Cатира
3 ноябр 2017

Бизга ҳарбий соҳада кўпқутблик керак

Сўнгги вақтларда рус мулозимларининг Ўзбекистонга ташрифлари кўпайди. Шу кунларда Россия бош вазири Дмитрий Медведов юртимизда бўлиб турибди.

МДҲ мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг йиғилишига келган Медведов Тошкентда энг юқори доираларда қабул қилиниши кутиляпти.

Бундан олдинроқ Чеченистон раҳбари, Татаристон президенти, Россия қишлоқ хўжалиги вазири, РФ Миллий хавфсизлик кенгаши котиби кабилар ҳам Тошкентга келиб кетганди.

Россиянинг бош қуролсози, ҳукумат раҳбарининг бу соҳа бўйича ўринбосари Дмитрий Рогозиннинг яқинда юртимизга қилган ташрифи эса нисбатан кўп саволларни туғдирди.

Хўш, унинг ташрифидан мақсад нима эди? Ўзининг жангари гап-сўзлари билан танилган бу мулозимнинг Ўзбекистонга сафари нимани англатади?

Ҳар хил англашмаларга олиб келадиган шу каби саволлар атрофида билдирилаётган фикрлар турли туман. Хўш, буни қандай тушуниш мумкин?

Аслида бундан аввалроқ ўзбек ҳарбийларининг Россия ташаббуси билан ўтказиб келинаётган армия ўйинларида биринчи бор иштирок этгани, Россия ҳарбийлари билан Жиззахда жанговар машқлар ўтказгани ортидан бу каби саволларнинг келиб чиқиши табиийдир.

Расмий маълумотларга кўра, Дмитрий Рогозин икки давлат ҳукуматларининг савдо-иқтисодий алоқалар бўйича музокараларини ўтказишга келган. Шу билан бирга, ўз раҳбари бўлмиш бош вазирнинг Тошкентга ташрифи давомида кўриб чиқиладиган масалаларни келишиб олишни кўзлаган.

Лекин Россия ҳарбий техника комплекси раҳбарининг фақат шу масалада келмагани таҳлилчилар учун кундек ойдин эди.

Аввало, бу масалада фикр юритишдан олдин Ўзбекистоннинг ҳарбий-техник салоҳиятига эътибор қаратиш жоиз бўлади.

Гарчи халқаро таҳлилда Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда энг кучли экани эътироф этилса-да, аслида бизда Қозоғистон ёки Туркманистонда мавжуд замонавий қуроллар улуши нисбатан кам.

Масалан, бизда ҳаво мудофааси учун С-300 ракета қурилмалари борлиги ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, Су-30 ҳарбий самолётлари ҳам борлиги маълум эмас. Қозоғистон эса ўз армиясини ана шундай замонавий техника билан қуроллантирган.

Яқинда Тукманистон ўз мустақиллигини нишонлаганда ўтказган ҳарбий парадда намойиш этган ҳарбий техника ҳам анча замонавий.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон Россиянинг бу борадаги кўмагига муҳтож. Бундан ташқари, ён қўшнимиз Афғонистондаги вазият мамлакатимизнинг замонавий қуролларга бўлган талаби табиий эканини англатади.

Шубҳа йўқки, Д.Рогозин Тошкентга ташрифи давомида ўтказилган музокараларда бу масалаларни ҳам атрофлича муҳокама қилган.

Бу музокаралар натижаси ўлароқ, армиямизнинг замонавий қуролланиши яхшими ёки ёмонми?

Шубҳасиз, бунинг ижобий жиҳати беқиёс. Зеро, кучлилар билан ҳар доим ҳисоблашишган. Афғонистондаги вазият эса бу қарашларимизни янада долзарблаштиради.

Мана шу масалалар фонида президент Шавкат Мирзиёев Туркияга ташрифи чоғида турк зирҳли машиналарини юртимизда ишлаб чиқариш борасида келишувга эришгани аҳамиятлидир.

Бундан кўринадики, Ўзбекистон ҳарбий-техник ҳамкорлик йўналишида бир қутбли сиёсатдан қочишга интилмоқда.

Лекин бу сиёсат собитқадам бўлиши даркор. Чунки бугун қурол-яроғни четдан экспорт қиладиган, фақат битта давлатга қарам бўлиб қолиб қолишни истамайдиган давлатлар айнан шу йўлдан бормоқда.

Россияда вице-премьер Дмитрий Рогозинни ўнг қарашга эга сиёсатчи сифатида ватанпарвар ҳисоблашади. У мамлакат учун муҳим ҳарбий-саноат мажмуасини бошқаради.

Қрим Россия томонидан аннексия қилингач, Рогозин биринчилардан бўлиб Европа ва Америка санкциялари остида қолди, унинг Ғарб мамлакатларига чиқиши тақиқланди. Рус сиёсатчиси, афтидан, бундан фақат ғурурланади. Санкцияларни изоҳларкан, «Танкларга виза керак эмас»,— деган эди у 2015 йили.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 август 2018
Бир пайтлар нефтбазадан бензин, солярка олиб чиқиб сотар эдик. Яширинча олиб чиқар эдик, ишчиларига пул берсак, ҳеч ким йўқлигида ...
30 ноябр 2022
Бугун 30 ноябр. Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади.+++«Ўзгидромет»дан совуқ хабар. Ўзбекистонлик метеорологлар декабр ойининг бешинчи кунигача ...
31 декабр 2018
Президент Мирзиёевнинг товуқ, эчки боқиб, лимон экиб даромад топиш популистик иқтисодий-сиёсати 2019 йил арафасига келиб бутунлай йўққа чиқди. Охирги ...
21 сентябр 2020
Германияга даволанишга олиб кетилиб, ўша ерда ўлган бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг жасади 21 сентябрь куни Тошкентга олиб келиниб, ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...