Асосий мавзулар
28 декабр 2019

Мирзиёев Россияда нималарни гаплашмоқчи?

Келаётган йилнинг февраль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга кутилаётган ташрифи чоғида мамлакат учун ҳаётий масалалар муҳокама қилинади. 

Бу ташриф кун тартибидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиши, Жиззахда АЭС қурилиши, мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) билан муносабатлари каби ўта муҳим масалалар ўрин олади. 

Бу каби тахминларни билдирган сиёсий таҳлилчи Қурбон Тошбоевнинг “Элтуз”га билдиришича, мазкур ташриф Ўзбекистоннинг сиёсий-иқтисодий келажагини белгилаб беришда ўта муҳим аҳамиятга эга бўлади. 

Сўнгги вақтларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласидир.

Юқори доирадаги расмийлар, хусусан, Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев бу аъзоликни ёқлаб гапиргани ортидан мамлакатдаги мавжуд партиялар раҳбарлари ҳам бир овоздан буни қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини  билдира бошлади. 

Бу масала, шунингдек, АЭС қурилиши ўзбек мухолифатининг қатъий норозилигига сабаб бўлди, ижтимоий тармоқларда ҳам қаршилар кўпчиликни ташкил этмоқда. 

Айнан Ш.Мирзиёевнинг Россияга ташрифи эълон қилиниши баробарида ҳали икки мамлакат Жиззахда АЭС қурилиши борасида келишувга келмагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. 

Ўзбекистоннинг КХШТ билан муносабатлари масаласи эса мамлакат бу ташкилотни тарк этганидан буён ўзаро турли зиддиятларга сабаб бўлиб келяпти.

Яқинда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев “Афғонистонда вазият ёмонлашаётгани, “Ислом давлати” гуруҳи жангарилари Марказий Осиёга бостириб кириш учун мамлакат жанубида куч тўплаётгани” ҳақида баёнот берган эди. 

Ундан сал аввалроқ КХШТ бош котиби ўринбосари Петр Тихоновский ҳам Афғонистон янги ҳарбий можаролар ҳудуди бўлиши таҳдидидан огоҳлантирганди. 

“Юқорида тилга олинган ҳолатлар Ш.Мирзиёевнинг Россияга кутилаётган ташрифида айнан шу масалалар музокараларнинг асосий мавзуси бўлишига ишора беради”, дейди Қ.Тошбоев “Элтуз” билан суҳбатда. 

Унинг сўзларига кўра, ЕОИИга аъзолик масаласида шу кунгача расмийлар ва уларнинг йўриғидан чиқмайдиган партиялар раҳбарлари айтган фикрлар бу масала ташриф давомида якуний босқичга киришидан далолат беради.

“Ҳозир баён этилаётган сиёсий вектордан келиб чиқилса, ҳукумат мазкур масалада бир қарорга келган кўринади. Яъни биз ЕОИИга аъзолик сари кетяпмиз”, дейди таҳлилчи. 

Қ.Тошбоевнинг таъкидлашича, АЭС қурилиши масаласида ҳам Ўзбекистон Россиянинг катта босими остида қолган. 

“Аввало, бу масаланинг ўзаро музокаралар мавзусига айлантирилишининг ўзи хато бўлган эди,- деди таҳлилчи. – Ўзбекистон энди қийин аҳволда қолган. Бир томондан, Россиянинг катта босими. Иккинчи томондан, бутун дунё атом энергетикасидан воз кечаётган бир вақтда Ўзбекистоннинг бу ғавғога аралашиб, Россиянинг узоқ муддатли таъсир доирасига тушишига йўл очилди”. 

Таҳлилчининг таъкидлашича, Афғонистондан келаётган таҳдидни бўрттириш Марказий Осиё мамлакатларини Россия таъсирида ушлаб туришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

“Ҳар уччала масалада Ўзбекистон Россия ва Ғарб мамлакатларининг манфаатлари исканжасида қолмоқда. Агар Ўзбекистон бу масалаларда Россия йўриғига юрадиган бўлса, Ғарбнинг инвестициялари йўлига ва қўллаб-қувватловига ўз қўли билан тўсиқ қўйган бўлади”, деди таҳлилчи Қ.Тошбоев “Элтуз” билан суҳбатда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 август 2016
Мустақиллик байрами арафасида хорижликларнинг ўзбек халқига табрикларини чоп этиш анъанаси шу кунларда қизғин давом этяпти. «Жаҳон» ахборот агентлиги тайёрлаган, ...
18 март 2023
Рассом Ўрумбай Охуновнинг юз йиллик таваллудига бағишланади Қирғизистондаги биринчи профессионал рассом Ўрумбой Охунов 1923 йил 21 мартда Наврўз байрами ...
29 ноябр 2021
Тармоқларда яланғоч видеоси тарқалгани ортидан Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани ҳокимлиги биносида 3 декабрь куни бўладиган йиғилишда 43 ёшли депутат ...
6 май 2019
Россиянинг сиёсий малайлари иштирокида ташкил этилган ташаббусга Ўзбекистондаги сиёсий ҳукумат бирор сиёсий баҳо бераётгани йўқ. “Озодлик”нинг ёзишича, рус тилига ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...