Жаҳонгир Отажоновга лицензияси қайтарилди
Қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновнинг икки кун олдин олиб қўйилган ижодий фаолият учун лицензиясини «Ўзбекконцерт» 16 октябрь куни қайтариб берди, лекин ташкилотнинг расмий сайтида бу иккиланиш сабаби ҳақида билдирилмади.
«Ўзбекконцерт» ёки Республика Маънавият ва маърифат маркази каби ғалати ва нафталин ҳиди уфурган ташкилотлар нима учун кераклигини бирор бир ўртамиёна ўзбекистонликнинг тушунтириб бера олиши даргумон. Ишонмайсизми?
У ҳолда қўлингизга микрофон ва камерани олинг (ҳозирги пайтда на камера топиш, на Youtubeда хусусий канал очишда муаммо йўқ) ва ҳеч бўлмаса Тошкент кўчалари бўйлаб сўров ўтказинг.
«Давлат бюджети ҳисобидан кун кўрадиган бу институтларнинг бизга нега кераги бор, бу каби ашаддий фаоллик имитациясига қандай эҳтиёж бор?»
Ишончим комилки, ҳар қандай суҳбатдош сизга олий ватанпарпарварлик сафсатаси билан суғорилган, аллақаердаги «юксак маънавият»ни урғулаб жавоб беришади. Аммо ушбу идораларнинг шунча йиллик фаолияти давомида эришган натижалари ҳақида конкрет ҳеч нарса айта олишмайди.
Чунки на ҳукумат, на мамлакат фуқаролари, на жамоатчилик бу идораларнинг халққа, ҳукуматга ва жамиятга нима учун кераклигини билишмайди.
«Ўзбекконцерт» фақат у ёки бу артистни тақиқлаш ва лицензиядан маҳрум қилиши билан танилган. Сиз улар бу йўл билан ижод ҳақида қайғурмоқда, дея ўйлайсизми? Ўзбекистондаги реалликдан келиб чиқиб бундай жавоб ўзингизга кулгили туюлмаяптими?
Агар бу идорача санъат ва мухлисларнинг диди билан боғлиқ ҳолатга ғамхўрлик қилганида эди, у ҳолда биринчи галда қўшиқларнинг фонограмма билан ижро этилишига тақиқ солган бўлар эди.
Бироқ у ҳеч қачон бундай қилмаган ва сиз «Туркистон» ёки «Халқлар дўстлиги» саройида ўз пулингизга тағин ва тағин сохта қўшиқларни тинглашга, сийқа томошани кўришга мажбурсиз.
Бу идора давлат бюджетини қайғуряптими? Албатта йўқ. Аксинча у барча артистларни тўй сафарларидаги қора тушумларидан бюджет фойдасига солиқ фоизлари ўтказишга мажбурлаган бўларди.
Шу боис, ҳар хил «ўзбекконцерт» ва «маънавиятчи»лар Ўзбекистон аҳолисининг «юксак қадриятлари» учун жон куйдиришмоқда, дея ҳисоблаш аҳмоқликдир.
Бу ёлғонга ўзингиз ҳам ишонмайсиз, бироқ ҳамон овоз чиқариб айтишга қўрқасиз ва бунга иқрор бўлишга ўзингизда журъат топа олмайсиз.
«Ўзбекконцерт» – Ўзбекистондаги қолган барча институтлар каби коррупцион институт. Ва у ерда мўмайгина нақд пуллар айланмоқда, унвонлар сотиб олинмоқда, аёлларга қарши харрасмент (босим.тарж) авж олмоқда, пора эвазига «Нихол» мукофотларини олишмоқда ёки лицензиядан маҳрум қилиш каби турлича шантажлар билан пора ундиришмоқда.
Сиз бу фактларни мен айтмасам ҳам биласиз. Мабодо нормал суриштирув ўтказилса, онасини учқўрғондан кўришади! Шу қадар кўп ахлат чиқадики, ғусул қилиб ҳам ички ифлосликдан тозалана олишмайди.
Худбинлик ва жоҳиллик ҳам шу ерда, одамлар ўзлари аслида тоза бўлмаганлари ҳолда фейк маънавият ва ёлғондакам донолик билан сизга очиқдан очиқ сафсатани яна тағин сизнинг ҳисобингиздан пуллашади.
«Маънавият ва маърифат», «Ўзбекконцерт» каби ташкилотлар ёпилиши керак ва бунда ҳеч қандай муроса бўлмаслиги шарт. Ўзбекистон халқи бу каби фаолият тақлидчиларини ўз ҳисобидан ва муттасил боқмаслиги керак.
Рафаэл Сатторов
АҚШда фаолият юритаëтган ўзбекистонлик тадқиқодчи
Eltuz.com