Асосий мавзулар
23 апрел 2019

Ўзбек пахтаси бойкотини бекор қилишга ҳали эрта

Сўнгги вақтларда бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, мамлакатнинг АҚШ ва Бельгиядаги элчилари тимсолидаги Ўзбекистон ҳукумати ўзбек пахтаси ва пахта саноатига нисбатан халқаро бойкотни бекор қилишга астойдил уриняпти. Қандай бойкот ҳақида сўз бормоқда?

Маълумки, Ўзбекистонда давлат томонидан қувватланадиган болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатини тугатишга оид халқаро кампания 2005 йилда бошланган эди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, ижтимоий инвесторлар ва касаба уюшмалари бу амалиётда ХХI асрда ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган қуллик тизимини кўрди.

2010 йилда ўзбекистонлик тахминан 100 нафар фаолдан иборат гуруҳ бу пахта қуллиги бартараф этилмагунча ўзбек пахтасини бойкот қилиш бўйича компания ва мамлакатларга чақириқ билан чиқиб, мурожаат эълон қилди.

Бу вақтга келиб «Пахта кампанияси» номини олган халқаро коалиция мазкур чақириқни қўллаб-қувватлади ҳамда Ўзбекистон ҳукуматини муаммони тан олиш ва унинг ечимини топишга мажбурлаш йўли сифатида ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишга жаҳондаги компанияларни кўндириш ҳаракатларини бошлаб юборди. 2018 йилга келиб 200 дан ортиқ компания ва ритейлер ўзбек пахтасини ва ундан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олмаслик мажбуриятини имзолади. Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ҳукумати бу бойкотдан кўп ҳам ташвишга тушмади, чунки ўзбек пахта толасининг сезиларли қисми Осиёга, биринчи навбатда, Бангладешга, шунингдек, Хитойга сотиларди. Бу давлатлар компаниялари эса бойкотга чақириқларни шунчаки эътиборсиз қолдирди.

«Пахта кампанияси» ташаббусидан ташқари АҚШ ҳукумати ҳам ўзбек пахтасини ўзининг болалар меҳнати ва катталарнинг мажбурий меҳнатига оид иккита «қора» рўйхатига тиркади. Гарчи бу рўйхатлар компаниялар учун мажбурийлик тусига эга бўлмаса-да, уларга Ўзбекистон пахтасини сотиб олиш ижтимоий корпоратив масъулият ва ахлоқ меъёрларига зиддир, деган жуда муҳим сигнал йўллади. Ўтган йили ўзбек пахтаси бу рўйхатларнинг биридан ўчирилди. Чунки ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон болаларнинг мажбурий меҳнатига деярли барҳам берди. Аммо ҳали у иккинчи рўйхатда турибди. Шунинг учун ўзбек пахтасини бойкот қилиш кун тартибидан олингани йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати нега айнан ҳозир бойкотни бекор қилиш ташвишига тушиб қолди? Менимча, бунинг сабаби қуйидагича.

Ўзбекистон ҳукумати илгари қишлоқ хўжалигини, айниқса, пахта секторини экспортдан келадиган валюта тушумини ҳукумат ихтиёрига етказиб беришга мажбур бўлган “соғин сигир” сифатида қараган. Ҳатто ҳозир ҳам шундай қараш давом этмоқда. Бундай ёндашув замирида ўтган асрнинг 30-йилларида тезкор индустриялаш сиёсатини ўтказиш жараёнида Сталин амал қилган деярли ўша парадигма ётибди. Бу парадигманинг моҳияти қишлоқнинг ресурсларини сўриб олиш ва уларни индустриал тараққиёт вазифаларини ҳал этишга йўналтиришдан иборат.

Ресурсларни қайта тақсимлашга оид бу йўналишга Каримов ҳам амал қилган эди. У фермерлар белгиланган минимум билан қаноат қилиши ва амаллаб кун кўриши мумкин, барча валюта тушумларини ўз қўлига олган давлат эса гўёки уни қандай тақсимлашни яхшироқ билади, деб ҳисобларди.

Пахта сектори ресурсларини сўриш қандай амалга ошириларди? Асосан, қуйидаги бешта усулда:  

  1. «Пахта квотаси» деб аталган, пахта толаси топширишнинг мажбурий директив режаси орқали;
  2. Пахтани фермерлардан сотиб олиш, шунингдек, уларга уруғлик, ёқилғи сотиш, техник хизмат кўрсатиш нархларини марказлаштирилган тарзда назорат қилиш ва марказлашган ҳолда банк кредити ажратиш йўли билан. Моҳиятан, паст харид нархлари ва фермерларга товарлар ва хизматлар кўрсатиш нархларининг юқорилиги уйғунлашган тизим шакллантирилди;
  3. Таъминот ва харид бўйича агентларнинг монопол ҳолати воситасида. Бу ҳолат ҳатто ишлаб чиқариш жараёнини кучли маъмурий бошқаришнинг барча босқичларини ҳисобга олмаганда ҳам фермерларни бурчакка сиқиб қўяр, уларга товар ва хизматларни кимдан харид қилиш ва ўз маҳсулотини кимга сотишда ҳеч қандай танлов қолдирмасди. Масалан, пахта етиштирувчи ҳар битта туманда ҳукумат назоратида бўлган битта пахта заводи бор. Шу зайлда фермер териб олинган пахта толасини кимга етказиб беришда танлов имкониятига эга эмас;
  4. Валюта курсининг расмий ва бозор курси ўртасидаги фарқ воситасида. Валюта айирбошлашни либераллаштиришгача мавжуд бўлган шароитда ҳукумат бу фарқдан жуда усталик билан фойдаланди – барча валюта тушумларини ўзига олиб, фермерлар билан сўмда ҳисоб-китоб қилди. Бу ўринда харид нархлари терим мавсуми бошланишидан олдин – августда белгилангани, фермерлар билан якуний ҳисоб-китоб эса кейинги йилнинг баҳорида, баъзан бундан ҳам кечроқ амалга оширилганини ҳам ёдда тутиш керак. Сўмнинг долларга нисбатан курси муттасил тушиб борадиган бир пайтда ҳисоб-китоб қилинадиган муддатга келиб ҳақиқатда олинган даромад долларга нисбатан олганда анча кам бўлади.
  5. Ниҳоят, фермерларни коррупция исканжасига сақлаш воситасида (улар ҳозир ҳам шу исканжада). Масалан, фермер ҳокимлик томонидан жўнатиладиган турли комиссияларни боқиши керак. Пахтани тайёрлов пунктларига топшириш вақтида бу пунктларнинг маъмурияти атайин пахта ҳажмини ва унинг сортини пасайтиради. Пахта пунктлари бундай қилмаслиги учун кўпинча фермерлар уларга пора беради. Бундан ташқари, ҳокимлар энг яхши фойда берадиган суғориладиган ерларни ўз қариндошлари, дўстлари ва пулдорларга тақсимлаб, уларнинг мажбуриятини камайтиради ҳамда шу орқали бошқа фермерлар вазифасини оғирлаштиради.

Аммо аввалги «кўп қатламли» валюта курси бекор қилиниши ортидан ҳукумат пахта секторини бошқаришнинг ўта марказлашган тизимини ушлаб турган бешта устундан бирини бой берди. Бу вазиятда ҳукумат мазкур тизимни бекор қилиш, фермерларга ўз ери ва маҳсулотидан тўла фойдаланиш ҳуқуқини бериш, уларнинг капиталлашувини ривожлантириш йўлини эмас, балки фермерларни экплуатация қилишнинг бир тизимини бошқасига алмаштириш йўлини танламоқда. Ҳукумат вазиятдан чиқиш йўлини пахта толасини ўз жойида қайта ишлаш ва кейин юқори қийматли тўқимачилик маҳсулоти экспортини кескин оширишда кўрмоқда. Буни пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этиш йўли билан амалга оширмоқчи. Бу кластерлар моҳиятан Хрушчевнинг совнархозларини эслатади. Фақат битта фарқи бор. Бир томондан, мазкур кластерлар пахта сектори устидан яна ўша марказлашган давлат назоратига олиб келадиган восита бўлиб хизмат қилади. Бошқа томондан, бу сектор хусусий сармоя учун очилади, аммо эксклюзив тартибда, яъни яқинлар ва шаффоф мулкка эга бўлмаган офшор компаниялар учун.

Бунда якуний экспорт тушуми пул ювиш каналлари орқали танланган ва ҳукуматга яқин шахсларнинг чўнтакларига тушиши хавфи пайдо бўлади. Яъни амалда яна ўша марказий ҳукумат ва унга яқин хусусий шахслар, балки ҳукмрон элитанинг аъзолари (шуниси ҳақиқатга яқин) асосий бенефициарлари бўлган модель шаклланмоқда.

Айнан шу истиқболни ҳисобга олиб, ўзбек текстили экспорти йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш учун ҳукумат мажбурий меҳнат кўламини камайтиришга қаратилган айрим ён босишларга борди. Бу соҳада сўзсиз олға силжишга эришилди, аммо у мажбурий меҳнат амалиёти тўлиқ тақиқлангани ҳақида гапириш учун айтарли даражада катта эмас. Ҳатто Халқаро меҳнат ташкилотининг сўнгги пахта мавсуми давомидаги мониторинг натижаларига бағишланган ҳисоботида ҳам, ундаги қатор сезиларли камчиликларга қарамай, маъмурий органларнинг мажбурлови ортидан 150 мингдан ортиқ фуқаро пахта далаларида ишлагани тан олинади.  

Ўзининг мустақил мониторингини ўтказган Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми маълумотларига кўра, ўтган мавсумда мажмурий меҳнат тизимли тусда давом этган. Бундай шароитда ўзбек пахтаси ва текстилига бойкотни бекор қилиш жуда эртадир. Чунки уни бекор қилиш эски мажбурлаш тизимига қайтиш (тўғрироғи, уни консервация қилиш) хавфи юқорилигини англатади. Моҳиятан айрим тоифадаги ходимлар ва талабаларни пахта теримига жўнатишни бекор қилган ҳукуматнинг айрим ён босишларига қарамай, бу тизим асоси ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда.

Бу тизим аввалгича қолмоқда, чунки аввалги учта устунга таянишда давом этмоқда:

  • пахта секторини бошқаришнинг ўта марказлашгани, бундан мақсад мазкур сектордан мавжуд ресурсларни сўриб олиш ва уларни валюта тушуми кўринишида ўз қўлида жамлаш;
  • фермерларни «пахта квотаси»ни бажариш ҳамда аҳолини пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига сафарбар этишга мажбурлашда маъмурий чора-тадбирларга таяниш;
  • пахта квотаси бажарилиши учун маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари шахсан масъул этиб тайинланиши, бу эса уларни пахта теримига аҳолини мажбурий сафарбар этишга оид эски амалиётга қайтишга ундайди. Фермерлар худди аввалгидек кун-кунора ҳоким ўтказадиган мажлисларда иштирок этишга мажбурланаётгани ва пахта топшириш режаси бажарилиши ҳақида ҳисобот бераётгани, режани бажармаганда эса ҳақорат қилинаётгани ва зўравонликларга учраётгани бунинг индикатори ҳисобланади.

Бойкот масаласида ҳукумат тарафини олса бўлади, деб ҳисоблайдиган маҳаллий фаоллар ҳуқуқбонлик ҳаракатида ўзига хос «штрейкбрехерлар» ҳолатига тушиб қолиши хавфи бор. Агар босим камайтирилмаса, мажбурий меҳнат тизимини тўла йўқ қилишга тезроқ эришиш мумкин бўлган бир вазиятда улар бу мақсадни узоқлаштиришга ҳисса қўшиб қўйишлари ҳеч гап эмас. Ҳукумат билан бундай «ҳамкорлик» мамлакатни яна эски даврларга қайтариши, ҳукуматни мавжуд тизимни тўла ислоҳ қилиш учун муҳим рағбатдан маҳрум этиши мумкин.  

Ҳозирги кунда ижобий ўзгаришлар қаторида бундай ортга қайтиш аломатлари ҳам кузатилмоқда. Масалан, фуқароларнинг турар жой ҳуқуқлари оммавий бузилиши, эркин ахборот олиш ҳуқуқи чеклангани, одил судлов ва коррупцияга қарши кураш соҳалари, шунингдек, пахта секторидаги қонунбузарликлар шулар жумласидандир.

Мамлакат тақдири ижобий ёки салбий тенденцияларнинг қай бири ғолиб чиқишига боғлиқ. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукуматига босимни сусайтиришга умуман йўл қўйиб бўлмайди. Айнан мана шу босим туфайли бу ҳукумат ҳуқуқбонлик ҳаракатига ён босишга мажбур бўлганини унутмаслик керак. Айнан шу босим ортидан давлат шафелигидаги пахта қуллигига тўлиқ барҳам бериш мумкин бўлади.

Алишер Илҳомов
Cоциолог ва мустақил сиёсатшунос

Тағин ўқинг
18 декабр 2024
Расмдаги бу тўнғиздай семириб бетидан бузилган тип ëлланган обончи микроб Шухрат Эсонов деган тавия бўлади. Фарғонада судралиб юради. Фаолларга ...
31 август 2018
«У бир оғиз гапирмади, ерга қараб ўтираверди. Раҳмим келди, очиғи. Мен бир баҳона топиб чиқиб кетсам, тўйиб тўйиб йиғлаб ...
25 ноябр 2016
Сўнгги кунларда Ўзбекистон президентлигига номзодлар вилоятларга сайр қилиб, сайловчилар билан учрашувларни авж олдириб юборди. Бу учрашувларда эса улар қўлидан ...
12 сентябр 2018
Рустам Иноятов оиласи Россиянинг Тула вилоятида $80 млн. долларлик парранда етиштирувчи саноатга эгалик қилади. Улар, шунингдек, ўша ҳудуддаги бир ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...