Cатира
11 июн 2018

Келин-куёвни таксида жўнатган йўлтўсар амалдор

Яқинда ОАВ вакиллари билан учрашган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси, президентнинг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ўзининг зўравонлиги билан мақтанди.

Дабдабали тўйлар ҳақида гапирар экан, Қ.Қуронбоев ўзбилармонларча тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвларни тушириб олиб, таксига ўтқазиб жўнатиб юборганини билдирди.

“Андижон, Фарғона ва Наманганда юрганимда кўчада тўй кортежини кўриб қолдим. Шунда машиналарнинг ҳаммасини тўхтатдим-да, келин билан куёвни тушириб, таксига ўтқазиб, жўнатиб юбордим. Қолган машиналарни эса орқага қайтардим”, деди мамлакат ёшларининг бугунги етакчиси.

Давлат маслаҳатчиси бу хатти-ҳаракатларини кортеж кўчада ҳеч кимга йўл бермай, қатнов хавфсизлигига таҳдид солгани, дабдабали тўйларга қарши курашиш истаги билан изоҳлади.

Кимўзарга, жуда катта сарф-харажатлар билан ўтказилаётган тўйлар Ўзбекистондаги каби қашшоқ жамият учун ортиқча юк эканини бугун кўпчилик тушунади.

Лекин бу иллатга қарши диктаторлик жамиятига хос усулда курашиш, яна ўзининг зўравонлик хатти-ҳаракатини эзгу иш сифатида кўрсатиш, бу ҳақда очиқча баёнот бериб ҳам ҳеч қандай жазога тортилмаслик қанчалик тўғри?

Зеро, Ўзбекистонда ҳали дабдабали тўйларни тақиқлаш ҳақида қонун ёки бошқа бир норматив ҳужжат қабул қилингани йўқ.

Қолаверса, инсоннинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳеч ким ҳақли эмас. Ҳатто Ўзбекистон қонунлари ҳам буни тақиқлайди.

Агар президент маслаҳатчиси қуруқдан қуруқ мақтанмаётган бўлса, демак унинг ёнида ички ишлардан кимдир бўлган ва аслида ишни улар қилган. Лекин улар ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид қилганларни шундайгина жўнатиб юбориши эмас, балки маъмурий жавобгарликка тортиши керак эди.

Акс ҳолда, яъни Қ.Қуронбоевнинг ўзи кортежни тўхтатиб, худди юқорида баён қилинганидек иш тутган бўлса, бу ўзга идораларнинг ваколатларини ўзлаштириб олиш ҳисобланади.

Аслида бундай ҳолатда президент маслаҳатчиси йўл ҳаракати хавфсизлиги органлари вакилларини чақириши, улар тегишлича маъмурий баённома тузиши ва қоидабузарларни жазолаши керак эди.

Қонун устувор бўлмаган мамлакатларда “мансабдор ҳуқуқи” мезонлари ишга тушади. Юқоридаги воқеа мисолида биз Қ.Қуронбоевнинг ана шундай мезонга таяниб иш тутганини кўришимиз мумкин.

Қ.Қуронбоевнинг бу хатти-ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда кучли норозилик келтириб чиқарди. Кўпчилик унинг истеъфосини сўрамоқда.

Президент маслаҳатчиси мақомидаги йўлтўсарнинг бу қилиғи ижтимоий тармоқларда мемлар ва карикатураларга сабаб бўлди.

Бундай кучли реакцияни кутмаган “қаҳрамон” ўз йўлтўсарлигини оқлашга тушиб кетди.

Унинг изоҳидан аслида “келин-куёвларнинг ҳурмати жойига қўйилган ҳолда ўз машинасида кузатиб қўйилгани”, фақат кортеждаги бошқа машиналарга қоидабузарлик учун ички ишлар ходимлари томонидан чоралар кўрилгани ойдинлашади.

“Бу оилалар (келин-куёвнинг) қандай эътироз ҳам билдиргани йўқ, хурсанд бўлиб, тўйлари чиройли ўтди”, дейди Қуронбоев.

Ҳайитдан кейинги хинанинг таъсири ҳақида халқимизда ажойиб гаплар бор. Ёшларнинг уларга ҳукумат томонидан тайинланган етакчига нисбатан кескин салбий муносабати президент маслаҳатчисини довдиратиб қўйган кўринади.

У мансаб курсисининг тафтидан ажраб қолишидан ҳадиксираётгани сезилиб турибди.

Шу ўринда Қ.Қуронбоевнинг хизмат йўлини эсга олиш зарар қилмайди. У кўп йиллар собиқ комсомол сафида ишлаган. Кейин эса комсомолнинг меросхўри бўлмиш собиқ “Камолот” раҳбарларидан бири бўлган.

Дарвоқе, юқоридаги бўлган воқеа иштирокчилари ҳам собиқ комсомол ва собиқ камолотчига бегона эмас. Бугун уйланиш ёшига етганлар бир вақтлар Қ.Қуронбоев “Камолот”нинг “Камалак” ташкилотини (совет давридаги октябрят ва пионернинг муқобили) бошқарган вақтида ўзи тарбиялашга масъул бўлган йигит-қизлардир.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 декабр 2020
Ўзбекистонда маҳкумлар меҳнати шарафига қўйилган ёдгорликни бузишди. Таассуфки, у фақат бир неча кунгина турди, “оқ пальтоли” зиёлилар ва “маънавиятли” ...
25 август 2020
Диктатор учун трансформер тахт. Рассом Туз
21 октябр 2024
Бундан 25 йил олдин  Урганчда мустақил телевидение ташкил қилиб ишлаган пайтларимиз битта катта журналистик суриштирув бошлаган, бироқ кўплаб сабабларга ...
28 январ 2019
Янги йилдан бошлаб қўшимча қиймат солиғи жорий этилиши ортидан Ўзбекистонда тадбиркорларнинг солиқдан қочишга интилишлари янада кучайгани кузатилмоқда. Сўнгги вақтларда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...