Асосий мавзулар
2 апрел 2018

Президентга аталган ширин ёлғонлар

Сўнгги вақтларда президентнинг вилоятларга ташрифлари давомида уни алдашга уринишлар авжига чиқмоқда.

Интернетда куни-кеча Жиззахга борган президент Шавкат Мирзиёев Зарбдор туманида яна бир бор алдангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Уларга ишонилса, Зарбдор туманидаги “Зарбдор текстил” МЧЖга келган президентга ишчилар деб таништирилганлар аслида ҳеч қандай ишчилар эмас, балки коллеж ўқувчиларидир. Бу ўқувчилар бор-йўғи ишчи ролини ўйнаб берган, холос.

Бундан илгари президент Қашқадарёга борганида йўл четларида қурилган иссиқхоналар унинг кўзини қувнатишга хизмат қилган эди.

Аслида эса улар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириладиган иссиқхоналар эмас, балки давлат раҳбари учун театрлаштирилган шоунинг декорациялари экани маълум бўлганди.

Шаҳрисабздаги президент ташриф буюрган хусусий боғча воқеаси эса комедияга айланиб, халқ орасида анча вақт кинояли кулги билан эслаб юрилди.

Маълум бўлишича, вилоятдаги юқори мулозимларнинг ташаббуси билан хусусий боғчанинг эгаси қолиб, бу ролга инглиз тилини биладиган, Зулфия мукофотини олган ёш мактаб ўқитувчиси танланган.

Президент бу қизга машина совға қилиб кетганидан кейин боғчанинг ҳақиқий эгаси ва “вақтинчалик шоҳ” ролини ўйнаб берган зулфиячи қиз ўртасида машина талаш можароси келиб чиққан.

Мулозимлар бу “қовун тушириш”ни бости-бости қилиш учун анча тер тўккани ҳақида латифалар тўқилгани бор гап.

Кейинроқ иссиқхона кўринишидаги декорациялар президентнинг Самарқанд вилоятига сафари чоғида ҳам тайёрлагани ҳақида хабарлар чиққан эди.

Давлат раҳбарини хурсанд қилиш учун алдовдан фойдаланиш Ислом Каримов даврининг атрибутларидан бири эди. Гўёки жамият фақат ёлғонлардан иборат эди ўша даврларда.

Биргина Каримовга ҳосил мўллигини кўрсатиш учун ғўза чаноқларига елим билан пахта ёпиштириб чиқилгани воқеасини эсланг. Ҳозиргача бу воқеа ўша даврнинг моҳиятини очиқ-тиниқ кўрсатиб берадиган ҳолат сифатида келтириб ўтилади.

Энди эса Жиззахдаги кўзбўямачиликлар…

Қизиғи шундаки, бундай алдовлар тўғрисидаги маълумотлар элга ошкор бўлгандан кейин ҳам вилоятлардаги раҳбарлар заррача уялаётгани йўқ. Аксинча, президентни алдаш ҳаракатлари тобора кўпаяётгандек.

Президент ҳар бир йиғилишида ёлғон маълумотлардан қочиш кераклиги, алдовларни дарҳол пайқаб олиши, уни алдаб бўлмаслиги бот-бот такрорлайди. Шунга қарамай, давлат раҳбарини алдайверишади.

Бу ҳолатларни кўргандан кейин президентнинг мени алдаб бўлмайди, деган гапларига ишонч сусайиб қолади.

Хулоса чиқадики, президент ростдан ҳам алданяпти ёки унинг ширин ёлғонга мойиллиги бор.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
1 октябр 2020
24 сентябрь куни андижонлик боксчи Ҳасан Эргашев “Дамас” бошқарувидаги ИИБ ходими Саиджон Ғофуржоновни дўппослади.  Капитан “Дамас” русумли хизмат автомашинасини ...
19 август 2021
Эрдўғон ҳукумати қозоғистонлик “Дикий” (“Ёввойи”) лақабли криминал авторитет Арман Жумагелдиевни ҳибсга олишни сўради, бироқ Назарбоев ҳукумати ўзининг чўнтак “ўғри”сини ...
2 май 2018
Ўзбек спорт шарҳловчиларига МТРК раҳбарияти томонидан 2 май кунги футбол трансляциясида «Ливерпуль» жамоаси ўйинчиси Муҳаммад Салоҳ номини тилга олмаслик ...
9 феврал 2024
Рассом Туз
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...