Асосий мавзулар
18 сентябр 2017

Муаммоларимизга менталитет сабабми?

Мамлакатимизда ўзгаришлар бошлангандан сўнг матбуотда «нима қилсак мамлакатимиз юксалади» мазмунидаги кўплаб мақолалар чоп этилди, этилмоқда.

Буларнинг баъзисини ўқиб кулгингиз келади, айримларини ўқиб йиғлайсиз. Аксар мақолаларда муаммонинг бош сабаби сифатида бизнинг менталитетимиз кўрсатилади!

Нима эмиш, янада тезроқ ривожланишимизга тўсқинлик қилаётган нарса менталитетимиз эмиш.

Тўғри, 70 йиллик совет тузуми, худосизлик мафкурасида яшадик ва бу ўзбек халқининг мафкурасига муайян даражада таъсир ўтказди.

Аммо бу ўтмиш тузум жаҳондаги илк тамаддунларнинг бири, замонавий билимлар тамал тошини қўйиб берган, Ғарбга ҳам, Шарққа ҳам устозлик қилган миллатни тубдан ўзгартира олмайди!

Мамлакат ривожида ёки ривожланмаслигида менталитет, табиий ресурслар ёхуд географик жойлашув асосий ўрин эгалламайди. Булар иккиламчи омиллар. Буни бизга тарих кўрсатди.

Аксар “зиёлиларимиз” яхши кўрадиган сабаб – менталитетни олайлик. Агар мамлакатда одамларнинг меҳнатига яраша адолатли иш ҳақи тўланмаса, албатта, коррупция, бюрократия урчийди. Қайси мамлакат, қандай маданият, қандай дин бўлишидан қатъи назар.

Чунки асримиз – истеъмол асри. Одамлар истеъмол қилиши керак, бунинг учун пул керак. Адолат учун ҳақ сўралади. Озгина қўшимча даромад олиш илинжида қоғозбозлик, порахўрлик келиб чиқади.

Менталитетимиздаги муаммо назарияси шунчаки музтоғнинг чўққиси, холос.

Буни исботлаш учун мисол келтираман. Шимолий ва Жанубий Корея, Берлин девори қулашидан олдинги Шарқий ва Ғарбий Германия.

Бўлиниб кетгунчаям икки Кореянинг тарихи, маданияти, менталитети бир хил эди. Ҳозирги кунда Жанубий Корея энг ривожланган ва энг бой мамлакатлар қаторига киради. Шимолдаги ҳолатни эса ўзингиз биласиз.

Орадаги бундай катта фарқ ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолмади. Иккинчи жаҳон уришига қадар умуман фарқ йўқ эди. Лекин шундан сўнг шимол ва жануб икки йўлни танлади.

Ресурслар омилини олиб қарайлик. Масалан, ресурсларга Россиядек бой мамлакат бўлмаса керак, аммо унинг иқтисодиёти ҳамон стагнацияда.

Ўзбекистон ҳам табиий ресурсларга бой. Аммо бу омил Россияни ҳам, Ўзбекистонни ҳам энг ривожланган давлатлар сафига кирита олмади.

Сингапур ва Японияда эса ҳеч қандай табиий ресурслар йўқ. Шунга қарамай, улар иқтисодиёти энг ривожланган мамлакатлар қаторида туради. Сингапур ҳатто ичимлик сувни Малайзиядан импорт қилади.

Хуллас, айтмоқчи бўлаётганим, менталитет ҳам, табиий ресурслар, ҳудуд – булар барчаси ривожланишда иккиламчи масала. Мамлакат ривожида эса энг асосий йўналишни сиёсий институтлар белгилайди.

Юқорида тилга олинган мамлакатлар тараққиёти омиллари орасидаги энг муҳим фарқ ҳам айнан сиёсий институтларга бориб тақалади.

Ҳар бир жамият давлат томонидан белгиланган иқтисодий ва сиёсий тизимда яшайди. Иқтисодий тизим жамиятда рағбатлар яратади: илм олишга, инвестициялар жалб қилишга, инновациялар жорий қилишга ва ҳ.к.

Иқтисодий институтларни яратишда, қонун-қоидаларини белгилашда эса асосий ролни сиёсий институтлар ўйнайди.

Масалан, жамият сиёсатчиларнинг қарор қабул қилишига ўз таъсирини ўтказа оладими-йўқми, сиёсатчилар мансабини суиистеъмол қилиб, жамиятнинг эмас, ўз манфаатини юқори қўйиб бойийдими, буни сиёсий институтлар белгилаб беради.

Адолатли институтлар жамият, одамларни рағбатлантиришга таъсир ўтказади ва мамлакатнинг юксалиши ёки инқирозга йўл тутиши айнан уларга боғлиқ.

Хусусан, шижоатли ва талантли ёшларнинг мақсадларини рўёбга чиқариш учун шундай адолатли сиёсий институтлар керак.

Стив Жобс ёки шунга ўхшаш инсонлар мисолида кўрайлик. Уларга сифатли таълим тизими зарурий кўникмаларни берди, ўз қобилиятини кўрсатишга имконият яратди.

Иқтисодий институтлар эса уларга ўз компаниялари фаолиятини ҳеч қандай тўсқинликсиз йўлга қўйишга йўл очиб берди. Худди шу институтлар уларга ишнинг дастлабки босқичида молиявий кўмак кўрсатди.

Бу тадбиркорлар бошиданоқ орзулари ушалишига амин бўлган: улар давлатга ишонган, ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ишончи комил эди. Асосий омил мана шу. Адолат бор жойда юксалиш бўлади.

Сингапур бош вазири ўзининг «Учинчи дунёдан биринчи дунёга» номли китобида бундай дейди: “Бизда ҳеч қандай ресурслар йўқ эди. Бизда фақатгина меҳнатсевар халқ ва адолатли бўлишга қарор қилган ҳукумат бор эди”.

Сингапур эса бир авлод алмашинуви давомида қолоқ давлатдан дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бирига айланди.

Бугун матбуотда кўплаб чоп этилаётган шу мазмундаги мақола муаллифлари, халқимнинг менталитетини ёмонламанг.

Сизлар айтаётган муаммоларнинг ҳаммаси симптомлар, холос. Дардни эса кўрмаяпсизлар. Касални йўқ қилсак, симптомлар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади!

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси
(Муаллифнинг илтимоси билан мақоладан исми шарифи олиб ташланди)
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 июн 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 30-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Қутулишинг ягона йўли эса ...
4 октябр 2017
4 октябр куни тушдан кейин 67 ёшли маҳкум журналист Солижон Абдураҳмонов Қаршидаги Шайхали қамоқхонасидан озод этилди. Фото: Ҳуқуқ фаоли ...
24 сентябр 2019
Тошкент ахборот технологиялари университети мутасаддилари ташкил этган “троллар фабрикаси” ҳақидаги гап-сўзлар бир неча кундан буён интернетнинг ўзбек сегментида қизғин ...
21 январ 2022
Азизларим мана хафта айланиб яна сиз билан ҳамсуҳбатман. Суҳбати чор анда  мазза бор дейишади. Каналга обуна бўлган дўстлар сони ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...