Кўзқараш
9 декабр 2019

Шоир Абдували Қутбиддин вафот этди

Абдували Қутбиддин 8 декабрь куни 59 ёшида Тошкентда вафот этди. Замондошлари наздида у ўзбекнинг далли бир шоири эди. Ундан бир-биридан гўзал ва бетакрор шеърлар қолди:

Бебаҳо матога томган доғдайин
Ўчмайди шафақлар минг ювилса ҳам.
Сарсари, шақиллаб ўтса-да, йиллар
Сен ўша, ўша…

Томчи-ла тасвирлаб бўлмайди сени,
Ҳатто англатолмас билса-да кўршаб.
Тап-таранг тасмадай кокилларингни
Тараган исёнлар бермас изоҳлаб.
Сен ўша, ўша…

Беҳуда даъволар қиламан гоҳо,
Хобгоҳинг қўриқлар фалак лашкари.
Ошкор этмоққа тутинаман гоҳ,
Ақлдан ташқари,
Фикратдан ташқари….

Воажаб, ингичка қилдан ҳам нозик
Иплар чувагувчи балогир сарҳад
Аро, минг йиллик бутхона янглиғ
Тоқатни тоқат-ла тилгувчи қаҳат –
Ўша, ўша…

1988

Шоирнинг ўлими муносабати билан унинг замондошларидан бири Абдувоҳид Ҳайит ушбу ижтимоий тармоқда улашди.

Мерганча қишлоғидаги фожеа

Адашмасам, 1998 ёки 1999 йил эди, Абдували аканинг оталари вафот этди. Биз Азиз Саид билан Ургутдаги Мерганча қишлоғидаги Абдували аканинг улуғ боболари яшаб ўтган ўша ҳовлига таъзияга бордик. Ҳовлида Абдували аканинг укаси Фаридун оиласи билан яшарди. Биз борганда майит чиқарилганди. Ҳовлида каттагина боғ ҳам бор эди, боғнинг ўртасида бир ҳандақ қазилган, ҳандақнинг катталиги 4-5 метрча бор, чуқурлиги, чамамда, 2 метрга яқин ва ҳандақ тўла сув эди. Аёллар ичкарида йиғи-сиғи билан овора, бир туда болалар ҳовлида, боғда ўйнаб юришганди. Бир пайт “фалончи қани?” (исмини эслолмайман) деган ваҳимали қичқириқ бошланиб кетди. Ҳамма Абдували ака синглисининг тўрт ёшли ўғилчасини изларди. Бу болачанинг дадаси сал олдинроқ Тожикистонда автоҳалокатда ҳалок бўлган ва шу бола ёлғиз ёдгор бўлиб қолган экан. Ҳамма ҳандаққа томон югурди. Абдували аканинг амакиларидан бири ўзини сувга отди. Сув лойқа, биринчи шўмғишда тополмади, иккинчи шўмғишда… жуда ширин бир болачани фарёд билан сувдан чиқарди. Зудлик билан болани касалхонага олиб кетишди. Аммо бола 20 минутча сувда қолиб кетган.

Воқеа бундай бўлган экан: ҳандақнинг бир чеккасида кесилган дарахтдан қолган тўнка бор экан. Бола ўша тўнканинг устига чиқиб сув ўйнамоқчи бўлган, лекин тўнка сув тегиб сирпанчиқ бўлиб қолгани учун оёғи сирпаниб сувга тушиб кетган. Болалардан бири югуриб келиб буни унинг онаси айтган.

Бироз ўтиб болани касалхонадан олиб келишди. Ҳақиқий қиёмат қойим бошланди. Ҳамма йиғлади. Эсимда, ўшанда менга худди осмон ерга яқинлашгандай туюлган. Шу издиҳомни эсласам, ўшанда супада ўтирган Абдували аканинг бир амакиси, юзидан нур ёғиладиган нуроний эшонбуванинг қиёфаси қалқиб чиқади. Оппоқ соқоли кўксига тушган ўша нуроний инсон хаёлга ботиб супада ўтирибди. Кўзларида ёш йўқми, деб эьтибор бериб қараганимни эслайман. Лекин унинг кўзларида ёш йўқ, қандайдир у дунёю бу дунё бирлашган бир нуқтага тикилиб тургандай, бутун издиҳом унинг атрофида айланаётгандай туюлди менга.

Узоқ вақт бу таассурот таъсиридан чиқолмай юрдим. Бу воқеаларни эсламоқчи эмас эдим, лекин Абдували аканинг ўша ҳовлидан сўнгги манзилга кузатилганини, ўша гўдакни қўйиб келган қабристонга чиқаришганини эшитиб, хотира қайта жонланди.

Бу ҳам бир тарих, эртага Абдували Қутбиддин ҳақида ёзувчилар балки шу эпизоддан ҳам фойдаланар, балки у кишининг шеърларида ўша куннинг ҳам изи қолгандир, қолаверса, ўқиганлар Абдували аканинг оталари, ўша мурғак гўдак ҳақига ҳам дуога қўл очарлар, деб ўйлаб ёздим.

Барчаларининг охиратлари обод бўлсин!

Абдувоҳид Ҳайит

Тағин ўқинг
26 октябр 2015
Самарқанднинг Ургут туманидаги мактаблардан бирида эса болаларини Ҳайит намозига олиб бормаслик ҳақида ота-оналардан тилхатлар олинган, талабни бузганлар 15 минимал ...
7 октябр 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. Куз келиб тўй-тўйчиқ кўпайган пайт… МС: Туз ...
3 апрел 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз, улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидан келган. Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун Элтуз каналига обуна бўлиш, лайк босиш ...
9 феврал 2024
15 аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилди. У туркий тилни ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...