Асосий мавзулар
18 май 2022

Наманган солиқ тизимидаги “наҳанглар”

Яқинда “Элтуз”да Наманган вилояти солиқ тизимидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида эълон қилинган мақолага мамлакатнинг тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари эътибор қаратмади.

“Элтуз” манбасининг маълум қилишича, мақола чоп этилгандан сўнг унинг “қаҳрамон”ларидан бири – Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси (ДСБ) бошлиғи Адҳам Тилаволдиев барча ходимларидан шубҳаланиб, бу маълумотларни тақдим этганларни излашга киришиб кетган.

“Энди солиқ тизимидаги энг йирик наҳанглар, яъни энг катта коррупционерлар тўғрисида янги маълумот тақдим этсак, уларга чора кўришар, деган умиддамиз”, дейди манба “Элтуз”га йўллаган навбатдаги мактубида.

Унинг ёзишича, ДСБ бошлиғи Адҳам Тилаволдиев солиқ тизимида кўп йиллар юқори мансабларда, хусусан, Фарғона ва Андижон вилоятлари ДСБда раҳбар лавозимларда ишлаб келган.

Лекин 2013 йилда Давлат солиқ қўмитасининг ўша пайтдаги қудратли раҳбари Ботир Парпиевнинг жияни, Марказий банкнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи билан чиқишмай қолганидан сўнг қўрққанидан ўз аризаси асосида ишдан бўшаган.

“Ўзбекистон бошқарувидаги ўзгаришлардан кейин 2017 йиллар охири – 2018 йил бошида Тилаволдиев фарғоналик юқори лавозимдаги қариндошлари орқали солиқ тизимига қайтади. 2018 йилнинг 2-ярмидан Наманган вилояти ДСБ бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда”, дейди манба.

Унинг сўзларига кўра, Тилаволдиев бошқа вилоятларда қилганидек пул ювиш амалини бу ерда бошлиқ бўлган куниданоқ бошлайди. Солиқ идоралари биноларини капитал таъмирлаш баҳонасида катта миқдорда пул ажратиб, яхшигина “откат” берадиган қурувчиларга ишларни бажартиради.

“Ҳатто Наманган шаҳри давлат солиқ инспекцияси биносини таъмирлаган “Стандарт” МЧЖ Тилаволдиевнинг Фарғонадаги боғида текинга катта молхона қуриб беради. Бундан ташқари, унга қарашли ишлаб чиқариш бино-иншоотлари қурилишига ҳам кўмаклашади”, дейилади “Элтуз” ихтиёридаги маълумотларда.

“Элтуз” манбаси Тилаволдиевнинг “жиноятлари”га ҳуқуқ-тартибот идоралари кўз юмиб келаётганининг асосий сабаби унинг солиқ тизимига қайтишига кўмаклашган инсонлар эканини таъкидлади.

Айтилишича, ДСБ бошлиғининг коррупцион жиноятларига шериклардан бири солиқ текширувлари бўлими бошлиғи Орифжон Набижоновдир. У тадбиркорлардан аниқланган камчиликларни ёпиш эвазига катта миқдорда пора олиб, жуда катта шахсий бойлик орттирган.

“Янгиқўрғон туманида Набижоновнинг катта-катта ерлари, ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд, шаҳарда 3 та квартираси бор. Бундан ташқари, ўша туманда унинг пулларини айлантирадиган фирмалар бўлиб, улар ҳеч қачон текширилмайди”, дейди манба.

У келтирган маълумотларга кўра, айнан Набижоновнинг ходимлари 2018-2019 йилларда Наманган вилояти газ ва Қамчиқ автойўл корхоналарини текшириб, 5-6 миллиард сўмликдан зиёд камомадни аниқлашади:

“Республикадан одам аралашиб, Тилаволдиев орқали катта пора эвазига иш ёпти-ёпти бўлиб кетади. Ҳатто камомад тўғри ҳисоблангани бўйича солиқ қўмитасининг хатлари мавжуд бўлса-да, босим натижасида актга бу катта суммалар ёзилмасдан қолган”.


“Элтуз” манбаси Тилаволдиевнинг ишончли шерикларидан бири сифатида камерал текширув бўлимига 2018-2019 йилларда бошлиқ бўлган Набижон Маҳкамов номини ҳам келтирган.

Айни пайтда Чуст тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари сифатида ишлаётган бу шахс солиқ биноларини таъмирлаш учун қурувчи топиш, ажратилган пулларни талон-тарож қилиш, йирик тадбиркорлардан пора олишда воситачиликда иддао қилинади.

“Набижон Маҳкамовнинг Косонсойда 2 та ҳовлиси, 1 та коттежи, нотурар жой бинолари, шаҳарда 2 та квартираси, “Жентра” машинаси, аёлида “Трекер” бор. Албатта, давлат берадиган 5-10 миллион ойликка бу даражада бойиб кетиш жуда қийин”, дейди манба.

Тилаволдиевнинг Намангандаги энг асосий шерикларидан бири сифатида 2020 йилдан камерал текширув бўлими бошлиғи сифатида ишлаган, кейин эса барча сирлар очилиб кетилишининг олдини олиш мақсадида силлиққина ишдан бўшатилган Рустам Баҳриддинов номи айтилади.

Манбанинг маълумот беришича, Баҳриддинов айланма маблағи катта тадбиркорларни текшириш билан қўрқитиш орқали уларни 3-5 минг доллардан пора беришга мажбур қилиб келган.

Пора бермаган тақдирда эса жамики камчиликлари кўтарилиб, камчилиги топилмаган тақдирда бўҳтон қилиб бўлса ҳам катта миқдорда солиқ яширилган, деб топилиб, ҳужжатлар прокуратура департаментига оширилган.

«Элтуз»га жўнатилган раддия нусхаси

Энг қизиғи, текширишда катта миқдорда яширилган солиқ тушумларини аниқланиб, акт якунлангандан кейин ҳам корхона билан келишиб қолинса, текширишда аниқланган камомадлар нотўғри экани тўғрисида хулоса тайёрланган.

“Элтуз” манбаси 2021 йил март ойидан камерал текширув бўлимига бошлиқ лавозимига келган Жобир Насриддинов ҳам Тилаволдиевнинг ишончи одамларидан экани, унинг “ҳомийлиги”да вилоятда яширин тадбиркорлик корхоналари сони ортганини билдирган.

Манба унинг жуда катта миқдорда “ноқонуний орттирилган бойлиги”ни санар экан, битта коррупцион ҳолатдаги иштирокини мисол тариқасида келтиради.

У тақдим этган маълумотларга кўра, “Азизбек стронг” МЧЖ узоқ йиллар катта миқдордаги пора эвазига ноқонуний ишлаб келган. 2021 йил якунида Давлат солиқ қўмитаси фирмани хуфиёна ташкилот деб топиб, вилоят ДСБ ходимларига камерал текширувга беради.

Унгача хуфиёна корхоналар рўйхатидан чиқариш учун “Азизбек стронг” МЧЖ раҳбари қўмита ходимларига 20 минг АҚШ доллари таклиф этган, лекин улар кўнмаган.

Шундан сўнг Наманган вилояти ДСБ камерал текширув бўлими ходимлари шу сумма эвазига жиноят иши қўзғатмасдан корхонани банкротлик асосида тугатиб беришга келишишган.

“Энг қизиғи, текшириш давомида корхонада 5-6 миллиард сўм солиқ қарздорлиги келиб чиққанига қарамай, МЧЖ балансидаги хатланиши лозим бўлган катта юк машиналари бемалол балансдан чиқариб олинган.

Давлат солиқ қўмитаси вакиллари бу ўрганишларга шубҳа билдириб, хизмат текшируви тайинлаганидан кўп ўтмай ўртага яна пора аралашиб, иш ёпилиб кетди.

Жобир Насриддинов бир чеккада қолиб, унинг ўринбосари ва фирмани текширган ходимларга арзимаган жарима тайинланиб, бошқа бўлимларга ўтказилиши белгиланди. Аммо улар бугун ҳам эски жойида соққа қилиб ётишибди”, дейилади “Элтуз”га келган маълумотда.

Манба Адҳам Тилаволдиев билан боғлиқ яна бир коррупцион ҳолатни тилга олган. Унинг билдиришича, Тилаволдиев 2020 йилда солиқ ходимларига кўп қаватли уй қуриш масаласида Наманганда номи чиққан қурувчи Войит ҳожи (лақаби Войит Темирбетон) билан келишиб, ундан 50 минг доллар пора олган.

Бироқ 2021 йил мартга келиб қурилиш учун ажратилган ер майдони масаласи ҳал бўлмай қолади ва Войит ҳожи 50 минг доллар пулини қайтариб беришни сўрайди. Аммо солиқчилар пулни қайтармаслик йўлларини қидиради.

Тилаволдиевнинг топшириғига асосан, Войит ҳожига тегишли “Namangan temir beton buyumlari zavodi” МЧЖ, “Jiydakapa industry” МЧЖ, “Alfa Rovuston” МЧЖ, “Namangan pharm plant” МЧЖ, “Plant industry” МЧЖ ва бошқа корхоналарга 2021 йил апрель-май ойларида тўлиқ камерал солиқ текшируви тайинланади.

Уларнинг ҳар бирида 400-500 миллион сўмдан камомад аниқлаб, корхона раҳбарларини департаментга чиқарамиз, деб қўрқитишади. Алал-оқибат Войит ҳожи бошини оғритмаслик учун берган 50 минг доллар пора пулларидан кечишга мажбур бўлади. Шу тариқа ҳисобланган камомадлар ўз-ўзидан йўқолиб, арзимаган 1-2 миллион сўм камомад билан далолатномалар ёзилган.

“Хуллас, Тилаволдиевнинг коррупцион кирдикорлари тўғрисида ёзадиган бўлсак, жуда кўп. Кейинги сафар сизга вилоят ДСБ ва шаҳар солиқ инспекцияси бошлиқлари ва ходимлари ҳамда Тилаволдиевнинг қўшилган қиймат солиғи суммасини экспортёр корхоналарга қанча пора эвазига қайтаргани ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар тўғрисида маълумот бераман.

Тилаволдиев, айниқса, унинг 2 ўринбосарига оид жиноятларнинг ўзи бутун тун ўқиладиган асар бўлади. Тез кунда кўришгунча”, деб мактубини якунлаган “Элтуз” манбаси.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 январ 2020
Биров бир нима деса, дарров лаққа тушма. Кишининг гапига қулоқ сол, аммо билганингдан қолма. Етти ўлчаб бир кес. Бу ...
15 март 2023
«Бриллиант қўл» кинофильми қаҳрамони чет элда «ит одамга дўстдир» «бизда эса домком дўстдир» дейди. Ўзини «домком» ëки «этажком» деб ...
1 октябр 2024
Cалом қадрли мухлислар, ниҳоят Элтузга келган хатларни ўқиш навбати етиб келди. Навбатдаги бешта мактуб, Ўзбекистоннинг Наманган, Бухоро ва Тошкент ...
24 март 2021
И – бу иккиюзламачилик. Х – бу Хоразм. ММ – бу мансабдорлар/ментлар. П – бу педофилия. УР – Учинчи ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...