Асосий мавзулар
16 сентябр 2019

Мирзиëев ҳақида китоб ëзган мулозим устидан ëпиқ суд ўтмоқда

Тошкентнинг жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида 9 сентябрь куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат жамғармаси раиси 37 яшар Саид-Абдулазиз Юсупов устидан ёпиқ суд жараёни бошланди.

Юсупов Жиноят кодексининг 167 («ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»), 168 («фирибгарлик») ҳамда 28 («жиноят иштирокчиларининг турлари») ва 211- («пора олиш-беришда воситачилик қилиш») моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Юсупов жорий йилнинг 10 май куни ўта катта миқдордаги фирибгарликда гумон қилиниб ҳибсга олинган ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ; 2018 йилга қадар – МХХ)нинг Тошкент шаҳри Чинобод (собиқ Гвардейский) кўчасидаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган эди.

12 май куни Бош прокуратура Юсуповга ўта йирик миқдордаги фирибгарлик айби илгари сурилаётганини маълум қилган эди.

Назорат идорасининг хабарига кўра, 2013-2017 йилларда у алдов йўли билан 160 минг доллар олган. Уч нафар жабрланувчига 2300 долларни қайтарган, қолган 157,7 минг долларни ўз эҳтиёжларига ишлатган.

ДХХ терговини назорат қилаётган Бош прокуратура вакили Дониёр Раҳматуллаевнинг сўзларига кўра, бундан илгари жабрланувчилар ариза билан мурожаат қилишмагани учун жиноят иши қўзғатилмаган эди.

Бош прокуратура матбуот хизмати вакилининг билдиришича, ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармаси раиси узоқ давр мобайнида ўзини ДХХ ходими дея таништириб келган ва одамларни алдаб пул олган.

Идора маълумотларига кўра, 2018 йили айбланувчи айни жиноятлар билан жиноий жавобгарликка тортилган бўлган, «фирибгарлик йўли билан, ўзини ДХХ ходими дея танитиб, жабрланувчи фуқаро Каньязов Т.К.нинг 240 миллион сўм (30 минг доллар) пулини ўзлаштиргани» судлов тартибида исботланган».

Юқорида келтирилган барча ҳолатлар суднинг ёпиқ режимда ўтишига асос бўла олмайди. Нега бунинг жамоатчиликдан сир тутилаётганини иккита сабаб билан изоҳлаш мумкин.

Биринчидан, Юсупов таъмагирлик билан шуғулланган, бироқ у шунчаки ўзини МХХ ходими дея таништирмаган, балки у ҳақиқатан ҳам айни хизмат ходими бўлган. Оддий фирибгарликда айбланган шахснинг махсус хизмат ҳибсхонасида сақланиши ҳам шу нарсани англатади.

Иккинчидан, тергов давомида у қийноқларга солинган, ҳукумат эса буни кенг оммага ошкор қилишни истамайди.

Ижтимоий тармоқда Юсупов чиқишлари

Қамалишидан икки кун ўтиб, 12 май куни Саид-Абдулазиз Юсуповнинг президентга видеомурожаати тарқатилган эди.

Видеомурожаатда у ўзига нисбатан очилган жиноят иши журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлганини иддао қилган, ўзининг президент Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатнинг ашаддий ҳимоячиси эканини билдирган эди.

13 май куни эса ютуб каналида ДХХ тергов бошқармаси томонидан ҳибсга олинган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳдан олган интервьюси пайдо бўлгани ҳақида «Элтуз» хабар берган эди.

Ёпиқ суд бошланган 9 сентябрь куни эса ижтимоий тармоқларда Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқдан чиқаргани айтилган мактуб тарқалди.

Тергов ва қийноқ тафсилотлари

Мактубда Юсупов соғлиғи, қамоққа олиниши ва тергов тафсилотлари, ҳақида ёзади. Тошкент шаҳри ИИББда 6,5 кун давомида «жисмоний ва руҳий тазйиқ»қа тутилгани ҳақида ёзади.

«У ерда «Темур», «Ойбек», «Бердак»лар 6,5 сутка давомида менга нисбатан жисмоний, руҳий, психологик тазйиқ ўтказишди. Мени ҳатто зўрламоқчи бўлишди. Яъни дубинка билан номусимга тажовуз қилмоқчи бўлишди. Мени синдирган нарса – аяжоним ва аёлимни қамаш, хўрлаш, кейин эса бола чақаму отамгача қандай қилиб ўлдириб юборишларини айтиб ишонтиришгани бўлди».

Юсуповнинг Миллий хавфсизлик хизматига дахлдорлиги ҳақида тахмин қилиш мумкин, бироқ унга нисбатан қийноқлар қўлланилганига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

4 июнь куни Юсупов бу ҳақда ўз адвокати Арслан Шамардановга билдирган, уни сув тўлдирилган елим бутилка билан уришгани, бутун ички аъзоларига зиён етгани, шунингдек, қийноқ пайтида ундан жосуслик айбига иқрорлик олинганини билдирган эди.

Қонунга хилоф тарзда узоқ кунлар давомида (қийноқ излари йўқолишини кутиб) ёнига авокат киритилмагани ҳам унинг қийноққа солинганига далолатдир.

Ҳатто охир-оқибат адвокатга Юсупов билан учрашишга рухсат беришганидан кейин ҳам бу учрашув қонунга хилоф тарзда ДХХ терговчиси Отабек Яҳёев иштирокида ўтди.

ДХХ терогов бошқармасининг Юсупов уйидатинтув ўтказиш тўғрисидаги қарори

Ўзбекистон Конституцияси тергов ва суд жараёнининг ҳар қандай босқичида профессионал ҳимоя ёрдами олиш ҳуқуқини кафолатлайди (116-модда). «Адвокатура ҳақидаги» қонунга кўра, адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан (жумладан, қамоқ шароитида ҳам) конфиденциаллик сақланган ҳолатда, тўсиқсиз, яккама-якка учрашиш, чекланмаган миқдор ва муҳлат давомида давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз учрашув белгилаш ҳуқуқига эга (6-модда).

Албатта, бу ерда қонунларга риоя қилишдан асар ҳам йўқ. Саид-Абдулазил Юсуповнинг онаси Жамила Бакаева «Газета.уз» мухбири билан суҳбатда расман ўғлининг тўлиқ ҳуқуқли ватандош саналиши ва ҳали судланмаганига қарамай, давлат адвокати «иссиқликдан унинг сочини олишгани»ни маълум қилганини айтган эди.

Шу боис, суд суриштирувининг ёпиқ режимда ўтказилаётгани унинг адолатсиз эканига заррача ҳам шубҳа қолдирмайди.

Мирзиёевга аталган китобнинг «сигнал» нусхалари

Саид-Абдулазиз Юсуповнинг онаси Жамила Бакаеванинг айтишича, ўғли ҳибсга олиниши арафасида президент Шавкат Мирзиёев ҳақида «Янги Ўзбекистон: Ривожланиш стратегияси ва либераллашув» номли китобни нашрга тайёрлаган. Китоб нусхасини президент мулозимларидан бирига кўрсатиш учун олиб бораётган пайти ҳибсга олинган.

Алексей Волосьевич
asiaterra.info

Тағин ўқинг
16 июл 2016
Ўзбекистонда «тинчликни мадҳ этиш учун» мафкура клипи сифатида тайёрлангани айтилаётган айни клип мусиқаси ўзгармаган, бироқ тасвирларда унинг эски нусхаси ...
19 октябр 2015
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоллари. Самарқандлик Норбой Холжигитов ва жиззахлик раҳматли Бахтиер Ҳамроев. Норбой Холжигитов Ўзбекистон қамоқхоналариларидан 2011 йили ...
13 ноябр 2018
“Бу йил фермерларга ҳар йилгидан кўра оғир бўлди. Уларга нисбатан зуғум ва зўравонликлар кўлами ошса ошдики, асло камаймади”. Бу ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича қайтиб келмабди. Бир қариндоши ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...