Президентга мактублар: Андижонлик пенсионер Садирохун Сўпиев мурожаати
Элтуз нашри «Президентга мактублар» туркуми остида Республика президенти виртуал қабулхонасига мурожаат этаётган шахсларнинг хатларини эълон қилади. Йил якунида бу шикоятлар қанчалик самара берганини билиш учун мактубларга қайтишни режалайди.
Ҳақгўйларни ҳимоя қилинг, жаноб президент!
Андижонлик пенсионер Садирохун Сўпиев президент виртуал қабулхонасига ёзган мурожаатида, «юрт манфаати йўлида жамиятдаги мавжуд камчиликлар ва ҳокимият вакилларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида очиқ-ошкора гапираётган кишилар»ни ҳимоя қилишни сўради.
Сўпиев ўз мурожаатида президентдан тўғрисўз фуқароларни айнан МХХ, прокуратура ва ички ишлар идоралари тазйиғидан ҳимоялаш кераклигини билдирган.
Кекса фаол ўзи яшаётган Олтинкўл туманидаги муаммолар, камчиликларни йиллар давомида президент девонига, МХХ ва Бош прокуратура раҳбариятига мактуб йўллаш орқали фош этгани, лекин бу идоралар ҳеч қандай чора кўрмай келаётганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, бу мурожаатларида Олтинкўл туманида фермерлар ўз ишчилари билан меҳнат шартномаси тузмасдан, уларга ойлик маош ёки иш ҳақида буғдой бермасдан келмоқда. Уларга иш стажи ҳам ёзилмади.
«Шахсан ўзим оила аъзоларим билан фермер Озод Ҳайдаровнинг фермер хўжалигидаги бир гектар ерда 2010-2015 йиллар давомида ишлаб, ҳар доим ортиғи билан ҳосил олганмиз. Аммо у мен ва менга ўхшаган бошқа деҳқонларга ҳақ бермади. Эрта баҳордан кеч кузгача қилган меҳнатимиз эвазига қуруқ гўзапоя берди, холос», дейди Сўпиев.
Унинг иддаосига, олтинкўллик фермерлар такрорий экин экиш учун ҳар гектар экин майдонини ўртача 2 миллион сўмдан пулламоқда. Агар туманда такрорий экин экиладиган 5 минг гектардан ортиқ ер борлиги ҳисобга олинса, уларни бошқаларга сотишдан 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ фермерларнинг чўнтагига тушади.
Сўпиев фермерлар ўзининг яширин даромади бўлган бу маблағдан деҳқонларга ҳеч нарса бермаётгани, агар такрорий экин ерлар мана шу деҳқонларга қонуний ҳужжатлаштирган ҳолда тақсимлаб берилганида улар билан фермерлар ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаслигини қайд этади.
Кекса фаол юқори идоралар бу каби маълумотларга ҳеч қандай жавоб бермагач, уларни хорижда фаолият юритувчи ахборот воситалари орқали ошкор этганидан сўнг маҳаллий ҳокимият органларининг ўзига нисбатан муносабати кескин ёмонлашганини маълум қилади.
Жумладан, унинг ёзишича, 2015 йил августда МХХнинг Андижон вилояти бошқармаси ходими бўлмиш Хайрулло исмли кимса уни сўроқ қилиб, хорижий матбуотда Ўзбекистон ҳақида салбий маълумотларни тарқатаётганликда айблаган ва «ватан хоини» деб ҳақорат қилган.
67 ёшли қарияни сенсираб: «Сенинг кўзинг ҳеч қачон Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни кўрмайди. Сен нуқул камчиликларни қидириб, фисқи фужур қиладиган одамсан», деб айтган.
Хайрулла С.Сўпиевга мустақиллик йилларининг бошларида бедарак йўқолган Абдували қорининг диний маърузалари ёзилган дискни ёки «Ҳизб ут-таҳрир»нинг варақасини ташлаб қўйиб қаматиб юбориш билан таҳдид қилган.
«Мана сизга МХХнинг ўз халқи ёки оддий бир фуқаросига, айниқса, адолат талаб қилиб, ҳақ сўзни айтаман, деган инсонга кўрсатган
«муруввати»нинг ёрқин намунаси», дейилади мурожаатда.
С.Сўпиев худди ўша йили фоҳишалар иштирокида уюштирилган фитна оқибатида 15 суткага қамоққа тиқилгани, шундан 8 кун давомида тинимсиз тергов қилинганини билдирган.
«Уларнинг ягона талаби, республика раҳбариятига ёзган мурожаатимдаги маълумотларни туҳмат деб ёзма равишда тан олишим, фермерлар деҳқонларга ўз вақтида ойлик маош ва тонналаб буғдой бераётганини тасдиқлашим керак эди», дейди Сўпиев.
МХХ ходими Хайрулла бу ишларнинг бошида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов турганини таъкидлаб, кекса фаолни «яна бир марта шундай шикоят ёзсам онам хотиним бўлсин», дея қасам ичишга мажбурлаган.
«Мен билдимки, МХХ вакиллари давлат ва миллат фойдасига эмас, аксинча маҳаллий раҳбарларнинг малайи бўлиб, уларнинг фойдасига ишлайдиган ташкилотга айланиб қолибди», дейди Сўпиев.
Кекса фаол қуруқ ёлғонлар билан ривожланиш кўчасига кириб бўлмаслигини айтар экан, президентдан фуқароларнинг сўз эркинлигини бўғаётган вилоят МХХ, прокуратураси ва ИИБ ходимларига қарши жиддийроқ чоралар қўллашни ва ўзини ноҳақ 15 суткага қамаган шахсларни жазолашни сўраган.
«Акс ҳолда булар эл-юрт учун керак бўлгувчи, унинг корига яровчи тўғрисўз бошқа юртдошларимизни қамаб, юртдан қувиб, ҳатто ўлдиришдан ҳам тоймайди», деб ёзади Сўпиев.
Eltuz.com