Ўзбек олими туркий халқ ўтмиши ҳақида янглиш гап айтди
“Azon.uz” сайтида этнограф олим Анвар Бўронов билан катта интервью чиқибди. Унинг асосий мавзуси — тангричилик динининг ўтмиши ва бугуни.
Суҳбатда исломнинг жамиятдаги ўрни ҳақида чиройли фикрлар берилган. Шу билан бирга, Анвар Бўроновнинг олимлигини инобатга олсак, унинг илмий фикр-мулоҳазалари менда жиддий шубҳа уйғотди. Тангричилик, туркий халқларнинг ўтмиши ҳақида гапирганда, у профессионал олимларга хос бўлмаган кўплаб хато ва камчиликларга йўл қўйган. Бир-иккита масалага тўхталиб ўтайлик.
1) Ўзбек халқи урф-одатлари орасида тангричилик элементлари сақланиб қолгани ҳақида фикр юритаркан, бундан “афсус”далигини билдиради. Олим одам бу каби оборотларни ишлатмаслиги керак, негаки олимнинг вазифаси — мумкин қадар холис ва бетараф бўлиш. Шундай экан, у афсусини билдирмай, балки босиқ оҳангда бу ҳолатнинг салбий жиҳатларини тушунтириб бериши лозим эди.
2) Жуда қизиқ, парадоксал ҳолат, буни бошқаларда ҳам кузатганман: айрим олимлар фаоллар туркий халқларнинг бир жиҳатини, масалан, тангричиликни ёмон кўриб, айни пайтда бу халқларнинг ўйлаб топилган ёлғон тарихига маҳлиё бўлишади, туркийларни энг қадимий ва буюк халқ деб эълон қилишади. Интервьюда ҳам шу ҳолат кузатилади: туркий халқларнинг қадимги дини — тангричиликни ботил ғоя деб баҳолаган Бўронов қуйироқда кутилмаганда миллатчилар ўйлаб топган шумер-турк боғлами ҳақидаги ғайриилмий қарашларини илмий ҳақиқат сифатида тақдим этишга уринади. Йўқ, биродарлар, тангричилик 5 минг йил олдин Шумерда пайдо бўлмаган. Шумерларнинг туркийларга алоқаси йўқ. Турк тилининг шумер тилига ўхшашлиги ёки қариндошлиги ҳақидаги фикрлар ғайриилмий бўлиб, ҳеч қандай реал фактга асосланмаган ва олимлар томонидан жиддий қабул қилинмайди;
3) Иқтибос: “Милоддан аввалги 2-минг йилликда Месопотамияга қадимги сомий, ҳозирги Эрон, Афғонистон ва Турон текислиги ҳудудларига орий қабилалари кириб келиши натижасида протоолтойларнинг катта қисми Олтой, Саён тоғлари, ҳозирги Шимолий Хитой, Мўғулистон ва Сибирь томонга кетишга мажбур бўлишган ва бу ерда олтой халқлари сифатида шаклланган” — мутлақо нотўғри, ҳеч қандай илмий ва тарихий асосга эга бўлмаган фикр. Протоолтойларнинг Яқин Шарқда бўлгани ва кейинчалик Шарққа кўчгани масаласида ҳеч қандай жиддий далил йўқ.
4) Иқтибос: “Диншунослар томонидан фақат учта дин — яҳудийлик, насронийлик ва ислом дини монотеистик дин сифатида қабул қилинган”. Аслида монотеистик динлар кўп бўлган. Бизга маълум энг қадимги монотеистик диний қараш милоддан аввалги иккинчи минг йилликда Мисрда жорий этилган эди.
5) Бўроновнинг фикрича, тангричилик яккахудолик дини эмас. Бу ўринда у жуда кўп тадқиқотчиларнинг хатосини такрорлаяпти, бу хато масаланинг лингвистик жиҳатини билмасликдан келиб чиқади. Гап шундаки, биз ўтмиш халқлар ишонган кўплаб ғайритабиий борлиқларни ўзимизнинг тилимизда мавжуд бўлган ягона “худо” деган сўз билан таърифлаймиз. Аслида эса қадимий халқлар ундай борлиқларга нисбатан турлича атамаларни ишлатишган ва кўп ҳолларда улар ишлатган атамалар “худо” тушунчасига мос келмайди. Бу атамаларнинг муқобили бугунги тилларда йўқ, шу боис ўтмиш тадқиқотчилари шартли равишда барча мифологик образларни “худо” деб атайверади. Масалан, тангричиликда ягона худо Тангри, зардуштийликда Ахурамазда ҳисобланади. Тадқиқотчи олим бу нозик жиҳатни билиши керак эди.
Хулоса шундан иборатки, ҳатто бир қарашда профессионал тайёргарликка эга мутахассислар ҳам нопрофессионалликка йўл қўйиши мумкин. Жиддий оҳангда нотўғри фактларнинг тақдим этилиши — ўзбек матбуотининг ва умуман медиасининг жиддий муаммоси. Фактларни текшириш ва ўқувчига сифатли ахборот тақдим этиш аслида экспертларнинг вазифаси, лекин экспертнинг ўзи хатога йўл қўйса, унда муаммо жиддийроқ.
Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери