Асосий мавзулар
13 декабр 2019

РТдан ваъз: Мирзиёев популизми

Таниқли мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ президентни популизмда айблади. Популизм нима ўзи? Популизм лотинча populus, яъни халқ деган маънони беради. 

Халқнинг олдига чиқиб, уларнинг оғир муаммоси ва ижтимоий муаммоларини тез ва енгил йўл билан ечишга ваъда бериш популизм дейилади. Яъни халқнинг қулоғига лағмон илиш.

Айни пайтда популизм йўқ нарсаси билан мақтанишнинг ҳам бир тури.

Йигирма йилларча олдин Манғит тарафларда бир ҳикматли гап эшитувдим. Дўмбираси йўқ бир киши одамларни ўзига қаратиб¸ “Мен дўмбирани бундай ушлайдирман, бундай чаладурман”, деб ярим соат гапирибди.

Ўшанда одамлар орасидан бири чиқиб, “Барча шаънинг келишди, қани сенинг дўмбиранг?” дебди.

Қаранг, дўмбира чаламан деган одам умрида дўмбирани қўлида ҳам ушламаган экан.

Мирзиёев прокурорларни коррупцияда айбларкан, уларни МХХ каламушлари деб атайди. Бу гап халққа ёқишини у яхши билади – бу популизм, буни у одамларга ёқиш учун қилади. Бироқ каламушлар дея атаганларнинг бошлиғи Иноятовни у ўз маслаҳатчиси этиб тайинлади.

Айни популизм ҳақида тағин хабарлардан кейин тўхталамиз.   

МАҲАЛЛИЙ ХАБАРЛАР

11 декабрь куни Халқаро матбуот марказидаги тадбирида Экологик партия вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентга вилоятлардан келувчиларнинг прописка билан боғлиқ муаммосини ҳал қилишга оид янги таклифни илгари сурди: 

“Фикримизча, фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади”, деди у.

Бу таклиф амалга ошса, вилоятликлар учун крепостной тузум жорий этилган бўлади, дея фикр билдирди тармоқда бунга жавобан сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Яқинда “Арман Дикий” ўзининг инстаграм саҳифасида “Ғофир Қора” ва “Граф” лақаблари билан танилган Ғофир Раҳимов билан қучоқлашиб, қор қоплони позасида тушган суратини жойлаштирди. 

“Арман Дикий” лақаби билан танилган бу “фраер” Қозоғистонда мухолиф фикрдаги инсонларни йўқ қилиш билан ном чиқарган Арман Жумагелдиевдир.

2019 йили АҚШ визаси учун ариза ёзган ўзбекистонликларнинг 68,06 фоизига рад жавоби берилди. Бу собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг ёмон кўрсаткичдир.

ЧЕТ ЭЛ ХАБАРЛАРИ

АҚШ Молия вазирлиги банклардан 100 миллион АҚШ долларини ўмарган Evil Corp хакерлик гуруҳига алоқадор 6 та рус ширкати ва 17 нафар шахсга санкция киритди. Гуруҳ раҳбарларининг Россия махфий хизматларига яқинлиги очиқланган. Жиноятчилар рўйхатига ўзбекистонлик 29 яшар Азамат Сафаров номи ҳам киритилган.

Ёқут шомони Александр Габишев “Россия президенти Владимир Путинни Кремлдан ҳайдаб чиқиш учун” Узоқ Шарқдаги Ёқутистон Республикасидан Москва сари юришини 8 декабрдан бошлаб давом эттирди.

Эсингизда бўлса, ёқут шомони каби йўл тутган хоразмлик шоир Маҳмуд Ражабнинг Тошкентга “Адолат юриши” уч кунга бормай тўхтатилган, қатнашчилар 10 сутка қамоққа ташланган, воқеани ёритган блогер Нафосат Оллошукурова жиннихонага ётқизилган эди.

ПОПУЛИЗМ

Энди эътиборимизни мана бу расмдаги одамга қаратсак. Куни кеча конституция кунига бағишланган тадбирда бу одамни жаноби олийлари деб аташди (видео)  Бу одам бугунги кунда Ўзбекистоннинг бош популисти. Унинг иши одамларни популистик ваъдалар билан алдашдан иборат. Икки йил олдин Популист Намбер Ван товуқ тухуми ва аччиқ қалампир, лимон шарбатидан  келадиган даромадлар ҳақида оғиз кўпиртириб, одамларни товуқ боқиш ва қалампир етиштиришга даъват қилган эди.

Ундан кейин: “Орқага, Каримов даврига йўл йўқ! У ёққа оборадиган барча кўприклар ёқиб юборилди!” – деди. 

Лекин ўзбек на товуқ боқиб ва на қалампир етиштириб даромад кўрмади. Каримов даврига элтадиган кўприклар ҳам ёндирилмаган экан. Мирзиёев жаноблари шу кўприклардан шундай орқага ўтди-ю, Каримовдан қолган патруль постларини яна тиклашга, Каримовга ўхшаб танқидчи журналисту блогерларни қамашга ва жиннихонага ташлашга киришиб кетди. 

Мирзиёев популизми бошқа популизмлардан фарқ қилади. Бу популизмнинг тормози йўқ. Бошқа популистлар бир-икки қадамлари шармандаликка учраса ёки ўхшамаса, бу ишни тўхтатишади. Лекин Мирзиёев ўз популизмини тўхтатмаяпти, тўхтатиш нияти ҳам йўқ, шекилли.

 
Мана, куни кеча Конституция кунига бағишланган йиғилишда Бош популист яна одамларнинг қулоғига лағмон осмоқчи бўлди. “Блогерлар ва журналистлар! Қўрқмай танқид қилаверинглар! Орқангизда мен турибман!” – деди. 

Зукко одамлар Мирзиёевнинг бу гапини: “Ҳааа! Демак, қўрқмай танқид қилган блогер ва журналистларни Мирзиёев жиннихонага ташлайди ”, деб тушунишди. Айтилган гапларга тескари ишлар қилинса, ҳамма шу фикрга бориши табиий ҳол.

 
“Гапинг рост бўлса, адолат ва сўз эркинлиги тарафдори бўлсанг, Нафосат Оллошукуровани чиқар жиннихонадан, эй, жаноби олийлари!”

 КОНСТИТУЦИЯ 

Яқинда Ўзбекистонда Конституция қабул қилинганининг 28 йиллиги тантанали нишонланди. Ҳеч ким эътибор бермайдиган бу шиорлар тўплами ҳақида билсангиз керак. 

Конституция йилига бир марта эсланади, шу куни президент ва телевизордаги тўтиқушлар оташин сўзлар айтишади. 

Гарчи ҳамма буни ибтидоий қабилаларнинг олов атрофидаги жазавали сакрашига ўхшаш бир ритуал эканини билишади. Сакрашади, сакрашади ва унутилади.

Аслида эса бизнинг ҳеч қачон ишлатилмайдиган Конституциямизда жуда кўп яхши сўзлар ёзилган.

 
Масалан, унинг биринчи ва иккинчи моддаларида Ўзбекистон демократик республика эканлиги, давлат органлари ва мансабдор шахслар халқ олдида жавобгар эканлиги айтилган!

У ёғини ўқишдан маъно йўқ, чунки бугунги кунда Ўзбекистон мамлакатнинг Бош қонуни деб номланган ушбу ҳужжатда ёзилган гаплардан қанчалик йироқ экани аён бўлади.

Ҳар қандай қонунга фақат уни амалга ошириш механизми мавжуд бўлсагина амал қилинади.

Масалан, Германияда Конституцияни ҳимоя қилиш идораси дея аталган махсус орган мавжуд.

Ушбу бўлим доимий равишда барча давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг Конституция моддаларини бузмаслигини назорат қилади.

Бундан ташқари, депутатларнинг Конституцияни бузадиган қонунларни қабул қилмаслигини назорат қилувчи Конституциявий суд ҳам мавжуд.

Адолат юзасидан айтиш жоиз, еттита судьядан иборат Конституциявий суд Ўзбекистонда ҳам бор. Аммо бу ҳақда кимнингдир эшитган бўлиши ҳам даргумон. Чунки Ўзбекистон Конституциявий суди мамлакатдаги бошқа барча давлат идоралари сингари кўр ва кардир. 

Конституциявий суд аслида қандай ишлаши керак? Масалан, бугунги кунда Тошкентда пропискаси йўқ Ўзбекистон турғунлари иккиламчи бозорда Тошкентдан квартира сотиб олишолмайди. Яъни улар фақат янги қурилган бинолардан оддий квартира нархидан бир неча баравар юқори нархда уй сотиб олишлари мумкин.

 
Энди Конституцияни очиб ўқиймиз – унинг 18-моддасида барча фуқаролар тенг ҳуқуқларга, эркинликларга эга ва қонун олдида тенгдирлар, деб ёзилган. 

Ҳуқуқлар тенг

Аммо нима учун Тошкентда пропискаси йўқлар ва пропискаси борларнинг ҳуқуқлари тенг эмас? Ана шу пайт, азизлар, Конституциявий суд келиб, қурилган янги уйларни Тошкентда яшаш ҳуқуқи бўлмаганларга қиммат нархда сотмоқчи бўлаётганларга, “Бу мумкин эмас, чунки бу мамлакатнинг Бош қонунига хилоф”, деб айтиши керак. Конституциянинг ҳимоячиси йўқми, демак у қабул қилинган маълум бир санадагина эсланадиган шиорлар уюми бўлиб қолади.

 Ўзбекистонда “парламент сайлови”

Келаси якшанба, 22 декабр куни Ўзбекистонда парламент сайлови бўлиб ўтади. Бешта сиёсий партиядан 150 депутатни сайлашади. Кейин бу депутатлар мамлакат риоя этиши лозим бўлган қонунларни қабул қилишади. 

Эслатиш жоиз, бу Мирзиёев президентлиги даврида ўтаётган биринчи парламент сайловидир. 

Парламент сайловининг ушбундоқ тури Каримов даврида ўйлаб топилган.

Эҳтимол, қари диктатор тахтда ўтиравериб зерикканидан, турли партияларга бўлинган одамларнинг бир-бирлари билан баҳслашувларини кўришни хоҳлаб қолган. 

Бу эҳтимол унга гўё сувараклар пойгаси каби мароқли бир томоша бўлгандир. Биринчидан, бу қизиқ. Иккинчидан, томоша тугаши билан барча ҳашаротларни яна гугурт қутичасига қайтариб солиб қўйишингиз мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг бешта сиёсий партияси ролларни ўзаро бўлиб олишди.

1. Ўзини “тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати” деб атайдиган Либерал-демократик партия бизнес манфаатларини ҳимоялашни даъво қилмоқда. Айнан шу партиядан президент Мирзиёев номзоди кўрсатилган эди.

2. “Миллий тикланиш” партияси ватанпарварлик, миллий ғурур ва ватанни севишга даъват этмоқда.

3. “Адолат” партияси. Номидан кўриниб турибдики, мамлакатимизда адолатни ҳимоя қилиш учун жонбозлик қилиши керак. У, шунингдек, ижодкор ва техник зиёлиларни бирлаштириб, “ҳуқуқий демократик давлат” яратишни қўллаб-қувватлаётганини айтади.  

4. Халқ демократик партияси Совет Иттифоқидан мерос қолган энг қадимги партия. У компартиянинг аянчли қолдиғи бўлиб, эндиликда ўзини чап қанот партияси сифатида кўрсатмоқда ва “Биз дунё тинчлиги тарафдоримиз” қабилидаги ичи бўш шиорларни кўтариб чиқмоқда.

5. Ўзбекистондаги энг янги сиёсий партия – бу 2019 йилда тузилган Экологик партия. Номидан аёнки, бу атроф-муҳитни яхшилаш учун курашадиган бир партия.

Хўш дегандек, ёмон эмас. Ўзбекистондаги реал воқеликни билмаган одам жамиятнинг турли гуруҳлари манфаатини қамраган партияларнинг парламентга кириш истагидан қувониши ҳам мумкин.

Қандай қўрқинчли сўз бу – мухолифат

Ушбу бешта сиёсий партияни бирлаштирган нарса нималигини биласизми? Тўғри, иқтидордаги президентга муҳаббат ва садоқат. 

Ҳақиқий сайловда ҳар доим сиёсий мухолифат қатнашади. У ҳозирги ҳукуматга нотўғри ишлар қилаётгани ва ўз жойини бўшатиб қўйиши кераклигини айтишга журъат этади.

Собиқ коммунистик партия вакили Ҳотамжон Кетмоновга нисбатан озроқ овоз олса ҳам, аъзолари сони анча кам бўлса ҳам сиёсий мухолифатга сайловда қатнашиш учун изн берилиши керак.

Чунки одамлар норозиликларини нафақат Ютуб каналидаги ушбу видео остидаги изоҳларда, балки мухолифатдаги сиёсий партияга овоз бериш орқали ҳам билдиришга ҳақлидирлар.

Ўзбекларга доимо сиёсий мухолифат ёмон деб уқтириб келишган, мухолифатнинг ёмонлигини эса унинг ҳокимиятни эгаллашга интилиши билан асослашга уринишган. Масалан, 1993 йилда Каримов томонидан яксон қилинган “Эрк” партияси лидери каби.

Бироқ шуни билинг, ҳокимиятга интилиш дунёдаги ҳар қандай сиёсий партиянинг асосий мақсадидир.

Сайлов ҳақиқий бўлган демократик мамлакатларда сиёсий мухолифат ҳокимият тепасига келиб уни бошқариш истагида амалдаги ҳукуматни танқид қилиш билан шуғулланади ва бундан одамларга наф бўлади, дея ҳисоблайди.

Сиёсий партиялар бошқа партиялардаги ўз мухолифларини ҳам танқид қилишади, бироқ уларнинг асосий нишони иқтидордаги партия ва мамлакатни бошқараётган унинг лидери бўлади. Демократия айнан шундай ишлайди.

Ўзбекистонда мутлақ ҳокимиятга эга бўлган президент, бутун ҳаётимиз гапи ва ишига боғлиқ бўлган шахс, ўзининг муқаддас сигир эмаслигини билиши керак. Сиёсий партиялар, биринчи навбатда, мавжуд ҳокимият нималар қилаётганини назорат этиши, иқтидордаги президент ва унинг командаси бошқарувига танқидий баҳо бериши лозим.

 
Бунинг ўрнига бизнинг депутатлар футбол фанатлари каби бўйинларига партиялари рамзи туширилган шарфларни осиб, қарор қабул қилаётганларни эмас, мутлақо бир-бирларини танқид қилишмоқда, орада Мирзиёевга ҳурматлари қанчалик баланд эканини изҳор қилишни ҳам унутишмаяпти.
 
Масалан, экологик партиялар дунё бўйлаб тоза алтернатив энергия манбаларини яратишга чақиришади, қуёш ва шамолдан энергия олишни тарғиб қилишади.  Ўзбекистондаги экологлар партияси эса афтидан ўз атом электр стансиясига эга бўлишнинг афзаллигига одамларни ишонтириш учун тузилган кўринади, чунки президент Мирзиёев бунга қарор берганида ҳеч ким билан маслаҳатлашмаган эди.

Ораларингизда баъзиларингиз эҳтимол айтишингиз мумкин, сиёсий мухолифат қаерда унда, нега у сайловда қатнашмаяпти? 

Ҳа, у 22 декабр куни бўлажак сайловда иштирок этмайди. У йўқ, чунки сўнгги 25 йил ичида сиёсий мухолифат тузмоқчи бўлган одамларни муттасил ва мақсадли равишда мамлакатдан сиқиб чиқаришди, қочишга улгурмаганлар қамоққа ташланди. 

Шуни билинг, ўз маслакдошларингизни бирлаштириш ва Мирзиёевга бўйсунмайдиган ҳақиқий сиёсий партияни тузиш учун Сўз эркинлиги керак. Яъни бунинг учун турма ёки жиннихонага ташланмаслигингизга кафолат керак. 

«Эрк» газетаси журналисти Муҳаммад Бекжон каби 18 йил қамоқда ўтиришни ҳеч ким истамайди. Ҳолбуки, Ўзбекистонда сизни қамоққа ёки руҳий касалликлар шифохонасига ташланишингизни аниқ кафолатлашлари мумкин. Шу боис, сиз учун танлов ҳам, сайлов ҳам йўқ ва 22 декабрь куни сиз бемалол уйда қолишингиз мумкин. 

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Видео: https://youtu.be/t1Qmb2y2VbM

Рассом Туз

Тағин ўқинг
26 ноябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Сочи калта олинган, пастки лаби олдга туртиб чиққан, ўзи сариқдан келган бақувват жуссали бу кишининг тунд ...
11 декабр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com Бугунгача олинган маълумотларга кўра, Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар ўртоғига “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз ...
21 апрел 2017
Ўзбек нашрлари барча савдо субъектларида касса аппарати жорий этилиши ҳақидаги президент қарори ижроси ҳақида ёзаркан, тадбиркорлар ва банклар ўртасидаги ...
24 январ 2017
“Ҳуррият” газетаси (18.01.) янги президентнинг сўнгги вақтлардаги чиқишларидан илҳомланиб, “Чапани чапдан турганда” (рукннинг номи) нималарни айтиб юбориши мумкинлигини ҳукуматга ...
Блоглар
16 январ 2020
Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов шу йилнинг 10 январь куни “Эрк” демократик партияси бош котиби ...
9 январ 2020
Евро-Осиё Иқтисодий Иттифоқига кириш-кирмаслик масаласи бўйича Ўзбекистонда бошланган қизғин муҳокамалардан четда тура олмаяпман. Виждоним йўл ...
6 январ 2020
АОКА блогер ва журналистларни сотиб олиши эмас, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаши зарур. Унинг баёнотлари жуда кулгили. Ваколатлари ...