Асосий мавзулар
3 июл 2018

Гулноранинг пуллари тақдири: ҳали якуний қарор йўқ

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага тегишли бўлган, айни пайтда Швейцарияда музлатилган пулларни мамлакатга қайтариш борасида музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади.

Маҳаллий ОАВнинг Бош прокуратурага асосланиб хабар беришича, бу масала якуний ечимини топиши биланоқ тегишли расмий баёнот берилади.

Бундан аввалроқ Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган қарийб 800 миллион доллар пулини Ўзбекистонга қайтариш масаласи деярли ҳал бўлгани маълум қилинганди.

Бош прокуратура 2017 йил 28 июлда тарқатган расмий хабарда айтилишича, 2015 йилда Тошкент суди биринчи президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнорани солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, талон-тарож қилиш, таъмагарлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топган ҳамда беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Унга нисбатан фирибгарлик, божхона қонунчилигини бузиш, жиноий йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштириш каби айбловлар илгари сурилганди.

Тергов версиясига кўра, Г.Каримова ҳамтовоқлари ёрдамида 12 та давлат ҳудудида 1,3 миллиард АҚШ доллари, 27,1 миллион фунт стерлинг ва 18,5 миллион франк қийматидаги активларни қонунийлаштирган. Бу сумманинг 777,8 миллион доллари Швейцария ҳудудида сақланган.

Мана шундай хабарлар фонида Лондонда яшаётган ўзбекистонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов Гулноранинг пулларини қайтариш масаласидаги маълумотлар нотўғри талқин қилинаётганидан ёзғирди.

Унинг ёзишича, Швейцария федерал ҳукумати бу маблағни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида фақат дастлабки (!) қарорга келган, холос.

“Бу қарор нотўғри талқин қилинмоқда. У расмий Тошкент хоҳлаётгандек Ўзбекистонга ҳеч қандай шартларсиз пулларни қайтариб беришни англатмайди… Ҳали олдинда пулларни Ўзбекистонга қандай шартлар билан қайтариш юзасидан музокаралар турибди”, дея билдирмоқда тадқиқотчи.

А.Илҳомовнинг таъкидлашича, ҳозир икки давлат прокуратуралари ўртасида Гулнора Каримова ишини тергов қилиш бўйича музокаралар бормоқда. Аммо Ўзбекистон бу борада тегишлича кўмак бермаяпти.

“Чунки ошкора суд тергови давомида кўп миллионли коррупцион схемаларда Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори мартабали шахсларнинг исми юзага қалқиб чиқишидан қўрқаётган бўлишлари мумкин”, дея тахмин қилади тадқиқотчи.

Би-Би-Си радиоси ҳам Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримовага оид жиноят иши бўйича тергов ҳали давом этаётганини билдиргани тўғрисида хабар тарқатди.

Демак, Алишер Илҳомовнинг фикрларида жон бор ва сўнгги маълумотлар Гулнора Каримованинг Швейцариядаги пуллари Ўзбекистонга сўзсиз қайтарилиши масаласида ҳали музокаралар давом этишидан дарак бермоқда.

Бундан аввалроқ хорижда яшаётган ўзбекистонлик бир қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари, жумладан, Ўзбекистон-Германия форуми вакиллари Гулноранинг Швейцария банкларида музлатилган маблағларининг расмий Тошкентга қайтарилмаслигини талаб қилиб чиққан эди.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда баъзи ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётган бўлса-да, ҳали ҳукумат коррупцияга қарши қатъий курашаётгани йўқ. Шу боис, ўзбек халқининг коррупцион йўллар билан талон-тарож қилинган бойлиги яна қайтиб коррупционерларнинг ўзларига қайтарилиши эҳтимоли юқори.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 сентябр 2020
Ўзбекистон, Сирдарё вилояти. Баъзи тўғонлар минг йиллаб хизмат қилади. Аммо Сардоба қурилганидан сўнг атиги уч йил ўтиб, 1 май ...
26 феврал 2023
Ўзбекистонлик таниқли шоир Ошиқ Эркин – Эркин Мадраҳимов 86 ёшида оламдан ўтди. Шоирнинг жаноза маросими  25 феврал куни Урганчда бўлди.  ...
13 феврал 2018
Ўзбекистонда оғир касаллар учун ишлатиладиган оғриқни қолдирувчи наркотик ва психотроп дорилар етишмаяпти. Мамлакат дорихоналарига наркотик дориларнинг кам миқдорда етказиб ...
3 феврал 2022
Швециядан қочқинлик мақомини олган ўзбек фаоли Муҳиддин Қурбонов 2 февраль куни  саратон касаллигидан вафот этди. Бу ҳақда Элтузга хабар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...