Асосий мавзулар
4 декабр 2018

Пахта даласидан ҳарбий полигонларга

Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган кенг кўламли ўқув машғулотлари беш кун давом этди.

Расмийлар бу ўқув машғулотлари мустақиллик йилларидаги энг йирик ҳарбий-ўқув амалиёти бўлганини айтмоқда.

Бу хабарларни ўқир экансиз, яқиндагина бундан-да “муҳимроқ” бўлган яна бир амалиётдан қайтган ҳарбийларимиз толиқиб қолмадимикин, деган хавотир кўнгилдан ўтди.

Ҳа, яқинда ўн минглаб аскарларимиз ҳатто совет даврида ҳам кўрилмаган долзарб фронт – пахта даласидан казармаларга қайтиб келди.

Улар ҳазил иш қилгани йўқ – миллий бойлигимиз бўлмиш пахта нес-нобуд бўлишининг олдини олиб, жонини жабборга бериб меҳнат қилди.

Айтиш мумкинки, экстремал шароитларда аскарларимиз армияда тобланганларини ҳаётий шароитда синовдан ўтказдилар.

Шу кунларда битта савол очиқ қолмоқда: мана шу аскарларимиз ҳам кенг кўламли машғулотларда қатнашдиларми, бу машғулотлар давомида уларнинг пахта даласида толиқиб қолганлари сезилмадими?

Албатта, бу саволга жавоб топиш мушкул. Зеро, гап мудофаа қудратимизнинг ҳолати ҳақида бормоқда ва бу ишда пасайиш бўлган бўлса, буни ошкор асло ошкор қилиб бўлмайди.

Чунки яқинда рус генералларидан бири Тожикистонда ўтган тадбирда Афғонистонда янги жангари гуруҳ вужудга келиш хавфидан огоҳлантирганди.

Душманларимиз эса бизнинг аскарларимиз жанговар маҳоратини ошириш ўрнига пахта териб юрганини билиб қолса, қутқусини кучайтириши мумкин.

Уларнинг кўзини қўрқитиб қўйиш учун эса битта ҳарбий машғулот ўтказиб қўйишимиз керак эди, шуни қилдик ҳам.

Чунки бизнинг аскарларимиз нафақат пахта теради, балки ҳарбий техникани бинойидек бошқаради, яхши уриша олади ҳам.

Бу яқинда халқаро миқёсда ҳам эътироф этилди. Дунёнинг энг кучли армиялари рўйхатида 39-ўринда қайд этилдик.

Агар аскарларимиз бир йиллик хизматларининг 2-3 ойида пахта термай, шу пайтларда ҳам ҳарбий тайёргарлик билан шуғулланса, камида кучли ўнталикка киришимиз ҳам ҳеч гап эмас.

Энди ўйлаб қарасам, раҳматли Муҳаммад Юсуф узоқни кўра оладиган шоир бўлган экан. Бир вақтлар “Ҳали омон-омон замон келади, далаларда танклар пахта теради”, деган эди.

Бунда у алпқомат аскарларимизни танкларга менгзаган бўлса, ажаб эмас. Чунки мантиқан ўйлаб қарасак, танклар далага кирса, пахтани пайҳон қилади. Бизда эса ҳатто чорва молларига ҳам пахта даласини пайҳон қилишга тақиқ бор.

Мана, милисалар қанчадан қанча қўю молларни сўйиб ташлади бу тақиқни бузгани учун. Агар танклар пахтани пайҳон қилаётганини кўриб қолишса, худо билади бу танкларни нима қилишларини.

Агар бўлакларга бўлиб ёки МИБ орқали мусодара қилдириб, сотиб юборишса, ҳарбий машғулотларда нима билан қатнашамиз танксиз?

Эшак миниб, от миниб жанг қиладиган замонлар ўтиб кетган бўлса. Қолаверса, эшакка ҳам қирон келган. Аллақачон сўйилиб, гўшти сотиб юборилган.

Шу сўйилган қўйлар ва моллар ҳақида гап боргани учун яна бир нарса эсга тушиб қолди.

Яқинда Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда жиноятчилик аллақанча фоиз камайганини маълум қилди. Бунда ҳам мантиқ кўрдим.

Зеро, мавсумда 2 ой давомида ИИВнинг 10 мингдан зиёд хизматчиси пахта далаларида жавлон уриб, оқ олтин териш билан машғул бўлди.

Хизматдаги милисалар камайишига мос равишда жиноятчилик ҳам камайгандек таассурот уйғонди…

Гапдан чалғимайлик. Ўша дунёнинг энг кучли армиялари рўйхатини кўздан кечириб, аксарият мамлакатлар армияларининг кучи ва пахта ўртасида боғлиқлик кўрдим.

Масалан, дунёнинг энг кучли армияси АҚШники экан. АҚШда пахта экилади. Учинчи кучлиси Хитой экан, хитойларнинг ҳам пахтаси бор. Кучли армияларга эга Туркия, Исроил, Ҳиндистон, Покистон, Миср, хуллас, анча-мунчаси пахта экади.

Энди улардаги аскарлар ҳам Ўзбекистон ҳарбийлари каби пахта даласида тобланадими ёки йўқми, шунга ойдинлик киритишимиз керак.

Ўшанда пахта терими ва армия кучи ўртасидаги боғлиқликнинг сирини очиш мумкин бўлади. А, лаббай!

Қитмир Аскар
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 январ 2018
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ўз қўли остида бўлган икки зобит – Жавдат Шарифхўжаев ва ...
20 август 2023
Cалом қадрли мухлислар, Элтуз ўзининг кундалик кўрсатувларини давом эттиради. Элтуз илгари хабар берганидек, 15 август куни Zо‘r TV журналисти ...
6 январ 2020
Ўзбекистон “Эрк” Демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ 1992 йилнинг 16 январида пойтахтнинг Талабалар шаҳарчасида содир бўлиб исён ва ундан ...
17 апрел 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 44-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Паул Валери америкалик ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...