Document UZ
18 март 2021

Ревизор-5. Сардоба – коррупция тимсоли

Баҳор келди. Сирдарëдаги ўриклар оппоқ бўлиб гуллади. Гиëҳлар табиатнинг сўз эркинлиги каби кўкка ўрлади. Баҳордаги қайта тирилиш табиатга хос хусусият. Ўтган йил кўкламда Сирдарëда юз берган техноген фожеа асоратлари эса ҳали битмади…

Жорий йилнинг 15 февралида Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборини қайта тиклаш юзасидан Ўзбекистон ҳукумати қарор қабул қилди.

Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги мулозими Насрулло Бобоев маълум қилди. Аммо мулозимнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, бу ҳужжат ëпиқ ва қарор элга ошкор қилинмайди. Нега? Бу ҳарбий сирми?

2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиб, улкан техноген фожеа содир бўлган эди. Оқибатда тошқин Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга катта зарар етказган. Бинолар, йўллар, алоқа тармоқлари вайрон бўлган. Фожеада 6 киши ўлган, 1 киши бедарак йўқолгани расман айтилади.

Мазкур тошқин чоғида қўшни Қозоғистонда ҳам 276 квадрат километр майдонни сув босиб, Туркистон вилоятининг Мақтаорол туманидаги 14 та қишлоқдан жами 31 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинди.

Қадимий ва бугунги Сардоба

Сардоба қадим Туркистоннинг чўл зоналарида ëмғир сувларини бир жойга йиғиб сақлайдиган махсус гидроиншоот. Кичик сув омбори. Ҳовуз устига пиширилган карвучдан қуриладиган мустаҳкам гумбаз тикланган. Форсча сард (совуқ) ва об (сув) сўзлари бирикмасидан таркиб топган.

Мана бу эса Сирдарë вилоятида 2020 йил ëрилиб кетган Сардоба тўғони. 2010-2017 йиллар мобайнида қурилган Сардоба сув омборига 1,2 триллион сўм миқдорида маблағ сарфланган.

Ўзбекистонда “Сардоба” сўзи ўғирлик¸ коррупция¸ биринчи раҳбарнинг волюнтаристик сиëсати ва, умуман, қурилиш йўли билан давлат маблағини астрономик суммада оилавий ўмариш синонимига айланган.

2020 йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат таҳлилчилар назарида улкан коррупция ҳосиласидир.

Матбуот ва ижтимоий медиадаги қатор чиқишлар ортидан мамлакат раҳбари тўғонни сифатсиз қуриб, халқ бошига мусибат келтирган амалдорлар жазоланишини айтди.

Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши ортидан президент Мирзиёев «қурилишларда коррупция ҳоллари кўп», деган эди.

КИМ АЙБДОР?

Учоқ қуласа, учувчи ва диспетчер сўроқ-савол қилинади. Машина аварияга учраса, ҳайдовчи. Уй қуласа, уни қурган прораб текширилади. 

Сардоба сув омборини ким қурди? Ким лойиҳалади? Бу саволларга жавоб топиш учун ҳужжатларга мурожаат қиламиз.

Бош пудратчи

Расмдаги жаноб Очилбой Жуманиëзович Раматов бўлади. У 58 ëшда. Сенат аъзоси. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари.

Раматов раҳбари бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” таркибидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» корхонаси эса 2020 йил 1 майда техноген офат юз берган Сардоба сув омбори қурилишининг бош пудратчиси бўлган.

Очилбой Раматов номи охирги бир йилда Ўзбекистонда юз берган иккита йирик ҳалокат – Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида 6 одам ўлимига сабаб бўлган ер ўпирилиши ҳамда Сардоба тўғони ёрилиши муносабати билан тилга олинган.

Буюртмачи ким?

Расмдаги хушсурат рафиқ ҳозир “Ўзбекгидроэнерго” АК бошқаруви раиси ва сенатор Абдуғани Сангинов. Айнан у сув омбори қурилишида давлат буюртмачиси мақомида, ҳам уни қурган хусусий пудратчи сифатида қатнашган.

Тўғон қурилишида иштирок этган Ислом Абдураҳмонов давлат буюртмачиси Сангиновнинг ўғли. 

Бу ҳужжатда Сангиновнинг 26 ёшли ўғли Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмоновнинг сув омбори қурилишидаги иштироки акс этган.

Ўрнингиздан туринг, суд келмоқда

Криминал жанр қонун қоидаларига кўра, суд қора курсисида тўғонни қурган Очил Раматов ва ота-бола Сангиновлар ўтириши керак. Аммо 2020 йил 28 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида Сардоба сув омборидаги фожеа бўйича айбловга нишон бўлган 17 киши орасида Очил Раматов ҳам, Сангинов ва ўғиллари ҳам йўқ.

5 январь куни судда бу иш бўйича 17 киши устидан ёпиқ маҳкама жараёнининг навбатдаги – учинчи мажлиси бўлиб ўтди.

28 декабрь куни ўтган иккинчи мажлисда айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган ва судланувчиларга Жиноят кодексининг 6 моддаси бўйича айблов эълон қилинган эди.

Айблов хулосасида ўтган йил 1 май куни Сардоба сув омборида юз берган фожеа доирасида жами 45 миллиард сўмлик (тақрибан 4 миллион 280 минг АҚШ доллари- таҳр)зарар аниқлангани ва бунинг бир қисми ундирилгани айтилган.

Тошкентлик адвокатга кўра, 17 судланувчи орасида «Ўзбекгидроэнерго» ташкилотидан 4 киши, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖдан 3 киши ва сув омбори қурилишига алоқадор масъуллар бор.

Маҳкамада «Ўзбекгидроэнерго» ташкилотига қарашли «Тўпaланг» каналлар бошқармаси бошлиғи Бахшулло Асадов, “Ўзбекистон темир йўллари”га қарашли “Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси” бошлиғи лавозимида ишлаган М.Холматов ва яна қатор пудратчи ташкилотларда ишлаган 15 мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг қуйидаги моддалари билан айблов эълон қилинган:

209-модда (мансаб сохтакорлиги);
207-модда (мансабга совуққонлик билан қараш);
257-модда (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш);
258-модда (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш);
167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
203-модда (сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш);
205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш).

5 январь кунги маҳкамада судья мазкур жиноят иши тергови доирасида 171 киши сўроқ қилинганини айтиб ўтган ва улар орасида пудратчи Раматов ва буюртмачи Сангинов ва унинг ўғиллари йўқ.

Нега йўқ? Судланувчиларнинг яқинлари «Элтуз» билан суҳбатда пудратчи ва буюртмачи эмас, асосан, Сардоба сув омбори қурилишида қатнашган субпудратчи ширкатлар раҳбарлари ва ходимлари тергов ҳамда маҳкамага тортилганидан норозилик билдирди.

Сув омбори қурилишига масъул буюртмачи ва бош пудратчи ширкатлар раҳбарлари ҳануз дахлсиз қолаëтгани панжара ортидаги 17 айбланувчининг яқинларида савол уйғотди.

«Ўзбекгидроэнерго»нинг собиқ раҳбари Абдуғани Сангинов ва унинг пудратчи ширкатларни ёллаган ўғли Ислом Абдураҳмонов бемалол ишлаб юрибди.

Воқеага алоқадор адвокатга кўра, Сангиновларнинг мол-мулкига ҳам тегилгани йўқ.

Нега шундай? Жавоб ҳам тайëр.

Ўзбекистон Олий суди Сардоба фожеаси юзасидан «жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқлиги» боис ёпиқ ўтишини билдирган ва шу сабабдан маҳкамага оид маълумотлар қатъиян сир тутилмоқда.

НЕГА СИР ТУТИЛМОҚДА?

Жиноятларни тафтиш қиладиган изтопар Шерлок Ҳолмс назариясига кўра, жиноятчилар жиноят содир қилган жойга албатта қайтиб боришади. Бу энди назария. Тўғон ўпирилиши билан боғлиқ хабарларни қайта эслаймиз.

Сардоба сув омбори ўпирилиши билан президент Шавкат Мирзиëев воқеа жойига бу лойиҳанинг бош муаллифларидан бири бўлган Абдуғани Сангинов билан бирга борган эди.

Сардоба сув омборининг буюртмачиси ҳам Сангинов¸ қурувчиси ҳам Сангинов! Тўғон ўпирилгани ортидан президентга экскурсоводлик қилган ҳам Сангинов.

Ўзбекистон бошқарувида нормал стандартлар бўлганида¸ Сардоба сув омборидаги фалокат ортидан икки амалдор – буюртмачи Абдуғани Сангинов ва бош пудратчи Очилбой Раматов истеъфога чиқиши керак эди. Ҳеч ким истеъфога чиқмади ва мамлакат адлияси бу икки коррупция музтоғини айланиб ўтди.

Нега? Сабаби коррупция ва непотизм

«Озодлик» радиосининг ëзишича, Абдуғани Сангинов Ўзбекистоннинг жорий президенти билан талабалик пайтидан дўст бўлган. Сангиновнинг президент админстрацияси бошлиғи Зайнилобиддин Низомиддиновнинг қишлоқдоши экани ҳам унинг мавқеида акс этган.

Иқтибос

“Сангиновнинг катта ўғли божхонада. Чет элдан булар олиб келадиган техника ва бошқа импорт материалларга исталган пайт “яшил чироқ”. Оддий тадбиркор ўн кунда ҳам расмийлаштира олмайдиган юкларни булар бир соатда олиб чиқиб кетади.

Яна бир ўғли Молия вазирлигининг Ғазначилик бошқармасида ишлади¸ ҳозир Инвестиция вазирлигига ўтган. Отаси раҳбар бўлган корхонага давлат ажратадиган маблағни тезлаштиришда яхшигина роль ўйнаган¸ кейин бу маблағ оиланинг хусусий корхонасига ўтади.

Яна биттаси Бош прокуратурада бўлим бошлиғи. Бирор муаммо туғилса¸ жойида ечилади¸ рақобатчилар ўзини нима кутишини яхши билади. Энг кичкинаси эса Сангинов бизнес холдингининг қоғоздаги расмий эгасидир”.

Буларга қўшимча қилиб, оилада тўнғич фарзанд бўлган Абдуғани Сангиновнинг тўрт укаси “To‘palang HPD systems»га алоқадор ширкатлар билан ишловчи «тадбиркорлар» эканини эслатиб қўйиш жоиз.

Аслида бу иддаолар очиқ суд мажлисида ошкора муҳокама қилиниб, тарозига қўйилиши лозим эди. Аммо қўйилмади. 

Қадимий гидроқурилма бўлган сардоба ëмғир сувларининг бир ҳовузга тўпланиб, буғланиб кетмаслиги учун қуëшдан тўсадиган қадимий иншоот.

Ўзбекистондаги коррупция эса шаффоф бўлмаган жамиятда бюджет пуллари ўғирлашга мўлжалланган усти ëпиқ тизим.

Бу тизим оқибатида халқ хонавайрон бўлиб, бутун маблағ жиноий тўда ҳовузига тўпланади. Коррупция деган бу иншоот бузиб ташланмаса, бутун миллат нафақат техноген фожеа, балки ижтимоий сиëсий таназзул таҳдиди остида қолаверади.

Сардоба фожеасидан бир йил ўтди. Бир йил олдин Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган эди.

Уйлари бузилганлар орасида ҳануз бошпанасиз яшаётганлари талай ва уйсиз сардобаликлар Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қабулига еттинчи марта арз қилиб боришди, аммо бундан самара бўлмади.

Сардоба тошқинида уйлари вайрон бўлганлардан бир қисми ҳукумат ваъда қилган 40 миллион сўм ёрдам пули ва уй-жой ўзларига берилмаганидан шикоят қилиб келади.

Кўрсатув бошида қишда музлаган новдаларнинг баҳорда тирилиши ҳақида эсладим. Аммо инсон бунëд қилган тўғон оқибатларини табиат эмас, ҳукумат бартараф қилиши керак.

Айбдорлар жазоланиши ва жабрланганлар товон олиши керак. Ҳукумат бу фожеа ортида коррупция турганини очиқ тан олиши лозим.

«Коррупция — ҳокимиятнинг ватандошларни эмас, балки фақат ўзини бойитишга хизмат қилишидир. Коррупция давлат ва миллатни емирадиган занг, яъни коррозиядир.

Бугунча шу. Тафтиш китобини ëпаман. Нишонда эса бугун тахтда ва эҳтимол эртага ҳибсда бўладиган коррупционерлар.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 феврал 2017
Шу кунларда Андижон шаҳрида турли мактаб ўқитувчилари ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Йўл ёқаларида оҳак тўла челак, супурги кўтариб кўча ...
2 феврал 2019
Олдинроқ ўзбек ва тожик тилларининг конвергент ривожланиши ҳақида пост ёзгандим. Унда бу икки тил тарихан бир-бирига қандай таъсир кўрсатгани ...
29 май 2017
Андижоннинг Шаҳрихон туманида музқаймоқдан захарланган 100 кишига сальмонеллёз касаллиги ташҳиси қўйилган. Бу ҳақда Элтузга исми шарифини сир тутишни сўраган ...
10 апрел 2021
Замонавий ўзбек романчилиги ва сатира жанри асосчиси Абдулла Қодирий (Жулқунбой) 1894 йил 10 апрелда Тошкентда туғилди. «Ҳар ҳолда бемавридроқ ...
Блоглар
23 ноябр 2021
Янги миллий кутубхона қурилиши (янги миллий театр қурилиши ҳам) янги ва яп-янги Ўзбекистондаги энг кераксиз ...
21 ноябр 2021
Сиëсатчи бўлиш¸ сиëсатга кириш бугунги Ўзбекистонда бошни кундага қўйиш билан баробар. Бу ҳақда Жаҳонгирга ëзувдим ...
11 ноябр 2021
Халқаро журналист «Агнешкахон воқеаси» кўп саволларга жавобларни очиб берди. Келинглар, жонажон аккредитациядан бошлаймиз. Айнан уларни ...