Document UZ
18 август 2018

Ўғирланган активларни Ўзбекистонга қайтаришга масъулиятли ёндошиш принциплари тўғрисида

Швейцария федерал йиғини

Швейцария федерал кенгаши

Ташқи ишлар федерал департаменти (ТИФД)

Адлия ва полиция федерал вазирлиги

Активларни қайтариш бўлими, ТИФД

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги, ТИФД


2018 йил 8 август



Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларининг таклифлари

Биз, мамлакатимиз келажаги учун қайғураётган ўзбек фаоллари гуруҳи, Швейцария ҳукумати Ўзбекистон халқидан мамлакат телекоммуникация секторидаги коррупция оқибатида ўғирланган, сўнг эса Швейцария банкларида ювилиб, яширилган бир неча юз миллион швейцар франкини қайтариш бўйича келишувга эришиши мумкинлиги боис шу мактуб орқали мурожаат қиляпмиз. Биз Швейцария ҳукуматини бу активларни қайтаришга масъулият билан ёндашишга чақирамиз. Биз репатриациянинг давлат коррупциясининг ҳақиқий жабрдийдалари бўлмиш Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига хизмат қиладиган усулларини назарда тутмоқдамиз. Шунингдек, улар Ўзбекистонда коррупция тизимини йўқ қилишга кўмаклашадиган усуллардир.

Активларни қайтаришга масъулиятли ёндашув


Агар ўғирланган активларни қайтариш глобал ва миллий миқёсда коррупцияга қарши курашишга ўз ҳиссасини қўшса, у ишонч уйғотадиган қадам ҳисобланади.

Ўзбекистонда коррупция сиёсий, маъмурий, юридик, корпоратив ва молиявий институтларнинг барча бўғинларини қамраб олган. Ҳокимиятнинг олий бўғинларидаги коррупция ва инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши ўртасида аниқ боғлиқлик кузатилади. Шунинг учун активларни қайтаришда эҳтиёткор сиёсат юритиш зарур. Юқорида қайд этилган соҳаларда тизимли ўзгаришлар амалга оширилмай туриб активларни бирламчи шартларсиз қайтариш бу маблағлар яна ўғирланиши, ювилиши ҳамда ғарб мамлакатлари ва оффшор ҳудудларда яширилишига олиб келиши эҳтимоли жуда юқоридир.

Коррупциядан олинган даромадларни бирламчи шартларсиз қайтариш БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси (КҚК) моҳияти ва руҳини, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро битимлар талабларини бузади ва коррупцияга қарши глобал курашга путур етказади. КҚК ўғирланган активларни улар қайси мамлакатдан ўғирланган бўлса, ўшаларга қайтаришни талаб этади. Аммо давлат бу конвенция талабларининг ўзи истаганларигагина эмас, балки тўлиқ, жумладан, коррупциянинг олдини олиш механизмларини яратиш қоидаларига ҳам риоя этиши керак.  

Агар активларни сақлаб турган давлат коррупциядан олинган даромадларни қайтариш шартлари бўлажак жиноятларнинг олдини олувчи омил бўлишини кафолатлай олмас экан, унда бу реституцияга масъулиятсиз ёндашув ҳисобланади, ҳатто активлар ўғирланган мамлакатдаги коррупцияни мустаҳкамлашда ҳамкорликка олиб келади.

Ўзбекистонга активларни қайтаришнинг таклиф этилаётган принциплари


Активларни тиклаш бўйича 2017 йил декабрда бўлиб ўтган глобал форумда қатор ҳукуматлар, жумладан, Швейцария ҳам ўғирланган активларни қайтаришни тартибга солишга қаратилган принципларни маъқуллади. Жумладан, ҳукумат активларни қайтариш улардан фойдаланишнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини кафолатлаши, бу маблағларни қабул қилиб олаётган мамлакатлар фуқаролари манфаатларига хизмат қилиши, уларнинг коррупцияга қарши курашиш имкониятларини мустаҳкамлаши ҳамда маблағларни қайтариш ва улардан фойдаланишда фуқаролик жамиятининг иштирокини таъминлаши зарурлигини таъкидлаганди.

Қуйида биз Ўзбекистонга нисбатан бу принципларни қўллашнинг саккизта асосий тамойилини таклиф этамиз:

  1. Активларни қайтариш жараёни глобал ва миллий миқёсда коррупцияга ва инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашиш контекстида кўриб чиқилсин ва бунга ўз ҳиссаси қўшсин, шунингдек, унинг очиқлик ва ҳисобдорлик стандартларига мос келишини таъминласин.
  1. Активлар улар қайтадан ўғирланишининг олдини олиш механизмларини белгилашга доир тегишли бирламчи шартларсиз қайтарилмасин.
  1. Активларнинг қайтарилиши, биринчи навбатда, коррупция жабрдийлари, бу ўринда Ўзбекистоннинг барча аҳолиси манфаатларига хизмат қилсин.
  1. Ўзбекистондаги мавжуд ҳозирги институционал шароитларда етказилган зарар учун товон тўлаш амалга ошириб бўлмайдиган, узоқ муддатли, тизимли самара бермайдиган йўлдир. Шунинг учун Ўзбекистонда коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилиши кўламини камайтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар жабрдийдалар манфаатларига кўпроқ хизмат қилади.
  1. Активларни қайтариш жараёнидан Ўзбекистоннинг телекоммуникация секторида порахўрлик ва таъмагирликка, бунинг оқибатида пул ювилишига йўл очиб берган институционал шарт-шароитларни ислоҳ қилишни рағбатлантириш мақсадида фойдаланилсин. Қуйида биз ислоҳотларга муҳтож бешта институтционал соҳани кўрсатиб берамиз.
  1. Ислоҳотларни дарҳол амалга ошириб бўлмайди ва бунинг учун бир неча йиллар керак. Шунинг учун реституция жараёнини чўзиш ва уни  антикоррупцион ислоҳотларни ўтказишда эришилган бирламчи муваффақиятлар учун мукофотлаш тамойили асосида босқичма-босқич амалга ошириш лозим.
  1. Фақат келтириб ўтилган 1-6 принципларга риоя қилгандагина Ўзбекистон ҳукумати қайтарилган активлардан фойдаланиш устидан назоратни олиши мумкин ва шарт. Аммо бунда шаффофлик, халқаро манфаатдор томонлар ва Ўзбекистон фуқаролик жамияти билан маслаҳатлашувни таъминлаш зарур. Фикримизча, бу олти принципнинг амалга ошириши Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизими нуқтаи назаридан бутунлай янгича воқеликни яратади ва пировардида активлар яна ўғирланмаслиги ва ювилмаслигига бўлган етарлича ишончни тақдим этади.
  1. Агар Ўзбекистон ҳукумати мазкур тавсияларни рад этса, Швейцария ҳукумати Ўзбекистон раҳбарияти юқорида кўрсатилган принципларни қабул қилмагунча ва уларни бажаришда олға интилишни намоён этмагунча бу активларни сақлаб туриши керак.  

Активларни қайтариш учун бирламчи шартлар сифатида ислоҳ этилиши керак бўлган бешта соҳа

  1. Очиқ ва рақобатли тендерлар тизимини, жумладан, частота ва лицензияларни тақсимлаш, товар ва хизматларнинг давлат хариди соҳаларида қабул қилиш ва амалга ошириш. Давлат маблағлари, ресурслари ва мулкларидан фойдаланиш, уларни сотиш ва тақсимлашга тааллуқли бундай харид ва концессия келишувларига оид барча материалларни эълон қилиш.
  1. Давлат хизматчилари юқори мартабали шахсларга шахсий садоқат принципига эмас, балки қонунга риоя қилган ҳолда давлат манфаатлари йўлида ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш учун давлат хизматини ислоҳ қилиш. Шу муносабат билан Ўзбекистонда барча давлат хизматчилари учун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, улар даромадларининг тўла ошкоралигини таъминлаш.
  1. Суд органлари ва адвокатуранинг мустақиллигини ўрнатиш; халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ равишда адолатли судга ва тегишли жараёнларга бўлган ҳуқуққа амал қилиш.
  1. Давлат ва корпоратив маблағларнинг ошкоралигини таъминлаш, жумладан: нуфузли халқаро аудиторлар томонидан давлат органлари ва уларнинг йирик корпоратив пудратчиларининг мажбурий аудитини ўтказиш ва бундай аудиторлик ҳисоботларини тўлиқ эълон қилиш; давлат бюджетларини жамоатчилик учун очиқлаш ва бунда экспорт тушумлари ва уларнинг тақсимланиши ҳақидаги маълумотларни очиқлашга алоҳида эътибор қаратиш; барча юридик шахслар, компаниялар ва уларнинг бенефициар эгалари киритилган давлат реестрининг очиқлигини таъминлаш.
  1. Давлат органлари устидан, жумладан, мустақил жамоатчилик антикоррупция агентлигини ташкил этиш ҳамда фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот  воситаларига (улар таъқиб ва репрессиядан чўчимаган ҳолда журналистик суриштирувлар ўтказа олиши учун) чекловларни бекор қилиш йўли билан тегишли назоратни таъминлаш.

Қайд этиш жоиз, ҳукуматларнинг бу бешта соҳани ислоҳ қилишдаги муваффақиятларини баҳолаш имкониятини берадиган кенг тан олинган кўплаб халқаро индикаторлар мавжуд (қаранг: Активларни масъулият билан қайтариш бўйича халқаро ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Ўзбекистонда ислоҳотларни ўтказишдаги ютуқларни баҳолаш учун кўрсаткичлар тўғрисида тайёрланган илова).

Нега айнан шу бешта институционал секторда ислоҳотлар ўтказилиши керак?


Юқорида қайд этилган соҳаларда коррупциянинг олдини олиш механизмларининг умуман йўқлиги Ўзбекистон телекоммуникация секторида ўта йирик миқдорда порахўрликка олиб келган асосий омил бўлди. Шунинг учун айнан шу секторларда ислоҳотлар ўтказилишига Ўзбекистон ҳукуматига активларни қайтаришнинг бирламчи шартлари сифатида қараш керак. Аммо телекоммуникация тармоғига оид бундай ҳолат иқтисодиётнинг бошқа секторларига ҳам тааллуқлидир.


Биринчидан, Ўзбекистон на частота ва лицензияларни тақсимлаш, на давлат харидлари масаласида очиқ ва рақобатли тендерлар тизимига эга эмас. Шуни ҳисобга олганда, агар тегишли ислоҳотлар ўтказилмаса, қайтарилган активлар қарор қабул қилувчилар ва уларнинг яширин мижозларининг шахсий манфаатлари йўлида коррупцион схемалар бўйича ношаффоф келишувлар ёрдамида қайта тақсимланиши эҳтимоли жуда юқори.

Иккинчидан, лицензия бериш эвазига телекоммуникация компанияларидан пора талаб қилган Гулнора Каримова бир ўзи эмас, балки кўплаб давлат амалдорлари ва идоралари билан тил бириктирган ҳолда ҳаракат қилган. Унинг буйруғи билан бу амалдорлар лицензиялар ажратган, унинг талабларига кўнмаган шахслар ва компанияларга қарши ҳаракатларни амалга оширган ва бунда унинг отаси, собиқ президент Ислом Каримовга шахсий садоқати нуқтаи назаридан иш тутган. Бу эса Ўзбекистонда ҳомийлик тизимининг давлат хизмати қандай ишлаши ва ишлашда давом этаётгани ҳамда манфаатлар тўқнашувининг бутунлай йўқлигига таъсирини кўрсатиб турибди. Шунингдек, бу давлат хизматларининг ҳуқуқий механизмларга таянган ҳолда коррупциялашган амалдорлар томонидан бўладиган босимларга қарши туриш ва жамият манфаатини ҳимоя қилиш имкониятлари йўқлигини намоён этади.

Учинчидан, ғарб телекоммуникация компаниялари Ўзбекистонда ўз фаолиятининг бирламчи даврларидаёқ суд тизими ҳамда бизнес манфаатлари ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоялашнинг миллий механизмларига таяниш ўрнига яширин алоқаларни ва юқори мартабали маҳаллий амалдорлар билан келишув йўлини излагани эътиборни тортади. Биз ғарб компаниялари мамлакатда қонун устуворлиги йўқлигидан яхши хабардор бўлгани ва ноҳалол ўйин қоидаларига мос равишда ҳаракат қилганини тушунамиз.

Тўртинчидан, Ўзбекистондаги давлат ва корпоратив молия тизими жуда ношаффоф. На давлатга, на унинг асосий корпоратив пудратчиларига ўз молиявий фаолиятининг обрўли аудиторлар томонидан текширилишини таъминлаш мажбурияти юкланган. Бундан ташқари, давлат бюджети ҳукумат томонидан назорат қилинадиган экспорт тушумларидан даромадларни акс эттирмайди. Масалан, ҳукумат мажбурий меҳнат ва инсон ҳуқуқларининг кенг кўламда бузилиши воситасида пахта секторидан олинган даромадларни жамиятдан яшириб келади. Бу даромадлар президент атрофидаги айрим одамлар томонидан назорат қилинадиган ва унинг шахсий кўрсатмасига кўра ишлатиладиган бюджетдан ташқари яширин ҳисоб рақамларига келиб тушади. Активларни Ўзбекистонга бирламчи шартларсиз қайтариш давлатга олинган маблағларни ҳисобдорлиги бўлмаган бюджетдан ташқари жамғармаларга ўтказиш ва бу активларни давлат бюджетининг даромад қисмига қўшмаслик имкониятини бериши эҳтимоли юқори.


Бешинчидан, мамлакатда давлат органлари фаолиятини кузатувчи мустақил мониторинг ва назорат институтлари, хусусан, ҳукуматдаги коррупция ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш ҳуқуқига эга мустақил антикоррупцион давлат агентлиги йўқ. Шунингдек, Ўзбекистонда уюшган мустақил фуқаролик жамияти ҳам мавжуд эмас. У 2004 ва 2007 йиллар оралиғида йўқ қилинган. Бундан ташқари, қатағонлардан қўрқмасдан давлат органларидаги коррупция амалиётини ўрганадиган, ҳужжатлаштирадиган ва ошкор этадиган, журналистик суриштирувлар ўтказадиган мустақил матбуот йўқ. Илгари бундай коррупция ҳолатлари ҳақида хабар тарқатишга уринган фаоллар ва журналистлар қийноқларга солинди ва узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Гарчи бу каби журналистлар ва фаолларнинг айримлари яқинда қамоқхоналардан озод этилгани ижобий ҳолат бўлса-да, улар тўлиқ реабилитация қилинмади, демак давлат ҳамон уларни жиноятчи сифатида кўради. Улар ноҳақ озодликдан маҳрум этилгани ва соғлиқларидан айрилгани учун давлатдан товон пули ҳам олгани йўқ.

Бизнинг активларни Ўзбекистонга қайтаришнинг бирламчи шарти сифатида юқорида қайд этилган бешта соҳада жиддий ислоҳотлар ўтказишга чақириғимиз ҳукуматга нисбатан қарама-қаршилик сифатида кўрилмаслиги керак. Ўзбекистон сиёсий раҳбариятининг ўзи бу ва бошқа соҳаларда ислоҳотлар ўтказишини билдирди ва бир қанча ижобий қадамлар ташлади. Масалан, давлат хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Энди уни қабул қилиш ва ижро этиш керак. Шунингдек, 2018 йил март-апрель ойларида Бобомурод Абдуллаев ва бошқа уч фуқаро судланганда адолатли ва очиқ суд жараёни бўлиб ўтгани кузатилди. Аммо булар саноқли ҳолатлар. Бундан ташқари, гарчи журналистик суриштирувлар ўтказишга ботинмаётган бўлса-да, ўзбек матбуотида уйғониш кузатиляпти. Бу ижобий ҳолатлар ҳозирча фундаментал ёки ортга қайтмайдиган ўзгаришларни англатмайди ва уларни етарлича деб бўлмайди. Бу масалада нафақат Ўзбекистон ҳукуматининг янгиланишлар тўғрисидаги ваъдалари, балки барқарор ва давомий ислоҳотлар йўли ҳамда давлат бошқарувининг замонавий стандартларини жорий этиш зарурати керак.

Ҳукумат коррупцияга қарши ислоҳотларнинг тўлақонли ҳужжатларини қабул қиладими, бундан ҳам муҳими, қабул қилинган қонунларнинг амалда сўзсиз бажарилишини таъминлайдими, ҳали бунга аниқлик киритиш керак бўлади. Биз қайд этилган бешта соҳани ислоҳ қилишдаги ҳар бир сезиларли олға силжиш активларнинг бир қисмини қайтариш йўли билан рағбатлантирилиши ва бу биз таклиф этаётган дастурлар тўла амалга ошмагунча давом этиши керак, деб ҳисоблаймиз. Активлар реституциясига босқичма-босқич, аниқ натижаларга асосланган бундай ёндашув  мамлакат ҳукуматининг ислоҳотлар ўтказиш ваъдасига, жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мос келади.

Нега активлар Бот жамғармаси модели бўйича қайтарилмаслиги керак?


Биз “Қозоқгейт” иши бўйича Қозоғистон халқига 115 миллион долларни қайтариш канали сифатида 2009 йилда Бот жамғармаси тузилганини тўғри қарор деб ҳисоблаймиз. Аммо 2012 йилда Швейцариядан Қозоғистонга 48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг қайтарилиши активларни репатриация қилишнинг ишончли бўлиши принциплари нуқтаи назаридан ўзини оқламади.

Бу маблағнинг Ёшлар корпуси лойиҳаси учун ажратилган 21,76 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қисмининг қандай берилгани ва фойдаланилгани бўйича ўтказилган суриштирувлар мазкур лойиҳа мувофиқлаштирувчиси мамлакат сиёсий элитаси томонидан назорат қилинадиган ташкилотлар консорциуми бўлганини кўрсатди.  Консорциумни мамлакат президентининг ўзи ҳам сиёсатчи бўлган қизи Дариға Назарбоева бошқаради. Ҳукуматга алоқадор бу консорциум лойиҳа мувофиқлаштирувчиси сифатидаги хизматлари учун 465 000 доллар олган.

“Харидлар тўғрисидаги олиш чекланган маълумотларга кўра, – деб ёзади суриштирув муаллифлари, – оширилган нархлардаги реклама материаллари, ҳукмрон партиянинг ёшлар қаноти учун мукофотлар, тарғибот вазифасини бажарувчи материалларга харажатлар қилингани аниқланди. Ижрочиларни танлаб олиш президентнинг давлат мафкурасини қўллаб-қувватловчи давлат мансабдорлари ва сиёсатчилар томонидан тўғридан-тўғри бошқариладиган ҳукуматга алоқадор ташкилотлардан амалга оширилган”. Бу эса қайтарилган активлар коррупциядан жарб чекканларга эмас, балки Қозоғистон элитаси ва ҳукмрон партия фойдасига сарфланишига олиб келган”.


Бироқ Ўзбекистондаги бугунги вазият Бот модели бўйича хайрия жамғармаси тузиш вариантини ошкоралик ва ҳисобдорлик, активларни масъулият билан қайтариш принципларини бузмаган ҳолда амалга ошириш имконсиз эканини кўрсатади. Ҳукуматдан мустақил бўлган бундай жамғарманинг фаолият кўрсатиши учун ҳали мамлакатда шароит мавжуд эмас.

Биринчидан, Бот жамғармаси Қозоғистонда ўз фаолиятини мустақил нодавлат нотижорат ташкилотларга грантлар ажратиш йўли билан амалга оширди. Ўз навбатида, улар кам таъминланган оилаларга молиявий ва техникавий ёрдамлар кўрсатди. Ўзбекистонда ННТлар сектори умуман йўқ. 2004 йилдан 2007 йилгача бўлган давр оралиғида фуқаролик жамиятининг нисбатан мустақил ташкилотлари ҳукумат томонидан йўқ қилинди, бунинг оқибатида Ўзбекистонда уюшган мустақил фуқаролик жамияти ҳозирча мавжуд эмас. Каримов режими репрессияси туфайли айни пайтда Ўзбекистонда худди Бот жамғармаси каби аҳолига хизматлар кўрсатувчи ёки бу маблағлар қандай ишлатилаётганини мустақил мониторинг қилувчи мустақил ташкилотлар йўқ.

Иккинчидан, қайд этганимиздек, Ўзбекистонда давлат харидлари учун шаффоф тендерлар ва жараёнлар йўқлиги сабабли қайтарилган маблағлар ҳукуматга яқин шахсларга манфаатли битимлар воситасида яширин схемалар орқали йўналтирилиши ва шу йўл билан яна қайта ўғирланиши ва ювилиши эҳтимоли юқори. Тошкентдаги қурилиш ва таъмирлаш ишларида манфаатли шартномалар бериш бўйича бундай яширин келишувларга биз ҳозир ҳам етарлича дуч келяпмиз.


Учинчидан, давлат маблағлари сарфланиши тизими очиқ бўлмаса, ҳукумат қайтарилган активларни ишлатишда ўйин қилиши эҳтимоли йўқ эмас. Масалан, у қайтарилган активлар йўналтириладиган соҳалардаги давлат молиявий таъминотини қисқартириши ёки бекор қилиши мумкин. Ички молиявий оқимларни бундай йўналтириш туфайли хайрия дастурлари воситасидаги эҳтимолий рестутиция Ўзбекистон халқига керакли натижани бермайди.

Ва ниҳоят, биз активлардан коррупцияга қарши ислоҳотларни кучайтиришда фойдаланиш коррупция қурбонлари манфаатлари ва Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёти нуқтаи назаридан янада фойдалироқ бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Надежда Отаева, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Ле-Манс, Франция, n.atayeva@gmail.com

Умида Ниёзова, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми, Берлин, Германия, umida.niyazova@gmail.com


Ёдгор Обид, собиқ сиёсий маҳкум, Австрия резиденти


Диля Эркинзода, ўзбек сиёсий қочқини, Швеция резиденти


Улуғбек Ҳайдаров, журналист, собиқ сиёсий маҳкум, Канада резиденти


Алишер Обидов, сиёсий қочқин, Норвегия резиденти.


Қатор маҳаллий ўзбек фаоллари ушбу таклифларни қўллаб-қувватлайди, аммо уларнинг хавфсизлигидан хавфсираш нуқтаи назаридан исмлари ошкор этилмайди.

Илова

Активларни масъулиятли қайтариш бўйича халқаро ишчи гуруҳ

ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ИСЛОҲОТЛАРДА ЎСИШГА ЭРИШИШ ИНДИКАТОРЛАРИ

Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари Гулнора Каримованинг Ўзбекистон халқидан ўғирланган ва Швейцария банкларида яширилган активларини қайтариш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари мазкур активлар яна ўғирланмаслиги, балки Ўзбекистон фуқаролари фаровонлигини оширишга ишлатилиши кафолатланиши учун активларни қайтаришнинг бирламчи шарти сифатида бу ҳақдаги битимга Ўзбекистон институтларининг ислоҳ қилиниши мажбурияти тўғрисидаги пункт киритилишига чақирмоқда. Улар кўзда тутаётган ислоҳотлар БМТ, Жаҳон банки ва бошқа донорларнинг ҳукуматларга молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги келишувларига қўшиладиган талабларга мосдир.

Халқаро ҳамжамият ҳукуматлар бундай ислоҳотларни амалга оширишда эришган ютуқларни баҳолаш учун бир қатор индикаторлар ишлаб чиққан. Қуйида Ўзбекистон фаоллари активларни қайтариш шарти сифатида таклиф этаётган ислоҳотларни амалга оширишда эришилган ютуқларни баҳолаш индикаторлари санаб ўтилади. Биз Швецария ва Ўзбекистон ҳукуматларини ушбу мезонларни активларни қайтариш тўғрисидаги келишувга киритишга қатъий чақирамиз. Улар активларнинг қайтарилиши шарти сифатида Ўзбекистоннинг реал ислоҳотларни амалга ошириши учун амбицияли ва реал мақсадлар тўғрисида келишиб олиши керак.

  1. Ошкора ва рақобатли тендерлар тизимини яратиш.

Жаҳон банкининг давлат харидлари соҳасидаги кўрсаткичларнинг йиллик ҳисоботи ҳар бир мамлакат тендерларнинг очиқлигини ва адолатли рақобатни таъминлашда халқаро стандартлар томон қанчалик одимлаётганини кўрсатиб беради. Грузиядаги Ахборот эркинлиги ривожи институти Евроосиё ва Шарқий Европа мамлакатларидаги бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур минтақа давлатлари ушбу стандартларга қанчалик эришганини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқди.

  1. Лаёқатли, мустақил ва носиёсий давлат хизматларини яратиш.

Жаҳон банкининг давлатларнинг муваффақиятлари тўғрисидаги йиллик маълумотлари ва уларнинг институционал баҳоси мамлакатлар давлат хизматчиларининг хизматларини объектив баҳолаш, шунингдек, бу хизматчиларнинг давлат хизматини ўташ чоғида сиёсий нейтраллик принципларини қанчалик сақлашини кўрсатиб беради. Профессорлар Питер Эванс и Жеймс Раух миллий миқёсда давлат хизматларининг сифатини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқди. Бу методология олимлар ва сиёсатчилар томонидан давлат хизматларидаги бюрократияни баҳолашда кенг фойдаланилади.

  1. Адолатли суд муҳокамаси ва тегишли ҳуқуқий жараёнларга бўлган ҳуқуққа риоя этилишини таъминловчи мустақил суд тизимини яратиш.

Гётеборг университетининг V-Dem лойиҳаси ҳар йили мамлакатларни ижроия ҳокимияти конституцияни қанчалик ҳурмат қилиши ва суд қарорларини ижро этиши, суд тизими қай даражада мустақил ишлаши мумкинлиги нуқтаи назаридан баҳолаб боради. “Жаҳон юстицияси” лойиҳаси ва “Бертельсманн трансформацияси индекси” ҳукуматлар қонун устуворлиги тамойилларига қанчалик амал қилишига баҳоларни ҳар йили эълон қилади.

  1. Давлат ва корпоратив молия тизимининг очиқлигини таъминлаш.

Швейцария, Европа Иттифоқи ҳукуматлари ва Халқаро молия жамғармаси кирадиган шериклик “Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик тузилмаси (PEFA)”ни ишлаб чиқди. У молияни бошқаришнинг давлат тизими очиқлиги ва самарадорлигини тизимли баҳолашнинг умум тан олинган усули ҳисобланади. “Очиқ бюджет ҳисоботи”да бюджет тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигига, бюджетни тузишда давлат молияси тизимининг ҳисобдорлиги ва мослашувчанлигига кўмаклашувчи бошқа усуллар баҳоланади. “Солиқ одил судлови тармоғи” томонидан бошқариладиган “Молиявий сирлар индекси” корпоратив тузилмалар очиқлигини баҳолашнинг халқаро тан олинган мезонларини таъминлайди.

  1. Коррупцияга қарши курашиш бўйич мустақил агентлик тузиш йўли билан ҳисобдорликни мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролик жамияти фаолияти ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги учун шарт-шароитларни таъминлаш.

Ҳар йили Жаҳон банки турли манбалардан кейинчалик “ҳисобдорлик ва фикр билдириш эркинлиги” шкаласига киритиладиган маълумотларни тўплайди. Улар мамлакатлар фуқаролари ўз ҳукуматларини сайлашда қай даражада иштирок этиши мумкинлигини, ўз фикрини билдириш ва хусусий кўнгилли уюшмалар тузишда қанчалик эркинлигини, оммавий ахборот воситалари эркинлиги қанчалик чекланганлигини кўрсатади.

Тағин ўқинг
7 март 2020
Малика Ҳаё бинт ал-Ҳусайн ўғирлик, мажбурий қайтариш, қийноқ ва қўрқитиш компанияси бошида ўзининг собиқ эри, миллиардер ва Дубай амири ...
8 октябр 2021
Бу 20-асрнинг энг буюк ўзбек шоири Мухаммад Солиҳ ëзган шеърдан иқтибос эди. Бир вақтлар Гдлян «Ўзбеклар ўғри» деганда, Ўзбекистондаги ...
28 июн 2022
28 июнь Элтуз порталига келаётган шикоятлар оқимини кузатамиз. Улар одатдагидек турли мавзуларда. Ҳуллас, ташқарида ёз. Шофирконда дайди итлар қўйларни ...
2 июн 2020
«– Ака, ёмон боқибеғамсиз-ей, нега шуни дарҳол айтмай, чўзиб ўтирдингиз? Энг ёмони, шундай ажойиб хабарни ҳеч нарса юз бермагандай, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...