Рамзаннинг хотинлари ва канизаклари…
Рамзан Қодировнинг тўртта хотини ва кўплаб «чўрилари» ва “канизаклари” бор. Уларнинг айримлари ҳали вояга етмай туриб Рамзандан фарзанд ҳам кўришган.
«Проект» медиа гуруҳи 17 июн куни Чечен ҳукмдорининг хуфия сирлари, унинг қандай ҳокимият тепасига келгани, 20 йил давомида қандай жиноятлар қилгани, ҳокимиятни бошқараётгани ҳақидаги суриштирувни тақдим қилди.
”Ўтган йиллар давомида биз бачканалик дея аташ мумкин бўлган ўрта асрга ҳос маросимлар гувоҳи бўлдик. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг кўплаб қизлари ва ўғиллари, жиянлари ва куёвлари бирин-кетин юқори лавозимларни эгаллашди – улар Чеченистон ҳукумати вазирликлари ва хизматларини бошқариб, юксак мукофотлар, унвонлар ва бошқа сиёсий мақомларига сазовор бўлишди. Бу қадимги подшоҳлар давридагига менгзайди. Чунки ҳукмдорнинг яқинлари юксак сиёсий унвонларини хизматлари учун эмас, балки қон ҳуқуқи борлиги, яъни ҳукмдорнинг қариндоши бўлишгани учунгина олишган.
Аввалига Қодировнинг тўнғич ўғли Ахмат кўпчилик назарида энг севимли валиахдга айлангандек туюлди. 2023 йилнинг бошида у 17 ёшида уйланди. Бу эса репер Тимати томонидан олинган кичик Қодировнинг тўй кортежидан лавҳа.
Видео
Суриштирув гуруҳи бош муҳаррири Роман Баданин ва журналист Михаил Магловлар рахбарлигидаги журналистлар гуруҳи тайёрлаган фильмда шунингдек таъкидланишича, Рамзан Қодировнинг тўртта “асосий” рафиқаси бўлиб, улар Медни Қодирова, Фотима Хазуева, Аминат Аҳмадова ва Замира (Паспортига кўра Индира) Жабраиловалардир.
Шу билан бирга, суриштирув гуруҳи қимматбаҳо мол-мулкларни яшириш мақсадида Медни Қодированинг Медни Мусаева номига расмийлаштирилган иккинчи паспортга ҳам эга эканлигини очиқлаган.
Шунингдек, Қодировнинг «канизаклари» ҳам бор. Нашр манбаларининг таъкидлашича, у қизлар билан жинсий муносабатга киришиш жараёнида маҳаллий муллаларга шаръий никоҳ – исломий диний актни расмийлаштиришни буюрган.
“Қизлар зинокорликда айбланмасликлари учун шундай суғурта қилинади, гарчи бу уларга кўпам ёрдам беравермайди. Чеченистонда Султон қизлигини олиб, бузуқчилик қилган собиқ канизак тамғаси остида яшайдиган кўплаб гўзал қизлар бор, шу боис уларни ҳеч ким хотинликка олмайди», – дея билдирилади суриштирув материалларида.
Рамзаннинг пропагандачилари, 42 ёшли Медни Қодирова унга 14 нафар бола туғиб берганини таъкидлашади. Аммо бу ҳам ҳақиқат эмас, чунки Қодиров Россия қонунларига кўра, никоҳи расман тан олинмаган «канизаклари»нинг фарзандларини шунчаки ўзлаштириб олади.
“Бизнинг суҳбатдошимиз шундай бир оилавий драмага гувоҳ бўлганини эслайди. Фотима Рамзаннинг уйига келганида фарзандларидан бирини қучоқламоқчи бўлган, аммо отаси буни қатъиян ман қилган”, дея мисол келтирилади суриштирув филмида.
Журналистлар, шунингдек, чечен гўзали Хазуеванинг 2006 йил баҳорида Чеченистон тарихидаги ягона гўзаллик танловида қатнашиб иккинчи ўринни эгаллагани тафсилотларини аниқлашди. Уларнинг таъкидлашича, танлов Қодиров учун махсус ўтказилган, унда ҳатто ташқаридан бирор бегона томошабин ҳам бўлмаган.
«Буни ахлоқий зеҳниятлар билан изоҳлашга уринишади, лекин аслида сабаб жуда оддий – Рамзан шунчаки ўз хотинлари учун махсус шоу томоша уюштирган эди», дейилади материалда.
Хазуева бу танловда иштирок этаётган пайтида аллақачон ҳомиладор эди, у 14 ёшида эди ва ҳали мактабда ўқир эди.
Ўша танловда биринчи ўринни Замира (айни пайтда Индира) Жабраилова эгаллади. “Мусобақа кунларида Замира ҳам 14 ёшида эди, у отасиз ўсган. Унинг отаси урушда ҳалок бўлган. Шундан атиги бир ярим йил ўтгач Замира Рамзанга Одам Қодировни туғиб берган. Бироқ бу фарзанд ҳам дастлабки куниданоқ бошқа аёлнинг ўғли сифатида тақдим этилади”, – дея таъкидланади журналистлар суриштирувида.
Рамзаннинг кўплаб болалари қаторида унинг асаби чатоқ учинчи ўғли Одам Қодиров ҳақида ҳам фильмда алоҳида сўз боради. Шу йилнинг кузида 15 ёшга тўлган Одам Грознийдаги ҳибсхонада 19 яшар маҳкум Никита Журавлевни аёвсиз дўппослагани акс этган видео тарқалган эди. Қуръонни таҳқирлаганликда айбланиб ҳибсга олинган россиялик йигитни ҳар қандай қонунга хилоф равишда Чеченистонга олиб келишган. У ерга эса боланинг ақлини киритиб қўйиш учун Грозний шохининг ўзи ва канизагидан бўлган боласи ташриф буюрган. Шоҳ кузатиб турган, шаҳзода дўппослаган.
Энг қизиғи қонуннинг бу даражада қўпол бузилишини Россиянинг каттароқ сиёсатчиларидан бирортаси қоралашга журъат этолмади. Аксинча диктаторнинг 15 яшар зумрашаси мукофот ва унвонларга кўмилди. Ҳали вояга етмаган бўлсада отасининг ҳавфсизлик хизмати командирларидан бири этиб тайинланди ва Россиянинг турли минтақаларида тўққиздан ортиқ нишон ва унвонлар билан тақдирланди.
Рамзаннинг ўзи ҳам 15 ёшидан урушда қатнашгани, 16 ёшида биринчи Россиялик аскарни ўлдирганини айтиб мақтаниб юради.
“Мен 15 ёшимдан бери курашаман. Уруш нима эканлигини биламан. Мен зўр жангчи, яхши стратегман. Жанг қилишни яхши кўраман. Мен урушда туғилганман, десам ҳам бўлади”, дейди Рамзан Қодиров 2020-йилда берган интервюсида.
Бироқ, унинг бу гаплари ёлғон. Қодиров 15 ёки 16 ёшида жанг қилмаган. Чунки ўша пайтда Чеченистонда уруш бўлмаган. У 1995-96 йилларда у жанг қилмаган, дея ёзади суриштирув муаллифлари ўз манбаларидан иқтибос келтириб.
Ҳар қандай диктаторлар каби, Қодиров атрофи ҳам афсоналар билан ўралган ва бу афсоналарнинг катта қисмини унинг ўзи яратган. Шуларнинг бири унинг мустақиллик кураши қаҳрамони бўлгани ҳақидаги гапларидир. У кўпроқ кўрпа остида аёллар билан жанг қилган десак тўғрироқ бўлади. Чунки суриштирув материаллари ва гувоҳларига кўра, вояга етмаган қизларнинг бокиралигини олиш ва педофилизм сохасида Чеченистонда Рамзаннинг олдига тушадигани йўқ.
“Қодиров бокира қизларни, мактаб ўқувчилари ёки биринчи курс талабаларини хуш кўради. Унинг кўплаб ёш чечен қизлари контактларини назорат қилувчи ёрдамчиси бор. Бу қизлар сони ўнлаб, эҳтимол юзлаб бўлиши мумкин» дейди Қодировнинг танишларидан бири суриштирувда.
Ҳатто Путин Россиясида ҳам президент қотиллик, жиноий дунё билан алоқадорлик, коррупция, ўғирлик ва бойликка кўмилиб яшашини кўз-кўз қилган юқори мансабдор шахсларни жазолайди. Сиз тушунганингиздек, буларнинг барчаси Рамзан Қодировга тааллуқли эмас. Унинг жиноий ҳаракатларига юзаки қараб келинади, бунинг учун унга ҳеч нарса қилинмайди. 2004-йилда отасининг шубҳали ўлимидан бошлаб ҳисобласак, кичик Қодиров ўз минтақасини Россиядаги бошқа ҳукмдорлардан кўра кўпроқ, 20 йил давомида бошқарган. Бу йиллар давомида Путин бу жиноятчи мулозим билан камида 30 марта учрашган ва деярли ҳар доим музокаралардан сўнг Қодиров, масалан, мана бундай ёки бу каби бошқа фотосуратларини тармоққа жойлаштирган:
Биз Россиянинг юқори лавозимли амалдорларидан бири билан суҳбатлашганимизда Қодировнинг дахлсизлиги сири нимада, деб сўрадик. “Таслим қилинганган Чеченистон. Бу Путин ҳукмронлигининг асосидир, унинг ўзи ҳам шундай тарзда президент бўлган. Ишғол қилинган Чеченистон раҳбари қабиҳ бир одам экани эътироф этилаётган бўлса, Путиннинг ўзи ҳақида нима дейиш мумкин” дея иқтибос келтиради суриштирув муаллифлари олий лавозимли Россия мулозимидан.
Лойиҳа бош муҳаррири Роман Баданин Қодировнинг тенгдоши ва ҳамюртидир, унинг яна бир ҳаммуаллифи журналист Михаил Маглов россиялик сиёсатчи марҳум Борис Немцовнинг сафдоши ва яқин дўстидир. Борис Немцов тўққиз йил аввал Чеченистон ҳавфсизлик кучлари томонидан отиб ташланган эди.
Суриштирувда кўпчилик Ўзбекистонда ҳам очиқ гапира олмайдиган мавзу тилга олинган. Элтуз Россияни титратаётган диктаторлар ҳаётига оид кўрсатувларини давом эттиради. Каналимизга обуна бўлинг. Видеоларимизга лайк босинг.