Асосий мавзулар
24 август 2018

Фақат қаматгиси келадиган прокурорлар

Рашид Қодиров даврида шаклланган прокурорлар ҳали от устида ва улар узоққа борадиган кўринади. Улар узоқ йиллардан буён қўллаб келаётган иш услубларидан воз кечмоқчи эмасдек.

Тошкентнинг йирик тадбиркорларидан бири бўлган Жаҳонгир Умаров устида ўтказилаётган суд жараёнига оид хабарларни ўқиб, шундай хулоса келиб чиқади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари бу жиноят иши уюштирилгани, бундан тадбиркорнинг бизнесини тортиб олиш мақсади кўзланганига доир кўплаб маълумотларни эълон қилиб келяпти.

Жумладан, шаҳар ИИББ жиноят-қидирув бошқармаси тезкор ходими экани айтилаётган шахснинг юқоридаги иддаоларни тасдиқловчи сўзлари акс этган аудиоёзув интернетда тарқалди.

Гарчи Тошкент шаҳри ИИББ Ж.Умаровга қийноқлар қўлланилганини рад этган бўлса-да, ўз ходимларининг процессуал жараёнларни қўпол тарзда бузганини билвосита тасдиқлайдиган чора-тадбирлар кўрди.

Яъни мазкур ишга алоқадор ходимларнинг бир нечтасига интизомий чора кўрилди, аудиоёзув “қаҳрамони” бўлмиш тезкор ходим Фатҳиддин Нуриддинов эса ишдан бўшатилди.

Умуман, юқоридагилардан ташқари, ошкор бўлган маълумотларга кўра, Ж.Умаровнинг офисини тинтув қилиш жараёни видеотасвирга олинмаган, тергов тадбирларида иштирок этиши керак бўлган гувоҳлар кечикиб келган. Гўёки наркотик модда сақланилган стакандан бармоқ излари олинмаган.

Тадбиркор фойдасига ишлаши керак бўлган шунча ҳолатларга қарамай, прокурор унга 7 йиллик қамоқ жазоси тайинланишини талаб қилиб чиқмоқда.

Унинг сўзларига кўра, гўёки Жаҳонгир Умаровнинг айби исботланган. Прокурор тадбиркорнинг офисидан опий топилганини яна бир бор таъкидлади.

Ҳолбуки, тезкор ходим Ф.Нуриддинов тадбиркорга наркотик модда ташлаб қўйилганини ўз оғзи билан тан олгани тўғрисида аудиоёзув мавжуд.

Шунингдек, у бу ҳаракатларни тадбиркорни сохта айбловлар билан қамаш ташаббускори бўлган номаълум шахс билан маслаҳатлашгани ҳам маълум.

Суд мустақиллиги таъминланган демократик давлатларда бундай ҳолатлар юзага чиққанида прокуратура энг камида ишни қайта тергов қилишни талаб этади. Акс ҳолда айбланувчини озод этиш учун асослар ҳам етарли.

Лекин бизнинг прокуратура бу даражага етиш у ёқда турсин, ҳатто яқинлашишга ҳам ҳаракат қилмаяпти.

Бундан кўринадики, ҳали Ўзбекистон прокуратурасининг ҳақиқий қонун ҳимоячисига айланишига кўп қовун пишиғи бор.

Қолаверса, бугун прокуратура ҳатто собиқ МХХнинг ўрнига келган ДХХдан ҳам катта ваколатларга эга бўлиб боряпти.

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқилса, прокуратура ваколатларининг тинимсиз кенгайтирилаётгани яхши оқибатларга олиб келмайди, деб хулоса қилиш мумкин.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 феврал 2017
Ўтган жума расман сўроққа тутиш учун Силвири қамоғига юборилган Ўзбекистон ватандоши Абдуқодир Машариповнинг Reina тунги клубига ҳужум олдидан камера ...
29 май 2023
Руслан Давлетов Адлия вазири экан қўли остидаги ходимнинг пора олганини билатуриб, унинг ишишини прокуратурага оширмагани ҳақидаги пост Элтузда нашр ...
24 октябр 2016
Пахта теришга одамларнинг мажбур қилинмаслиги ёлғон эканини, бугун ёш бола ҳам билади. Гарчи кўчаларда «Пахта теримида мажбурий меҳнат ҳолатларига ...
28 феврал 2024
«Фаренгофорте» савдо бренди остида спрей доривор воситасини қадоқлаш жараёни акс этган видеонинг Элтуз телеграм каналида  чоп этилиши ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...