Cатира
1 май 2018

Нега Майкл Жексон Америка халқ артисти бўлмаган?

Америка, Европа, умуман, тараққий этган мамлакатларда “халқ артисти” ёки “..хизмат кўрсатган” деган унвоннинг ўзи йўқ.

Америка президенти Дональд Трамп Голливуд киночилари билан учрашиб, уларга қандай фильмлар олиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар бермайди. Федерал тергов бюроси (Американинг давлат хавфсизлиги ташкилоти) буюртмаси билан фильмлар ишланмайди Америкада! Шундай бўлса-да, дунёда Америка фильмлари кириб бормаган бирор мамлакат йўқ.

Қўшиқчи Майкл Жексон “Америка халқ артисти” деган унвонсиз яшаб ўтди. Лекин дунёда бу қўшиқчини танимайдиган одам борми?

Тараққиётга эришган мамлакатларда ҳар қандай шахс – у ижодкорми, фермер ёки спортчи – эркин ва унинг фаолиятига ҳеч ким аралаша олмайди. Бу давлатларда президентлар қўшиқчига қандай хониш қилишни, киночига қандай мавзуда фильм яратишни ўргатишмайди. Шоирлар ва ёзувчилар ёзган асарлари учун давлат раҳбари томонидан уй, автомобиль билан тақдирланмайди.

Собиқ СССР сарқити

Ёзувчилар ва санъаткорларни давлат томонидан рағбатлантириш Совет Иттифоқи давридан қолган сарқит. Ўша пайтда “СССРда хизмат кўрсатган” унвонини олган артистлар, юристлар, фан арбоблари буюк империянинг аскарлари каби комфирқага садоқат билан хизмат қиладиган катта бир тоифа эди.

Ўзбек ижодкорлари СССР пайтида давлат мукофотини олишга қанчалик интилган бўлишса, бугун замонавий, мустақил Ўзбекистонда ундан-да кучлироқ чиранишяпти.

Бугун Ўзбекистонда ижод аҳли борки, “давлатдан биронта унвон ундирай”, деган орзуда яшайди. Шу мақсадда Ўзбекистонда шоирлар давлат сиёсатини улуғловчи мадҳиялар битишяпти, қўшиқчилар “шундай гўзал ва адолат ҳукм сурган мамлакатимизга ола қараётган “ватан хоинлари” ва “дангаса” мардикорлар” ҳақида хиргойилар қилишяпти.

Адлия тизими ходимлари эса “мамлакатимиздаги барқарорликка раҳна солишни истаётган қора кучларни” топиб, минглаб ўзбекларга 159-моддани тамға каби босяпти ва шу тариқа “адолат посбони” сифатида давлат раҳбарининг назарига тушиш ҳаракатида югуриб юришибди.

Еган оғиз уялар

Бу мақолнинг маъносини аввалги диктатор Ислом Каримов жуда тўғри англаган кўринади. У диктаторлик чўққиси томон йўлни ижодкорлар ошқозони ичидан солди.

Ислом Каримов бошқарувга келаркан, ижод аҳлини унвонларга, ҳадяларга кўмиб ташлади. Ўзбеклар буюк билган ёзувчилар ва шоирларга дала ҳовлилар, уйлар, автомобиллар ҳадя қилди. Уларнинг барча харажатлари “давлат томонидан қоплансин!” деди. Ёзувчилар ўзларининг романларини, атоқли шоирлар баллада ва достонларини пулини давлат тўлаб қўйган номдор курортларда, дам олиш уйларида ёзиб битирдилар.

Натижа диктатор кутганидек бўлди. Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов каби эл севган адиблар Ўзбекистонда эндигина куртак ёзаётган эркинлик дарахтининг диктатор томонидан қўпориб ташланишини жимгина кузатиб тураверишди.

Қурбонлар ноласи тингланмади

Ҳукуматнинг ширин луқмасига ўрганган ўзбек зиёлилари 2005 йилнинг май ойида ҳукумат аскарлари Андижонда митинг қатнашчиларини қириб ташлаганида ҳам сукут сақлашди. Ақалли номига сас чиқарганлари ҳам йўқ. Аксинча, ўт очишга рухсат берган Ислом Каримов позициясини қўлладилар.

“Андижонда митинг қилганлар халқ эмас, шўрванинг кўпикларидир”, деди ёзувчилардан бири.

“Президентимга отган ўқни менга отинг!”, деди яна бир шоир…

“Қириб ташланг уларни, Зокир ака!” деди бошқа бири ўша пайтдаги ички ишлар вазири Зокир Алматовга қарата…

Хуллас, диктаторнинг ширин кулчаси ўзбекнинг номдор шоирлари, ёзувчилари, отарчию имомларини ҳукуматнинг қалқонига айлантирди.

«Биз учун энг муҳими кинодир!»

Ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев ҳам диктатор Ислом Каримов каби ижод аҳлининг кўнглини олишга ўзининг вақтини ва давлатнинг ресурсларини аямаяпти.

Икки йиллик фаолияти давомида президент Шавкат Мирзиёев шоир ва ёзувчилар, олиму уламолар, киночилар билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

“Бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак, — дейди Шавкат Мирзиёев киночиларни ҳузурига чақириб. Коммунистлар доҳийси Ленин ҳам бир вақтлар шунга ўхшаган гап айтганди.

Ҳозирги президент кино билимдони! У ўз халқига қандай фильмлар кераклигиниям билади ва киночиларга қандай мавзуларда фильм ишлаш кераклигини тинмай ўргатади.

“Мотурудий, Имом ал-Бухорий, ат-Термизий ҳақида кино ишланг ва масжидлардаям кўрсатинг!” дейди президент Рустам Саъдиев ва Ҳилол Насимовга қараб.

Айни пайтда Ўзбекистонда тарихий шахслар ҳақида фильмлар ишлаш авжида. Давлат раҳбари айтган муддатда тугатиш учун шоша-пиша ишланаётган фильмнинг сифати қанақа бўлади, буни ҳали ҳеч ким билмайди.

Халқ артистлари «колхоз»и…

Шавкат Мирзиёев қўшиқчилар билан учрашар экан, “Ўзбекконцерт” қошида “Ўзбекистон халқ артистлари” клубини ташкил этишни буюрди.

Ҳали бу кўрсатмани тўлиқ тушунишга улгурмаган отарчиларга қарата президент иккинчи таклифни отди: “Республикадаги ҳар бир мусиқа ва санъат мактабига, ижодий марказларга адабиёт, санъат ва маданиятнинг таниқли намояндаларини бадиий раҳбар ёки директор сифатида тайинласак, улар учун барча шарт-шароитларни яратиб берсак, нима дейсизлар?”

Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Ортиқ Отажонов, Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозов, Зулайҳо Бойхоноваларга санъат коллежларига директорлик қилиш таклифини айтган президент хонанда Озодбек Назарбековга “Ёшлар” давлат телеканали директорлигини ҳадя қилди.

“Ёш дикторлар мактаби ташкил қилиб, унга Афзал Рафиқовни директор қилиб тайинлаш керак!” деди яна Шавкат Мирзиёев.

Айниқса, ёзувчи ва шоирлар янги президент Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат-эътиборида.

“Шавкат Мирзиёев Адиблар хиёбонига ташриф буюрди”, “Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрида бир гуруҳ ижодкорлар билан мулоқот қилди”, “Шавкат Мирзиёев: Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби яратилади”, деб ёзади бугун ўзбек матбуоти.

“Тошкентда ва вилоятларда ёзувчилар учун уйлар қурилсин ва имтиёзли ипотека асосида уларга берилсин!” дейди президент ўзининг «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида.

Ўйлаб қоламан, президент фармони билан уй-жойли бўлган ёзувчи адолатсиз тергов пайтида уриб ўлдирилган бегуноҳ маҳбус ҳақида асар ярата оладими бугунги Ўзбекистон шароитида?

Аравасига тушсанг, қўшиғини ҳам айтасан…

Хулоса қилсам… Ёзувчи ва ижодкорларни доимий диққат марказида ушлаб туриш, уларга ортиқча “ғамхўрлик” қилиш ҳукуматга нима беради?

Бир куни амалдорларнинг иккиюзламачили, порахўрлиги, зўравонлиги жонига теккан халқ адолат истаб кўчага чиққанида, президентдан ҳадялар олиб ўрганган зиёлилар, ижодкорлар қатлами ҳукуматнинг ҳимоясига отланади.

Давлатдан унвон олган қўшиқчилар президентни улуғлаб ашула айтишади.

Президент таъсис этган “Олтин қалам” мукофотини олган журналистлар “хукуматнинг ғамхўрлигини билмаган нонкўрлар” ҳақида мақолалар битишади.

Шоирлару ёзувчилар ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлар…

Қани, энди айтинг-чи, президентнинг бир имоси билан фильм яратиш учун катта маблағ ундирган кинорежиссёр президентнинг қариндошлари аралашган коррупция ҳақида фильм ярата оладими?

Президентнинг “чексиз марҳамати” туфайли саҳнага қайтарилган қўшиқчи, мажбурий меҳнат туфайли ўлиб кетаётган, мажруҳ бўлаётган ўқитувчилар, талабалар ҳақида қўшиқ куйлай оладими?

Йўқ! Ҳеч қачон! Нимага дерсиз? Чунки “еган оғиз уялар”….

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 май 2018
Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида шу кунларда жисмоний ва юридик шахсларга ажратилаётган уч фоизлик кредитнинг манбаи коррупционерлардан мусодара қилинаётган ...
2 апрел 2018
Ўзбекистоннинг «Менинг юртим» телеканали 1 апрель куни ёшлар ахлоқи «фош қилинган», яъни уларнинг истироҳат боғларида қўл ушлашиб юргани, ўпишгани ...
10 май 2016
Исми келтирилмаётган Ўзбекистон фуқароси, тергов маълумотларига суяниб «Озодлик» радиосининг билдиришича, ўтган йилнинг августида янги туғилган қизчасини бўғиб ўлдирган. Боласининг ...
13 март 2023
«Елтуз» каналида ўз видеоблогини юритаётган АҚШда яшаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов апрел ойида кутилаётган Конституцияга ўзгартириш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...