Кўзқараш
6 ноябр 2019

Толстой ўзбекми?

Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконидан улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Жахон бестселлерлари” ( аслида “жаҳон” бўлиши керак) туркуми остида “BOOK MEDIA NASHR” нашриётида ушбу йилда чоп этилган “Лев Толстойнинг энг сара асарлари” ( масъул муҳаррирлар Шариф Холмурод, Ғайрат Эрназаров, муҳаррир Шариф Холмурод) китобини сотиб олдим. Китобга “Иқрорнома” , “Ҳожимурод”, “Кавказ асири” ҳамда “Оилавий бахт” асарлари киритилган. “Кавказ асири” ҳикоясини 4-синфда ўқиганман. Шу ҳикояга кўзим тушиши билан ҳайратландим. Ҳикоя қаҳрамони кўзим ўнгида гавдаланди. Жилин! Онасининг мактуби ила йўлга отланиб қўмиқлар қўлига тушган шўрлик Жилин асирлик азобини бошдан кечиради. Меҳрибон қизча Динанинг кўмаги ила чоҳдан қутулиб, қочишга улгуради.

Китобни варақлашим билан илк асар – “Иқрорнома”га енгил кўз югуртирдим. Муқаддам ўқиганман. Афсуски, бирор асарнинг таржимони берилмаган. Муқоваларнинг олд-ортига қарайман: йўқ. Балки мундарижада ёзилгандир, деб гумонладим: яна йўқ. Муқова сўнггида қайсар даҳо Лев Толстой сурати ва унинг қисқача таржимаи ҳоли берилган. “Лев Николаевич Толстой дунё тан олган энг кучли ёзувчи ва файласувдир…” ёзувларига кўзим тушиши билан ажабландим. Файласуфми ё файласув?! Бунга ҳам чидадим. Ўзим соғинган “Кавказ асири” ҳикоясини ўқий туриб бошим гангиди. Нима бўлаяпти, дейман ўзимга. Алаҳсимаяпманми?! Жумлалар маст кимсанинг алжирашидай пойинтар-сойинтар. “Хўжайин” сўзи “хўжаин” деб берилган. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилдим. Бу ерда ҳам “хўжайин” деб берилган. “Хўжаин” сўзини “хўжайин” дея тўғрилаб кетавердим. Бу сўз юз мартага яқин ишлатилган экан. Воҳ, дея ёқамни тутдим. Ўқиш жараёнида яна имловий хатоларга тез-тез қоқилавердим. Мана бу жумлаларни қаранг: “Кечасига кишанларини ечим (ечиб-бизники), омборхонага қамашган. “Кечасига…” эмиш. “Кечаси..” деб қўяқол. Ёхуд “Костилинни ортига миндириб…” Қисқагина қилиб “ортмоқлаб” деб қўй, шоввоз. “Жилин қиз бошидан силади”. Буниси ортиқча. “Ҳар замон ой чиқадиган шафаққа қараб қўярди”, “Тоғ остида қора (қуюқ) соя ўрмалаб (судралиб), у томон кела бошлади”. “ Тоғларда тинч ёруғ, худди ҳамма ёқни ўлим шарпаси қоплагандай”. Ва ҳоказо этни жунжиктирувчи жумлалар билан тўлиб тошган.

Энг қизиғи, бирор асарнинг таржимони исми-фамилияси келтирилмаган. Китобни битталаб варақлаб чиқиб ҳам таржимонни тополмадим. Ёпирай, Толстой наҳотки ўзбек тилида асар ёзган бўлса, деган ёруғ ўй вужудимни ёритди. Нима, ўзбек адабиёти яна битта даҳога кўпайса, шон-шарафку! Ҳамкасбимга китобни тутиб: Қараб чиқинг-чи, балки мен таржимоннинг исми-фамилиясини йўқотиб қўйгандирман”, дедим иккиланиб. У кишиям китобни роса титкилади. “Сиз ҳақсиз” дегандан сўнг гумонларим ойдинлашди.

Ҳой, биродарлар, нима бўляпти ўзи. Бу ноширларни куппа-кундузи жин урганми, нима бало?… Шўро даврида акам (раҳматли Назар Шукур) пойтахтдаги нашриётлардан бирига корректор (ҳозирги тилда мусаҳҳиҳ) бўлиб ишга кирганди. Бир куни ижара уйига қоғоз папкада анчайин қалин китобни олиб келиб корректурасини туни билан ўқиб чиққанини биламан. “Зарурми сизга деганимда?”, “Тўртта имловий хатога йўл қўйсам, маошимнинг 30 фоизи қирқилади ва 120 ўрнига 90 сўм оламан. Иккинчидан, ўқувчи имловий хатога кўзи тушганда оғринади. Ойлик маошинг буюрмасин, деб қарғанади. Китоб ўқувчида нафрат уйғотмаслиги керак”, деганди ўшанда. Акам шеърларининг “яғирини” чиқариб ишларди. Ялқовлигимдан уялардим. Бугунги ноширликнинг аҳволини юқоридаги ҳолатдан кўриб турибсиз. Эга бўлмаса, нега, деганларидек, нашрдан чиқаётган китобларни назорат қилувчи мутасадди идоралар бордир? Ҳозир нима кўп, нашриёт кўп. Ноширлар асар мазмуни билан деярли қизиқишмайди. Пул бўлса, бас. Олд-ортига қарамай чоп этишаверади.

Яқинда бир қаламкаш янги китобчасини қўлимга тутди. Не ҳафсала билан ўқийки, имловий хатолар ғиж-ғиж. Жумлалар ҳам оёғи осмонда: қизил ручка билан “қон”га бўяб қўлига тутдим. Бечора хижолат чекади. Айбни муҳаррирга ағдарди. “Ўзинг ҳам айбдорсан, ҳозирги муҳаррирлар китобга кўз югуртиришдан эринишади. “Ўлиб кетмайдими, така бўлсин сут берсин” қабилида пинак бузишмайди. Албатта, бу гаплар ўз эгаларини топади. Масъулиятсизлик, китобхонга ҳурматсизлик шунча бўлурми, ҳай-ҳай.

Китоб дўконидан китоб харид қилганда олд-ортига қараб олинг. Йўқса, “BOOK MEDIA NASHR” нашриёти ноширлари каби ҳаракатлар бўлса, Гётениям таржимонсиз ўзбекчада ўқиб қолсак ажабмас?!

Ўроз Ҳайдар
Муаллифнинг фейсбук саҳифасидан

Тағин ўқинг
15 декабр 2020
2016 йил августигача президент Ислом Каримовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган ва 2020 йил ноябрь ойининг охирларида ҳибсга олинган Улуғбек Мирзамуҳаммедов ...
11 январ 2018
9 январь куни МХХ тергов ҳибсхонасида уч ойдан ортиқ қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев хотини, онаси ва фарзандлари билан учрашди. ...
12 май 2023
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова  кўчада юзлаб одамларнинг Сталинни олқишлаб, қичқиришини қонуний деб баҳолади.
2 октябр 2015
Радио манбасига кўра илгари фоҳишалик қилгани боис жаримага тортилган аëлларни йиғиб, далага олиб кетишган. “Балкондан қараб турдим. Ҳаммасини бир ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...