Document UZ
5 апрел 2019

Ўзбекистонда 2018 йилги пахта терими мавсумида мажбурий меҳнат тизимли давом этди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми (UGF)нинг «Улар аввал пахтага чиқмаслигимизни айтишди, кейин эса далага жўнатишди» номли янги ҳисоботида қайд этилган далилларга кўра, Ўзбекистонда 2018 йилги пахта терими давомида мажбурий меҳнат тизимли муаммо бўлиб қолган.

4 апрель куни чоп этилган ҳисоботга, жумладан, мансабдор шахслардан олинган 70 та кенгайтирилган интервью, юздан ортиқ фермер хўжалигида қилинган 300 та мониторинг сафарлари асос бўлган.

Ҳисобот Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ижобий қадамлар билан бир қаторда, амалда таркибий омиллар туфайли мажбурий меҳнат ҳам давом этаётганини кўрсатмоқда.

Ҳукуматнинг марказлашган ишлаб чиқариш тизимидаги меҳнатга оид камчиликлар – терим мавсумида аҳоли кам ҳудудларда ихтиёрий меҳнатга лаёқатнинг пасайиши билан 2018 йилда мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этгани кўзга ташланди.

Ҳосил етиштиришнинг дастлабки босқичида ихтиёрий меҳнат кенг жалб этилди, бироқ бу аҳоли кам ҳудудларда меҳнатни ташкил этиш учун етарли бўлмади ёки кейинги босқичларда кутилаётган самарадорликнинг пасайишига сабаб бўлди.

Ҳукумат вилоятлар учун пахта етиштириш режасини белгилашда давом этди. Пахта режаси учун масъул мансабдор шахслар эса режани бажара олмаганликлари учун жазоланишди.

Ўз навбатида, мансабдор шахслар тадбиркорлар, савдогарлар, давлат идоралари ва корхоналари ходимларини далага жўнатиш ёки теримчи ёллаш тўловларини амалга оширишга мажбурлашди. Шунингдек, улардан теримчиларга транспорт, озиқ-овқат ва турар жой ажратиш талаб этилди.

Ўзбек пахтасини етиштириш занжирида мажбурий меҳнатнинг мавжудлиги ундан фойдаланган халқаро брендлар обрўсига ҳам жиддий хавф туғдирадиган жавобгарликни яратмоқда, дейилади ҳисоботда.

Ўз ҳисоботидаги асосий жиҳатлар ҳақида мустақил мониторинг раҳбари Умида Ниёзова «Элтуз» нашрига қуйидагиларни билдирди:

Бизнинг 2018 йилги пахта мавсумидаги мажбурий меҳнатга оид янги ҳисоботимиз ҳукуматнинг кўнгилли теримчиларни жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларига қарамай, турли ташкилот ва корхоналар ходимларини теримга мажбурлаш оммавий ва тизимли бўлганини кўрсатмоқда.

Пахта мавсуми даврида вазиятни кундалик кузатиб турган 12 нафар маҳаллий мониторчи иштирок этган тадқиқотимиз, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги таъкидлаганидек, мажбурий меҳнат маҳаллий ҳокимларнинг хатоси эмаслигини кўрсатиб турибди. Сабаб эса Ўзбекистон пахта секторидаги тузилмавий муаммолар ҳисобланади.

Ҳисобот пахта теришга мажбур бўлган ёки теримдан озод бўлиш учун пул тўлаган (бу ҳам мажбурий меҳнат шаклларидан биридир) юзлаб кишиларнинг гувоҳликларига асосланган. Мониторчиларимиз фермерлар, шунингдек, пахта теримида мажбурий равишда иштирок этган корхоналар директорлари ва ҳокимият ходимларидан интервьюлар олишди.

Сўнгги пахта мавсумининг олдинги йиллардагидан фарқ қилувчи икки ижобий жиҳатидан биринчиси талабалар пахта теримидан озод этилгани, иккинчиси эса тиббиёт ва таълим муассасаларига пахта юкламаси камайганидир. Мактаблар ва шифохоналар ходимлари, аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, пахта теримига мавсум бошидан эмас, балки ўртасидан ёки октябрь ойи охирларидан бошлаб жўнатилди. Айрим ўқитувчи ва ҳамширалар фақат якшанба куни ишлади, айримлари эса ўрнига мардикор ёллади. Баъзан ўқитувчилар ота-оналар ҳисобидан мардикор ёллаш эвазига пахта термай, ўз ишини давом эттирди.

Ўтган йили терим ҳақи 2 баробар оширилгани кўпроқ теримчиларни жалб этиш ва қишлоқ аҳолисининг яхшигина пул ишлаб олишига имкон яратди. Муассасалар ходимлари ўрнига ёлланган теримчилар улардан қўшимча пул олиш имкониятига ҳам эга бўлди.

«Ўзбекнефтгаз», «Ўздонмаҳсулот», Металлургия комбинати, «Ўзкимёсаноат», «Ўзшаробсаноат», «Ўзбеккўмир» каби йирик компаниялар ўз хизматчиларини пахта мавсумининг бошиданоқ ишчи кучи кам бўлган ҳудудларга теримга жўнатди.

Ўзбекистонда пахта терими 27 ноябргача давом этди. Октябрь охирига бориб ҳаво совиб, биринчи терим якунига етгач, кўнгилли теримчилар сони сезиларли қисқарди. Бироқ ҳудудлар пахта топшириш кунлик режасини қандай қилиб бўлса-да бажаришга мажбур эди. Маҳаллий ҳокимликлар олдида деярли бажариб бўлмас вазифа турарди. Улар совуқ ҳавода кунига 20 килограмм пахта теришга рози бўладиган кўп сонли кўнгиллиларни топиши керак эди. Ҳатто тўланадиган ҳақ оширилгандан кейин ҳам ноябрь ойида ташкилотларнинг ходимлари орасидан кўнгилли теримчиларни топиш имконсиз бўлди.

Тадқиқотларимиз пахта топшириш бўйича давлат режасини бажариш мажбурияти мажбурий меҳнатнинг асосий сабабларидан бири эканини кўрсатмоқда. Ҳокимлар, солиқ инспекторлари, прокурорлар ва ички ишлар бўлимлари раҳбарлари теримчиларни жалб эта олмагани учун жазоланди. Ўз навбатида, бу амалдорлар ўз ишини йўқотишдан қўрқиб, ҳар доимгидек, пахта теримига мажбурлаш амалиётини қўллашди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 апрел 2020
1784 йилнинг 15 апрелида кундузи соат иккида мистер Россо ва 10 яшар ноғорачи болакай Ирландиянинг Дублин шаҳридан аэростатда ҳавога ...
15 май 2023
Тошкентда олти сотих ер майдони ҳужжатларини расмийлаштиришга 600 млн сўм сўраган шахс ушланди. Олдинам фирибгарлик жинояти учун судланиб ëш ...
15 апрел 2018
Негадир бугун ишонгим келди шу одамнинг гапларига. Айниқса, кўча тозалаётиб юк машинаси остида ўлган ўқитувчи Диана ҳақида «Худди мени ...
24 июн 2019
Ўзбек футболи тарихидаги “номи қоралар” рўйхатида биринчилар қаторида турадиган Самвел Бабаян мамлакатнинг бели энг бақувват футбол клубларидан бири – ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...