Элак
15 сентябр 2016

Шавкат Мирзиёев – мушт ва зўрлик билан оқсаройга йўл

8 сентябр куни Ўзбекистон сенаторлари бир овоздан қабул қилган қарор, одамларнинг гапида жон борлигини кўрсатди.

Асосий қонун, Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасида, “президент ўз вазифаларини бажара олмай қолган вазиятда, унинг мажбуриятлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раиси зиммасига юклатилади ва уч ой ичида «Ўзбекистон Республикаси президентини сайлаш» тўғрисидаги қонунга тўлиқ мувофиқ равишда президент сайлови ўтказилади», деб аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилганига қарамасдан, Вақтинчалик президентлик ваколати Бош вазир Шавкат Мирзияевга олиб берилди.

Ижтимоий тармоқдаги шу муносабат билан авж олган тортишувларда, “Ватан бизники! Сенаторларимиз бизнинг вакилларимиз! Улар шуни исташибдими, демак тўғри қилишибди!” дейишаётган кимсалар учун, Шавкат Мирзияев хақида билганларимни ёзгим келди.

Шавкат Мирзияев 1996 йилда Жиззах вилояти хокими бўлиб тайинланганида, мен Жиззах шахар телевидениясида ишлардим. Янги хокимнинг оғзи шалоқлиги ва қўл остидагиларни дўппослаб туриши тез кунда бутун ахли вилоятга маълум бўлди.

“Турмада чиришни истамасанг – даромадни биз билан бахам кўр!”

Шавкат Мирзияев 2001 йилгача Жиззах вилоят ҳокими бўлиб ишлаган бўлса, шу давр ичида вилоятдаги ишлаб турган катта корхоналар вайрон бўлди. Бир суткада 15 минг одам ишлайдиган Жиззах темир бетон корхонаси, Жиззах ип йигирув корхонаси вайронага айланди, у ердаги қиммат дастгоҳлар ва бошқа ашъёлар қаёққадир ташиб кетилди. Айниқса, вилоятдаги каттаю кичик тадбиркорларга қийин бўлди. Шавкат Мирзияев уларнинг бизнесларига аралашди: даромадли сохаларни ўз яқинларига олиб берди, уларга тегишли пулларни Вилоятда қурилаётган турли социал объектларга ишлатиб юборди. Бу ишларнинг ноқонуний эканини овоз чиқариб айтганлар, устидан жиноий иш очилиб, қамоққа ташланди.

Жиззах шаҳрида, Муҳаббат исмли кўзга кўринган миллионер аёл бўларди. Дори дармон олди соттиси билан бойлик тўплаган бу опа унча мунча одамни одам санамасди. Набираларини Бешик тўйларига ҳам элга танилган санъаткорларни келтирарди. Ўғлини уйлаганида, Фарруҳ Зокиров бошчилигидаги “Ялла” гуруҳи навбатчи санъаткор бўлганди.

Бир вақт келиб мана шу аёлнинг олдига ҳам вилоят ҳокимлигидан чопар келади ва уни хоким йўқлаётганини айтади. “Бой хотин” ҳузурига келгач, Шавкат Мирзияев гапни чўзиб ўтирмасдан, опанинг бизнесига доир бир дунё ноқонуний ҳаракатлари қайд этилган “Папка”ни кўрсатиб, “Хўш, қамалиб кетаверамизми энди ёки, келишиб ишлаймизми?” дейди.

Ўша пайтда вилоят Машина Трактор паркида ишлайдиган бир мулозимнинг айтишича, “бизнесвумен” Муҳаббат опа шу паркка бир ҳафта ичида 1 дона “Кейс” ва яна бир дона “Магнум” тракторларини келтириб берган экан.

Америкада ишлаб чиқарилган бу тракторлар учун салкам 100 минг доллар ҳаражат қилган Мухаббат опани, Мирзияев Самарқандга ҳоким бўлиб кетгунига қадар ҳеч қайси текширувчи ташкилот безовта қилмади.

Яна бир хонавайрон бўлган тадбиркор

Ўша пайтда Жиззахда С. исмли бир номдор тадбиркор бўларди. Унинг хусусий фирмаси Россия билан ишларди. Унча мунча одам билан гаплашмас, жуда ҳам бой эди. Мирзиёев Жиззахга ҳоким бўлгач, ана шу тадбиркор «синди».

Бир куни ўша тадбиркор мени йўқлаб қолди. Гаплашдик.

«Подвалда эдим, кеча чиқдим» деди у ва тафсилотларини айтиб берди.

Уни Мирзиёев хузурига чақирган ва ултиматив тарзда, шахсий маблағлари ҳисобидан, шаҳарнинг «Ц 2» худудида «Гўзаллик ва саломатлик маркази» биносини қуришни буюрган.

«Икки қаватли бино лойиҳасини кўрсатди. Мен кўнмадим, Тошкентдаги окахонларимни пеш қилдим ва чиқиб кетдим» деди у.

Орадан бир кун ўтиб, уни вилоят прокурори (адашмасам, ўша пайтда Муҳиддинов эди) чақиртиради. Прокурор гапни айлантириб ўтирмайди ва уни валюта маблағларини ноқонуний сақлашда ҳамда солиқ тўловларини сохталаштиришда айблайди. Ўша ерда тадбиркор прокурор билан айтишиб қолади ва прокурор наряд чақириб, уни қамаб қўяди.

Тадбиркор қамоқда икки ҳафта ўтиради. Уни ҳар куни ниқоб кийган одамлар қийнашади. Ўлар холатга етганидан сўнг, у прокурор билан учраштиришларини сўраб ёлборади. Ўша куниёқ уни прокурор ҳузурига олиб киришади.

«Хўш, энангни кўрдингми? Розимисан?» дейди унга прокурор.

Қисқаси, бир иморатни қуриб беришдан бош тортган тадбиркор, прокурор хузуридан 800 минг доллар (ўша пайтда!!!) пулни бериш ваъдаси билан чиқиб кетади.

«Ҳамма пулларимни олишди. Хозир ҳеч нарсам қолмади, на фирмам ва на пулим. Ҳаммасини талон тарож қилишди. Мана шу менинг воқеамни мақола қилиб, интернетда тарқата оласизми?» деди у.

Мен албатта рози бўлдим ва 2 кун ичида у айтиб берган воқеани бир мақола тарзига келтирдим ва «Тадбиркорнинг терисини ким шилди?» деб номлаб, эртага тарқатаман деб турган жойимда, ўша тадбиркор олдимга келди ва мақолани ҳеч қаерга тарқатмаслигимни катъий талаб қилди.

Кейин эшитишимча, ўша кунлари у йўқотган пулларининг аламидан, пойтахтдаги нуфузли идора мутасаддиларига Мирзиёев устидан шикоят қилгач, балоғат ёшига етмаган ёлғиз қизи йўқолиб қолган экан. «Ҳамма нарсани унутсанг, қизингни қайтиб оласан» деган мазмунда хат олган тадбиркор, бола ўғриларининг талабларига кўниб, қизини эсон омон қайтариб олган…

Сиёсат ва шантажни чатиштирган Мирзиёев

Каримов президентлиги даврида ҳеч кимни публично, яъни кўпчилик кўз ўнгида, катта йиғинларда «Ҳе, онангни……» деб хақоратламади, дўппосламади. Ҳарқалай, мен, «Президент катта йиғинда битасини кетига тепди» дейишганини эшитмадим. Мирзиёев Жиззахда ўтказган йиғинларда бемалол хоҳлаган одамни урарди, хақорат қиларди.

Бир куни шаҳар ҳокими Сарвар Худоёровни (рахматлик) ҳамманинг кўзи ўнгида ўрнидан турғазиб қўйиб. «Сен п….з, г….н, Онейни ………сани, қачонгача маҳаллаларинг пахта чопиғидан қочиб юради? Сука, биласанми, пахта кечикса ман сани нима қилишимни? Мен сени қамоқда чиритмайман. Сени Кўк бозор олдидаги майдонга опчиқиб, ҳаммани олдида йигитларга айтиб ………… қилдираман!» деганди.

Шунча гапни терлаб пишиб ерга қараб эшитган Сарвар Худоёров, «Шавкат ака, мен бугун аризамни ёзаман, мени бўшатинг» деганди йиғлагудек бўлиб.

Сарвар Худоёров, охир оқибат Шавкат Мирзиёевдан ўлиб қутилди. Ўзи Самарқандда ҳоким бўлсада, Жиззахдаги ҳоким ва тадбиркорларни тергаб турадиган Мирзиёев бир куни Сарвар Худоёровни хузурига – Самарқандга чақиради. Шоша пиша йўлга чиққан Жиззах шаҳар ҳокими,Самарқандга етмасидан, Булунғур тумани ҳудудида юз берган ғалати авто ҳалокат натижасида вафот этади.

Кейинчалик, бу ўлим тафсилотлари ҳақида гап сўзлар урчиди. «Шавкат ўлдириб юборди Сарварни» дейишди одамлар. Янаям, Оллоҳ билади.

Шакат Мирзиёев рахбарлиги даврида Жиззахнинг барча тадбиркорлари зарар кўришди. Ўша пайтда Жиззахда нима қурилса ёки ҳориждан келтирилса, ҳаммаси тадбиркор ва фермерлар пулига келтирилди. Ҳужжатларга эса, давлат бюджетидан, Капитал қурилишлар учун ажратилган маблағлар ҳисобига, дея ёзилди. Мирзиёев буни яширмасди ва йиғилишларда «Тошкентдан ажратилган маблағларни тежаб қолаётгани» ҳақида мақтанарди. У ўзининг йиғилишларини ҳар доим ўша пайтдаги Жиззах ИИБ бошлиғи Муллажонов ва вилоят прокурори, ҳамда ўша пайтдаги вилоят МХХ бошлиғи Абдуллаев билан биргаликда ўтказарди.

“Эй, телевидения, камераларни йўқот бу ердан!”

Шавкат Мирзиёев ҳокимлиги пайтида, тан олиш керак, Жиззах шаҳрининг қиёфаси яхши томонга ўзгарди. “Дом”лар атрофига қуриб олинган турли уйчалар, майда чуйда дўкончалар, ошхонаю, товуқхоналар ҳаммаси ўта қаттиқўллик билан бузиб ташланди. Бюджет ташкилотлари ишчилари ва талабалар ҳаммаси ёппасига шаҳарни тозалашга жалб этилди. Прокуратура ва милиция вакиллари куну тун бу тозалаш тадбири устида туришди. Шавкатнинг ўзи қилинган ишларни шахсан ўзи бирма бир текшириб, кўчаларни масъул вакиллардан қабул қилиб оларди.

Бундай тадбирларни ёритишга биз, ТВ ходимларини ҳам чақиришарди. Агар квартал яхши тозаланиб, “дом”лар олди очилиб, у ерга гуллар экилган бўлса, Шавкат Мирзиёев вакилларини мақтаб, ўша квартал аҳолиси билан бир икки оғиз гаплашарди ва бошқа жойга кетарди. Агар бунинг акси бўлса, яъни, у ерда қилинган иш ўлда жўлда бўлса, вакилнинг холига вой эди.

Шавкат Мирзиёев ўша жойда турган журналистларга қараб, “Эй, телевидения, камераларни йўқот бу ердан! Вакил, …….мать! Иди сюда!” деб буйруқ берарди ва масъул вакилни ҳамманинг олдида тепкилаб, дўппосларди. Ҳеч ким аралаша олмасди. Бироздан сўнг усти боши чангга буланган, ўзи бир аҳволдаги масъул вакил, қўлига супурги олиб уй олди йўлкалари ёки тратуарларни тозалаётганини кўрардик.

“Шаҳарни бўянг!” операцияси

1998 йилнинг бахорида, Шавкат Мирзиёев ўзининг янги тадбирини эълон қилди. Унга кўра, Жиззах шаҳри ва барча туман марказларидаги уйларнинг томлари ҳамда деворлари зангори рангга бўялиши керак эди.

Бу ҳақда ҳокимликдаги йиғилишда гапирган Мирзиёев, барча ташкилотлар олдига масалани кўлдаланг қўйди: “1 июнга қадар ҳамма уйларнинг томлари ва катта трассалар ёқасидаги уйларнинг деворлари зангори рангга бўялиши керак! Хамма ташкилотлар бу ишга жалб қилинади!”

Ўша куниёқ ҳамма ташкилотларга ҳудудлар бўлиб берилди, масъуллар тайинланди.

Эртасигаёқ, Тошкент вилоятидаги бир хусусий корхонада ишлаб чиқарилган бўёқ Жиззахга тўхтовсиз ташиб келтирила бошланди. Барча тадбиркорларга, бюджет ташкилотларига бу бўёқлар мажбуран сотилди. Вилоят хамда туман марказидаги уйларнинг томлари ва деворлари қисқа муддатда зангори тус олди.

Нима учун фақат битта корхонада ишлаб чиқарилган зангори рангли буёқ ишлатилаётгани билан қизиқиб кўрганимизда ғалати бир фактга дуч келдик.

Бўёқ ишлаб чиқараётган хусусий корхона, вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёевнинг яқин қариндошларидан бирига қарашли бўлиб чиқди. Ўша корхонанинг сифатсиз зангори бўёқлари сотилмасдан қолиб, омборлар тўлиб тошиб кетган экан.

Жиззахни бутунлай зангори ранга бўяш “операцияси”, нуфузли қариндош ёрдамида, омборларда йиғилиб қолган махсулотни халққа мажбуран “едириш” ўйини эканлигини вилоятда камдан кам одам билди холос.

“Правда Востока” газетасининг Жиззахдаги ўз мухбири Николай Барашкин ҳам айнан шу фактлар асосида “Город в краске” деган танқидий мақолани ўз газетасида эълон қилганди. Мақола газетада чиққач, Шавкат Мирзиёев “Правда Востока” мухбирини зудлик билан хизмат хонасига чақиртиради.

Ўша куни ҳоким ва мухбир икки соат давомида нималар ҳақида гаплашиб олишгани ва нималарга келишиб олишганини ҳеч ким билмайди. Маълум бўлган ҳақиқат шуки, Николай Барашкиннинг Жиззахдаги каръераси ниҳоясига қадар “Правда Востока” газетаси Жиззах ва унинг рахбари ҳақида биронта жиддий ва танқидий мақола чоп қилмади.

Шавкат Мирзиёев одам ўлдирганми?

Шавкат Мирзиёев Жиззахда ҳоким экан, ундан жабр тортганлар кўп бўлди. Бу одам қонунларини бир чақага олмас, унинг бундай харакатларига қарши турганлар ё қамалиб кетарди ё қаёққадир ғойиб бўларди.

У ўтказган йиғилишлардан баъзилар қўлида кишан билан кетар, баъзиларини эса врачлар носилкасида олиб кетишарди.

1999 йилнинг кузи серёғин келди. Терим суръати паст, теримга чиққан ўқувчилар лой ва сув ичида кўп пахта тера олишмасди. Бир куни Фориш туманидаги мактабларнинг ўқувчилари ёмғир туфайли далага чиқа олишмайди. Ўша куни Шавкат Мирзиёев пахта терими боришига бағишланган йиғилишни ўзининг «стилида» олиб бораётиб, «Нега Фориш мактаблари бугун пахта топширмаган?» дейди ва форишлик бир мактаб директори ўрнидан туриб, «Шавкат ака, ёмғир кўп ёғди. Болалар касал бўлиб қолмасин дедик, чиқармадик далага» дейди.

Ўша залда бўлган бир фермер гапириб берганди менга, кейин нима бўлганини.

Мактаб директорининг гапи Шавкат Мирзияевга ёқмайди. У директорга қараб «Ҳе сани онайни палон қилай!» дейди.

Форишликлар бошқача халқ. Жангари, самимий, мард ва ростгўй. Ҳокимнинг ана шу биргина ҳақорати, форишлик йигитни оёққа қалқитади ва у ҳокимга тик қараб «Ўзингни онангни палон қил аввал!» дейди баланд овозда.

Буни кутмаган Шавкат Мирзиёев, шаҳд билан саҳнадан тушиб келади ва директорнинг ёнига келасолиб, унинг жағига мушт тушуради. Туйқусдан тушган зарбадан жойига қайтиб ўтириб қолган директор, сакраб туради ва Шавкат Мирзияевнинг тумшуғига мушт тушириб қолади.

Зал тўс тўполон бўлиб кетади. Мирзиёев дарҳол вилоят ИИБ бошлиғи Муллажоновга қарата, «Дарҳол қамоққа ол буни!» дейди ва директорни қўлларини қайириб олиб чиқиб кетишади.

Орадан икки кун ўтгач, вилоят ҳокимининг ҳақоратига гап қайтарган форишлик мактаб директорининг жонсиз жасади яқинларига олиб бориб берилади.

Ана шу икки кун ичида вилоят ички ишлар бошқармасининг ертўласида, ўз шаънини химоя қилган йигитни ҳайвоний қийноқларга солишади. Қийноқларда Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи иштирок этганини кўрганлар бугун вилоят ва республика ички ишлари идораларида давру даврон суришяпти.

Воқеа вилоятда дув дув гап бўлди. Хамма «Шавкат энди тамом, қамалиб кетади» деди. Форишликлар оёққа қалқди. Ўлган йигитнинг яқинлари ва хамқишлоқлари учта автобусда адолат қидириб Тошкентга – президент Ислом каримов ҳузурига йўлга чиқишади. Бироқ, Шавкат Форишдан чиқадиган ҳамма йўлларни милиция ходимлари ёрдамида ёпади ва ўзи бир гуруҳ мулозимлари билан Форишга етиб боради.

Форишлик бир ҳамкасбимиз ўшанда «Ҳоким ўлган йигитнинг хонадонида эрталабдан то кун ботгунгача ўтирди, хонадонни хамма муаммоларини ҳал қилиб берди. Марҳумнинг болалари ўз қарамоғида бўлишини айтиб, хонадонни кўнглини олди» деганди.

Бу гапларда қанчалик жон бор, билмайман. Лекин, ана шундан сўнг бу ғавғо тинчиди. Марҳумнинг қариндошлари қайсидир хориж радиосига «Боламиз юрак ҳуружидан ўлди» деб интервью беришди.

Орадан икки йил ўтгач, Шавкат Мирзиёев яна бир одамни уриб ўлдириб қўйгани ҳақида хабар тарқади. Дўстлик тумани пахта даласида вафот этган киши Жиззах Давлат педагогика институти ўқитувчиси Хамзаев эди (исмини унутдим). Пахта далаларини оралаб юрган Шавкат Мирзиёев талабалар кўз ўнгида Хамзаев домла билан қаттиқ «сен мен»га бориб қолади ва қулочкашлаб домланинг юзига мушт тушуради.

Домла ерга юзтубан бўлиб йиқилади ва қайтиб ўрнидан турмайди. Зудлик билан вилоят марказий шифохонасига олиб келинган домла Хамзаев тунда жон беради.

Ўша пайтда таниш шифокорлардан сўраб билганимиз шу бўлдики: домла Хамзаев қон босими хасталигидан азият чекиб юрар, вилоят хокимининг биргина мушти мия қон томирларининг ёрилиб кетишига сабаб бўлган экан.

Воқеадан сўнг Шавкат Мирзиёев зудлик билан Тошкентга чақирилади. Ва шу кетганича икки хафтагача йўқ бўлиб кетади. Вилоятда, Шавкатни президентнинг шахсан ўзи қабул қилгани ва кабинетида яхшигина калтаклагани, бунинг оқибатида ҳоким ҳукумат хастахонасида даволаниб чиққани ҳақида шов шувлар болалаб кетди.

Орадан қисқа муддат ўтгач бу воқеа ҳам унутилди. Шавкат Мирзёев жойида қолди. Қолдигина эмас, аввалгидан ҳам қаттиққўллик ва зўравонлик билан вилоятни бошқаришда давом этди.

Шавкат Мирзиёев хақида гап кетганида уни ҳамма «хозяйственник», яъни хўжалик юритувчи дейди. Аслида, Мирзиёевда бу сифатнинг ўзи йўқ.

У Жиззах қишлоқ хўжалигини ботқоққа тиқди. Нима иш қилса зўравонлик билан қилди.

Вилоят фермерларининг ҳисоб рақамларидаги пулларни истаган бошқа сохаларга ишлатди, вилоятдаги барча сохаларда қўшиб ёзиш ва кўзбўямачиликни рағбатлантирди.

Пахта тозалаш заводларидаги тайёр махсулот – пахта толасини тонналаб қўшни давлатлар Қозоғистон ва Туркманистонга сотди.

Пахта заводининг директорлари қамалиб кетаверди, бир амнистияда озодликка чиқиб, яна ўз лавозимига қайтарилаверди.

Дарвоқе, бир вақтлар республикадаги энг йирик Жиззах Машина трактор паркининг (МТП) барча техникаси Мирзиёев ва унинг гуруҳи томонидан таг туги билан Қозоғистонга ва Тожикистонга сотиб юборилган. Буни бугун ҳар бир Жиззахлик билади.

Шавкат Мирзиёев 10 йил давомида Жиззах ва Самарқандда олиб борган зарарли сиёсатини, Бош вазир лавозимига келгач республика миқёсида олиб бора бошлади.

Биттагина мисол: Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлмасидан илгари вилоятлардаги амалдорларнинг зўравонлиги ва муштумзўрлигининг миқёси бу қадар катта эмас эди.

Бугун эса ҳамма ҳокимларнинг ўз қўл остидагиларни калтаклаши – модага айланган.

Шавкат Мирзиёев президентлиги Ўзбекистонга нима беради?

Шавкат Мирзиёев рахбар бўлган вилоятда яшаган ва ишлаган бир инсон сифатида шуни дадил айтаманки, агар у сайловларда президентлик лавозимини қўлга киритса (бу эса аниқ), Ўзбекистонни қўрқинчли кунлар кутаяпти.

Аввалига икки йирик вилоятни, кейинчалик эса бутун республиканинг қишлоқ хўжалигини инқирозга олиб келган, сохадаги қўшиб ёзишларни қонунийлаштирган рахбардан яна нима кутиш мумкин?

Асосий қонун – Конституцияни менсимасдан, уни оёғи остига тўшаб, бир гала амалдорларни шантаж қилиш оқибатида Президентлик лавомига ўтириб олган одамдан нима кутамиз?
Сиёсий билимини қўйиб турайлик, ўзбек тилида яхши гапира олмаган, “ўгит” сўзини “ўғит” сўзидан фарқлай олмаган “президент” халққа нима беради?

Энг ёмони, криминал структураларга яқин бўлган шахсларга мансаб бериш ва уларни керак бўлган тақдирда ўз фойдасига ишлатиш тажрибасини ўз каръераси давомида қўллаб келган одамга президентлик лавозимини ишониш мумкинми?

Албатта, Шавкат Мирзиёев ўз ўзидан бугунги поғонагача етиб келгани йўқ. Унинг ортида шу кунгача марҳум Ислом Каримов турди. Шавкат Мирзиёевни Ислом Каримов дунёга келтирган. Ўзи яратган кадрнинг вилоятларда хокимлик давридаги барча ишларини у кўриб билиб турган. Бироқ, ўз вақтида уни танобини тортмади, аксинча, муштумзўр “хозяйственник”ни Бош вазир лавозимига келтирди. Агар, Ислом Каримов, Шавкат Мирзиёевни Жиззахдаги хокимлик даврида қайириб ола билганида эди, Ўзбекистондаги ижтимоий ва сиёсий ландшафт бугун умуман бошқача кўринишда бўларди…

Мақолани тугатар эканман, Озодлик радиоси хабар тақатди. “Г. Каримованинг пора жанжали ортидан ишдан олинган А. Арипов лавозимига қайта тикланди”

Менимча бу хали хаммаси эмас. Шавкат Мирзиёевга ўта содиқ бўлган, у Самарқандга кетгач, Жиззах хокими бўлган ва муштумзўрлиги оқибатида “Қутурган хоким” лақабини олган Убайдулла Ямонқулов деган амалдор бўларди. Агар эртага “Шавкат Мирзиёев, Жиззах вилоятининг собиқ хокими Убайдулла Яхшибаевич Ямонқуловни Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлади” деган хабар чиқса, мен ҳайрон қолмайман.

Жиззахлик бир фермерни ўзига қабр кавлатиб, домлага жаноза ўқитиб, тириклай кўмдирмоқчи бўлган, Шавкат Мирзиёевнинг эркатойи хисобланган Ўктам Мингбоевич Турсинов (шоир Абдулла Ориповни жияни) Жиззах вилоятининг ҳокими бўлибди деган хабар ҳам мени шокка туширмайди. Нега?

Чунки, Ўзбекистонда бундан буён Шавкат Мирзиёевнинг даври бошланди.

Улуғбек Ашур,
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 ноябр 2023
Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси фаоли, жамоат арбоби ва парламент депутати, дунёда тинч сиёсий фаолияти учун энг кўп қамоқда ўтирган ...
2 март 2021
“Қизларим қаердалигини билмайман. Хотиним эса кечалари билан ухлай олмайди. Мен ғамга ботдим”. Ўн минглаб одам қатори Хитойнинг “қайта тарбиялаш ...
28 январ 2024
Миллий Гвардиячининг наркотик савдоси билан шуғулланишини тасаввур қила оласизми? Ўзбекистонда бўлиши мумкин, дейишингиз мумкин. Лекин, бангивор моддалар тужжори ёки ...
15 апрел 2020
Жорий йилнинг апрели бошидан Тошкент кўчаларида БТРларда юриб, карантин боис карнайлар орқали аҳолини уйда қолишга даъват этиш бошланди. Бироқ ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...