Асосий мавзулар
13 октябр 2021

Ўзбек фаоллари Британиядаги торилар партияси донорини судга тортишни сўрамоқда

Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг бир гуруҳ фаоллари Буюк Британия ҳукуматини мамлакат фуқароси Муҳаммад Амерсига нисбатан Telia-Takilant келишуви натижасида у эга бўлган активларни мусодара қилиш бўйича фуқаролик даъвоси қўзғашга чақирди.

Бу ўринда гап Швециянинг TeliaSonera (Telia илгари шундай номланган) компанияси Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага Takilant Limited компанияси воситасида пора берганига тақалади.

Кейинчалик TeliaSonera ва Takilant ўртасидаги келишув Гулнора Каримова учун 220 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олиш канали вазифасини ўтаб бергани аниқланган.

Маълум бўлишича, дастлаб TeliaSonera 30 миллион доллар пора тўлаган ва  TeliaSonera Uzbek (Ucell) компаниясининг 26% акциясини Takilant Limitedга ўтказиб берган. Бу пора Ўзбекистоннинг юқори даромадли мобил алоқа бозорига кириш мақсадида берилган.

TeliaSonera 2007 йил 24 декабрда имзоланган келишув амалга ошган тақдирда 2019 йил 1 январдан кейин Takilantдан TeliaSonera Uzbekнинг Гулнора Каримовага ўзи пора сифатида берган 26 фоиз акциясини 112,5 миллион долларга қайта сотиб олиш мажбуриятини ҳам олган.

BBC Panorama дастурида кўрсатилган ва 2021 йил 4 октбярда The Guardian газетасида эълон қилинган мақолада келтирилган янги маълумотларга кўра, айнан шу мажбуриятнинг бажарилишида Муҳаммад Амерси бевосита иштирок этган.

Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларининг Британия ҳукуматига йўллаган мурожаатида айтилишича, гарчи Муҳаммад Амерси бу иддаоларни рад этаётган бўлса-да, мазкур маълумотлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан синчиклаб текширилишни талаб этади.

Зеро, янги маълумотлар у Каримованинг Takilant оффшор компанияси ва Telia ўртасидаги келишувнинг амалга ошишига воситачилик қилгани учун сезиларли миқдорда ҳақ олганидан дарак беради.

“Британия ҳукумати бундай шубҳали келишувларга профессионал хизматлар кўрсатиш орқали воситачилик қиладиган ҳуқуқшунослар, бухгалтерлар ва консультантларга аниқ ишора берадиган вақт етиб келди”, дейди мурожаатни имзоланганлардан бири, Берлинда жойлашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми директори Умида Ниёзова.

“Марказий Осиё каби минтақалардаги иқтисодий ва сиёсий тузилмаларни емирадиган кенг кўламли коррупциядан хоҳ билиб, хоҳ билмай фойда олиш ёки унга кўмаклашишга умуман йўл қўйиб бўлмайди”, деб таъкидлайди Умида Ниёзова.

Telia ва Takilant ўртасидаги келишувнинг коррупцион тусда эканлиги жуда кўп юрисдикцияларда ўз тасдиғини топган. Биринчидан, 2016 йил 20 июлда Амстердам округ суди Takilant компаниясини хорижий давлат амалдорини сотиб олишда ва пора бериш учун ҳужжатларни сохталаштиришда иштирок этганликда айбдор деб топди.

Бу қарордан сўнг 2017 йилда сентябрда Telia Нидерландия прокуратураси, АҚШ қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги билан хорижда пора бериш ишини ҳал этиш учун ўзаро муроса шартномасини имзолади.

BBC ва The Guardian қўлга киритган ҳужжатлар Муҳаммад Амерсининг порахўрлик алоқаларидаги иштирокини тасдиқлайди. У 2009 йил охири ва 2010 йил бошларида TeliaSoneraнинг Takilant олдидаги мажбурияти бўйича музокараларда фаол қатнашган.

Бу музокаралар давомида TeliaSonera раҳбарияти Takilant Limitedнинг TeliaSonera Uzbekдаги 20 фоиз улушини 220 миллион долларга сотиб олишга розилик берган. Бу эса 2007 йил охирида имзоланган келишувдагидан қарийб 100 миллион доллар кўпроқдир.

Бу келишув муваффақиятли амалга оширилгани учун 2010 йилда Муҳаммад Амерси 500 000 доллар миқдорида гонорар олган ва пул Швейцария банкига ўтказиб берилган. Банкдаги мазкур ҳисоб рақами Амерсининг Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтган компанияси томонидан назорат қилинади.

“Биз жаноб Амерсининг айбдорлиги масаласига баҳо бермаган ҳолда бу масалага Буюк Британия ҳуқуқ амалиёти доирасида аниқлик киритиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Аммо кўпгина юрисдикцияларда жиддий жиноят сифатида тан олинган бу келишувдан у моддий манфаат кўргани ҳақида аниқ далиллар мавжуд. Шунинг учун жаноб Амерси бу келишувдан кўрган фойдани мусодара қилиш ва уни Ўзбекистон халқига қайтариш лозим”, дейилади Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари мурожаатида.

Улар британиялик ҳуқуқшунослар, бухгалтерлар, консультантлар, корпоратив хизматлар таъминотчиларининг трансмиллий коррупцион схемалардаги ролидан жамоатчилик хавотирда эканини ҳам билдирган.

Шунинг учун бу профессионал хизмат кўрсатувчилар ноқонуний келишувлардан билиб-билмай олаётган даромадларини сақлай олмаслигига эришиш муҳимлиги таъкидланган.

“Жаноб Амерси шундай йўл билан қўлга киритган маблағ шаффоф механизм орқали қайтарилса, Ўзбекистон аҳолисининг муҳтож қатлами эҳтиёжларига хизмат қилган бўларди”, дейди мурожаатга имзо чекканлардан бири, Ольстер университети аспиранти ва UzInvestigations ҳамдиректори Дилмира Матёқубова.

Тағин ўқинг
18 апрел 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига борганида Булунғур ва Нуробод туманлари ҳокимлари, туман прокурорлари, туман давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари ...
2 декабр 2024
Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари-2025 мезбонлиги Тошкентдан Баҳрайнга кўчирилди. Осиё олимпия кенгаши Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ўсмирлар ўртасидаги ...
4 сентябр 2018
Швеция пойтахти Стокгольмда 4-сентябр эрталабдан Гулнора Каримовага пора беришда айбланаётган Telia мобил ширкатининг уч нафар собиқ рахбарлари устидан суд ...
3 октябр 2015
Бугун Термиз шаҳрида соат 10-30 атрофида, вахима Президент Ислом Каримов келяпди деб, толиблардан қўрққан ИИБ ходимлари бутун Термиз шаҳрини ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...