ART-DURBIN
7 сентябр 2024

Рассом Туз: Бир расм тарихи

Бу мақола аслида 31 август куни, совет зулмидан азоб чеккан юртсеварларни хотирлаш куни ëйинлаши керак эди.

Лекин бошқа тарафдан миллат ойдинларини хотирлаш учун алоҳида кун зарур эмас. Ҳар куни эсласак ҳам оз.

Бу расм Совет ҳукумати ўзига душман деб билганларни сақлайдиган Шарқий Уралдаги Сосьва қамоғида чизилган.

Расмда Абдулла Қодирийнинг ўғли врач ва ëзувчи Ҳабибулло Қодирий тасвирланган. Холстга мой бўëқда чизилган расм четида «Дорогому земляку Хабибу. От И. Амиян 51» деб қизил рангда ëзилган.

Хозир Қодирий авлодлари қўлида сақланаëтган бу асар 1951 йили қамоқда сиëсий айблов билан жазо ўтаëтган тошкентлик арман рассом И. Амиян тарафидан айни лагерда СССР душмани дея жазо ўтаëтган Ҳабибулло Қоддирийнинг ўзига қараб чизилган.

Бу икки махбус ўртасида дўстлик борлиги ëзувдан кўриниб турибди. Балки қамоқда врач бўлиб ишлаган Ҳабибулло Қодирий бу бечора рассомни даволагандир. Буни билмаймиз.

Қизиғи шундаки Ҳабибулло Қодирийнинг расмий биографиясида унинг сиëсий айб билан қамалгани ҳақида билги йўқ.

Умуман қамоқда жазо ўтаганларда у кунларни «эсламаслик» урф бўлган.

Тоғам, шоир Эгам Раҳим ҳам 12 ëшида сиëсий айб билан Магаданда сургунда бўлган. Аммо бу холат Эгам Раҳимнинг расмий биографиясида акс этмаган.

Совет даврида сенга ола қармасликлари учун ҳам буни бекитиб юришда фойда бўлган.

Раҳматли бувим тоғамни ҳали тергов пайтида Урганч қамоғида бориб кўрганини гапира бошласа тоғам, холам ва унинг ўғиллари бармоғини лабуига босиб «тсс» бу харбий сир дейишарди.

Бир параноик қўрқув бор эди уларда. Бувим тоғамни кўришга борганда бир рўмолга нон ва ўрик солиб борган. Конвой рўмолни бўшатиб бувимга қайтарганда рўмол хошиясида ғазал ëзилган.

Бувим укаси ëзган бу ғазални ëд олган эди.

«Қачон озод бўлоримни билмам дўстлар» деган ғазал эди.

Мавзуга қайтсам. Аслида эслаганим бу воқеа Ҳабибулло Қодирийга ҳам тегишли. Униинг неваралари назарида «қора кунларини» яқинлари бекитган.

Абдулла Қодирий 1937 йил отиб ташланади. Унинг фарзандлари эса «халқ душмани» оиласи деган тамға остида камситилиб яшайди. Қодирийнинг ўғли Ҳабибулло Тошкент тиббиëт институтининг иккинчи курсида ўқиб юрган эди. 1945 йилнинг 20 январида Ҳабибулло Қодирийни қамоққа олишади.

Унга уч айб қўйилади.

1. Қодирий асарларини советларга топширмай сандиққа солиб кўмиб сақлаш. (Ростдан ҳам Қодирий ўз отасининг қўлëзмаларини сандиққа солиб холвлига кўмиб қўйган)

2. Совет ҳукуматига қарши пропаганда юритиш

3. Ўзбекстон мустақиллигини кўзлаган миллатчи ташкилот аъзоси бўлиш.

Ҳабибулло Қодирий Тошкентда суд қилиниб Шарқий Урал лагерларига этап қилинади.

Иловадаги расм ўша лагерда чизилган.

1953 йили Совет жаллоди Сталин ўз қусиғига буланиб Москвадаги Кунцова дачасида ўлади.

Иқтидорга келган Никита Хрушчев бу жаллод яратган тизимни демонтаж қилишга киришади. Агар Хрушчев бўлмаганида Ҳабибулло Қодирий ўша лагерда ўлиб кетарди.

Сал олдин Усмон Носир ëки киночи Худойберган Девонов ўлгани каби.

Хрушчев оттепели ортидан Ҳабибулло Қодирий делоси кўриб чиқилади.

Аммо негадир терговчилари уни дархол озод қилиб Тошкентга қайтишини пайсалга солишади. Суд қарори билан Қодирийнинг Уралдаги қамоқ жазоси Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги эркин поселенияда сургунда яшаш билан алмаштирилади. Сургунда Ҳабибулло Қоддирий врач бўлиб ишлайди. Шундан кейин Ҳабибулло Қодирий Тошкентга қайтади.

Ўқишини тиклаб давом эттиради. 1962 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлайди.

Ҳабибулло Қодирий жазо ўтаган Сосьва лагери 1938 йили ташкил қилинган.

1938 йили Сосьвада Шимолий Урал лагерлар бошқармаси бўлими тузилган. Аристонлар ўрмонда дарахт кесиб вагонга юклашган.

Ҳабибулло Қодирий (Ҳабибулло Абдуллаевич Қодирий) 1919 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1 Адабий фаолиятини 1958 йилдан бошлаган. «Нилуфар» ҳикоялар тўплами (1964), «Африкага саёҳат» (1966), «Яман-Миср таассуротлари» (1967) сафар очерклари, «Отам ҳақида» хотира китоби (1974), «Қора араб» ҳикоялар тўплами (1978) чоп этилган. Ҳабибулло Қодирий 1987 йили оламдан ўтган.

Тарих улуғ мураббий аждодлар ëди муқаддас.

Совет ҳукумати ва унинг қизил армиясида болта тутган жаллодлари миллат ойдинларини қирди ва қамоқларда азоблади.

Бугун СССРга тил теккизманг¸ ўша даврда гугурт бир тийин эди деб айтадиган аммо ўзи мустақиллик даврида туғилган манқуртлар бит бурга каби урчиган.

Уларга айтадиган гапим шу. СССР ëвузлик империяси эди. Минглаб ойдинларни ўлдирган улкан қамоқ эди. Қайтиб келмасин бошқа.

Тағин ўқинг
9 январ 2024
Жорий йилнинг 4 январ куни Нукус шаҳар хўжалик суди “Олтин Тола Бўстон” пахтачилик кооператив фермерларнинг аппеляция шикоятини кўриб чиқиб, ...
3 декабр 2018
Ўзбекистонда интернет тезлиги 1 декабрдан бошлаб ўн баробар ошилиши ҳақида ваъда берилган эди. 30 ноябрь куни «Ўзбектелеком» АК халқаро ...
19 июл 2024
РТ: Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман.  МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ...
18 апрел 2024
Стокгольм шаҳрида Швециянинг “Solidariska byggare” (Қурувчилар бирдамлиги) касаба уюшмаси ўзбек меҳнат муҳожирлари учун доимий учрашувлар ташкил қилмоқда. Бу учрашувлардан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...