Асосий мавзулар
13 ноябр 2017

Меҳнат мигрантлари экспорти стратегик мақсад бўлмаслиги керак

Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди.

Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа жиҳатдан ундан-да яқинроқ пойтахти Москвада ишлаётганлар сони ўз-ўзидан бундан анча кўплиги маълум бўлади.
Бутун Россия миқёсида олиб қарасак ва расмий маълумотлардан келиб чиқиб тахмин қилсак, беш миллиондан ортиқ ёки шунга яқин юртдошимиз ушбу мамлакатда ризқини термоқда.

Ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, марҳум президент, бир вақтлар Ўзбекистон аҳли, ҳар ҳолда кўпчилиги пайғамбардек кўрган Ислом Каримов уларни дангасалар ўлароқ таърифлаганди.

Шукроначилар партиясига аъзо бўлмасак-да, халқимиз учун шукр қиламизки, янги раҳбарият уларнинг қонуний ишлаши, қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши йўлида дастлабки қадамларни қўймоқда.

Бу яхшими ёки ёмон? Ўзбекистондаги ҳозирги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ҳисобга олганда, ҳукуматнинг бу қадами мантиқли кўринади.

Зеро, миллионлаб юртдошларимиз тирикчилик илинжида ўзга юртларга йўл олар экан, мамлакат тараққаёти учун зарур бўлган миллардлаб доллар маблағ олиб кирар экан, уларнинг хориждаги ижтимоий, керак бўлса, сиёсий ҳимоясини кучайтириш энг зарурий чоралардан бири бўлиши шарт.

Кўрилаётган чоралар, саъй-ҳаракатлар янги ҳукуматнинг бу ҳақиқатни тушуниб етаётганидан далолат бериб турибди.

Лекин бу чора-тадбирлар фақат яқин истиқболга мўлжаллаб амалга оширилиши кераклигини эсдан чиқармаслик керак.

Чунки «ўтмиши буюк, келажаги порлоқ» дея бонг ураётганимиз мамлакатимиз учун меҳнат мигрантлари ҳисобига яшаш ярашмайди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистондан Японияга, Польшага меҳнат мигрантларини жўнатиш йўлга қўйилди.

Виза тартиби йўқлиги, чиқиш қулайлиги учун Росссия, Қозоғистон, ҳатто қўшни Қирғизистонда ишлаётган ватандошларимиз ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Жанубий Корея эса ҳамюртларимизнинг энг катта орзусига айланган. Бу мамлакатда ҳам минглаб ўзбекистонликлар меҳнат қилмоқда.

Аммо биз хорижга ҳар қанча ишчи кучи жўнатиб, уларнинг ҳар томонлама ҳимоясини қанчалик кучайтирмайлик, хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, бу бизнинг иқтисодий қудратимиз сустлиги тимсоли бўлиб қолаверади.

Ўзимизни Хитойга қиёсламайлик. Хитойда 1 миллиард 300 миллион аҳоли бор. Демакки, бу мамлакат ҳар қанча тараққий этмасин, ишчи кучи барибир ошиқчалигича қолаверади.

Қолаверса, бошқа мамлакатларда хитойликлар сонини кўпайтириш расмий Пекиннинг сиёсий қуроли эканини унутмаслигимиз керак.

Бошқа томондан, майдони жиҳатдан Ўзбекистондан қарийб икки баробар кичкина, аҳоли сони жиҳатдан эса тўрт баробардан зиёд бўлган Япония бизники каби мамлакатдан ишчи кучи изламоқда.

Назаримизда, ҳукуматимизнинг ўзбек меҳнат мигрантларининг оғирини енгил қилиш, имкон қадар уларни ривожланган давлатларга боришига йўл очишга интилиши бугунги иқтисодий-ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб қараганда анча мақбул йўлдир.

Лекин бу ҳаракатлар, фикримизча, Ўзбекистоннинг стратегик мақсади бўлиши керак эмас.

Ҳукуматнинг стратегик мақсади яқин йиллар давомида мамлакатда муносиб ва рақобатбардош иш ўринлари ташкил этиш, бунинг учун иқтисодий ва ижтимоий шароитларни юзага келтириш, аҳолининг ишчанлик қобилиятидан мамлакат ичида фойдаланиши зарур.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 ноябр 2017
Бу йил Ўзбекистонда мажбурий теримчилар – педагог, тиббиёт ходимлари ва бошқа турли касблардаги бюджет ва хўжалик корхоналари хизматчилари пахта ...
21 сентябр 2017
20 сентябр куни Россия Ҳавфсизлик Кенгаши (СБ) котиби Николай Патрушев Тошкентга келди ва Ўзбекистон Ҳавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ...
21 сентябр 2019
Сумкасидан Муҳаммад Солиҳ китоблари чиққани учун устидан жиноят иши очилиб, терговга чақирилган хоразмлик 56 яшар шоир Маҳмуд Ражаб 20 ...
12 январ 2018
Ўзбекистонда ва чет элларда шу пайтгача яширин бизнес билан шуғулланиб келган ўзбекистонликларнинг ўғирлик пуллари президент Мирзиёев томонидан амнистия қилиниши ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...