Document UZ
11 март 2020

Фаоллар Гулноранинг ўғирлик пуллари «айланма йўллар» билан қайтарилишидан норозилик билдиришди

Бир гуруҳ ўзбек фаоллари 11 март куни Швейцария ҳукумати ва масъул идораларига марҳум президентнинг катта қизи Гулнора Каримова ўғирлаган активларни Ўзбекистонга шаффоф ва ҳисобдорлик асосида қайтаришни сўраб чақириқ йўллашди.

Фаолларнинг ташвишли чақириғига 25 февралда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган Гулнора Каримованинг президент Мирзиёевга йўллаган мактуби орқали сизган маълумотлар сабаб бўлди.    

Гулнора Каримованинг қизи, Лондонда яшаётган Имон Instagram’даги саҳифасида эълон қилган мактубида Швейцария ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан Гулнора Каримованинг мазкур мамлакат суд органлари томонидан 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мусодара қилинган активларини қайтариш масаласида музокаралар ўтказаётгани ҳақида гапирган.

Хатда Швейцария ҳукумати бу активларни тиббиёт ва таълим соҳасидаги ижтимоий лойиҳаларга беришни режалаштираётгани ҳам таъкидланади.

Ҳуқуқ фаоллари юқорида қайд этилган музокаралар ва Каримованинг активларини қайтариш жараёни ҳақида жамоатчилик Швейцария ҳукуматидан эмас, балки қандайдир «айланма йўллар» орқали хабар топаётганларини билдиришган.

«Швейцария бу активларни Ўзбекистонга қандай йўллар билан қайтармоқчи эканлиги борасида шаффофликнинг етарли эмаслиги Швейцариянинг ўзи иштирокида ишлаб чиқилган ва 2017 йил декабрда Вашингтонда Активларни қайтариш бўйича глобал форумда (АҚБГФ) қабул қилинган тамойилларга зид келади», дейилади жумладан чақириқда.

Фаолларининг ёзишича, шаффофлик ва масъулият. Ўғирлик активларининг қайтарилишида ҳисоботдорлик кафолатлари тўғрисидаги 4-тамойил; активларнинг ўғирланишига кўмак берган шахсларга уларнинг қайтарилишига йўл қўймаслик ҳақидаги 9-тамойил бузилган.

Телекоммуникация компанияларидан таъмагирлик ва пора олишда Гулнорага шерик бўлган айрим мансабдорлар ҳали ҳам Ўзбекистон ҳукуматида катта лавозимларда ишлаши ва улар Ўзбекистонга қайтарилган активларни ишлатишда иштирок этиши эҳтимоли каттадир.

Шунингдек, чақириқда давлат бошқаруви олий бўғинидаги манфаатлар тўқнашуви, пул ювиш, даромадли шартномалар, лицензия ва давлат назоратидаги мулкларни ношаффоф бўлиш билан боғлиқ қатор фактлар ва мисоллар келтирилади.

«Швейцария ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматининг коррупцияга қарши ислоҳотлар ўтказилиши тўғрисидаги оғзаки ваъдаларига умуман ишонмаслиги керак. Бу ҳукуматнинг ваъда бериши осон, ҳатто у кейинчилик бажаришни «эсдан чиқариб қўядиган» прогрессив қонунларни ҳам қабул қилади. Масалан, 2019 йилда икки йилга мўлжалланган актикоррупцион ислоҳотлар дастури қабул қилинган эди. Аммо орадан қарийб бир йил ўтса ҳамки, уни амалда бажариш аломатлари кўринмайди.

Бу эса сўз ва иш бирлиги йўқлигига яна бир далилдир. Шунинг учун Швейцария ва активларни сақлаб турган бошқа мамлакатлар Ўзбекистоннинг оғзаки ваъдалари ва ёзма мажбуриятларига эмас, балки, биринчи навбатда, амалий ишларига эътибор қаратиши керак. Шундагина активларнинг қайтарилиши жараёни реал ўсиш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш мақсадларига эришишга кўмак бўлади», дея якунланади ўзбек фаолларининг Швейцария ҳукуматига йўллаган чақириғи.

Чақириқнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Тағин ўқинг
9 ноябр 2021
Ўзбекистон расмийлари мамлакатда афғон қочқинлари борлигини рад этишмоқда. Ҳуқуқ фаоллари эса, ўз навбатида, уларнинг сони юзлаб эканини айтишмоқда. Термиз ...
9 ноябр 2019
Ҳаëтимизни қийинлаштираëтган нарсаларнинг кўпи миямизда жойлашган. Миямиздаги васваса қурти боис қурбимиз етмаса ҳам қарз ҳавола тўй қиламиз. Айни васваса ...
31 январ 2019
Германияда чиқадиган  «Süddeutsche Zeitung» (Зюддойче Цайтунг) газетаси 29 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг интервьюсини чоп қилди. Каримов даврида ...
23 июн 2016
Фарғона вилоятининг аксарият банкларида жўнатма пулларини бериш жума кунигача тўхтатилди. Банк ходимлари бунинг сабабини валютанинг тугаб қолгани билан изоҳламоқда. ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...