Асосий мавзулар
7 апрел 2020

Картошка пишса, қишлоқда камбағал қолмайди

Коронавирус шароитида кўрпанинг қатидаги пуллар аста харж бўляпти. Камбағал уч-тўрт сўм пулини тахмонга йиғилган янги кўрпанинг қатида ёки уйи ичига солинган шолча ёки полоснинг остида сақлайди. Еттинчи синф ўқувчиси мактабга келган кўчма цирк томошасига кираман деб дадасидан бесўроқ (чамаси ўша пайт дадаси уйида бўлмаган) икки минг сўм олади. Ажабки, кейинроқ боланинг дадаси кўрпа қатидан икки минг сўм йўқолганини сезади ва «Сен олдингми?» дея қистовга олади. Бола икки минг сўм олганини тан олади. Бундан ғазабланган ота боласини пул ўғирладинг, деб молдай калтаклайди. Калтак зарби ва аламга чидай олмаган бола молхонага кириб ўзини осиб ўлдиради. Дада ичиб кўчада юмалаб қоладиган алкаш эди. Ҳеч қанча ўтмай алкаш ота маст ҳолатда велосипеддан калласи билан бетонга йиқилиб ўлади.

Алкашнинг хотини эса вояга етмаган уч боласи билан бева қолади! Унинг тўртта фарзанди бор эди, ўғил фарзанди эса, юқорида айтганимдек, ўзини осиб ўлдирди. Аёл ошин ишлаб боласини боқарди (кунлик ҳақ эвазига дала ишларини қиладиган аëлга Фарғонада ошин дейилади. Японияда суратга олинган ТВ сериал қаҳрамонининг исмидан олинган. Сериал қаҳрамони озгина пул эвазига далада ишлайди. Таҳр.)

Боёқиш бола боқаман деб Тошконга ҳам мардикорчиликка бориб келган.

Тилга олганимдек, оғир шароитда яшайдиган ошин аёллар минглаб топилади.

Ўтган куни бошқа бир ошин аёлга тилпон қилдим. «Ишга чиқяпсизларми?» деб сўрадим. Бир гектарга яқин еримга ловия эктирмоқчи эдим. «Ҳеч ким ишга айтмаяпти. Ҳозир туман марказидамиз. Бирорта иш топилар деб келдик», деди ошин аёл.

Ўтган куни хайрия маркази дейилган рақамига тилпон қилиб
муҳтожларга ёрдам бериш тартиби ҳақида қизиқдим. Марказ Фарғона шаҳрида жойлашган экан. Мен билан тилпонда гаплашган йигитчанинг айтишича, марказнинг туманларда бўлимлари йўқ экан, » прямой Фарғонада туриб ёрдам берамиз. Продукталарни аввал дизинпексия қилиб, сўнг ўзимиз етказиб берамиз», деди. Яна унинг эътирофича, 1197 маҳаллий қисқа рақамга муҳтожлигини аён айлаб тилпон қилган одамнинг шароити аввал мутахассислар томонидан ўрганилиб, сўнг ёрдам ажратилар экан. Яхши. Лекин битта ноқис томони бор. Ҳамма гап шундаки, Фарғона шаҳри бизнинг тумандан 100 км узоқда. Бунақа узоқ жойдан мутахассис келиши, сўнг моддий ёрдам етказиб бериш ноқулай эмасмикан?! Балки хайрия марказлари қийналиб қолган оилаларга ёрдам кўмагини етказишнинг оқилона йўлини ташкиллаштираётгандир. Нима бўлганда ҳам ҳозирги синов даврида камхарж оилалар қийналиб, умидсиз бўлиб қолмасин деймиз. «Опа, бу кунлар ўтар-кетар, кетингни куйгани қолади», деган гапни эсладим.

Пандемия шароитида кунда топганини кунда ейдиганлар қийналиб қолди.

Магазинчи йигит: «Савдо камайди. Одамларда пул қолмади», деди.
Расмий ва норасмий йўлда ҳозирги шароитда қийналиб қолганларга озиқ-овқат тарқатиляпти. Яхши иш.

Лекин мен яшайдиган ҳудуддаги қишлоқларга негадир эҳсончилар продукта кўтариб ҳеч келмади.

Назаримда эҳсончилар бир-бирига эҳсон қилаётган бўлса керак.
Биз томондаям кўрининглар, ёғ ва макарон кўтарган эҳсончилар. Биздаям муҳтож оилалар етарли.

Эҳсонларингни интернетда пиар қилишларингни ёқтирмайман.

Мана, масалан, қишлоғингизда, маҳаллангизда, кўчангизда ким камбағаллигини, қийналиб кун кўришини, шу кунлардаги мажбурий карантин сабаб янаям қийналиб қолганини, ҳеч ким айтмаса ҳам, биласиз. Агар шу қийналиб қолган маҳалладошингизга моддий ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлсангиз, бировга айтмай, суратга олмай, индамайгина, хоҳласангиз нақд пул, хоҳласангиз озиқ-овқат кўринишида ёрдам бераверинг, бу ишни ҳеч ким тақиқламайди.
Аввало, агар опа-синглингиз, ака-укаларингиз орасида муҳтожлар бўлса, дастлаб ўшаларга моддий кўмак беринг.

Мен, масалан, муҳтож эмасман, лекин шундай бўлса ҳам Тошкондан ўғил-қизлари келди, қийналиб қолмасин деган ўйда сингилларим икки марта нон ёпиб берди, онам эса гўшт, майиз, ёнғоқ илинди, энг кичик синглим:» Пул зарур бўлса, айтинг!» деди.

Демак, ҳозирги қийинроқ шароитда ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғлар бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлиши лозим. Биродарлар, аҳиллик муҳим.

Карантиннинг дастлабки куниёқ тўсатдан эҳсон ёрдамида ўзларини пиар қиладиган типлар пайдо бўлди ва кимгадир нимадир берганини суратларга олиб оламга достон қилишни бошлаб юборишди. Уларнинг эҳсон тарқатиш жараёни эса карантин талаб ва қоидаларига мутлақо зид эди. Шунақа расмларни кўрдим интернетда. Биродарлар, жуда тез юқадиган тожвирус хуруж қилган пайтда бировнинг уйига эҳсон бераман деб галалашиб бориб бўлмайди. Саккизталаринг муҳтожга бир қоп ун эҳсон қилиш жараёни саккиз томондан суратга олиб интернетга жойлашларинг қизиқ.

Эҳсон йўли ҳамиша очиқ. Яқинларингиз, қадрдонларингиз, маҳалладошларингиз орасида кимлар моддий ночор эканини яхши биласиз, аввало, ўшаларга ёрдам беринг. Сизлар бўлса саккизталаринг бир қоп унни кимгадир эҳсон қилаётганларингни видеога олиб ҳужжатли фильм қиляпсизлар.

Яна такрорлайман. Яқинларингиз, маҳалладошларингизга хоҳлаганча ёрдам бераверинг ва бу ёрдамингизни Э. Боситхонованинг қулоғига етиб борадиган даражада пиар қилманг.

Ростдан муҳтож оилалар бор. Ҳозирги карантин шароитида қийналиб қолган оилалар ҳам етарли. Ошинларим: » Пул тугади. Ишга чақиринг!» деб тилпон қиляпти.

Апрель ойи охирида картошка пишади ва қишлоқда камбағал қолмайди.

Қишлоқ одами картошкани иккинчи нон дейди.

Одатда картошка экмасдим. Чунки уйимда кам овқат пишираман, асосан, катта ҳовлида, онамнинг уйида овқатланаман. Битта қоринни эплаш осон.

Лекин бу йил онам картошка ва помидор эк, деб бир неча бор таъкидлади. Хўп, дедим-у, экмадим. Охири онам уйимга келиб, тепамда туриб мажбур картошка эктирди.

Картошка эккан пайтим карантин ҳақида гап-сўз йўқ эди.

Кутилмаганда «пақ» этиб карантин эълон этилди ва ўғил-қизим Тошконни тарк этиб қишлоққа қайтди.

Картошкаларим анча бўй чўзиб қолди, апрель ойи охирида ковлаб, истеъмол қилса бўлади. Помидор ва қалампир ҳам экдим.

Шафтолиларим чаман гуллади. Ҳовлимда ўтган йилдан йигирма тупга яқин узумим мевага кирди. Мингдан зиёд олмам шу йилдан мўл ҳосил беради, деб умид қиламан.

Май ойи бошида тут ҳам пишади. Афсус, қишлоқларимизда ширин оқ тутлар деярли қолмади, ўтин қилиб сотилди, янги ниҳоллар экилмади. Далаларда хашаки тутлар қолган. Битта-иккита ипак қурти учун кесилмай қолган тутни топиб мевасини еймиз. Ҳар йил набира қизимга бир жойлардан топиб тут егиздираман.

– Опоқи, тут ейман! – деб қичқиради набирам.
– Юринг!- дейман.

Қанийди шу тожливирус балосидан керакли хулоса чиқара олсак, ерга, дарахтларга, табиатга муҳаббатимиз ортса, бекорчи ҳашамларни камайтирсак, камроқ мақтансак, озроқ сўзласак, кўпроқ яхши ишларни қилсак, орқамиздан тонналаб сассиқ ахлат қолмаса, умримиз чирик ипдан ҳам омонат эканлигини англасак, орзу ва ниятларимиз дунёнинг ўткинчи ва бевафолигига мос бўлса.
Асли бутун инсоният битта кемада! Мамлакатлар ўзаро урушиб бир-бирини сувга чўктираман дейиши нотўғри, пировардида ҳамма чўкади.

Бугун ҳам боғда, томорқада меҳнатга андармон бўлдим. Ўғил китоб-дафтардан бош кўтаргани йўқ. Математика. » Карантин қачон тугаркин?»- сўраб қўяди баъзан.

«Коронавирусга иссиқ таъсир қиладими? Кунлар исиса йўқоладими?»- деб қизиқади.

«Ҳа,- деб ўзимча тушинтираман унга. – Вируснинг юза қисми ёғ бўлади, қуруқ ва иссиқ ҳавода қурийди ва ўлади», деб ўзимча тушунтирмоқчи бўламан.

Картошка пишиғига етиб олсак, бас, у ёғи осон!

Раҳимжон Раҳмат
муаллифнинг фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
28 феврал 2020
Алексей Волосевич Бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистонда энг машҳур бўлган русийзабон «Илҳом» театри биносининг кўчирилишига оид шов-шувлар ҳамон ...
23 апрел 2018
Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон бюджетидан 4 миллион доллардан ортиқ маблағ ўмарилган. Бу ҳақда Молия вазирлигига асосланиб, мамлакатнинг бир ...
21 май 2021
“Абдулла Ғариб продакшн”, рассом Элсевар, рассом Туз ва “Элтуз” янги сиёсий сатирик анимацион фильмлар туркумининг олинчи қисмини тақдим этади. ...
8 феврал 2021
Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовани “Ўзбек маликаси” деб аташарди. У эстрада хонандаси, мода ва заргарлик буюмлари бўйича ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...