Эрдўғон ютқазди. Турк миллати Истанбулда демократия достонини ëзди
Ниҳоят 23 июнь куни Истанбул шаҳри ҳокимлиги учун қайта сайлов бўлиб ўтди.
Истанбул шаҳри ҳокимлиги учун 21 март куни ўтказилган илк сайловда Эрдўғон раҳбарлик қилаётган Адолат ва тараққиëт партияси- АТП ва шериги Миллий ҳаракат партияси – МҲПнинг “Жумҳур” иттифоқига қарши Жумҳурият халқ партияси етакчилигидаги мухолифатнинг «Миллат” иттифоқи номзоди Икром Имомўғли энг кўп овоз олиб ғалаба қозонган эди. Бу ғалаба давлатнинг барча имконлари, моддий куч, иқтидорга боғлиқ муассасалар, диний жамоалар ва ОАВларни Эрдўғон иқтидори дастаклаганига қарамасдан амалга ошди.
Эрдўғонга зарба
Бу мағлубият 2001 йилдан бери сайловларда ютиб келган Эрдўғон учун кутилмаган зарба бўлди. Демократик тамойиллардан тобора узоқлашиб бораётган Эрдўғон ва унинг иқтидори Туркия иқтисодининг 30 фоизига эгалик қиладиган ва Европанинг энг йирик шаҳри ҳисобланмиш Истанбул мағлубиятини ҳазм қила олмади.
Эрдўғон ва ёндошлари турли баҳоналар билан олинган овозларни қайта санашни ва қайта сайлов ўтказишни талаб қила бошладилар. Натижада Эрдўғон босимига дош бера олмаган Туркия Олий сайлов комисияси (YSK) ҳуқуқ, ақл, мантиқ ва исбот қоидаларига уюшмаган, турк сиёсий тарихига бир қора доғ бўлиб кирувчи қарор билан Истанбул ҳокими сайлови натижаларини бекор қилди.
Тескари эффект
Туркларда “Ютқазган паҳлавон курашга тўймас” деган гап бор. Қайта сайлов куни белгиланди. Маҳаллий сайловга ўзи учун шахсий ғурур масаласи ўлароқ қараган Эрдўғон сиёсий умридаги энг катта стратегик хатога йўл қўйди.
Халқнинг миллий иродасига ҳурматсизлик қилиб, 70 йилдир бузилмай келаётган сайлов муассасасини ва демократик анъанасини топтади.
Туркия сиёсий тарихини яқиндан билувчи мустақил кузатувчиларнинг огоҳлантиришларига, тарафсиз ижтимоий сўров таҳлилларига қарамай, ўз ҳирси, очкўзлиги ва кибрига мағлуб бўлди.
Сайлов кампанияси давомида жумҳурбошқони (президент) сифатида тарафсиз қолиши керак бўлган Эрдўғон майдонларга чиқиб мухолифат номзоди Имомўғли ва тарафдорларига қарши туҳмат, ҳақорат ва таҳқирлашни бошлаб юборди. Маҳаллий сайловни Эрдўғон ва Имомўғли рақобатига айлантириб, тарафсизлик мақомини бузди.
Бу таҳқирлаш кампаниясига илк бошлардан дастак бериб келаётган мулозимлар, ҳукумат вазирлари ва иқтидорга яқин ОАВлар ҳам жўр бўлишди. Бу сайловнинг асосий негизида бўлиши керак бўлган маҳаллий муаммоларни четлаб, мухолифатни ватан хоини, дин душмани, террорчи каби ёлғон ташвиқот тўфонига тутдилар.
Эрдўғоннинг бу агрессив тили, қўрқувга, таҳдидга асосланган нутқлари шундоқ ҳам 17 йиллик иқтидордан тинкаси қуриган халқнинг, сайловчиларнинг 35 фоизини ташкил қилувчи ёшлар норозиликларига олиб келди.
Дунëвий давлат истаганлар қозонди
Иқтидордаги партия жамиятнинг барча қатламларига бир “утопия”, яъни келажак учун умид, ҳаяжон улашиш қобилиятини ҳам йўқотди, бунинг ўрнига таржеҳ этилган қўрқув, таҳдид омилларига таянган услуб бу сайловда иқтидор учун манфий натижалар билан якунланди.
Ўз ҳирсининг қурбони бўлган Эрдўғон ўзини иқтидорга олиб келган халқни, турк миллатининг ҳақсизлик, зўравонлик, яккаҳокимлик, адолатсизлик қаршисидаги реакциясини ўчира олмади. Натижада бу ижтимоий реакция ўзи учун ҳам, партияси учун ҳам Истанбулда Туркия сиёсий тарихининг энг оғир мағлубиятига сабаб бўлди.
Март ойидаги илк сайловда номзодлар орасидаги фарқ 13. 000 атрофида бўлган бўлса, қайта сайловдаги фарқ 800.000 га чиқди.
Албаттаки, мухолифат номзоди Икром Имомўғлининг ва «Миллат» иттифоқининг бу ғалабаси тамалида ҳам айни социология мавжуд.
Имомўғли қўллаган тил, жамиятнинг барча қатламларини, гуруҳларини бирлаштирувчи радикал секуляризмдан узоқ бир услуб, Истанбул халқининг асосий муаммоларига қаратилган сайлов кампанияси турк жамиятида, ёшлар орасида янги бир умид ҳосил қилди. Жумҳурият тарихи давомида илк бора муҳофазакор қанотнинг ҳам овозини олишга эришди. Имомўғли, «Миллат» иттифоқи таҳдидлар, камситишлар, ҳақоратларга қарамасдан, “Ҳар шей гўзал олажақ” , яъни “ҳаммаси яхши бўлади” дедилар ва халқ умидини, демократияга бўлган ишончини қозондилар.
Эрдўғон оиласи ва дин тужжорлари “хазина”дан айрилди
Истанбул сайловлари турк сиёсатида қанчалик аҳамиятга эга? Эрдўғон ва унга ёндошларнинг Истанбул мағлубиятини қабул қила олмасликларига муҳим сабаблар бор.
Эрдўғондаги бу ҳирсни қўзғатган сабабларнинг бошида Истанбулнинг моддий имконлари турар эди. Сўнгги 20-25 йил Истанбул ва Туркиянинг йирик шаҳарлари Эрдўғонинг иқдидордаги АТП партияси учун, сиёсий исломчилар ва ёндошлари учун давлат ва миллат мулкини талон-тарож этишига бир “хазина” бўлиб хизмат қилди.
Исломни тижорат воситасига айлантирган диний жамоатлар, Эрдўғон партиясини дастакловчи вақфлар, Эрдўғон оиласи ва яқинлари Истанбул шаҳри ҳокимлиги “ҳадя” қилган моддий имконлар орқасидан қонунсиз, рақобтсиз шароитда бирма-бир “исломий олигархия”га айландилар. Эрдўғон ва яқин доирасидаги ёндошлари учун “олтин тухум қилувчи ғоз” мақомидаги бу имконлардан осонликча воз кечиш нафақат Эрдўғон ва АТП партияси, балки иқтидор атрофига уюшган манфаатчи гуруҳлар учун ҳам исталмаган ҳолат, буюк йўқотиш эди.
Бу ҳазмсизликнинг сабабларидан яна бири сиёсатни Истанбулда бошлаган “раис” учун бу шаҳарнинг рамзий аҳамияти эди.
Истанбулнинг қолоқ люмпен маҳалласидан жумҳурбоши даражасига кўтарилган Эрдўғоннинг сиёсий харизмаси тузалиши қийин бўлган талафот билан сўнгги даврини якунлади.
“the begging of the end”
Қўшимча сайлов тугади, натижалар Туркияда янги бир даврнинг бошланиши ва “Эрдўғон тренди”, АТП ҳокимияти учун якуний даврни бошлаб берди. Яъни “the begging of the end”, дейишимиз мумкин.
Бу ғалаба айни вақтда турк миллатиниг келажакка бўлган умидини, Эрдўғон иқтидори даврида шундоқ ҳам сўниб бораётган турк демократиясига бўлган ишончини қувватландирди.
Шундай қилиб, турк халқи йирик шаҳарларда, энг муҳими, Истанбулда демократия достонини ёзди.
Баҳодир Файз,
сиëсатшунос
Eltuz.com