарҳлаб, интервью бердилар. Лекин аслида шундайми? Ундай эмас, албатта. Бу гўёки немис фашистлари ўзлари босиб олган жойларга ўлган аскарлари учун ёдгорлик тиклагандай гап.

Масалан, “Санпа”ни олайлик: 2010 йилнинг 12 июнь куни Жалолободда А.Бекназаров ўзининг жамоаси билан келиб, ўзбекларга қарши уруш режасини ишлаб чиқади. Бу режани ташкиллаштиришга Ташиев жуда фаол иштирок этган. Бекназаров ўша пайтда муваққат ҳукумат аъзоси сифатида ҳуқуқ-тартибот йўналишига раҳбарлик қиларди. Бутун милиция, ҳарбий қисм сафарбар этилади. Жалолобод вилояти ички ишлар бошқармасининг қурол-яроқлари ўлжа илинжида Қизилунгур, Кўколма, Барпи, Белтерак, Октябрское, Ачи каби қишлоқлардан келган қирғиз миллатчиларига тарқатилади. Қуролни Ташиев ва ИИБнинг бошлиғи Бакиров олиб келишади. Одамларга уларнинг паспортини олиб, АКМ ва унинг ўқларини тарқатиб, нима қилиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар берадилар. Айниқса, Ташиев ҳақида: «Зўр одам экан, ички ишлар бошқармасининг бошлиғини икки-уч марта сўкиб ҳам қўйди», деб ўша тадбирга қатнашган қирғиз ёшлари бир ойдан кўп гапириб юрдилар.

Ўша куни тунда Жалолободда тинч яшаётган ўзбеклар яшаётган маҳаллалар босқинчилар томонидан таланди, одамлар ўлдирилди. Босқинчилар бу муваффақиятдан илҳомланиб, Сўзоқни босиб олишга ҳаракат қиладилар. Сўзоқда мудофаа ишлари юргизилган, мудофаачилар ўз ерларини босқинчилардан қўриқлаш учун ўзбек миллий-маданий маркази туман бўлими раиси Ў.Аблазов атрофида мустаҳкам бириккан эдилар. Сўзоққа кирадиган асосий йўлга газ баллонлари уюлиб қўйилган, агар босқинчилар бу йўлга кирса, портлатилиши мўлжалланган. Бундан хавотир олган талончилар “Санпа” пахта заводи ёнидан кирадиган йўл орқали Сўзоққа ҳужум қиладилар. У ерда мудофаада турган сўзоқликлар ҳужумни қайтаради. Босқинчилардан бир нечтаси ҳалок бўлади.

Муваққат ҳукумат аъзоси А.Бекназаровнинг бевосита кўрсатмаси билан Мойлисув ва Новкент районлари ички ишлар бўлимидаги қуроллар билан қуролланган унинг ўғли Руслан Бекназаров бошчилигидаги босқинчилар ўша куни кундузи Бозорқўрғон қишлоғига бостириб кирадилар. 110 дан ортиқ уй таланиб, ўт қўйилади. Тинч яшаётган аҳолидан 11 таси ўлдирилади. Талончилар томонидан ҳам ўлганлар бўлди. “Санпа” ёнидаги фитнани яшириш ва у ерда ўлган қирғизларнинг сонини кўпайтириш учун Бозорқўрғон қишлоғига уюштирилган босқинда ўлган талончиларнинг мурдаларини Бозорқўрғондаги маҳалла қўмитаси раиси Ғуломжон Раимовнинг уйида турган унинг танишларининг бусигига юклаб Санпага олиб бориб ташлашди. Шундай қилиб, уларнинг сонини 16 тага етказадилар. Бозорқўрғонда ўлганларнинг 3-4 тасини илгари солиқ инспекцияси бўлган бино ёнидаги уйнинг ичига ташлаб, ўт қўйиб юборадилар.

Бозорқўрғон қирғинига қатнашган қизилунгурлик босқинчилар Бозорқўрғон қишлоғидан талаб олиб келинган машина-машина кўрпа-тўшак, идиш-товоқ, мебеллар ва кийим-кечакларни Қизилунгур қишлоғининг чеккароғидаги майдонда ўзаро бўлишадилар. Шуниси ажабланарлики, бу тадбирга қишлоқ оқсоқоллари, қари аёллар ҳам қатнашадилар. Ўлжа тақсим қилинаётган пайтда бир кўрпача орасидан гўдакнинг жасади чиқади. У чирий бошлаган экан. Талончилар уни ўрмон ичига ташлаб юбормоқчи бўладилар. Лекин оқсоқолларнинг орасида биттаси, эй, бу, ахир, одам-ку, уни кўмиш керак, деб қабристонга қўядилар. Бу воқеа ҳозиргача ўша қишлоқнинг яхшилари орасида талончиларга нафрат билан айтиб келинади.

Бозорқўрғон қишлоғидаги қирғиндан 20 кунча ўтиб, фуқаро Қаҳрамон Нурматовнинг солиқ инспекцияси жойлашган бино ёнидаги куйиб кул бўлган уйи ўрнини тозалаётган уй эгасининг жиянлари 3 та куйган жасадни кўрадилар. Босқин пайтида ўлган бозорқўрғонликларнинг ҳаммаси тайин ва улар ерга қўйилган бўлса, булар ким бўлди, деб туман ички ишлар бўлимига хабар беришади. Куйган жасадларни кўриб кетган милиция ходимлари эртасига “Бирор жойга кўмиб қўйинглар”,- деб жавоб берадилар. Ҳеч ким ҳеч нарсани текширмайди. Бугунги кунда Бозорқўрғон атрофидаги Қизилунгур, Кўколма, Оқмон, Жўн, Овуқ, Шидир каби қирғиз қишлоқларидан 2010 йил июнь ойида О.Текебоев ва С.Нишоновга ўхшаган миллатчи депутатларнинг чақириғига эргашиб, босқинга қатнашган ўнлаб йигитлар ном-нишонсиз йўқолган. Уларни ҳанузгача ота-оналари излаб юришибди. Қаҳрамон Нурматовнинг уйига талончилар томонидан ташланиб, ёндириб юборилган жасадлар балки ўша алданган ва ота-оналари излаб юрган йигитларникидир?

“Санпа”да ўлганларнинг “қаҳрамон”лигини абадийлаштиришга 2010 йили октябрда сайловда ютиб чиққан “Ата-Журт” партиясининг аъзоси, Жогорку кенешнинг раиси бўлиб сайланган ашаддий миллатчи А.Келдибеков жон-жаҳди билан киришган. Ва шу ёдгорликни қуриб, очилишига ҳам ўзи қатнашган.

Ўшдаги воқеалар эса бутунлай бошқа режада амалга оширилган. 9 июнь кечки пайт вертолётда Олойдан келаётган миллатчи ёшларга муваққат ҳукуматнинг топшириғи бўйича қурол-яроғ етказиб берилган. Ана шу қуроллар билан қуролланган тўдалар Ўшнинг Ўн адир, Фурқат даҳаларида хунрезликлар уюштирган. Шу билан 2010 йил июнь воқеалари бошланган. Бу ҳақда ўша пайтда Ўш вилояти ички ишлар бошқармасининг бошлиғи бўлган Қулматов айтиб чиқди. Унинг оғзини ёпиш учун қамоққа тиқдилар.

Июнь воқеалари бошланган куннинг эртасиёқ президент Р.Отунбоева милиция билан аскарларга “тўхта” деган буйруққа бўйсунмаганларни тўғридан-тўғри отишга рухсат берган буйруқ чиқариб берди. Ана шу буйруқ асосида қирғиз миллатчилари тинч яшаётган ўзбекларнинг уйларини талади, эгаларини отиб ташлади. Ўзбекларнинг орасидан ҳам қарши чиққанлар бўлди, босқинчилар томондан ҳам анча-мунча ҳалок бўлганлар бўлди. Машъум июнь воқеалари оқибатида 500 га яқин киши қурбон бўлса, уларнинг 90 фоизи ўзбеклардир. Эсдаликлар эса қолган 10 фоизга қўйилганлиги ҳам июнь воқеаси олдиндан режалаштирилган фитна эканлигини ойдинлаштиради. Фитнанинг асосий уюштирувчиси муваққат ҳукумат ва унинг жойлардаги амалдорлари. Бажарувчиси эса уюшган жиноятчи тўдалар ва уларга қўшилган миллатчи ёшлар ҳамда муваққат ҳукуматга бўйсунган ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг вакилларидир. Отишга буйруқ берган Р.Отунбоева эса қирғиз миллатчилари орасида мақтовга сазовор бўлди.

Қирғизистондаги “вор в законе” Колбаев Атамбоевнинг асосий стратегик шерикларидан бири ҳисобланади. Колбаев июнь воқеаларини ташкиллаштиргани учун Ўшдаги ўша пайтда 5000 яқин автомашина турган машина бозорини олди. Машиналарнинг энг қимматлари мамлакат “элита”си ўртасида бўлиб олинди. Арзонроқ машиналар эса қирғинга қатнашганларга тарқатилди. 2011 йилнинг бошланишида эса А.Келдибеков бошлиқ талончи депутатлар шахсий машиналарни ишонч қоғозисиз минишга қарор чиқариб, талончиликни қонунийлаштирдилар. А.Атамбоевнинг президентлик лавозимидан кетишидан олдин ўз шерикларини йўқотишга ҳаракат қилгани ҳам бу жиноятни А.Атамбоев бошчилигидаги муваққат ҳукумат амалга оширганига далилдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Атамбоев томонидан яратилган жиноий машина ҳамон ишлаб турибди. Бу ҳақда 2017 йил октябрда ЕХҲТмажлисида Қ.Ботиров такрор-такрор айтди ва Қирғизистондаги жиноий тўданинг ҳақиқий бошлиғи президент А.Атамбоев эканлигини таъкидлади. Ботировнинг чиқишидан кейин 2 кун ўтмай Қирғизистон ҳукумати, Бош прокуратура, суд ҳокимиятлари орқасига қалампир урилгандай, оғзига келган туҳматларни роса бир ойга яқин вайсадилар. Ҳаёт эса ҳақиқатни юзага чиқармоқда. Қирғизистонда юз бераётган кейинги воқеалар Қ.Ботировнинг айтганларини тасдиқлаяпти.

БМТ Бош котиби А.Гуттереш Ўшдаги ёдгорликка гулчамбар қўймоқда. 2017 йил 11 июнь

2010 йилдан кейин ўзбекларнинг ҳуқуқини қўриқлайдиган бирорта давлат ташкилоти ҳам, жамоат ташкилоти ҳам қолмаган ҳисоби. Чет элнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бир ширма эканлигини ҳаёт ўзи исботляпти. Ҳатто Бирлашган Миллат Ташкилоти ҳам ҳеч нарсани ҳал қилолмайди. Унинг Бош котиби Антониу Гуттереш ҳам 2017 йил 11 июнь куни меҳмондорчиликда қоринни яхшилаб тўйғазиб, мақтовларни эшитиб, С.Жээнбеков билан бирга 2010 йил воқеаларида қатнашган жаллод-қотилларга аталган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, уларнинг олдида бошини эгди ва шу билан БМТнинг қирғистонлик ўзбеклар олдидаги обрўсини бир пул қилди.

Нима, Португалия бош вазири бўлган, ўн йилдан кўпроқ БМТнинг қочоқлар бўйича комиссари вазифаларида ишлаган, 2017 йил 1 январдан БМТнинг Бош котиби лавозимига сайланган Антониу Мануэл де Оливейра Гуттереш 2010 йил воқеаларини билмайди, деб ўйлайсизми, билади. Нима сабабдан бўлганлигини, ким амалга оширганини, қанча ўзбек ўлганини, аслида Ўш ўзбекларнинг шаҳри эканлигини, қирғизларда илгари шаҳар бўлмаганини ҳам жуда яхши билади. Лекин нимагадир Марказий Осиёдаги энг оғриқли вазиятни ҳал қилишни эмас, балки авж олдиришни хоҳлайди. Халқаро ташкилотларнинг фикри қандай эканлигини Атамбоев бошида турган миллатчилар ҳам биладилар ва ана шунинг учун ўзбекларни истаган кўйга солдилар.

Атамбоев Қирғизистондаги криминал “босс”лар билан тиғиз алоқада. У ўзи Қирғизистонда революцияни мен қиламан, элни мен кўтара оламан, деб мақтанди. 2005 ва 2010 йилдаги давлат тўнтаришларини амалга оширганлигини Атамбоев катта йиғинларда такрорлади. У бу ишни криминал ёрдамида қилганлиги бугун кўпчиликка аён бўлиб турибди. Ҳатто у 1000 одам ўлса ўлар, ҳокимият бизнинг қўлимизга тегса бўлди, деб ҳам айтган. Атамбоев учун ҳокимият, бойлик бўлса бас, инсон, унинг ҳуқуқлари, тақдири бир пул. Атамбоев президент бўлган пайтида Конституциянинг талаблари мутлақо бажарилмаган, барча муаммолар таниш-билиш, қариндош-уруғчилик ва миллий тааллуқлилик асосида ҳал қилинди. Бундай ифлос бошқарув билан Атамбоев Қирғизистонда яшаётган аҳоли ўртасига катта нифоқ солди.

Бугунги қоида шундай: қирғизмисан, демак, сен ҳақсан. 2010 йил воқеаларида ҳокимият томонидан шубҳага олинганмисан, албатта, қамалишинг керак. Бу қоидани қирғизларнинг 7 ёшидан 70 ёшигача жуда яхши ўзлаштирган. Бир мисол айтайлик. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўтган йилда тузилган битимга илҳомланиб, 2010 йилдаги турли тазйиқлардан безиган мамлакатдан чиқиб кетган ўшлик Бахтиёр Эргашев Қирғизистонга қайтиб келади. У келиши билан қамоққа тиқадилар ва уни дараксиз йўқолган қирғиз миллатчиларининг бирини ўлдиргансан, деб айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қиладилар. Суд шундай олиб борилдики, ҳеч кимни гапиртирмадилар. То Олий судгача аҳвол шундай бўлди. Қирғизистондаги суд ҳокимияти ўзбеклар учун 2010 йилнинг июнь ойидан кейин қандай бўлса, ҳозир ҳам худди ўшандай принципда ишламоқда.

Айниқса, икки миллат ўртасида бўлиб ўтган ҳар қандай жиноятда қирғиз томон айбдор бўлса ҳам, албатта, бошқа миллат вакили жавобгар бўлиши ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ва суд ҳокимиятининг асосий қоидасига айланган. Бу ҳолатни миллатчиликнинг ифлос ғояларига суғорилган ёшлар жуда яхши биладилар ва ҳар қадамда ўзбекларни ҳақорат қиладилар, таҳқирлайдилар. Ўз ҳуқуқини қўриқлаб, қаршилик кўрсатганларни эса ўлдирадилар. Кейинги йилнинг ўзида Жалолобод шаҳрида Абдулла Холматовнинг энди ўн еттига чиққан ўғлини бозорда юрагига пичоқ уриб ўлдирдилар. Бу йил 7 май куни Бозорқўрғонда арслонбоблик Қудрат Тўхтасиновтнинг 19 ёшдаги ўғлини 7 жойига пичоқ уриб нобуд қилишди. Ўшда, Ўзганда ва ўзбеклар тўп бўлиб яшайдиган бошқа жойларда бундай воқеалар мунтазам бўлиб турибди. Лекин амалдаги ҳокимият бирорта ҳам таъсирли чора кўрмаяпти. Ҳокимиятнинг бундай жирканч фаолияти миллатчиларни руҳлантирмоқда.

Қирғизистондаги 2010 йил июнда бўлган воқеалар олдиндан тайёрланган ва амалга оширилган ўзбекларга қарши фитна эканлигини маориф соҳасида Қирғизистондаги ҳокимият идораларининг амалга ошираётган сиёсати ҳам яққол далиллайди.

Атамбоев муваққат ҳукумат амалга оширган жиноятни хаспўшлаш ва бу йўналишдаги ўзининг сиёсатини оқлаш учун 2010 йил воқеаларини сепаратизм оқибатлари сифати талқин қилишга кўрсатма бериб, мактаб дастурига киритган. Бугунги кунда қирғизистонлик ёшлар ўзбекларга нисбатан нафрат туйғусида тарбияланмоқда. Ваҳоланки, 2010 йилда ўзбеклар ва уларнинг лидерлари сепаратизмга қарши курашганлар.

2010 йилнинг 22 апрелида ўзбек лидерларидан бири Қ.Ботиров матбуот анжумани ўтказган ва унда “Азаттык” радиоси мухбири Абдурайимов автономия ҳақида савол берган. Шунда Ботиров: «Сизлардан илтимос, ўша ваҳима қилаётганларга, оддий фуқароларга шуни етказиб қўйингки, биз ҳеч қачон автономия ҳақида масала қўйган эмасмиз. Бундан кейин ҳам қўйиш мақсади йўқ. Бизга қабул қилинган Конституция асосида яшашимизга ва ишлашимизга шарт яратилса, бас. Қолган масалалар фақат ишлаш билан ҳал бўлади», деган. Бу радио, газета орқали эълон қилинган.

Қ. Ботиров ўтказган матбуот анжумани. Чапдан “Америка овози” радиоси мухбири Ҳамидов, “Азаттык” радиоси мухбири Абдурайимов, “Дийдор” газетаси бош муҳаррири Абдусаломов

Кейинчалик 2010 йил воқеаларини ўрганган Кильюнен бошчилигидаги халқаро комиссия ҳам ўзбеклар автономия талаб қилмаган, деган хулосани берди. Бу Отунбоева, Атамбоев, Текебоев, Бекназаров, Исоқов ва Келдибеков каби миллатчиларга ёқмади. Кильюнен раҳбарлигидаги комиссиянинг хулосалари рад этилди ва Кильюненнинг Қирғизистонга кириши ман этиб қўйилди. А. Эркабоев бошчилигидаги комиссия ҳам ўзбеклар жамоати автономия талаб қилмаганлиги ҳақида хулоса берди. Бунинг натижасида Эркабоев сиёсий майдондан суриб чиқарилди. Қачон миллатчи Токонов, Жолдошоваларнинг комиссиялари сепаратизм ҳақида хулоса берганда Жогорку кенеш 2010 йил воқеаларни кўриб чиқди ва қарор қабул қилди. Сепаратизм ҳақидаги уйдирма келажакда катта жанжалларга сабаб бўлишини ҳозирги раҳбарлар ўйлашмаяпти. Улар ўзбекларни ўз ерларидан суриб чиқаришни режалаштирган ва бу режани амалга ошириш учун бутун куч-ғайратини сарфлашяпти. Ўзбеклар ҳам бора-бора кўзи очилиб, бир кун портлаши мумкин эканлигини миллатчилар хаёлига ҳам келтиришмаяпти.

Миллатчилар ўз ниятларини амалга ошириш учун ҳаракатларини комплекс равишда олиб бормоқдалар. Айниқса, бу ҳолат маориф соҳасида олиб борилаётган сиёсатда яққол кўзга ташланади.

Республикада ўтган асрнинг 80-йиллари охирида 300 га яқин ўзбек мактаби ўзбекларнинг болаларига ўз она тилида таълим ва тарбия берарди. Ҳатто мамлакат шимолида жойлашган Тўқмоқ шаҳрида ҳам катта бир ўзбек мактаби бор эди. Мустақиллик йилларининг илк босқичида жуда кўп мактаблар йириклаштирилди ва натижада дарслар ўзбек тилида олиб бориладиган 256 мактаб қолди. Кейинчалик шундай сиёсат юргизилдики, ҳатто 1000 дан ортиқ ўқувчи ўқийдиган ўзбек мактабларида мажбуран 1-2 та қирғиз ёки рус синфи ташкил қилиб, директорини титул миллатдан қўйиб, аралаш мактаб қаторига киритадиган бўлдилар. Бу тадбир натижасида 2010 йилнинг бошида дарслар тўлиқ ўзбек тилида олиб бориладиган 128 мактаб қолган эди.

Июнь воқеаларидан кейин миллатчиларга қарши турадиган ўзбек миллий-маданий марказларининг фаолияти деярли тўхтатиб қўйилганлигидан фойдаланиб, улар ўзбекларга асосий зарба – маънавий зиён етказиш учун мактабларни тўла қирғизлаштиришга киришдилар. 2017 йилнинг 14 сентябрида Қирғизистон таълим ва фан вазири Гулмира Кудайбердиеванинг АКИpressга берган ахборотига кўра, республикада 43 та ўзбек мактаби бор.  Қолгани эса қирғизлаштирилди.

Ўзбек мактабларининг битирувчиларига олий ўқув юртига кириш йўллари ҳам тўсиб қўйилмоқда. Таълим ва ўқитиш усулларини баҳолаш марказининг маълумоти бўйича 2011 йили Умумреспубликавий тест (УРТ)ни ўзбек тилида 2125 абитуриент топширган бўлса, бу кўрсаткич мингга ҳам етмаган, деган баҳона билан, журналист Инна Валькованинг маълумотига кўра эса ўзбек тилида тест уюштириш учун ҳукумат 35 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратмаганлиги учун 2012 йил январь ойининг охирида Таълим ва фан вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун ўзбекча тест топширишни бекор қилганди. Ота-оналар ва жамоатчиликнинг талаби билан то 2017 йилгача ариза берганларга ўзбек тилида тест топширишга рухсат берилди. Бу йилдан эса бу ҳам тўхтатилди.

Қирғизистонда 2010 йилгача Ўш қирғиз-ўзбек университети, О.Ботиров номидаги Халқлар дўстлиги университети, Ўш давлат университети таркибидаги Гуманитар институт ва Жалолобод давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти гуруҳида ўзбек мактаблари учун ўқитувчилар тайёрланган. 2010 йилдан сўнг Ўш қирғиз-ўзбек университети, О.Ботиров номидаги Халқлар дўстлиги университети фаолияти тўхтатилди. Ўзбек мактаблари учун ўқитувчилар тайёрлаш парокандаликка учради. Айниқса, кимё, физика, биология, математика фанларидан ўқитувчилар мутлақо етишмайди.

Натижада ўрта мактабларнинг 9-синфини битирган ўқувчилар кетиб қолишяпти. 10-11-синфлар катта мактабда битта, иккитадан қоляпти. Ўрта маълумоти йўқ ёшлар турли ёт оқимларнинг назоратига тушиб қолмоқда. Бунинг оқибати нима бўлиши бугун кўпчиликка аниқ бўлиб қолди-ку!

Қирғизистон таълим ва фан вазири Гулмира Кудайбердиеванинг берган маълумотига кўра, ўзбек мактаблари 83,4 фоиз дарсликлар билан таъминланган. Бу ўша 43 та мактаб ҳисобидан. Аралаш мактаблардаги ўзбек синфлар ҳақида маълумот йўқ. Қолаверса, бу маълумотга ишониш қийин.

Сабаби, дарсликлар тайёрлаш ва унинг сифатига жавоб берадиган масъул ташкилотнинг ўзи йўқ. Бу ҳолат ҳам қирғизистонлик ўзбекларнинг асосий муаммоларидан биридир…

Айтсанг, гап кўп. Қисқаси, қирғизистонлик ўзбекларнинг аҳволи ночор. Улар қўрқувда яшайди. Қирғизистонда ўзбекнинг миллий бош кийими – дўппи кийган ўзбекни ҳам онда-сонда кўрасиз. Қўрқув шу даражадаки, кўпчилик ўзбеклар қалпоқ кийиб олганлар, гўёки шу қалпоқ уларни хавфдан сақлаётгандек. Ҳар ҳолда ҳарна-да…. Сабаби, бугун унинг дардини эшитадиган одам ҳам, ташкилот ҳам, мамлакат ҳам йўқ.

Бахтиёр  ҚИРҒИЗБОЕВ,
эркин журналист

Тағин ўқинг
21 август 2024
Россияда ўрмонлар ёнмоқда, Таиландда сигирни зўрламоқчи бўлган ўрис эркак қамалди. Андижонда эса Ўзбекистон кулини кўкка совурган араб босқинчисининг мақбараси ...
1 декабр 2016
«Миллий тикланиш» газетаси (30.11) шу номдаги партиядан Ўзбекистон президентлигига номзод этиб кўрсатилган Сарвар Отамуродовнинг сайловолди учрашувлари якунига бағишланган каттагина ...
3 апрел 2024
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судяси Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик), 28, 211-(пора бериш) моддаларининг тегишли қисми ...
3 май 2021
Янгийўл шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси мактаб мутасаддиси Умида Сатторова муаллимларни коронавирусга карши вакцинани олишга мажбурлаётгани, акс ҳолда ишдан ҳайдаш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...