«Элтуз»га мактуб: Чироқчида болалар меҳнати сақланиб қолмоқда
Кун ўтмоқда, сана ўзгармоқда, лекин ижобий ўзгаришлар рўй бермаяпти. Мен Одил Элмурод, ”Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, Чироқчи туманидан (Қашқадарё вилояти) ёзяпман.
Туманнинг ер майдони қўшни туманларникидан катта ҳисобланади. Шу боисми, туман мутасаддилари аҳолининг ижтимоий аҳволини ижобий томонга ўзгартиришга улгуришмаяпти.
Натижада ишсизлик, ўз жонига қасд қилиш, жиноятга қўл уриш, чет элга ишга кетиш, йўлларнинг абгорлиги, таълим соҳасининг сустлиги, болаларни боғчага ва мактабга жалб этишга эътибор қаратилмаётганлиги, мактабларнинг таъмирталаблиги, чекка ҳудудларда боғчаларнинг йўқлиги, энг ёмони, туманда болалар меҳнати ҳамон сақланиб қолинаётгани кузатилмоқда.
Ушбу ҳудудга юқори ташкилотларнинг эътибор қаратишларини сўраб қоламиз! Бизнинг таклифимиз бу ҳудудни икки ёки ундан кўпроқ туманга бўлиш! Шунда мутасаддилар аҳолининг ижтимоий аҳволини ижобий томонга ўнглашига ишонамиз.
Одил Элмурод
“Эзгулик” жамияти фаоли