Асосий мавзулар
2 сентябр 2020

Ўзбекистонда коррупция ва ислоҳотлар: Даъвогаринг қози бўлса, дардингни кимга айтасан?

Профессор Кристиан Ласслетт

Совет Иттифоқидан кейинги Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йил сентябрь ойида вафот этгач, ундан мураккаб мерос қолди. Собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари каби Ўзбекистон узоқ давом этган беқарорлик, қуролли можаролар ёки давлат парчаланишидан азият чекмади. 

Бироқ ҳаёт кенг қамровли назорат аппарати ва зўравонлик, ўзбошимчалик билан қуролланган авторитар кучлар таъсири остида қолиб кетди. Ҳукумат соясини шахсий альянслар тузувчи, ҳукуматнинг назоратсиз кучидан фойдаланувчи, рэкетларни бошқариб, иқтисодий ҳудудларни қўлга киритган мавҳум кимсалар – хавфсизлик раҳбарлари, сиёсатчилар, бизнесменлар ва уюшган жиноий гуруҳлар эгаллади.

Муаллиф суҳбатлашган жабрдийдалар “мафия давлати” иборасини кўпроқ ишлатишди (бу давлат ташқи жиноий гуруҳ томонидан қўлга олинганини эмас, балки давлат мафия ташкилоти каби фаолият юритаётганини англатади). 

Ислом Каримовнинг вориси Шавкат Мирзиёев ўзини юқори даражадаги шаффофлик ва ҳисобдорликка ўта талабчан буюк модернизатор сифатида кўрсатиб, ушбу мероснинг бир қисмидан халос бўлишга ҳаракат қилди. 

Унинг бизнесга йўналтирилган ислоҳотлари ва бозорни эркинлаштиришнинг айрим чоралари мамлакат ичида қўрқув аралаш қувонч, чет элда эса гоҳ-гоҳида олқишлар билан кутиб олинди. Аммо коррупция ва клептократия муаммосига шунчаки кўз юмиб бўлмайди. 

Шу сабабли кенг миқёсли коррупциянинг кўзга кўринган қисми Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнининг ҳар қандай таҳлилида ҳисобга олиниши ва муҳокама қилиниши жуда муҳимдир. 

Ушбу мақола тайёрланаётган бир пайтда Ўзбекистонда Сардоба тўғонининг қулаши ва COVID-19 нинг фавқулодда харажатлари коррупцияга боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шунинг учун кенг миқёсли коррупцияни мунтазам равишда юзага келтирадиган амалиёт, жараёнлар, муносабатлар ва тузилмаларни аниқлаш ва уларга қарши туриш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Бундай амалиётларни ҳужжатлаштириш ва таҳлил қилиш қийин. Коррупция тоифасига кирадиган жараёнлар кўпинча турли ўлчов воситаларидан фойдаланиб миқдорий жиҳатдан тушунилади. Бундай битимларнинг яширин табиати ва амалиётчиларнинг кўпинча назоратсиз кучини ҳисобга олган ҳолда, ҳеч бўлмаганда, уларни сифатли ҳужжатлаштириш ҳам ўта мушкулдир. 

Ушбу мақоланинг биринчи қисми Ўзбекистондаги коррупцияни классик тарзда ўрганишга бағишланган бўлиб, унинг таркибидаги асосий тузилмалар кўриб чиқилади. 

Гулнора Каримова: Ўзбекистондаги кенг кўламли коррупцияни ўрганиш учун асос

Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳозир 2000-2012 йиллардаги коррупциявий фаолиятига оид бир қатор айбловлар билан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамоқда. Ушбу фаолият халқаро активларни мусодара қилиш, фуқаролик даъволари ва чет эл юрисдикцияси бўйича таъқиб қилиш мавзусига ҳам айланди.

Эътиборга молик бўлган илк жиҳати шундаки, далиллар ва суд хулосалари Каримованинг Ўзбекистон давлати таркибига киритилган кучли уюшган жиноятчилик синдикатига раҳбарлик қилганидан далолат беради. 

Далиллардан маълум бўладики, синдикат фаолияти давлатнинг юқори мартабали мулозимлари кўмаги ва шериклиги билан амалга оширилиб, турли давлат органлари томонидан қабул қилинган. Ушбу органлар таркибига Вазирлар Маҳкамаси, ҳукумат қўмиталари, вазирликлар, судлар, секторни назорат қилувчи органлар ва хавфсизлик хизматлари кирган. 

Мазкур ришталар синдикатга корхоналарни эксплуатация қилиш, бозорларни монополлаштириш, пора сўраш ва товламачилик рэкетларини бошқариш имкониятини берди. Бу орқали синдикат хизматлар, қурилиш, ишлаб чиқариш, саноат, чакана савдо, табиий ресурслар ва молия каби қатор соҳалар бўйича турли бизнес манфаатлари портфолиосига эга бўлди. 

Бозор ва корхоналар эгаллаб олинганидан сўнг улар давлатнинг махсус режими томонидан қўллаб-қувватланадиган имтиёзли асосда ишлашни давом эттириб, синдикат учун катта даромад келтирди.

Бир қатор халқаро субъект ва юрисдикциялар ушбу фаолият учун муҳим устунлар эканини амалда исботладилар. Масалан, Европа ва Шимолий Америка корхоналари синдикатнинг ҳимоя рэкетларига рози бўлишган. 

Хусусан, хорижий телекоммуникация провайдерлари Каримова синдикатининг рэкет фаолияти ва ундан асосий фойда олувчи ҳақида хабардор эди. Буюк Британия, Швейцария ва Латвиядаги хорижий банклар синдикатнинг пул ювиш операциялари учун асосий канал сифатида ишлаган.

Ушбу молиявий ташкилотларнинг қанча қисми айбдор эканини жамоатчилик далилларидан унча аниқлаб бўлмаяпти. Бироқ ушбу минтақалардаги гуруҳнинг асосий банкирлари ҳужжатлаштирилган жиноий тарихга эга. British Overseas Territories (Британия тасарруфидаги ҳудудлар) томонидан бир қатор корпоратив хизматлар таклиф қилинган. Бу синдикат фаолиятини махфий ва хавфсиз тарзда юритишга имкон берди. 

Каримова фойда келтириши мумкин бўлган ишлаб чиқариш активларига эга бўлиб, кейинчалик уларни молиявий даромадларни кўпайтирадиган имтиёзли шароитларга йўналтирди. Ушбу даромад кўчмас мулк каби ноишлаб чиқариш активларидан олинган ижара ҳақи ва бозорга киришни истаган компаниялардан сўралган пора / ҳимоя тўловлари билан тўлдирилди.

Шунингдек, синдикатнинг талабини бажармаслик давлат томонидан таъқиб қилиниш ва активларни йўқотиш хавфини туғдирарди. Каримовани отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўрсатиш учун олинган бойлик хайрия ташаббусларини молиялаштириш орқали сиёсий капиталга айлантирилди. 

Бироқ бу элита даражасидаги юқори рақобатбардош жараён эди. Кейинчалик Каримовага қарши кучли рақиблар уюштирган ҳужумдан сўнг унинг ўзи қамоққа олинди. Бу “ўйин”да ютқазганлар учун битта потенциал чиқиш нуқтасидир.

Муаллифнинг тадқиқотлари шундан дарак берадики, ноҳақ тижорат устунлигини олиш учун давлат ҳокимиятидан ношаффоф фойдаланиш, фойдали мулкчилик ва манфаатлар тўқнашувини яширадиган мураккаб оффшор тузилмалардан фойдаланиш, сиёсий таъсир кўрсатадиган субъектларга давлат томонидан шаффоф асосларсиз ёрдам бериш, фойдани кўпайтиришнинг ноқонуний усулларини қўллаш, корпоратив активларни ўзлаштириш ва элита ичидаги каннибализация, юқори мартабали давлат амалдорлари ва уларнинг оила аъзолари томонидан хусусий бизнеснинг муҳим портфолиосини яратиш Ўзбекистон сиёсий иқтисодиётининг тизимли хусусияти бўлиб қолмоқда. 

Каримова иши ушбу динамика энг юқори даражага кўтарилганига мисол бўлади. Аммо далиллар кўрсатадики, Мирзиёев даврида бу динамика ислоҳот натижаларини шакллантирадиган доимий воситачи бўлиб қолмоқда. 

Ушбу долзарб муаммоларнинг бир нечтасини ичига қамраб олган сўнгги мисоллардан бири мунозарали “Tоshkent City” мегалойиҳасидир. “Tоshkent City” Тошкентнинг марказида жойлашган, қиймати 1,3 миллиард АҚШ долларлик йирик қурилиш объектидир. 

Буни Мирзиёев ҳукумати замонавийлашиб бораётган ҳаётнинг кучли шаҳарлаштириш белгиси сифатида барпо қилмоқда. “Tоshkent City” турар жой мажмуалари, чакана савдо, бизнес ва молия ҳудудлари, “Ҳилтон” ва “Рэдиссон” брендли меҳмонхоналар, конгресс холл ҳамда 7D кинотеатр, планетарий ва мум музейига эга катта истироҳат боғидан иборат бўлади. 

Қурилиш 8 та лотга бўлинган бўлиб, ҳар бири бўйича жавобгар сармоядор ёки инвестор, лойиҳачи ва бош пудратчи мавжуд. Уларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштириш учун ҳукумат дирекцияси ташкил этилган. 

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида инвесторлар тендер жараёни орқали танланиши айтилган. Унга кўра, “Tоshkent City” инвесторлари давлатнинг катта ёрдамидан, жумладан, солиқ ва божхона имтиёзларидан баҳраманд бўлишди.

Шаффоф тендер жараёни ўтказилмади. Ҳокимлик ва “Tоshkent City” дирекциясининг тасдиқлашича, инвесторлар маъмурий кенгаш томонидан танланган. Бу кенгаш аъзолари таркибига бош вазир, унинг биринчи ўринбосари, молия, иқтисодиёт, адлия, ташқи ишлар, ташқи савдо ва ички ишлар вазирлари, турли давлат қўмиталари ва жамоат ташкилотларининг раислари ва директорлари, Тошкент шаҳри ҳокими ва “Tоshkent City” учун масъул бўлган жамоат дирекциясининг раҳбари киради. 

Инвесторларнинг тендери ва танлов ҳужжатлари учун юборилган сўровга Тошкент шаҳри ҳокимлиги қуйидаги жавобни йўллади: “Инвесторларни тасдиқлаш билан боғлиқ маъмурий кенгаш ҳужжатлари расмий фойдаланиш учун ички ҳужжат ҳисоблангани боис уларни сизга тақдим қила олмаймиз”. 

Танлаш ва тақдирлаш жараёнида ўтказилган текширувлар даражаси тўғрисида саволлар берилганда, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев оммавий ахборот воситаларига бундай деди: “Агар биз ҳар бир инвестордан фойда сўрасак, биз Ўзбекистон дарвозаларини ёпиб қўямиз ва ҳеч ким бу ерга келмайди”. 

Ушбу эслатма Буюк Британияда “Open Democracy” (Очиқ демократия) томонидан нашр этилган экспозициядан сўнг айтилди. Уларнинг текширувида даъво қилинишича, “Tоshkent City”га 400 миллион АҚШ доллар миқдорида маблағ ажратаётган энг йирик хорижий инвестор – Hyper Partners GmbH акциялари ўспирин Мустафо Полвонга тегишли. Бир, беш ва еттинчи лотларнинг инвесторлари ва бир, беш, етти ва саккизинчи лотлар учун танланган бош пудратчи ҳам жиддий хавотирлар келтириб чиқарди.

1-жадвал: “Tоshkent City”нинг биринчи, бешинчи, еттинчи ва саккизинчи лотлар бўйича инвестор ва пудратчиларнинг 2019 йилги акциядорлик маълумоти.

TashkilotVazifasiLotAksioner
High Land CityInvestorBirIsmail Israilov (81.24%), Techno Continental (8.19%), Next Generation Product (8.17%), and Azizxuja Azlarov (2.40%)
Akfa Dream WorldInvestorBeshPerfect Plast Profil (21.4%)  (April 2020 update: Wide Tent System 31.45%, Techno Continental 21.36%, Perfect Plast Profil 19.23%, Asia Electron 12.92%, Atlant Metal 6.44%, Baxodir Abdullayev 8.6%)
Premium VillageInvestorYetti Ismail Israilov (23.28%), Quality Electronics (37.2%), Asia Electron (28.51%), Factory of Technologies (9.3%), Athamjon Israilov (1.17%)
Discover InvestPudratchiBir, besh, yetti va sakkizAbror Ganiyev (86.18%), Sobirjon Xakimov (13.82%)

1-жадвал шуни кўрсатадики, Исмоил Исроилов ва Аброр Ғаниевнинг иккиси ҳам асосий акциядорлар бўлган. Ўша пайтда иккала шахс ҳам “Акфа-Артель” компаниялар гуруҳининг менежери эди. Жадвалда кўрсатилган корпоратив акциядорлар бир хил конгломерат билан боғланган. “Акфа-Артель” шу тариқа “Tоshkent City”нинг асосий ўйинчисига айланди. 

“Акфа” ва “Артель” компанияларига 2017-2018 йилларда “Tоshkent City” лойиҳасини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат дирекциясининг раҳбари сифатида фаолият юритган Тошкент шаҳри ҳокими (2018 йилдан ҳозирги кунгача) Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан асос солингани алоҳида хавотир уйғотади.

2019 йил январь-май ойларида тўпланган қўшимча корпоратив маълумотлар Ғаниев Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан бирга камида тўртта компанияга эгалик қилгани ва у “Акфа-Артель” гуруҳидаги яна учта компаниянинг (камида учта) шерик эгаси бўлганини тасдиқлайди. 

У “Акфа-Артель” билан боғлиқ иккита компанияда ижрочи директор ва “Акфа” бошқаруви раиси этиб тайинланган. Бундан ташқари, бир, беш, етти ва саккизинчи лотлар учун пудратчи бўлган “Discover Invest” компанияси рўйхатдан ўтган манзил 2019 йил давомида Тошкент шаҳри ҳокими 100 фоиз эгалик қилувчи асосий холдинг компания бўлган “J-United Group”ники билан бир хил экани аниқланди.

Исроиловнинг профили ҳам Ғаниевникига ўхшаш. Масалан, у ўша пайтда Жаҳонгир Ортиқхўжаев 100 фоиз эгалик қилган “Akfa Engineering and Management” компанияси менежери сифатида рўйхатга олинган. 

Бундан ташқари, маълумотларга кўра, Исроилов Ортиқхўжаев билан камида тўртта компанияга эгалик қилган, у “Акфа-Артель” гуруҳига алоқадор олтита компанияда ягона акционер ва Аброр Ғаниев билан камида тўртта компания эгасидир.

Ғаниев ва Исроиловдан улар учинчи томон номидан акцияларга эгалик қилиши ҳақида сўралганда жавоб бўлмади. Тошкент шаҳри ҳокими идораси унинг “Tоshkent City”да манфаатлари борлигини рад этди. 

“Акфа-Артель” гуруҳининг оффшор холдинг компаниялардан ноаниқ фойдаланиши, Ғаниев ва Исроилов бу масалада сукут сақлагани сабабли Тошкент шаҳри ҳокимининг “Tоshkent City”дан манфаатдорлик даражасини аниқ кўрсатиш имкони бўлмади. Бироқ ҳоким “Акфа-Артель” гуруҳидаги катта моддий манфаатдорлигини сақлаб қолгани тасдиқланиши мумкин. 

Гарчи бу бизнесни Гулнора Каримованики билан таққослаш ва қиёслаш қийин бўлса-да, уларда қатор ўхшашликлар борлигини кўринади. Шу боис, тўпланган маълумотларга асосланиб, “Tоshkent City” мегалойиҳаси юзасидан жиддий хавотирлар юзага келаверади.

2019 йилда пахтачилик соҳасида юз берган ўзгаришлар ҳам “Tоshkent City” лойиҳаси каби ношаффофликларга эга. Масалан, пахтачилик кластерлари операторларини танлаш учун шаффоф, рақобатбардош тендер жараёнлари ўтказилмади. 

Хусусан, кластер бошқарувчилари сифатида танлаб олинган компаниялар таҳлил этилганда, улаарнинг 41 фоизи ўта хавотирли, 49 фоизи ўртача хавотирли тадбиркорлик субъектларига ажратилди. Бу эса кластер тизимида ишлайдиган компаниялар шаффоф эмаслигидан далолат беради. 

Масалан, “Uztex” гуруҳи фаолияти бунга мисол бўла олади. “Uztex” Ўзбекистондаги энг йирик тўқимачилик компанияси сифатида танилган. Бу гуруҳ турли масъулияти чекланган жамиятлардан иборат конгломератдир. 

“Uztex”га Фахритдин Маматжонов ва унинг ўғли Фарҳод асос солган. Бу оила Гулнора Каримовага алоқадор бўлган муҳим ҳисобварақларни бошқаргани аниқлангандан сўнг салбий овоза бўлган “Invest Finance Bank”нинг асосий эгалари ҳисобланади.

“Uztex” гуруҳи акциялари Швейцария, Сингапур ва Буюк Британиядаги мураккаб оффшор тузилмалар орқали сақланади. Ошкор бўлган маълумотлар “Uztex” фаолияти борасида жуда катта хавотир уйғотади. 

Хусусан, гуруҳ Швейцариянинг Rieter трансмиллий компаниясидан 84 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ускуналар сотиб олишда Британиянинг “Wayrex” фирмаси орқали шубҳали операцияларни амалга оширгани тадқиқотлар давомида аниқланган. 

Ислоҳот ва кенг миқёсли коррупция ҳақида ўйлар

Гулнора Каримованинг шов-шувли иши авторитар давлатда юқори мартабали амалдорлар ва уларнинг яқин шериклари эгаллаб олган сиёсий-иқтисодий аҳволни намоён қилди. 

Мирзиёев ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган иккита энг муҳим лойиҳани ўрганиш шуни кўрсатадики, улар аввалги даврни белгилаб берган бошқарувнинг заиф жиҳатларини ўзида мужассам этган. 

“Tоshkent City” мисолида шаҳар ҳокими билан чамбарчас боғлиқ бўлган компаниялар давлат томонидан шаффоф бўлмаган шароитларда танланган. Улар фойдали мулкчилик шартномаларини яширишга хизмат қиладиган кенг кўламли оффшор тузилмалардан фойдаланади. 

Бундай ношаффофлик кластерлар бошқаруви тизимига ҳам хосдир. Улар ҳам фойдали мулкчилик шартномаларини яширишга хизмат қиладиган оффшор холдинг тузилмалардан фаол фойдаланади. 

Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида Мирзиёев ҳукумати давлат маъмурий ҳужжатлари тўғрисидаги қонуний сўровларга жавоб бермасдан, амалдаги қонунларни бузмоқда.

Ушбу маълумотлар муҳим эслатма сифатида хизмат қилади. Ўзбекистон сиёсий иқтисодиёти авторитар сиёсатни хореографик бозор фаолияти билан чамбарчас бирлаштириш орқали ишлайди. 

Ўзбекистондай катта мамлакатда бизнесни қонуний асосда ривожлантириш учун имкониятлар етарлича бўлиши керак. Бироқ энг даромадли битимлардан таҳлили шуни кўрсатадики, муваффақият қисман сиёсий таъсирга, индивидуал бизнесга тижорат афзалликларини берадиган ношаффоф ҳукумат ёрдами ва фойда ставкаларини ошириш ҳамда  иқтисодий имкониятларни монополлаштиришга қаратилган ноқонуний тижорат стратегияларидан фойдаланишга боғлиқ.

Каримовдан кейинги даврда бир қатор соҳаларда бойлик тўплаш учун тизимдан моҳирона фойдалана оладиган тадбиркор элита қатлами устунликни қўлга киритган кўринади. 

Эҳтимол, Мирзиёев ҳукумати ўзининг модернизациялаш мақсадларини амалга оширишда муайян ютуқларга эришиши мумкин. Гарчи бу кенг аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши билан бирга содир бўлса-да, миллий бойлик ўсиб боргани сайин элита тармоқларига номутаносиб тарзда фойда келтиради. 

Каттароқ иқтисодий қоришма билан авж олган авторитар капитализмни куч-қувват кластери фойдасига йўналтириб, натижада сиёсий ва иқтисодий мақсадларни амалга ошириш учун мустақил имкониятга эга бўлган қудратли кластерлар президентнинг иттифоқчиларига айланади. 

Дарҳақиқат, авторитар модернизациянинг муваффақиятли жараёни кенг тарқалган коррупция даражасини оширади, деб тасаввур қилишда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Чунки турли қудратли гуруҳлар ўзларининг сиёсий таъсири ва молиявий даромадларини ошириш учун ушбу тизимни ўйлаб топган. 

Афтидан, мантиқий кўринадиган ушбу сценарийда фуқаролик жамияти очилиши, демократик институтларнинг ривожланиши, ҳақиқий назорат ва ҳисобдорлик органларининг ривожланиши тизим учун жуда антагонистик бўлган тузилма ва маданиятни акс эттиради ва шунинг учун ҳам истиқболдан дарак бўлмайди.

Ушбу истиқболли мувозанатнинг натижалари баъзи бир айтилмаган миллий “ҳақиқатлар” воситачилигидаги авторитар капитализмнинг барқарор тизимидан, яъни мунтазам равишда кенг кўламли коррупциядан фойда кўрадиган кўплаб миллий ва халқаро элиталар учун мақбул бўлади. 

Шу билан бирга, турмуш даражасининг яхшиланиши ҳамда фуқаролик жамияти учун чекловларнинг давом этиши Яқин Шарқ ва Африкада кузатилган ғайриихтиёрий қўзғолонлар потенциалини сусайтиради ва авторитар сиёсат қайтаётган ва глобал капитализм бир қатор экзистенциал таҳдидлар билан курашаётган дунёда Ўзбекистондаги ҳолат тобора одатий ҳолга айланиши табиийдир.

Ўзбекистонда корпоратив бошқарув ва корпоратив шаффофликни кучайтириш учун корпоратив қонунларни модернизация қилишга жиддий эҳтиёж сезилмоқда. Шунга мувофиқ, ҳукумат шаффофлигини босқичма-босқич такомиллаштираётгани кузатилмоқда. 

Ушбу ижобий ўзгаришларни давом эттириш керак. Хусусан, манфаатларнинг очиқ реестрлари давлат хизматчилари учун мажбурий бўлишини таъминлаш учун барча давлат харидлари шаффоф ва ошкора ўтказилиши ва суд ҳужжатлари каби муҳим фактлар ўз вақтида, очиқ ва таҳрир қилинмаган ҳолда оммага тақдим этилиши зарур.

Ўзбекистондаги мустақил фуқаролик жамияти чорасиздир. У фуқаролик ҳуқуқлари таъминланмаган кузатув муҳитида ишлайди. Фуқаролик жамияти қудратли шахсларни жавобгарликка тортишни истаса, улар фуқаролик жамияти олдида янги муаммоларни туғдирмоқда. 

Ўзбекистонда мухолифатнинг сиёсий фаолияти тақиқланганлиги сабабли ижтимоий ва сиёсий ҳаракатлар учун сезиларли чекловлар сақланиб қолмоқда.

COVID-19 нинг аллақачон заиф дунё сиёсий иқтисодиётига узоқ муддатли таъсирига гувоҳ бўлмоқдамиз. Агар глобал иқтисодий инқироз бошланиб, Марказий Осиёда жиддий таназзулга олиб келадиган бўлса, Каримова ишида кўрилган энг йиртқич рэкет шакллари ҳам янада жозибали туюлиб қолиши мумкин. 

Агар инқироз аҳолининг турмуш даражаси пасайишига олиб келса, бу тузилмавий қарама-қаршиликлар, масалан, қўшни Қозоғистонда кузатилаётган вазиятга нисбатан сиёсий радикал шаклларнинг туртки бўлиши учун хизмат қилиши мумкин.

Мақола The Foreign Policy Center нашрда чоп қилинган, қисқартирилган, «Элтуз» таржимаси

Тағин ўқинг
10 сентябр 2024
Воронежда ҳарбий омбор портлади, Рязанда сайлов комиссияси аъзоси хожатхона тешигига тушиб кетди, Иркутскда тоза сувга бағишланган фестивалда канализация ёрилиб сассиқ оқава ...
3 сентябр 2021
Фалсафанинг катта бобоси Ҳейгел “Бир дарëга икки марта тушиб бўлмайди”, деган эди. Аммо бир концертнинг ўзида коррупционер ҳокимлар икки ...
29 март 2021
1976 йилнинг 29 мартида АҚШ кинокадемиясининг 48-Оскар тақдимотида бешта асосий мукофот битта фильмга берилди. Бу Милош Форманнинг “Какку уяси ...
4 апрел 2017
Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов 30 март куни Россиядаги кўпфункцияли миграция марказини бориб кўрди. Айнан шу ерда Москвада ишлашни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...