“Ҳар баҳорда шу бўлар такрор…” Яна Зулфия мукофоти ҳақида
Ҳа, яна ёзамиз, ёзаверамиз. Токи бу мукофот ўз олдига қўйилган мақсадни адо этмагунча, яъни ёш қизларнинг келажакка мотивациясини оширишга хизмат қилмагунча ёзаверамиз. Ҳозирча у мотивацияни туширяпти…
Эрта-индин ғолиблар рўйхати эълон қилинади. Лекин кенг жамоатчилик танлов жараёни қандай ўтганини билмайди, рўйхатни кўриб, кимларнидир танийди ё танимайди. Кейин ижтимоий тармоқда норози иштирокчиларнинг чиқишлари бошланади: жараён ноҳақ ўтгани, коррупциялашгани, ғолибликни фалон пулга сотиб олиш мумкинлиги ва ҳоказо иддаолар авжига чиқади.
Хуллас, баҳорнинг илк кунларидаги мавсумий-анъанавий можаро палласи яқин. Бу фақат йиқилиб курашга тўймаганларнинг одатий жанжали, ўтади-кетади деб қўявериш айрим қитмир саволларга кўз юмишдек бўлиб туюляпти-да.
Зулфия номидаги мукофот – имтиёзи кўп мукофот. Яна ёш қизчаларга, таваккалига, кредит сифатида бериладиган мукофот.
Энди ўйлаб кўрайлик: қарийб 20 йилдан бери берилган шу кредитларнинг қанчаси қайтди? Яъни мукофот олган 300 дан ортиқ қиздан бугун нечтаси илғор аёлга айланди? Қанча олима, депутат, раҳбар, чемпион, тадбиркор… аёл етишиб чиқди улардан? Мамлакатимизнинг гендер тенглик бўйича халқаро рейтингдаги позициясини кўрдингларми? Биз шу мукофот орқали қизларни рағбатлантиряпмиз, улардан келажакда етакчи, илғор аёллар етишиб чиқишига замин яратяпмиз, деб ўзимизни алдамаяпмизми?
Биргина ОТМга имтиҳонсиз давлат грантига қабул қилинишининг ўзида қанча гап бор. Бир неча йиллар аввал, адашмасам, Алишер Назар шу имтиёз бекор қилинишини таклиф этганди. Лекин таклиф ижтимоий тармоқдаги қизғин баҳслардан нарига ўтмади.
Аммо Зулфия мукофоти атрофидаги можароларни ўргансангиз, ҳамма йўллар негадир шу имтиёзга олиб бораверади.
Чунки тажрибадан биламизки, қаерда имтиёз бўлса, коррупция ўша ерни бехато топиб боради. ОТМга кириш нақадар қийинлигини ҳам биламиз.
Шу сабабли ҳам иккита муҳим масалани ҳал қилиб олишимиз керак.
Биринчи масала – мукофотнинг мақсадга мувофиқлиги. Бизга бу мукофот керакми? Балки ушбу маблағдан бошқа самаралироқ усулда фойдаланиб қизларимизни рағбатлантирармиз? Қизлар учун имтиёзли таълим грантлари, бизнес кредитлар, олий ўқув юртлари қошида оилали талаба қизларнинг фарзандлари учун боғчалар ва ҳоказоларга сарфлармиз.
Йўқ, бу давлат мукофоти, у катта рамзий маъно ташийди, у бизга керак, дейдиган бўлсак, унда чиндан ҳам рамзий мукофот бўлсин. Зулфия номидаги мукофот ташиган РАМЗ қадрли бўлсин, унинг имтиёзлари эмас (кўрамиз, шунда ушбу мукофот атрофида ҳозиргидек ажиотаж бўлармикин).
Иккинчи масала – танлов жараёнининг шаффофлиги. У максимал даражада бўлиши керак. Танлов учун масъул ташкилотлар ҳозиргача жараённи шаффофлаштириш борасида бирон ҳаракат қилганларини шахсан мен кўрмадим. Аслида халқнинг пулига ўтадиган ҳар қандай танлов жамоатчилик назорати остида кечиши керак.
Таклифларим:
1. Иштирокчиларнинг ҳужжат топширишини электрон шаклга ўтказиш.
2. Танловни онлайн тарзда ўтказиш (бунинг учун махсус портал очиш). Бунда истаган инсон иштрокчининг саҳифасига кириб қилган ишлари, портфолиоси, биографияси, эришган натижаларини кўриши, танлов жараёнидаги суҳбатлар ва бошқа синовларни кузатиши мумкин бўлсин.
3. Танлов ҳайъати таркиби ва баҳолаш жараёни ҳам очиқ бўлиши керак.
4. Ғолибларнинг грант асосида ўқишга кириши масаласини яна кўриб чиқиш лозим.
Хуллас, озодликка чиққан Шарқ аёллари адолат истайдур.
Блогер Шаҳнозахон
relaxed @shahnozxon