Асосий мавзулар
8 ноябр 2022

Cotton Campaign: Ўзбекистон пахта саноатида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавфлар сақланиб қолмоқда

Cotton Campaign коалицияси 7 ноябр куни эълон қилган янги матбуот хабарида Ўзбекистондаги мавжуд барча ишлаб чиқариш соҳаларида мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва бу юзадан ишчилар назоратини ўрнатишга чақирди.

«Ўзбекистон ҳукумати ва маҳаллий пахта компаниялари пахта теримида давлат иштирокидаги мажбурий меҳнатга чек қўйиш ва халқаро меҳнат стандартларига жавоб берадиган пахта саноатини ривожлантириш борасида эришилган ютуқларни ҳимоя қилиш учун зудлик билан чора кўришлари керак», – дейилади жумладан Cotton Campaign баёнотида.

Ўзбек Форум томонидан эълон қилинган “Пахта хроникаси – 2022: Ўзбекистон пахта терими кузатувлари” номли 2022 йилги пахта терими бўйича фуқаролик жамияти мустақил мониторингининг дастлабки хулосалари шуни кўрсатадики, мажбурий меҳнатга барҳам беришга қаратилган сиёсий ирода кучлилигича қолаётган бўлса-да, шу пайтгача эришилган ютуқлар хавф остида қолмоқда ва ислоҳотларни кучайтириш зарур. Ўзбекистон пахта саноатида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавфлар, жумладан, фермерларнинг мажбурий меҳнати ва эксплуатацияси хавфи сақланиб қолмоқда.

“Ўзбекистон ҳукумати давлат иштирокидаги мажбурий меҳнатга барҳам берганидан бери илк бор ўтказилган ушбу терим, меҳнат ҳуқуқлари бузилишини назорат қилиш ва ҳисобот беришнинг ишчилар томонидан бошқариладиган механизмлари бўлмаса, ислоҳотлар хавф остида эканлигини кўрсатди” – деди Аллисон Гилл, Cotton Campaign қошидаги Глобал Меҳнат Адолати-Халқаро Меҳнат Ҳуқуқлари Форуми (ГМА-ХМҲФ) Мажбурий меҳнат дастури директори.

“Ишчилар ва фермерларнинг уюшмалари эркинлиги мажбурий ва эксплуатацион меҳнатдан холи пахтачиликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун зарурдир” дейди у.

Қолган хавф-хатарлар саноат ва ҳукуматнинг фуқаролик жамияти, фермерлар ва ишчилар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари билан ҳамкорлик қилиши ҳамда ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида ҳуқуқлар бузилишининг олдини олиш ва юмшатиш учун мустаҳкам механизмларни жорий этиши зарурлигини англатади. Бу механизмларнинг яратилиши Ўзбекистонни барқарор пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи асосий давлатга айлантиришнинг ягона йўлидир, – дейилади Cotton Campaign ҳисоботида.

Дастлабки хулосалар шуни кўрсатадики, асосий юқори лавозимдаги амалдорлар томонидан доимий равишда маҳаллий мансабдорлар мажбурий меҳнат ёки мажбурлов усулларини қўлламасликлари кераклигини билдиришига, пахта етиштириш бўйича давлат буюртмаси бекор қилинганига қарамай, ҳукумат ҳосилни йиғиб олиш устидан қаттиқ назоратни давом эттирмоқда ва алоҳида ҳудудлар бўйича амалда ишлаб чиқариш режалари сақланиб қолмоқда. Ўзбек Форуми мониторинги натижасида шундай ҳолатлар аниқландики, ишлаб чиқариш кўрсаткичларини бажариш учун туман ва вилоят ҳокимиятларига бўлган босим кўнгиллилар меҳнати етарли бўлмаган ҳудудларда мажбурий меҳнатга олиб келган. Бундан ташқари, фермерлар «кластерлар» деб номланувчи ширкатлар томонидан эксплуатация қилиниб, хабарларга кўра, минглаб фермерлар кафолатланган минимал нархсиз, ҳамда кўпинча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ошириб юборилган бўш шартномаларни имзолашга мажбур бўлмоқда.

“Пахта бойкоти бекор қилинганидан сўнг, жаҳон кийим-кечак брендлари Ўзбекистонни кузатмоқда ва уларни ушбу мамлакатда харид қилишни бошлашга ундайдиган хавфларни камайтириш белгиларини изламоқда”, – деди Cotton Campaign ҳаммуассиси ва АҚШ Давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича ёрдамчисининг собиқ ўринбосари Беннет Фриман.

Унинг сўзларига кўра: “Ўзбекистон ҳукумати ва кластерлари қолган камчиликларни бартараф этиши ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга содиқлигини намоён этиши керак. Ислоҳотлар орқага эмас, олдинга силжиш вақти келди”.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ва Ўзбек Форуми мониторлари томонидан ҳужжатлаштирилган далиллар шуни кўрсатдики, одамларни далага мажбурлаш ҳаракатлари маълумотлар оммага эълон қилиниши биланоқ тўхтагани ва расмийлар зудлик билан бунга муносабат билдираётгани умид берувчи сигналдир. Худди шундай хабарлар, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг, ерларнинг ноқонуний олиб қўйилиши ёки фермерларга нисбатан ички ишлар томонидан зўравонлик каби бир неча ҳолатларга нисбатан юқори даражадаги ҳукумат амалдорлари чора кўрди. Бироқ, давлат иштирокидаги мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳамда жаҳон брендлари ва чакана савдо компанияларини Ўзбекистонга узоқ муддатли истиқболда инвестиция киритиш учун жалб қилиш бўйича эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш учун махсус чоралар етарли эмас, – дейилади Cotton Campaign баёнотида.

Ҳозирги вақтда ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича тегишли текширув ўтказиш Ўзбекистондан маҳсулот сотиб олишга қизиққан ҳар қандай бренд учун ҳақиқий муаммо бўлади. Бунинг асосий сабаби – жойларда мустақил мониторинг қилиш имкониятларининг пастлиги, уюшмалар эркинлигини чеклаш, фуқаролик жамияти мустақил гуруҳларини рўйхатга олиш ва фаолиятини чеклашнинг давом этиши билан боғлиқдир.

“Ўзбекистондан ип ва тўқимачилик маҳсулотларини масъулият билан етказиб беришни рағбатлантириш учун Ўзбекистон ҳукумати ва кластерлар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда фуқаролик жамияти ва ишчиларнинг ўзлари томонидан бажарилган ижобий ролни қабул қилишлари керак”, – деди Cotton Campaign координатори Ралука Думитреску.

“Бу компанияларга Ўзбекистондан маҳсулот сотиб олишни бошласа, инсон ҳуқуқларини текшириш, таъминот занжири ва импортни тартибга солувчи миллий қонунчиликни бузмаслигига кафолат беради”.

Манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашган ҳолда, Cotton Campaign мажбурият бекор қилингандан сўнг брендлар ва уларнинг етказиб берувчилари Ўзбекистондан ип-калава, мато ва тайёр маҳсулотларни масъулият билан сотиб олишни бошлашларини таъминлаш учун “Масъулиятли етказиб бериш дастури рамкаси” лойиҳасини ишга туширди. Cotton Campaign халқаро брендлар ва Ўзбекистон саноати билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олиш ва юмшатиш учун ишчиларга асосланган механизмларни яратиш учун илғор халқаро тажрибалар ва иштирокчи бошқарув моделларига асосланган тажриба дастурларини ишлаб чиқади.

2022 йилги пахта терими барча туманларда ноябр ойи охирига қадар якунланиши кутилмоқда. Дастлабки хулосалар 2022 йил сентябрдан октябргача тўпланган далилларни акс эттиради. Ўзбек Форуми 2023 йилнинг биринчи чорагида тўлиқ хулосаларнинг батафсил таҳлилини эълон қилади.

Cotton Campaign – инсон ва меҳнат ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва чакана савдо ассоциациялари, масъул инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва академик ҳамкорлар коалицияси мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва Марказий Осиёда пахта ишчилари учун муносиб меҳнатни рағбатлантириш учун бирлашган коалициядир.

Глобал меҳнат адолати – Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми (ГМА-ХМҲФ) янги бирлаштирилган ташкилот бўлиб, глобал қиймат занжирлари ва меҳнат миграцияси коридорлари бўйича тармоқлараро ишларга стратегик куч олиб келади. ГМА-ХМҲФ Cotton Campaign ни мувофиқлаштиради.

Ўзбек Форуми – Берлинда жойлашган нодавлат ташкилот бўлиб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган. 2010 йилдан буён Ўзбек Форуми Ўзбекистон пахта теримининг ҳар йили мустақил мониторингини олиб боради.

Тағин ўқинг
27 октябр 2015
Ҳеч телевизор кўрмайман. Лекин қандай қилиб бугун ишдан келиб телевизор пултини қўлимга олиб, Ўзбекистон телеканаллари бўйлаб “ўтлаб” кетганимни билмай ...
16 ноябр 2020
Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланди. Жорий қилинган бу ...
6 апрел 2016
Рассом Элсевар яна бир бор Eltuz.com муштарийлари эътиборини Ўзбекистондаги ҳукумат амалдорлари томонидан амалга ошираётган ёввойилик, мамлакатнинг экофондини йўққа чиқаришга ...
23 сентябр 2023
«Украина Қуролли Кучлари Россиянинг Вербово мудофаа линиясини ёриб ўтди ва олдинда янада каттароқ зафарлар кутилмоқда», деди «Таврия» қўшинларининг тезкор-стратегик ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...