Асосий мавзулар
9 июл 2018

Қоп-қоп ваъдалар ва йўл бўйидаги қоплар

(фермер хўжалиги ишчисининг ҳикояси)

Хоразмлик Ҳасанбой фермер хўжалигида ишлайди. Умри далада ўтган, деса ҳам бўлади. Маълумоти ўрта. Шундай бўлса-да, ўзини вилоятдаги раҳбарларнинг аксариятидан ақллироқ деб билади. Бунга асоси ҳам бор. Энди қолганини Ҳасанбойнинг ўзидан эшитинг:

– Йўл ёқасидаги далалар четида қатор тизилган қопларни кўрдингизми? Ичида гўнг бор уларнинг. Ҳокимликнинг ғўзанинг биринчи сувини ҳар гектарига беш тоннадан гўнг билан бериш тўғрисида буйруғи бор.

Аслида Хоразм шароитида маҳаллий ўғит ерга қишда сочилади. Гўнгни сув орқали шарбат қилиб беришнинг беҳуда ҳаракат эканини ёш бола ҳам билади. Гўнг иссиқда қуриб ўз кучини йўқотади. Гўнг фақат тупроқ билан аралашсагина экинга куч беради.

Мен отимни зўрға ёзадиган, ўқимаган одамман. Бироқ вилоят раҳбарларининг ҳаммасидан ақллироқ бўлсам керак. Эсимни танигандан бери далада ишлайман. Мактабда ўқиб юрганимда ҳам далага гўнг сочиш тадбирида қатнашганман. Жуда қизиқ воқеа бўлган ўшанда.

Далага қайсидир вазир келиши керак экан. Шунинг учун ўқувчидан тортиб ҳамма суғорилаётган далага гўнг чиқаришга сафарбар қилинган. Вазир кўриниши билан ҳамма гўнгни сувга ағдариши ва ғўза шарбат усулида суғорилаётгандек кўрсатилиши керак эди.

Даладан ярим чақиримча узоқроққа хабарчи қўйилган. Вазир бошчилигида вилоят фаоллари тушган автобус кўринганидан қўли билан ишора берса, биз сувга гўнг ағдаришни бошлашимиз тайинланган.

Бир вақт хабарчи ишора берди, ҳамма қоплардаги, эшак аравадаги, юк машинасидаги гўнгларни ариққа ағдарди. Кейин билсак, бу автобус оддий йўловчиларни ташиб юрган экан, хабарчимиз адашибди. Вазир анча кейинроқ келди. Ўшанда маҳаллий раҳбарларнинг кўзбўямачилиги фош бўлганди.

Ҳозир Гурлан туманидан Урганч шаҳригача асосий йўл ёқалаб гўнг уюмлари ва дала четига қатор-қатор тизилган қоплар ҳам ана шундай кўзбўямачилик учун қўйилган. Тошкентдан қайсидир вазир келармиш.

Бу ишлар сира ақлга сиғмайди. Биринчидан, турли идоралардан чақирилган ходимлар дала ишчиси ролини бажаришди, иккинчидан, ёзнинг иссиғида туш пайтида дам олиш керак эмасми? Учинчидан, қоплар хўжакўрсинга қўйилди, битта ҳам қоп бўшатилгани йўқ. Тўртинчидан, қоп, гўнг учун чиқарилган харажат увол кетди. Бешинчидан шунча одамни оввора қилиб қилинган меҳнат, вақт зое кетди. Энг муҳимини юқорида айтдим, Хоразмда ерга гўнгни қишда солиш керак.

Бу раҳбарларнинг ғалати қилиқлари бор. Бир неча йилдан бери чигитни қўшқатор қилиб экишни “тавсия” қилишяпти. “Тавсия” мажбурлаш дегани. Биринчидан, Хоразмнинг, хусусан, Гурлан туманининг тупроғи сувсиз қолса, қаттиқ кесакка айланади. Ерлар нотекслиги боис, паст жойларда қўш қаторли ғўзанинг тагига сув етгандан сўнг тупроқ ғўза томирини қаттиқ сиқиб қўяди. Иккинчидан, қўшқаторнинг орасига ишлов бериш қийин. Учинчидан, қўшқаторнинг орасига ўғит бериб бўлмайди. Тўртинчидан, қўшқаторнинг орасига қуёш яхши тушмайди. Бу эса ғўзанинг ривожига ва пахтанинг сифатига салбий таъсир кўсатади.

Бешинчидан, қўш қаторли ғўзани карчовка қилиш қийин. Олтинчидан, қўшқаторлаб экиш учун техника етарли эмас. Кўпчилик фермерларнинг техникаси якка қаторга мослашган. Ҳокимликнинг эса бу томони билан иши йўқ. Буйруқ берилдими, худди аскарга ўхшаб бажариш шарт. Буйруқни муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Юқоридан берилган топшириқларда, раҳбарларнинг сўзларида тутуриқ йўқ. Бир ишнинг ярмини бажарган пайтда бошқа бир топшириқ келади. Баъзан ўзлари буюриб, ўзлари жавобгарликка тортишлари мумкин.
Бир кун дала четига мол боғлаб қўйиш тўғрисида топшириқ келди. Фермерлар уйларидаги шахсий чорваларини дала ёнига келтиришди. Фермернинг ерида дала четидаги бир-неча туп экинни моллар пайҳон қилгани қайсидир раҳбарнинг асабини қўзғаса, дарҳол ички ишлар ва прокуратура ходимлари далаларни айланиб, фермер ҳудудидаги чорваларни йўқотиш тадбирини бошлаши, дала ёқасида турган чорва учун жарима солиши ҳеч гапмас.

Фермерлар баъзан қилмаган айби учун ҳам жарима тўлаши мумкин. Бир куни менинг раҳбарим прокуратура вакилига дуч келиб қолди.

“Сиз бу йил бир марта ҳам жарима тўламабсиз. Бошқа фермерлардан икки-уч марта жарима ундирганмиз. Мана бу қоғозни олинг-да, энг кам иш ҳақининг ярим баробари миқдорида жарима тўланг. Ярим минимал сиз учун арзимас чиқим, сиз катта фермерсиз-ку”, деди.

“Пахтани сув бостирди, деб ёзайми ёки ноқонуний шоли экди, деб ёзайми”, деб сўради. Хўжайиним бироз ялинди ва ходим унамагач, жарима тўлашга рози бўлди.

Мен хўжайинимга: “Нега емаган сомсага пул тўлайсиз, йўқ деб туриб олсангиз бўлмасмиди”, десам, “йўқ десам устимдан каттароқ иш очишади, кейин кўпроқ чиқим бўлади”, деди. Бундай мисоллар жуда кўп.

Туманимизда кўпгина олди-берди ишлари, хизмат ҳақлари шоли миқдори билан белгиланади. Фермер шоли учун мўлжалланган 1 га ерни 1 тонна гуруч нархида 1 йилга ижарага беради. Фермернинг иш бошқарувчиси 1 га шоли ер ҳисобига 1 йил хизмат қилади. Фермер унга ерни фақат суриб беради, қолган барча харажатларни иш бошқарувчи ўз ҳисобидан чиқаради.

Суриш трактори ҳайдовчиси 1 га, бошқа тракторчилар 0,5 га, оддий ишчилар фақат кундузи ишласа 0,3 га, мавсумда кечаю кундуз ишловчилар 0,5 га ёки 1 тележка (3 тонна) шоли, 1 қути ипак қурти (35 гр) боқувчиси 0,1 га шоли ерга эга бўладилар.

Пахтада ишловчи пудратчилар апрелдан сентябргача ишлаганлари учун ўзига тегишли даланинг ғўзапоясини териб олиш билан қаноатланадилар. Улар карчовка учун трактор ёқилғисини таъминлашдан ташқари фермерга ўзлари йиғиштириб олган ғўзапоядан гектарига 50 боғ беради (бир боғ ғўзапоянинг нархи 800-1000 сўм атрофида).

Пахта мавсумида эса улар бошқа теримчилар қатори терган пахтаси учун ҳақ оладилар. Бироқ фермерга қарам бўлгани учун терим охирида яхшироқ тўлайдиган бошқа ерларга бориб ишлашдан маҳрум бўладилар. Кам ҳақ олса ҳам ҳар куни далага чиқишга мажбур.

Бизда энг фойдали экин – шоли. Буғдойдан кейин такрорий экин сифатида экса ҳам бўлади. Бунинг учун олдиндан шоли кўчати тайёрлаш зарур. 1 га майдонга 25 кг уруғ (бозор нархи 150 минг сўм, агар уруғни ўзингиз етиштирсангиз, 75 минг сўм бўлади) кетади. Кўчат қадаш 1 млн сўм, ўғит ўтган йили 1 млн атрофида бўлди, бу йил анча қиммат, суриш ва текислаш 1 млн, ўриб-йиғиб олиш 1 млн, бошқа харажатларни ҳам қўшсак, шоли омборга киргунча 5-6 млн сўм атрофида пул сарф бўлади.

Шоли гуручга айланиб, пули чўнтакка етиб келгунча камида 8 млн чиқим чиқади. 1 га ерда етиштирилган ўртача 6 тонна шоли (3,5 тонна гуруч)дан 20 млн.дан ортиқ даромад қилиш мумкин. Ҳосилдорлик юқори бўлган далалардан 25-30 млн даромад қилиб, 20 млн.гача соф фойда олиш мумкин.

Буғдойдан гектарига 5 млн, қовун-тарвуздан ҳам ўшанча соф фойда олса бўлади. Ҳокимлик тақсимоти бўйича мажбурий экилган бошқа экин турлари фақат зарар келтиради.

Биз энг муаммоли, энг ёқимсиз экин тури пахта ҳисобланади. Пахтадан жуда кам фермерлар арзимасгина фойда кўради. Телевидение ва матбуотда оғиз кўпиртиб “пахтадан фалон млн фойда олдик”, деб мақтанаётган фермерлар ёлғон гапирадилар. Уларнинг гапига халқ ишонмайди. Ҳамма шароитлар ва таъминотлар етарли бўлса, нари борса чиқимни қоплаш мумкин. Агар табиат ёрдам берса, озгина фойда кўриш мумкин.

Касаба уюшмага аъзоман. Лекин аъзоликдан ишчиларга фойда йўқ. Бироқ кўпчилик фермерлар ҳар йил қишда касаба уюшма йўлланмаси билан санаторийларда дам олиб келади. Эшитишимча, туманимизнинг энг бойваччаси ёрдамга муҳтожлар учун келган йўлланмадан фойдаланиб санаторийда даволаниб келибди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 январ 2017
Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни байрами халқ орасида тантана қилинмаган бўлса-да, расмий доиралар томонидан анча дабдабали кутиб олинди. Мамлакат нашрларда ...
7 ноябр 2023
Салом қадрли мухлислар, кўрсатувларимизни Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиш билан давом эттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Тошкент, Жиззах, ...
24 октябр 2022
Олмаотадаги туманлараро тергов суди 7 октябрь куни Ўзбекистонда сепаратизмда гумонланган қорақалпоғистонлик Зиуар Мирманбетовани ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.Бундан олдин ...
29 январ 2018
Тошкент шаҳри марказидаги модерн меъморчилик намунаси бўлган Киночилар уйи ва бошқа биноларнинг бузилиши Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...