Асосий мавзулар
3 апрел 2018

Мухолифатсиз демократиянинг қиёфаси

Миллий хавфсизлик хизматининг меросхўри бўлган Давлат хавфсизлик хизмати ҳали ҳам мухолифатни мавжуд ҳокимиятнинг душмани деб билади.

ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг яқинда айтган гаплари шундай хулосага олиб келади ва мухолифатдаги аксарият соғлом кучларнинг мамлакатдаги ўзгаришларга ишончига путур етказади.

Ҳозирданоқ айримлар “Мамлакатга ҳеч нарса ўзгармаган, фақат тузум ўзини ўзи косметик таъмирлаяпти, деган гап тўғри экан” каби хулосага келаётгани шундан дарак беради.

ДХХ раҳбари “ўзини мухолифат санаб юрган айрим кучларнинг фаоллашуви, фаолиятларини қонунийлаштиришга интилаётгани”ни “мамлакатга кириб, ундаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилган” таҳдид сифатида кўрмоқда.

Савол туғилади: соғлом мухолифатнинг ўзини легаллаштиришга уринишининг нимасидан хавфсираш керак? Улар барқарорликка таҳдид солади, деган хулосанинг бирорта асоси борми?

Албатта, бу саволларга тўлиқ жавобни махсус хизматлар яхшироқ билса керак. Лекин ҳар қадамда демократик давлат қураётганимиз ҳақида жар солаётганлар мухолифатсиз демократияни қандай тасаввур қилаётганлари кўпчиликни қизиқтиради.

Шунинг учун бундай вазиятда давлат мулозимлари демократиянинг мухолифатсиз кўриниши қандай бўлиши ҳақида халқаро ҳамжамиятга ҳам, мамлакат халқига ҳам қандайдир тушунча бериши лозим бўлади.

Зеро, мухолифат демократик давлат қуришнинг асосий устунларидан биридир. Усиз демократияни тасаввур қилишнинг ўзи кулгили.

Афсуски, халқимизга кўплаб йиллар давомида мухолифат давлатни вайрон қилади, деган ғоя сингдириб келинди.

Қирғизистондаги ҳокимият алмашувлари, араб давлатларидаги рангли инқилоблар натижасида юзага келган қуролли можаролар, Украинанинг бугунги аҳволи бу ғояни олға суришнинг муҳим воситаси бўлиб келди ва келмоқда.

Ислом Каримов даврида халқимизни “шукроналик қаймоғи”га бўктириш, “фаровон, тинч ҳаётимиз” ҳақидаги ёлғонларни яшириш учун можароли, камбағал давлатларни мисол қилиб келтиришга ўрганилганди.

Натижада шукроналикдан маст маҳаллий матбуот нега биз Германия, Япония каби ривожланган давлатлардагидек яшамаётганимизни эмас, оч-юпун бўлсак-да, Афғонистондаги сингари уруш ичида эмаслигимиздан “бахтиёр” эканимиз тўғрисида сафсата сўқирди.

Бугун ҳам юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида қанча кўп гапирмайлик, афсуски, мухолифатга яқин ўтмишимиздан мерос бўлмиш ҳадик билан қараш ҳамон устуворлик касб этиб турибди.

Мухолифатни мамлакатдаги барқарорликка таҳдид сифатида кўриш бу мерос ҳали-ҳамон кўз қорачиғидек сақланаётгани, ҳукмрон доиралар уни яқин орада кўчага чиқариб отиш ниятида эмаслигини кўрсатади.

Террорчилар ислом динини ниқоб қилиб, ўз мудҳиш жиноятларини содир этаётганидек, мухолифат номи билан бузғунчилик қилаётганлар ҳам балки йўқ эмасдир.

Аслида махсус хизматларнинг иши “инсон йўқ, муаммо ҳам йўқ” қабилида ҳаракат қилиб мухолифатни умумийла йўқотиш эмас, балки конструктив мухолифатга йўл очиб, унинг таркибига суқилиб кирган бузғунчи кучларнинг пайини қирқиш бўлиши керакдек.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
25 август 2022
Элтуз порталининг бугунги сонидан 5 та шикоят ва битта расмий муносабат ўрин олган. Дастлабки шикоят телеграм мессенжеридаги фирибгарлик ҳақида. ...
13 январ 2016
Ўзбекистонда қалбаки дорилар бозори, айниқса, кейинги йилларда ривожланди, дейди Eltuz.Com билан суҳбатлашган ўзбекистонлик шифокор Сабоҳат Аҳмедова. Вазият шундай тус ...
24 май 2018
Бу йил мактабларда ўқувчилар «Сўнгги қўнғироқ» ўрнига президент Шавкат Мирзиёевнинг билим олишга оид гаплари шиор қилинган тадбирга сафланишаркан. Бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...