Асосий мавзулар
16 март 2021

Императив-13. Москвада кечган ҳаётим ҳақида

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Адабий ҳаётим баъзан зид қутбларда жараён этди. Хусусан, 1977-1979 йилларда Москвада бошдан кечирганларим ўзимни, инсонларни ва миллатимни таниш учун яна бир фурсат бўлди…

1977 йилда биринчи шеърий тўпламим – «Бешинчи фасл» нашр этилди. Янгийўл босмахонасида босилган эди. Эсимда бор, Рауф Парфи билан китобнинг «назорат нусхаси»ни олиш учун Янгийўлга борганмиз. Май ойи эди, ҳаво гўзал эди. Босмахонадагилар узоқ куттириб, ниҳоят бир нусха совға қилишди.

Рауф ака худди ўз китоби чиққандай севинган эди.

Нақадар хокисор қалб эгаси эди бу инсон!

Бу китобча соясида мени СССР Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул килишди. Бу имтиёздан фойдаланиб, Москвадаги Олий адабиёт курсларига бордим. Курсда ўқиш давомида ойда 150 рубль маош беришарди. Бу ўша замон стандартларига кўра яхши пул эди. Камина бу маош билан Тошкентдаги оиламни боқдим, бу сир эмас.

Рус интеллигенцияси менга биздан ҳам мазлумроқ кўринди. Биздаги каби иккиюзлилик, қўрқоқлик, лаганбардорлик, самимиятсизлик ҳоким эди рус жамиятида. Москва жуда катта шаҳар, бир нурли юз кўриш амри маҳол эди.

Совет режими ҳақиқатан ҳам бир Homo Sovieticus яратиб бўлган эди 70-йилларда.

Курсда бирга ўқиганим Юрий Смирнов деган рус шоири ўлган эди. Унинг жанозаси тасвири:

«Ҳамма йиғлар ўликдан бошқа» (1978)

Бу тўрт калима яна ўша пессимистнинг иронияси эди. Агар Смирнов мусулмон бўлсайди, бу сатр «Марҳум энг гўзал маконга учди, шу боис у йиғламайди. Биз эса бадбўй Москвада қолдик, ҳолимизга йиғлаяпмиз», дея йўримланиши мумкин эди.

Аммо ундай эмас. Бу ерда ўликнинг йиғлаётганларга нисбатан «самимийлиги» кўрсатилган. Жанозада ўлик биздан самимийроқ эди.

Аммо мен санъатдан кўра ичимдан чиқаролмаганим ўзбек жамияти мубтало бўлган ўша «пасткашлик комплекси»нинг давосини мушоҳада қилардим.

Курсда тотор биродарим, Тотористоннинг таниқли драматурги Роберт Батуллин, қозоқ ёзувчиси, қардошим Сотимжон Сонбой билан айнан ўша “хасталик” ҳақида муҳокамани бошладик.

Бу жигарларим ҳам ўз қавмларининг мазкур хасталикдан музтариб эканини ҳеч бир комплекссиз ифода этардилар. Бу хаста кўнгилларга тасалли бўлсин деб Роберт Батуллин биродаримиз ўз хонасининг деворига катта СССР харитасини осиб қўйган эди. Тасалли хаританинг тепасида эди.

Биродаримиз харита тепасидаги «СОЮЗ СОВЕТСКИХ СОЦИАЛИСТИЧЕСКИХ РЕСПУБЛИК» ёзувини бўяб, устига «ВЕЛИКАЯ ТЮРКСКАЯ ЗЕМЛЯ» жумласини ёпиштириб қўйган эди. Харитадаги ерлар русники, харита бизники эди. Биз фақат хариталар билангина фахрланар эдик. Бу шу қўлбола «ТУРК ДУНЁСИ» соясида икки йилимизни кечирдик.

Бу аснода ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст билан танишдик. У Максим Горький номидаги Адабиёт институтининг охирги курсларида ўқирди. Уни Тошкентда ҳеч учратмаган эдим.

Дуруст инсон эди, ёлғончи эмасди. Дурустлигини тежаб, зарур бўлган жойларда ишлатарди.

Киноячи эди. Фақат бошқаларга эмас, баъзан ўзига ҳам киноя қилишга фаросати етадиган йигит эди.

У билан адабиётни, хусусан, насрни муҳокама қилардик чуқур кетмаган ҳолда. Адабий қарашларимиз фарқли эди. Тортишиб қолишдан имтино қилардик. Бизлар ҳам бутун ўзбек ирқи каби истиҳолачи эдик.

Мавзу жиддийлашиб бошласа, дарров ундан узоқлашиб, Флобернинг кенг шимини мутойиба қилардик. У ўзига тенгдош ёзувчиларга нисбатан анча саводли эди, адабий қараш елпозаси ўзбек носирлариникидан кенгрoқди.

Масалан, ошноси Эркин Аъзам учун «кумир» бўлган гуржи ёзувчилари унинг учун бундай қийматга эга эмасди. Нима ўқишни биларди. Машинкасига А-4 форматли «бумага» ўрнига ғалтакка ўралган рулонли қоғозни ерлаштириб, конвейер усулида босарди ёзганларини.

Кайфияти яхши бўлса, ошноларига «дўст» деб мурожаат қиларди. “Таъби тирриқ” бўлса, дўстига “ошно” деб мурожаат қиларди.

Ёзган матнларнинг тили равон эди. Ҳафиф юмор, ҳафиф айёрлик (қувлик), драматизмдан узоқ, сокин бир услубда ёзарди.

Янглишмасам, “Галатепага қайтиш” қиссасини ўша ерда жойлашган Адабиёт институти ётоқхонасида ёзган эди. Бу қисса ўзбек адабиётшунослиги тарафидан жиддий асар ўлароқ баҳоланди. Ундан кейин ёзганларини ўқий олмадим.

Добролюбов кўчасида айни бинода истиқомат қилардик: Мурод 5-қаватда, камина 7-қаватда.

Мурод талантли ёзувчигина эмас, талантли ошчи ҳам эди. Мен бундай ишларда уқувсиз бўлганим учун кўп ҳолларда Муроднинг «меҳмони» бўлардим. Фурсатдан фойдаланиб, ҳаққини ҳалол қилишини сўрайман ундан.

Тошкентга қайтиб, сийрак учрашадиган бўлдик. Ижарага олган уйида бизга бир емак икром этганди. Янглишмасам, даврада Тоғай Мурод ҳам бор эди. Кейин токи И.Каримов Ўзбекистон компартиясига биринчи котиб бўлиб келганига қадар Мурод билан кўришмадик ёки кўришсак ҳам эслай олмаяпман.

Йўлларимиз айрилган эди.

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
25 январ 2018
Ҳали Ўзбекистон аҳли қалбида Оқтўбада ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг мотами оғриғи сусаймай туриб, марҳумлар шаънини ҳақорат қилган Фарғона ...
5 июн 2020
Оҳ ëз, қандай соз! Мана, ўлмаган қул сиз билан яна бир ëзнинг бошида гаплашиб турибмиз. Ëзни яхши кўраман. Шу ...
29 ноябр 2023
Миллий гвардия ўз ходимларига қилинган ҳужумлар учун жиноят оламидан қасос олгани айтилмоқда. Салом Қадрли мухлислар бугун 29 ноябр  Элтуз ...
28 май 2016
«Халқ сўзи» газетасининг ёзишича, Тошкент вилояти бўйича 1158 нафар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 11 мингдан зиёд маслаҳатчиларини ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...