Вақт машинаси
18 апрел 2020

18 апрель – Аврангзеб мушриклар ибодатхоналарини вайрон қилишни буюрди

Аврангзеб (тож безаги) дея тарихга кирган Абул Музаффар Муҳиддин Муҳаммад Оламгир (1618—1707) Ҳиндистонда Буюк мўғуллар империяси дея аталган давлатнинг подшоҳи эди.

Султон Муҳаммад Аврангзеб Баҳодир Шоҳ Жаҳон ва Мумтоз Маҳалнинг учинчи ўғлидир.

Математика ва фиқҳ бўйича етук олим даражасида илми бўлганини тарихчилар ëзади.

Улкан сулола вакили ва подшоҳ бўлишига қарамай, фақир мусулмон каби кийиниб, камтарона яшагани айтилади.

Аврангзеб Қуръонни ёд билар, талайгина шеърларни ёддан ўқир, ўзи ҳам шеър ёзарди. Аммо қаттиққўл, қон тўкишни оддий бир зарурат деб билувчи тошбағир киши эди.

У қирқ тўққиз йил ҳукмронлик қилиб, 1707 йилда 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида вафот этди.

Ҳиндистонда Ислом динининг ëйилиши Аврангзеб исми билан боғланади. Аврангзеб ўзидан олдинги темурий ҳукмдорларнинг мушрик ва оташпарастларга тоқатлилик сиëсатини тўхтатиб, буддавийлар ибодатхоналарини вайрон қилади.

Мусулмон бўлмаганларга жизя солиғини солади.

Бугунги тил билан айтганда, Аврангзеб сиëсатда ИШИД ва салафийлар форматида иш кўради.

Аврангзеб Ҳиндистонда кенг ëйилган нақшбандийлик ва бошқа суфийлик тариқатларини ширкка тенглаштириб, таъқиб ва тазйиқ остига олади.

Аврангзеб 1658 йилда акаси Доро Шукуҳни асирга олгач, отаси Шоҳ Жаҳонни ҳам тахтдан тушириб, қасрда маҳбусликда сақлайди.

Кўп ўтмай, укаси Муродбахшни ҳам ушлаб зиндонга ташлайди ва ўша ерда бўғиб ўлдиртиради.

Кичик акаси Шоҳ Шужў дарбадарликда Бирма тупроғига ўтиб, ўша ерда бутун оила аъзолари билан бирга қароқчилар қўлида ўлиб кетади.

Катта акаси Доро Шукуҳни динсизликда айблаб, зиндондан олиб чиқади ва шаҳар майдонида бошини кестиради. Ўша куниёқ Доро Шукуҳнинг кесилган бошини лаганга солиб, маҳбусликда ётган касал отаси Шоҳ Жаҳон олдига киритади.

Шоҳ Жаҳон эса маҳбусликда саккиз йил йиғлаб-йиғлаб, кўзи кўр бўлиб, оламдан ўтади.

Аврангзеб эса қирқ тўққиз йил ҳукмронлик қилади.

«Тазкират ул-ҳавотун»да айтилишича, Аврангзебнинг беш ўғли ва беш қизи бўлган. Ўғиллари – Муҳаммад Султон, Муаззам Шоҳ (кейинчалик Баҳодир Шоҳ), Аъзам Шоҳ, Муҳаммад, Амин Ком Бахш; қизлари — Бадринисо бегим, Зебуннисо бегим, Зийнатнисо бегим, Зубдатнисо бегим ва Меҳринисо бегимлардир.

Зебуннисо бегим ўз замонасининг фозила аёлларидан Ҳафиза Марямбону қўлида савод чиқарган.

Отаси Зебуннисонинг шоирлик истеъдодини пайқаб, унга ўз даврининг етук олимларидан Мулло Муҳаммад Ашраф Исфаҳоний ва Мулло Жовонни муаллим қилиб тайинлайди.

Зебуннисо бегим забардаст шоира, етук олима, танбур чертувчи уста созанда ва моҳир хаттот бўлиб етишади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 ноябр 2020
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги Конституция маҳалласида 500 хонадон бор. Уйлардан чиқаётган тутундан эса кўчада нафас олиб бўлмайди. «Ҳамма топганини ...
26 сентябр 2020
Ўзбек эстрадаси хонандаси ва кинолардаги турли роллари билан актриса сифатида танилган 34 яшар Муниса Ризаева очиқ кийинганлиги сабабли ижтимоий тармоқларнинг радикал диндор ва муҳофазакор ...
30 ноябр 2016
26 минут давом этган ББС ўзбек хизмати мухбири Ибрат Cафо билан суҳбати чоғида кичик Ислом Каримов шунингдек онаси Гулнора ...
19 апрел 2022
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли  69 яшар Аъзам Турғуновнинг уйига 19 апрел куни эрталаб 9.00 лар атрофида тинтув ўтказиш қарори билан тўрт ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...