Асосий мавзулар
22 январ 2018

Мотам «фаровон мамлакат» обрўсига соя солардими?

Қозоғистонда 52 нафар юртдошимизнинг автобусда тириклайин ёниб кетиши муносабати билан дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ҳукуматимиз номига ҳамдарлик мактублари келди.

Айнан мана шу жиҳатнинг ўзи ҳам фожеанинг кўлами нақадар катта бўлганидан дарак беради.
Лекин аксарият ватандошларимизнинг дилида битта савол қолди: «Нега мамлакатимизда мотам куни эълон қилинмади?»

Бутун интернет ўзбекларнинг оҳ-воҳи билан тўлди. Қалб кўзи очиқ зиёлиларимиз, халқимиз тақдирига ачинадиган оддий инсонларнинг ҳамдардликлари, кўнгил изтироблари ижтимоий тармоқларга кўчди.

Айримлар мамлакатда мотам куни эълон қилиш чақириғи билан чиқди ҳам. Ҳатто бу кун 52 ватандошимиз эмас, «Ватанимиз ёнгани»нидан дод-фарёд қилганлар ҳам бўлди. Аммо ҳукуматнинг қалби юмшамади.
Қани давлатнинг халқ билан бирдамлиги? Қани халқ ғами билан ёниш ҳақидаги баландпарвоз сўзларнинг амалий исботи?

Давлат раҳбарияти бу улкан фожеа қаршисида қўл қовуштириб ўтирди, демоқчимасмиз. Ҳукумат комиссияси тузилиши, махсус самолёт жўнатилиши, жабрдийларнинг яқинларига ёрдам кўрсатиш ҳақидаги ваъдалар – буларнинг ҳаммаси яқин ўтмишимизда ҳатто тушимизга ҳам кирмас эди.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига мотам гулчамбарини олиб борган халойиқ қаршисига чиқиш-чиқмаслигини билмай ўтирган дипломатларимизнинг ҳолатини аслида шу билан изоҳлаш мумкиндир.

Шунинг учун давлат раҳбарининг фожеа муносабати билан кўрган чоралари, шулар қаторида Ўзбекистоннинг барча масжидларида жума намозида ҳалок бўлганлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуолар ўқилгани ҳам илгари бундай эътибордан бутунлай мосуво бўлган халқнинг жароҳатига бир малҳамдек гўё.

Лекин шунинг ўзи етарлимикин?

Халқ билан ҳисоблашадиган, ўзини ҳурмат қиладиган давлатларда одатда бундай мусибат учун умуммиллий мотам эълон қилинади.

Шу боис, жуда кўпчилик Ўзбекистонда ҳам 52 ватандошимизнинг ҳурматига мотам эълон қилинишини кутган эди. Бундай бўлмади…

Устига-устак, бу фожеа сабаб эски касали – «пахта қўйиш» дарди хуруж қилганлар овозини яна баландлатди.

Ўз юртида иш топа олмай, бола-чақасини боқа олмай, хорижга мажбур иш излаб кетаётганларга иддао қилишди улар.

«Бас, етар, четдан изламанг давлат! Давлатимиз – ўз юртимизда, меҳрли дийдорлар, тинч-тотув, озода ҳаётда! Эс-ҳушни йиғиб, бу фожеалар бежиз устма–уст келмаётганининг иллатини, аввало, ўзимиздан қидириш вақти келди. Катталар гапига қулоқ солиб, ҳалол меҳнати, яратувчанлик ишларини ўз манзил – маконида қилганлар хор бўлмаслик ҳақиқатини билди! Қолаверса, юртимиз отаси Шавкат Миромонович Мирзиёев бежиз бу ҳақда қайта ва қайта таъкидламаяптилар. Ота рози – худо рози», деб ёзди бугун отинойи қиёфасида эл кўзига кўринаётган таниқли шоиралардан бири.

Ҳолбуки, бу пайтда «халқ отаси» Шавкат Мирзиёевнинг ўзи: “Худодан не-не ниятлар қилиб, боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман, деб йўлга чиққан. Қандай ёш-ёш йигитлар, мўмин- мусулмонлар, ҳаммаси ўзбекистонликлар”,- дея қайғураётган эди.

Шу кунларда Ўзбекистонда марҳум президент Ислом Каримовнинг 80 йиллик юбилейини нишонлашга катта тайёргарлик кўрилмоқда.

Айнан шундай кунларда 52 нафар ватандошимизнинг фожеали равишда ҳалок бўлишида ҳам бир моҳият кўринади.

Моҳият шундаки, бу фожеа Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида «эришилган мислсиз муваффақиятлар», «барпо этилган фаровон ҳаёт», «тараққиётнинг дунё тан олган ўзбек модели» кабиларнинг мантиқий ҳосиласидир.

Агар мотам эълон қилмаслик қарори айнан бўлажак тантаналарга соя солмаслик мақсадида қабул қилинган бўлса, бу давлат раҳбариятининг бугунги сиёсати самимийлигига ишончни сўндиради.

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
12 октябр 2024
Бош вазир Абдулла Ариповнинг Тошкентдаги «Дўстлик» боғини шубҳали частник тижоратчиларга совға қилгани ҳақида шикоят келди. Шикоят рус тилида бўлиб, ...
30 июн 2017
Ўзбекистон банклари жорий йилда ажратишни мўлжаллаган кредит ресурсларининг туби кўриниб қолди. Шунинг учун мазкур молия муассасалари президентнинг тадбиркорликни ривожлантиришга ...
5 март 2019
Шу кунларда баъзи бир ишлар билан банд бўлганим сабабидан каналга ёзишга вақтим бўлмаяпти. Аммо Навоий тили ҳақидаги постлардан сўнг ...
22 июн 2017
Талаба ўлимига сабаб бўлган жанжал ортидан Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи ёпиладиган бўлди. Айни пайтда Ўзбекистонда 11 синфлик мактаб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...