Асосий мавзулар
13 январ 2021

Коррупционерларга зарба берадиган қонунни қабул қилиш ортга сурилмоқда

2019 йил октябрда давлат хизматчиларининг даромади ва мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва 2020 йил бошидан амалга киритилиши айтилганига қарамай, бу муҳим ҳужжатни қабул қилиш ҳамон пайсалга солинмоқда.

Фақат жорий йил 7 январга келибгина Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини эълон қилди.

Бундай кечикиш боиси нима? Нега унинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш керак бўлди? Бунинг сабабларидан бири қонуннинг биринчи лойиҳасига кўп салбий муносабатлар билдирилгани бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Биринчидан, декларация топшириши керак бўлган мансабдор шахслар рўйхатига президент ва бош вазир, шунингдек, парламент депутатлари, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари киритилмаган. 

Бундан келиб чиқяптики, улар қонундан ташқарида ва юқорида туришлари керак. Ахир катта миқёсдаги коррупция аксарият ҳолларда улар ва уларнинг оила аъзолари томонидан содир этилади-ку. 

Иккинчидан, қонуннинг илк лойиҳасида тақдим этилган декларациялар жамоатчиликка кўрсатилмаслиги эҳтимол тутилган. “Декларацияда қайд этилган маълумотлар махфий ҳисобланади ва улар ҳимоя қилиниши керак”, дейилган. 

Бу ўтакетган бемаънилик ва халқаро амалиётга зид. Собиқ СССРнинг ғарбий қисмида, масалан, Украина, Молдова, Грузия ва ҳатто Россияда мажбурий декларациялаш тўғрисидаги қонунлар анча аввал қабул қилинган ва улар тегишли давлат идоралари веб-сайтларида тўлиқ эълон қилинади. 

Бу эса жамият, айниқса, журналистлар ва нодавлат ташкилотларга вазиятнинг ҳақиқий ҳолатини тақдим этилган декларациялар билан тасдиқлаш имкониятини беради. 

Чиндан ҳам, мансабдор шахсларга хос коррупциясининг бевосита кўрсаткичи бўлган декларацияда қайд қилинмаган даромад ва мол-мулк борасида кўплаб журналистик текширувлар ўтказилган ва коррупционерлар фош этилган.

Украинада эса коррупцияга қарши курашиш бўйича нодавлат-нотижорат ташкилот мавжуд бўлиб, у ана шундай декларациялар асосида давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулкларига оид онлайн маълумотлар базасини украин ва ҳатто инглиз тилларида бериб боради. Бу хорижий банкларга ушбу шахсларнинг операциялари ва ўтказилган суммаларнинг келиб чиқишини текширишга имкон беради.

Ўзбекистонда бундай қонуннинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган янги лойиҳаси нималарни ваъда қилмоқда? Биттагина ижобий нуқта бор: янги лойиҳада президент ва бош вазир ҳам декларация топшириши шартлиги белгиланган. 

Аммо хавфсизлик кучлари ва прокуратура органларининг юқори лавозимли мулозимлари ҳамда депутатлар ҳам декларация топширувчилар рўйхатига киритиладими, уларнинг декларацияларижамоатчиликка тўлиқ тақдим этиладими ёки йўқми, деган саволга аниқ жавоб мавжуд эмас. 

Агар йўқ бўлса, унда ушбу лойиҳа ҳам жиддий камчиликларга эга. Унинг очиқ муҳокамага қўйилмагани сабабли юзага келаётган кўплаб саволларга ойдинлик киритиш айни дамда имконсиз бўлиб қолмоқда.

Шу маънода, давлат органларининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириши керак бўлган қонунни қабул қилиш амалиётининг ўзи ҳам шаффофлик принципларини бузган ҳолда, махфийлик муҳитида тайёрланмоқда. Бу Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг эндигина шаклланаётган обрўсига соя солмоқда.

Ушбу қонун қачон қабул қилиниши ва кучга кириши ҳам аниқ эмас. Унинг лойиҳалардаги ҳийла-найранглар узоқ вақт давом этиши ва ҳукумат шунчаки халқаро кузатувчиларни, хусусан, Швейцария расмийларини лақиллатаётган бўлиши ҳақида жиддий гумонлар мавжуд. 

Ахир айнан улар Гулнора Каримованинг мол-мулкини Ўзбекистонга ўтказиб бериш учун, аввало, бу активлар юқори мартабали виждонсиз амалдорлар, уларнинг қизлари ва куёвлари томонидан яна талон-тарож қилинмаслигига ишонч ҳосил қилишлари керак.

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов фейcбук саҳифасидаги шарҳи.

Тағин ўқинг
12 ноябр 2018
Тошкентда 11 ноябрь куни Рауф Парфига бағишланган тағин қаршиликка учраган тадбирга келган бир гуруҳ зиёлилар даврасида ўзбек мухолифати лидери, ...
17 сентябр 2024
Қашқадарëдаги мактаб директорининг қонунга зид қилмишлари ва чек-чегараси йўқ ўзбошимчалиги ҳақида матбуотга хабар етказгани ортидан айни директор аризасига асосан ...
12 сентябр 2017
«Элтуз» нашрининг Фарғона вилоятидаги манбаларига кўра, туманларнинг узоқ ҳудудларида ўқитувчи, шифокор ва талабалардан таркиб топадиган терим отрядлари учун ётоқ ...
26 сентябр 2016
Бугун қишлоқда энг муҳим иш пахта йиғим-терими бўлиб турибди. Ҳокимият вакиллари пахта бу сиёсат эканини айтиб, ўқитувчи ва шифокорларни, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...