Вақт машинаси
7 март 2020

Тўлган ой қўшиғи

Ўтган йил охирроғида Москвага йўлим тушди.

Чумчуқтепада, университетга яқин Мосфильм кўчасида турдим. Эйр бин бин қилиб.

Йўлларда аку билан юрадиган яшил самокат ташаб қўйишган экан.

Бирини олиб эрмакка миндим.

МГУ олдидаги кўча пастга эниб кетганини москваликлар яхши билади.

Хуллас, самокатдан йиқилиб, оëғим лат еди. Синмади, аммо қаттиқ оғриди.

Рассом дўстим Костя Звездочётов қўярда қўймай дўхтирга оборди. Дўхтир (Костянинг ўртоғи) рентген қилиб кўрди.

Кейин бедананинг тухумини чақиб, ичидаги сариғини тиззамга суртиб, устидан бойлаб қўйди.

Тузалиш йўлига кирдим.

Ўзбеклигимни билган дўхтир таржимонлик қилишимни илтимос қилди.

Қўшни палатада бир ўзбек аëл ўзига бир келиб, бир кетиб ëтган экан. Ўзидан кетганидан алаҳсираб гапирар, ҳушига келганда эса жим эди.

Ток урибди бечорани.

Устига бориб турдим. Алаҳсиради. Қўшиқ айтаëтганди.

Қўшиқ хоразм ўғуз туркчасида эканлигини билиб, телефонимга ëзиб олдим.

Уйга келиб, яхшилаб эшитиб, шу сўзларни тушундим:

Гама галип урилоди Дорғоно,
Хот барип иярин Дорғон борғоно…

(Кема келиб урилади Дорғонга,
Хат бериб юборай Дорғон борганга)

Қўшиқнинг уëғини тушунмадим. Аммо мана бу жойини аниқ хатга туширдим:

Дорғоннинг бўйиндо қорғолор бўлсом,
Ëр минган гамада дорғолор бўлсом,
Ëр минган гамада ëлонг ëш йигит,
Ман ўз ëримо ваподор бўлсом….

(Дорғоннинг бўйида қарға бўлсам,
Ëр сузган кемада дарға (капитан) бўлсам,
Ëр минган кемада фақат чиройли йигитлар,
Мен фақат ўз ëримга вафодор бўлсам.)

У ëғини яна тушунмадим. Охиридаги аниқ жумла мана бундай:

Ëп бўйиндо шо дарак шоғлооп дурибти, жон чиқон,
Соëсинда бир ë-о-о-ш йигит еғлап дурипти, жон чиқон.
Йиғласа ҳам йиғласун, дардини айтиб йиғласин,
Энди мандан раво йўқ. Белни маҳкам боғласун………

(Сой бўйида шох терак шовуллаб турибди,
Соясида бир ëш йигит йиғлаб турибди,
Йиғласа ҳам йиғласун, дардини айтиб йиғласун,
Энди мендан раво йўқ. Белни маҳкам боғласун).

Эшитганимни қоғозга туширдим. «Элтуз» редактори Қудрат оғага телеграмдан узатсам, таржима қилди бу шеърларни. Хуллас, бу касал қизнинг ҳолидан яна бир марта хабар олгим келди.

Костянинг машинасида бордик. Палатага кирсак, қиз ўзига келибди. Жи-им ўтирибди, бир нуқтага қараб.

Бориб стул қўйиб, унинг олдида ўтирдим.

Костя сумкасидан мева-чева олиб, тумбочка устига қўйди.

Қиз миннатдор назар билан Костяга зимдан қараб қўйди.

Бирпас жим ўтирдик. Қиз ерга қараб, секин сўрашди мен билан. Мен ҳам уни аста саволга тутдим. Ўзи олдин ҳам русчани яхши билмайдиган қиз ток ургандан кейин тили тутилиб, ўз тилида зўрға гапирарди.

Бу қиз 21 ëшда. Исми Тўлғаной. Хоразмнинг Бўйрачи қишлоғидан экан. Москвада фаррошлик қилишини ва ўтган ҳафтадаги қаттиқ шамолда узилган электр симига чувалашиб, ток урганини айтиб берди.

Қиз эрдан ажрагани, боласи йўқлигини ҳам айтди. Уни айтишича, фаррош бўлиб ишлаганда ўз қишлоғидаги тўққиз одамга пул юборар экан. Отаси-онаси, ака-сингил ва опаларига алоҳида-алоҳида.

Аммо қизнинг ток уриб ўлар ҳолатда эканини билгани заҳоти бу “қариндошлар” дарров алоқани узишибди.

Докторга пул тўлаш, ўлиб қолса, ўлигини темир тобутда олиб келиш палон пул бўлишини тез ҳисоблаган қариндошлар ундан воз кечиб қўя қолишган.

Қиз ўзига келиб, ҳеч кимсиз қолганини кўриб, тушкунликка тушганди.

Костя бориб, бош врачни бошлаб келди. Докторни бу қизни даволашдан кўра, “у қандай қилиб пул тўлайди”, деган масала қизиқтирарди.

Қизнинг тиббий суғуртаси сохта бўлиб чиққанди.

Бош врачга кафил бўлиб, ундан бу аëлни яхшилаб даволашини сўраб чиқиб кетдик. Чиқаëтиб бир қоғозга телефонимни ëзиб, тумбочка устига қўйиб кетдим.

Икки кун ўтиб телефоним жингирлади. Тўлғаной эди. У менга раҳмат айтди. Яна нималардир демоқчи бўлди. Мен кўришга борайми десам, келинг деди. Докторга телефон қилсам, қизнинг соғлиғи тикланиб, иштаҳаси очилганини айтди.

Мосфильм кўчасидаги ўзбек кафедан ош, сомса ва яна салатдан иборат егуликни пакетлатиб олдим.

Бу сафар Костясиз, бир ўзим бордим. Тўлғаной ўз каравотида қўлидаги телефонга тикилиб ўтирар эди.

Мени кўриб, юзи ëришди. Тумбочка устига егуликни қўйдим. “Сиз еб олинг, мен дўхтир билан гаплашиб келай”, деб палатадан чиқдим.

Баннисанинг овқати жонига теккан Тўлғаной оғзига ëқадиган емак келганидан мамнун кўринди.

Бош врач катта ЛСД телевизор турган меҳмонхонани очиб берди. Ҳамшира қизлар баклашкада минерал сув қўйиб кетишди. Тўлғаной ўзини яхши сезди шекилли, энди ерга қарамай, кўзимга тик боқиб гапира бошлади.

Бу қизнинг кўзлари оч яшилга монанд сарғиш. Юз бичими ҳинд ва эрон қизларини эслатарди.

Сочлари қизғишга мойил.

У 17 ëш бўлганида қишлоғида уй қуришга Дорғон отадан (Хоразм вилоятининг Бухоро ва Туркманистонга яқин олис нуқтаси) уста йигитлар келишган. Йигитлардан бири Тўлғанойни севиб қолган. Оламан-бораман бўлишган. Аммо Тўлғанойнинг отаси бу йигитнинг совчиларини қайтарган. Тўлғанойни туман марказидаги бир олис қариндошнинг ўғлига беришди.

Уни узатишганда халфалар ëр-ëр айтган.

Олтин ошиқ ўйнаган ўғлинг бўлсин ëр-ëр
Кумуш қошиқ ушлаган қизинг бўлсин ëр-ëр…

9 ой ўтса ҳам Тўлғанойнинг бўйида бўлмаган. Шамоллаш асорати.

Хуллас, қуда тараф Тўлғанойни ажратиб юборишди.

Чиққан қиз чиғириқдан ташқари. Ота уйи унга тор келди..

Олдин туманда соч турмаклайдиган салонда ишлади.

Кейин эса салондаги қизлардан бирига қўшилиб Москвага келди.

Салонда, кафеда, дўконда, ҳатто қурилишда шпаклёвкачи бўлиб ишлади. Охирги иш жойи ЖЭКда фаррош.

Қишда муз чопди, баҳорда қор куради. Кўча супурди.

ЖЭК бошлиғи Кенан деган озари йигит уни ўзига иккинчи хотин қилиб, никоҳлаб олиб қўйганини ҳам айтиб берди.

Аммо Кенаннинг биринчи хотини Бокудан келгач, жанжал қилиб Тўлғанойни қувдириб юборди.

Ҳозир ҳеч ким хабар олмайди мендан, деди Тўлғаной. Ота-онангиз билан гаплашмайсизми, десам бош чайқади.

Агар яхши тузалиб кетса, Костяга айтиб ишга жойлаб қўйишга ëрдам қиламан, деб ваъда бериб чиқиб кетдим.

Дарвоқе, чиқаëтиб Тўлғанойдан “Қўшиқ айтасизми”, деб сўрадим. Тўлғаной уялиб “йўқай”, деди.

Билишимча, у кўча супураëтганда доим қўшиқ айтар экан.

“Олдин наушникда эшитар эдим. Бир марта касал бўлганимда дўхтирлар наушник зарар деб айтди. Кейин ўзим секин айтиб бошладим”, дейди Тўлғанай.

Мен уйга қайтдим. Костя дўстим билан овқатландим. Костянинг бой танишларига бола қарайдиган энага керак экан. Тўлғанойга телефон қилиб сўрасам, жон деб рози бўлди.

Мениям кетадиган вақтим яқинлашди.

«Москва кўз ëшларга ишонмайди», дейишади. Ишонади. Нега ишонмасин. Мана, Костя асл москвалик. Катта бобоси аслзодалардан бўлган.

Астойдил ичи ачиди Костянинг бу бечора қизга.

Ҳикоя тугади.

Телефонимга ëзиб олган Тўлғанойнинг уйқуда алаҳсираб айтган қўшиғини қайта эшитдим.

“Мана, кема дарëда сузиб келиб, Дорғонота соҳилига урилади. Чой қушлар чийиллаб осмонда учади. Сув устидаги ўрдаклар тўрт тарафга қараб сузади. Дарëда санг, яъни қишдан қолган муз парчалари сузиб юрибди. Кемадан бир йигит тушади. Бир болакай унга хат олиб келиб беради. Йигит севгилисидан келган хатни илкис иштиëқ билан ўқимоқда. Амударë эса шағирлаб оқиб, бу йигит тўлиб-тошиб айта олмаган ҳисларини қирғоқбузар мавжлари билан ифодалайди”.

Қўшиқ мазмуни эди бу.

Аммо Тўлғаной Москва кўчаларини супурганида айнан нима ҳақда куйлашини билмайман.

Бу қўшиқни ўзим ëздим ва «Тўлғанойнинг айтими» деб номладим:

Кун чиқди,
Кун ботди.
Кун ўтди,
Кун кечди.
Куним учун
Кундошимнинг
Чағасига кулиб боқаман.
Ич-ичимда ўтлар ëқаман.
Эй, юзинг қурмиш турмуш,
Мен сени ëр этмайман.
Мен кўкдаги тўлган ой,
Қора булут ичида ўлган ой.
Кун чиқар, кун ботар…
Тўққизта оғиз
Есин, ичсин деб
Кўча супураман кеча-кундуз,
Манглайимда йўқдир юлдуз.

Бу қўшиқни ëзиб бўлиб йўлга тушдим. Внуково аэропортига қараб автобусда узууун йўлдан кетяпман. Телефон жиринглади. Телефонда Тўлғаной ҳузунли сас билан қўшиқ айтар эди:

Юсуф билан Зулайҳо
Ëр эдилар, ёр-ёр!
Бир-бирини кўрмакка
Зор эдилар, ëр-ëр!

Rassom Tuz

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 январ 2017
Ижтимоий тармоқда янги йил куни қорқиз кийимини кийган бола ва унинг шериги кечирим сўради Бундан илгари янги йил куни ...
24 январ 2017
«Ҳуррият» газетаси (18.01.) янги президентнинг сўнгги вақтлардаги чиқишларидан илҳомланиб, «Чапани чапдан турганда» (рукннинг номи) нималарни айтиб юбориши мумкинлигини ҳукуматга ...
4 август 2020
Ўзбекистонда турли матнларда, контекстларда, ҳатто расмий ҳужжатларда кўп ишлатиладиган “буюк аждод” тушунчасидан воз кечиш керак, деб ўйлайман. Бунинг сабабини ...
22 октябр 2021
Ҳафта ўтиб яна сиз билан кўришиш насиб этди. Мағрурсиз, масрурсиз ва орангизда ҳаётга мафтун, севгидан мажнун кишилар бор.   Бугун мен 24 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...