Асосий мавзулар
14 сентябр 2017

Овланган отинлар

Ўзбекистон телевидениесида эфирга узатилган «Отиннинг сўнгги «ови» кўрсатуви ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Кўрсатувда бир гуруҳ аёллар «ноқонуний равишда диний йиғинлар ўтказганлик»да айбланиб, жавобгарликка тортилгани баён қилинган.

Уни кўрган кишининг хаёлига биринчи навбатда Ислом Каримов замонидаги шундай буюртма кўрсатувлар келади. Бу кўрсатув ҳам махсус хизматлар томонидан тайёрлангани яққол сезилади.

Унда Фотима отин Абдуллажонова мамлакатда расман рўйхатдан ўтган бирорта диний билим юртида ўқимагани, шунга қарамай, бир гуруҳ аёлларга диний сабоқлар бериб келгани айтилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, кўрсатувда эфир ортидан янграган овозларда отиннинг дарсини тинглаш оилаларнинг тотувлигига раҳна солаётгани иддаоси англашилади.

Хусусан, ҳатто қўшнилари отиннинг ўзи келинлари билан келиша олмай яшаётгани таъкидланади. Яна бир «тингловчи»нинг оиласида ҳам тинчлик йўқлиги айтилади.

Ижтимоий тармоқларда энг кўп баҳс уйғотаётган мавзу кўрсатув давомида Тошкент шаҳри имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг аёлларнинг бундай тўпланиб, Қуръон ва ҳадисларни ўрганишини макруҳ деб фатво чиқаргани атрофида бўлмоқда.

Биз диний билимимиз билан мақтана олмаймиз. Аммо бу масалада мушоҳада қила оламиз.

Асрлар давомида ўзбек аёллари уйда тўпланиб, бугунги замон тилида айтганда, шундай «диний йиғилишлар» ўтказиб келган.

Ўзбекнинг тарихида машҳур бўлган кўплаб аёллар ана шундай йиғилишларда билимини оширган, дунёқараши шаклланган.

Ўз-ўзидан савол туғилади: демак улар макруҳ иш билан шуғулланиб келган экан-да? Нега шариат асосида яшаган ўтмиш жамиятда йирик диний уламолар уларни бу «макруҳ»ликдан қайтармаган?

Бу саволларнинг жавоблари ўз-ўзидан Анвар қори чиқарган фатвонинг асосли ва ислом дини нуқтаи назаридан тўғрилигига шубҳа уйғотади.

Қолаверса, ислом динида аёлларнинг тўпланиб диний билим олиши макруҳ экани тўғрисида ҳали бирор жойда ўқимаган эдик…

Масаланинг ҳуқуқий томони эса бошқа бир мавзу. Гарчи қонунчилигимиз бундай йиғинларни ноқонуний деб баҳолаётган бўлса-да, жамиятимизда аёлларнинг диний билимга бўлган эҳтиёжини эсдан чиқармаслик керак назаримизда.

Мукаммал бўлмаган ҳар қандай қонунни эса жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб такомиллаштириш имконияти бор.

Демак, бу масалада ҳам қонунчилигимизни такомиллаштириш, ўзбек аёлларининг диний билим олишлари учун етарли имкониятларни яратиш чораларини кўриш керак.

Эркакларимизга диний масалаларда маслаҳат олиш имконияти ниҳоятда кенг. Бу ўринда улар погонли-погонсиз муллалар, имом-хатиблар ёрдамига суянса бўлади.

Аммо аёлларимизда бундай имконият жуда кам. Аёл-қизларга мўлжалланган махсус диний билим юртлари сони озлиги учун «қонуний» билим олган отинлар миқдори ҳам шунга яраша.

Бошқа томондан олиб қараганда, ҳар бир маҳаллада диний маслаҳатчи лавозими жорий этилган. Лекин нега аёллар бу маслаҳатчиларнинг эмас, балки «ноқонуний» отинларнинг суҳбатларини маъқул кўриши масаласини ҳам ўйлаб кўриш вақти етган кўринади.

Бундан ташқари, нега Фотима отин каби диний билими бор аёлларни бу лавозимга жалб этиб, унинг билимидан жамият манфаати йўлида, қонунчиликка тўла мос келадиган шароитларда фойдаланмаслик керак, деган саволга жавоб излаш ҳам ўринли бўларди.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 сентябр 2015
Ўзи мустақилликдан кейин туғилган, мажбурликдан Россияга ишлаш учун келган ёш юртдошимиз «СССР даврида ҳаммаси яхши эди» деди ярим алам ...
22 июн 2016
Рассом Туз ва Элсеварлар қаторига Кирпи тахаллуси билан ижод қиладиган ëш рассом ҳам қўшилди. Шу кунларда Тошкентда истиқомат қиладиган ...
2 октябр 2019
Бугун устозим, ака-дўстим, ажойиб инсон, ўз услуби ва сўзига эга бўлган шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг туғилган куни! Афсус, ...
14 апрел 2017
14 апрел куни тошкентлик журналист Алексей Волосевич, Бухоронинг Ромитан туманида, Газли шаҳар милицияси ходимлари томонидан ушланди. Алексейнинг сўзларига кўра, ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...