Document UZ
18 июн 2020

Биз эсдан чиқармадик ва кечирим сўраймиз

1989 йил май-июнь ойларида маҳаллий ўзбеклар билан юз берган этник тўқнашувлар давомида месхети турклари яшайдиган ҳудудлар вайрон этилди. Расмий маьлумотларга кўра, қирғин натижасида 52 нафар месхети турки ваҳшиёна ўлдирилди. Тахминан мингта уй ёқилди ва талон-тарож қилинди. Шу муносабати билан бир қатор ўзбек зиёлилар баёнот билан чиқишди. Элтуз баёнотнинг тўлиқ матнини тақдим қилади:

1989 йилда Ўзбекистонда месхети турклари қирғин қилингани юзасидан бир гуруҳ ўзбекларнинг баёноти

Ҳозирги кунда бир қатор ривожланган демократик давлатларда тарихий ўтмишни фаол қайта англаш жараёни кечмоқда, бўлиб ўтаётган норозилик намойишлари иштирокчилари мустамлака ўтмиши мероси, қуллик, ирқий ва этник камситиш бўйича тизимли амалиётлар оқибатларидан воз кечишни талаб қилмоқда. 

Тарихий ўтмишни қайта баҳолаш, ирқий ва этник озчиликка қарши аждодлари содир этган жиноятлар учун пушаймонликсиз жамият ривожланиши давом этиши мумкин эмаслигини англаш жараёни кучаймоқда. 

Ўтмишда содир бўлган шунга ўхшаш гуноҳларни зиммасида олиб юрган халқлар кам эмас. Ўз тарихида бу каби шармандали ҳаракатлар қилмаган жамиятни топиш қийин. Муҳими, сукут сақламасдан, бу гуноҳларни тан олиш, уларга холис баҳо бериш ва тегишли хулосалар чиқаришдир.

Маънавий тозаланиш жараёнидан Ўзбекистон ҳам четда турмаслиги керак. Чунки жамиятимиз ҳам ўтмишдаги шармандали доғларга эга. Ушбу доғлар одатий ҳолга айланмаслиги шарт. Уларни аниқлаш ва улар ҳақида гаплашиш, таҳлил қилиш, шунингдек, имкон қадар хатолар ва содир этилган жиноятлар оқибатларини тузатишга интилиш лозим. Ўзбекистон тарихидаги бундай шармандали воқеа 1989 йилда содир бўлган месхети турклари қирғинидир.

Месхети турклари Шарқий Онадўли лаҳжасида гапирадиган субэтник гуруҳ бўлиб, уларнинг аксарияти сунний ислом тарафдорлари ва тарихий ватани Грузия жанубидаги Месхетия ҳудудидир. 1944 йилда 115 минг кишилик бутун месхети турк халқи СССРнинг шарқий минтақаларига сургун қилинди. Бу мудҳиш иш Берия ташаббуси ва Сталиннинг қарори билан амалга оширилди. Ҳолбуки, бу миллатнинг деярли барча эркак аҳолиси урушга чақирилиб, фашистлар Германиясига қарши жангларда қатнашган ва уларнинг ярмидан кўпи шу урушда ҳалок бўлган. Икки ой давом этган мажбурий кўчириш пайтида месхети туркларининг яна 20 фоизи совуқ ва очарчиликдан ҳалок бўлди. Урушгача эса месхети туркларининг 14 минг нафари Сталин қатағонлари қурбони бўлган эди.

Уларнинг аксарияти Ўзбекистонга, хусусан, Фарғона водийсига депортация қилинган. Кўпчилиги ўзбек анъаналари ва урф-одатларини қабул қилди, ўзбекча гапира бошлади ва болаларини ўзбек мактабларига берди. Бироқ 1989 йил май-июнь ойларида маҳаллий ўзбеклар билан юз берган этник тўқнашувлар давомида месхети турклари яшайдиган ҳудудлар вайрон этилди. Ушбу миллатлараро можаро сабаблари ва вазиятдан қатъи назар, келиб чиққан қирғинни асло оқлаб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Бу даҳшатли воқеаларни инсониятга қарши жиноят сифатида тоифалаш лозим ва улар ватандошларимиз томонидан содир этилгани уятдан бошимизни эгади.

Расмий маьлумотларга кўра, қирғин натижасида 52 нафар месхети турки ваҳшиёна ўлдирилди. Тахминан мингта уй ёқилди ва талон-тарож қилинди. СССР раҳбарияти уларни ўша жойлардан бутунлай эвакуация қилиш ва бошқа республикаларга кўчириш ҳақида қарорга келишга мажбур бўлди.

Албатта, содир бўлган жиноятлар учун асосий жавобгарлик қирғинлар иштирокчилари, ўзбошимча маҳкамалар ўтказган юртдошларимиз зиммасида.  Ҳокимият жавобгарлигига келсак, мавжуд маълумотларга асосланиб, маҳаллий милиция ва ҳокимият идоралари воқеалар бошиданоқ месхети туркларини муҳофазалашга ҳаракат қилганини тан олишимиз керак, лекин уларнинг кучи заифлик қилган. Милиция безорилар ҳужумига бардош бера олмади, бир неча милиция ходими ҳам қурбон бўлди. Ички қўшинлар томонидан тезкор ва қатъий чоралар зарур эди. Бироқ маълум бўлишича, бу қўшинларни жалб қилишга кечикилди. Бу эса қирғинларнинг воқеалар бошланиш марказларидан ташқарига қараб анча кенг тарқалишига имкон берди. Ички қўшинларнинг сустлиги сабабларини алоҳида ўрганиш лозим, бунинг учун Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг давлат ва партия архивларига йўл очилиши керак. 

Нима бўлганида ҳам биз ушбу баёнот орқали юртимиздан аянчли ҳолатда қувғин қилинган месхети туркларидан кечирим сўраймиз. 1944 йилдан ҳозирга қадар улар дунёнинг тўққиз мамлакати ҳудудига тарқалиб яшашга мажбур бўлмоқда, ўз ўлкаси, ўз ватани деб аташи мумкин бўлган жойда биргаликда яшаш имкониятга эга эмас. Шу нуқтаи назардан, месхети турклари тақдири Сталин режими даврида қатағон қилинган бошқа халқларникига нисбатан янада фожеалироқ кўринади.

Шунингдек, биз Ўзбекистон ва ўзини СССР вориси ҳисоблайдиган Россия Федерацияси ҳукуматларини месхети турклари тақдири учун жавобгарликни ҳис этишга ва ушбу миллат қалбидаги ҳали ҳам қон оқаётган ярани тузатиш учун барча чораларни кўришга чақирамиз.

Биз туғилиб ўсган ва севимли Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистон фуқаролари сифатида ўз номимиздан баёнот беряпмиз. Ушбу баёнот билан фақат ўзимизни тамсил қиламиз, лекин виждонли ва этник қатағонлар қурбонлари тақдирига бефарқ бўлмаган бошқа ватандошлар ҳам бизга қўшилади, деб умид қиламиз. Ҳар бир фуқаро ўз ватандоши қилаётган ишларга дахлдорлигини, шу билан бирга, масъуллигини ҳис қиладиган ҳақиқий фуқаролик жамиятини шакллантириш тузиш сари қадам ташлаш мазкур акциянинг асл моҳиятидир. Ҳеч бир миллат то ўзининг тарихий масъулиятини англамагунча, келажакда ривожланиш ва жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш истиқболига эга бўла олмайди. 

Шоҳида Тўлаганова, Буюк Британия резиденти 

Умида Ниёзова, Германия резиденти, 

Saydullah Persay, Буюк Британия резиденти

Zaynab M. Dost, Буюк Британия резиденти

Абдусами Рахмонов, Чехия резиденти

Алишер Илҳомов, Буюк Британия резиденти

Қанат Одилов,  Ўзбекистон

Ағзам Аҳмедбаев, Ўзбекистон

Аббос Асад, Ўзбекистон

Отабек Ахлиддинов, Ўзбекистон

Қудрат Бобожон, Швеция

2020 й. 18 июн

Тағин ўқинг
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль “Барселона”нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг зўр ҳимоячи. 2007 йил ...
13 май 2019
ДХХ тергов бошқармаси томонидан ҳибсга олинган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳдан олган интервьюси 13 май ...
3 июл 2018
Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага тегишли бўлган, айни пайтда Швейцарияда музлатилган пулларни мамлакатга қайтариш борасида музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади. ...
10 сентябр 2019
“Азизбек тепки зарбидан ва оғриқдан полга қулайди. Қутурган Тошпўлатов унинг устига чиқиб сакрай бошлайди. 3-4 марта товони билан унинг ...
Блоглар
7 август 2020
Қишга тайёргарлик. Помидор ва қалампирни ўзим етиштириб, қуритиб, ипга ўтказиб деворга илдим. Кўўп бонкаям беркитганмиз. ...
5 август 2020
Мирзиёев бошқарувида ташқи сиёсатда, бир томондан, Россия ва унинг геосиёсати билан боғлиқ муносабатлардаги миллий манфаатлар ...
4 август 2020
Ўзбекистонда турли матнларда, контекстларда, ҳатто расмий ҳужжатларда кўп ишлатиладиган “буюк аждод” тушунчасидан воз кечиш керак, ...