Кўзқараш
4 март 2020

Асанов формати: Пахта гулли пиёла

Миллийлик билан ассоциация уйғотадиган яна бир атрибут — пахта гули туширилган чойнак-пиёла. Бу чойнак-пиёла дизайни ўтган асрнинг 60-йилларида ишлаб чиқилган.

60-йилларда мусулмон давлатларида ўзига хос уйғониш бошланган. Диний ва миллий ўзликни аниқлаш, қадриятларни тиклаш ҳаракати авж олган. Бу ҳаракат Ўрта Осиё республикаларига ҳам ёйилишидан чўчиган совет раҳбарияти “мусулмончилик” ва “миллийлик”нинг “ўзига хос ва ўзига мос” йўлини ишлаб чиқишга бел боғлаган. Бу ишланмалар натижаси ўлароқ? Самарқандда мана шу чойнак-пиёла дизайни ишлаб чиқилган: у ҳам мусулмон маданияти нақшларини эслатар, ҳам Ўзбекистоннинг миллий бойлиги ҳисобланмиш пахтани акс эттирар эди.

Муқанна, Мангуберди, Темур Малик ва бошқалар

СССРгача бўлган анъанавий мусулмон тарихчилигида ўтмиш исломий қадриятлари призмаси орқали тушунилган. Бу матнларни ўқисангиз, “буюк боболар”, “миллий озодлик ҳаракати”, “миллий қадриятлар” каби тушунчаларни учратмайсиз. Ўтмиш тарихчилари мусулмон оламига бир бутун деб қараган ва араб, турк, форс, мўғул — барини ягона маданий муҳитда кўрган. Миллатларга бўлиниш, ўтмиш халқларини “буюк аждодлар” дейиш бўлмаган. Аждодлик конкрет одам учун конкрет шажара асосида аниқланган.

1920-йилларида Ўзбекистон ССР ташкил топгач, айнан шу географик ҳудудга оид тарихий фактлар олиниб, шу асосда “миллий тарих” ишлаб чиқилган. Бошқа омиллар, дейлик, ўзбеклар Ўзбекистондан ташқарида яшаши ёки айрим аждод қабилалар бошқа географик минтақадан келгани эътиборга олинмаган.

40-йилларда яна жиддий ўзгаришлар бўлган. Иккинчи жаҳон уруши бошланган эди. Халқни ғалабага илҳомлантириш учун ўтмишдан қаҳрамонлар қидирилган. Тарихий рақиблардан Чингизхон танланган: у ҳам Гитлер сингари бешафқат ва қудратли эди. Чингизхон босқини ва унга қарши курашган қаҳрамонлар ҳақидаги китоблар айнан шу даврда ёзилгани бежиз эмас: Василий Яннинг “Чингизхон” (1939), “Боту” (1942) романлари, Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” драмаси (1944), Миркарим Осимнинг “Ўтрор” қиссаси (1941), Садриддин Айнийнинг “Қаҳрамони халқи тожик Темур Малик” китоби (1944). Бошқа саналарга эътибор қаратсангиз, ўтмишдаги “миллий озодлик кураши” ҳақидаги асарлар бевосита Иккинчи жаҳон уруши билан боғланиб ёзилганини кўрасиз. Дейлик, Ҳамид Олимжоннинг “Муқанна” драмаси. Ўтмиш қаҳрамонлари шу тариқа қўлёзмалардан олиб чиқилиб, бугунги кун одамларининг онгларига сингдирилди. Бунинг аслида ёмон жиҳати йўқ — аждодларни эслаш хайрли иш. Лекин бунга замона контекстида қарайдиган бўлсак, бу қаҳрамонларнинг шахсиятига ҳам “қалам теккан”ини айтиш жоиз. Замона зайли билан узоқ ўтмишда ўтиб кетган, бойлик талашган одамлар “улуғ ватанпарвар”, чинакам фидойилар “халқ душмани” бўлиб кетди. Бундай “таҳрир” тарихга бўлган муносабатимизга, уни қандай тушунишимизга таъсир кўрсатади, демакки, ўтмишга холис баҳо беришга тўсқинлик қилади.

Ҳар куни севиб ичадиган ичимлигимиз — чой Ўрта Осиёга XVII асрда кириб келган. Навоий, Темур, Улуғбек чой ичишмаган. Яъни у бизга XVII–XVIII аср маданий пластидан мерос. Бундан қадимийроқ ва янгироқ таомлар бугунги дастурхонимизни безаб туради — минг йилдан бери пишириладиган нон, бир неча аср олдин пайдо бўлган таомлар совет даври ошхонаси билан қоришиб кетади. Ақлимизда ҳам пластлар бор — узоқ ўтмишдан қолган маданий кўникмалар (масалан, “ассалому алайкум” деб сўрашиш) СССР (кўп қаватли уйларда яшаш, “европача” кийиниш) ва мустақиллик маданияти (тўйларда love story қўйиш) билан қоришиб, бугунги маданий қиёфамизни ҳосил қилади. Вақти келиб бу кўникмаларнинг айримлари илдизидан узилиб, “азалий” одат сифатида қабул қилина бошланса, ажабланмайман. “Қадриятлар уруши” келиб чиқмаслиги учун тарихий пластларни ажратиб олиш, яхши фарқлаш лозим.

Бугунимиз эса, аслида, тарих бўлакларидан иборат. Бугунимиз тарихга ўйлаганимиздан кўра яқинроқ, боғлиқроқ: ҳар куни ўтмиш бўлаклари бўлмиш биноларда ўтириб, ўтмиш бўлаклари бўлмиш фикрларни ақлимиздан ўтказамиз. Бугун ўтмишдан шаклланади.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
27 март 2019
Тарихчиларимиз ўтмиш қадриятларини мумкин қадар қадимийлаштиришни яхши кўриши сир эмас. Қадимийлик, минг йиллар ҳақидаги таъкидларни ўйламай, ҳеч бир фактсиз ...
10 апрел 2020
Ҳар йили 10 апрель куни ўтадиган бу байрамнинг моҳияти фашизмга, диктатурага бўйcунмаслик, тинч норозилик акциялари, саботаж, баъзан эса қуролли ...
14 сентябр 2023
Ўзбекистондан Россияга учиб келган 22 яшар Ҳасанбой Муҳаммаджонов бир кунда иккита одамнининг калласини олишга улгурди. 12 сентябр куни у Москвада ҳибсга олинди. Бироқ ...
6 июн 2022
“Поп тумани ҳокимлигида ёлғончилик, ерларни талон-тарож қилиш авж олган. Таниш-билишчилик кучайган, тадбиркор фермерларнинг ер майдонлари ноқонуний тортиб олинган”. Бу ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...