Кўзқараш
6 март 2018

Пахтанинг кучи

Чорак асрдан буён пахтачилик ва саноатнинг у билан боғлиқ тармоқлари ривожланмайди. Чунки пахтанинг асосий қисми кимларнингдир орқасига қўйишга ишлатилиб келиняпти.

Айниқса, журналистларимиз орасида қўлига қалам билан бирга пахта кўтариб чопаётганлари кўп. Президент уларнинг қўлидан пахтани тортиб олишга интилаётганига қарамай, қўйиб юборгиси келмайди.

Чунки уларнинг кўпчилиги шунга ўрганган. Шунинг орқасидан кун кўради, рўзғор тебратади. Қаттиқроқ гапириб қўйса, хўжайинлари олдига суяк ташламай қўяди шекилли.

Журналист Гулбаҳор Саидғаниеванинг “Фарғонамизни ёмонотлиқ қилишдан ким манфаатдор” сарлавҳаси остида фейсбукда эълон қилинган мақоласи ана шундай журналистларнинг юзини очиб беради.

Унда “кейинги пайтларда хорижий ва айрим ўзбек сайтларида Фарғона вилояти борасида турли ёлғон маълумот, фитналар кўп тарқала бошлагани” тилга олинар экан, “Озодлик” ва ББС радиолари миш-мишчилик ва уйдирмачиликда айбланади.

Мақолада “Озодлик” Дарғара туманидаги Кичик Ганжиравон қишлоғида ичимлик сув тармоғига уланиш учун аҳолидан 10 миллион сўмдан пул талаб этилаётгани ҳақида “ёлғон” маълумот тарқатганлиги иддао қилинган.

ББС эса Риштон туманидаги марказий бозорнинг бузилиши орқасидан тадбиркорлар дўкони учун товон пули олмаётгани ҳақида хабар бергани сабаб таъна остида қолган.

Бу хабарларни инкор этиш учун келтирилган маълумотларнинг ўзи куракда турмайди. Нима эмиш, дўконларнинг кўпи ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда қурилган, машина кириши учун йўл йўқ эмиш.

Бундай қоидабузар дўконларнинг йиллар давомида ишлаб келганига кўз юмганлар ким, нега бу ҳолатлар энди юзага чиқяпти, деган саволга жавоб йўқ.

“Озодлик” хабарининг инкори ҳам шундай асоссиз “асослар”га таянади.

Зеро, “пахтакор” журналистнинг мақсади муаммони кўтариш эмас, уни ёпти-ёпти қилишлиги кўриниб турибди. Шу билан бирга, имкон қадар эркин ёзаётган ҳамкасбларининг оғзига латта тиқиш.

“Хориж сайтлари ва айрим миллий сайтларнинг олиб бораётган фаолияти бизни таажжубга солади. …Улар Фарғона вилоятини ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга кимдандир кўрсатма олганлар (балки моддий рағбат олгандирлар, бунисини худо билади)”, деб ёзади “пахтакор” журналист.

Ислом Каримов ҳукмронлиги даврларини эслатувчи бу каби мақолаларнинг ҳали ҳам ёзилаётгани ачинарли. Зеро, жамият очиқлик сари интиляпти.
Маҳаллий журналистлар ҳам кўзи очилиб, сал-пал дадиллашаётган бир пайтда шундай мақолалар чиқаётгани кишини ўйлантиради.

Қолаверса, бекорга Гулбаҳор Саидғаниеванинг мақоласига тўхталмадик. Бу журналист аёл Қозоғистоннинг Оқтўбасида оловда гуриллаб ёнган 52 миллатдошимиз учун юрт норасмий бўлса-да мотам тутаётган кунларда уларни, уларнинг тумандошларини ҳароми деб ҳақорат қилган Фарғона вилояти ҳокимини ёқлаб мақола ёзган “пахтакор” қаламкашдир.

Номигагина Фарғонанинг, аслида бу вилоят ҳокимининг ҳимоясига отланаётганлар сафи анча кенг.

Афсуски, юртимиздаги турли соҳалардаги ўзгаришлар шиддати матбуотга ҳали тўла кириб келаётгани йўқ.

Шунинг учун кимларгадир қўядиган пахтасининг кучига ишониб яшаётган журналистлар ҳам осон жон беришга кўнмаётир.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 октябр 2024
Инсоннинг туғма биологик қобилиятларини чеклаш, унинг онгини примитив туйғулар билан тўлдириш орқали  унинг ис ён қилиш, норозилик билдиришга бўлган истакларини ...
30 январ 2023
Давлат хавфсизлик хизмати Human.uz интернет-нашри директори Хуршид Далиев ва аноним телеграмдаги «Kompromatuzb» каналига алоқадорлиги айтилаётган бошқа шахсларга нисбатан жиноят ...
7 сентябр 2024
Бу мақола аслида 31 август куни, совет зулмидан азоб чеккан юртсеварларни хотирлаш куни ëйинлаши керак эди. Лекин бошқа тарафдан ...
15 март 2023
«Бриллиант қўл» кинофильми қаҳрамони чет элда «ит одамга дўстдир» «бизда эса домком дўстдир» дейди. Ўзини «домком» ëки «этажком» деб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...