Асосий мавзулар
27 апрел 2020

Мен қайси мамлакатдаман. Кўчамнинг номи нима?

Тарих такрор саҳналардир. XVIII-XIX асрда Россия зодагон ва башанглари асосан француз тилида гаплашишган.

Пушкиннинг тили французча чиққан ва беш ëшида рус тилини энасидан ўрганган.

Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи персонажлари асосан французча тиллашади.

Чунки француз тилида ягона тартибу низом ва назокат бор эди.

У пайтда ҳар хил шева ва жаргонлардан иборат рус тили ягона тизимга эга эмас эди. Масалан, кимдир “хитрий” деган сўзни «ақлли» деган ижобий маънода тушунса, ким учундир бу «шум» деган салбий маънода эди.

Кимгадир “черствий” деган сўз қотиб қолган нонни англатса, ким учундир бу калима энди ëпилган юмшоқ нон таърифи эди.

Француз тили Россиядаги илк аниқ ифода воситаси бўлди.  Француз тили ошиқлари галломанлар, дея аталди.

Гоголь ëзган “Уйланиш” спектакли қаҳрамони типик галломан ўз хотини француз тилини билишини чандон истайди.

Севги бўлган жойда, албатта, нафрат ҳам пайдо бўлади. Бу яшам  қонуни.

Россиядаги тили французчага келишмаганлар бу тилдан нафратлана бошлади. Уларни галлофоблар, деб аташди.

Галлофоблар орасида халқ маорифи вазири Александр Шишков ҳам бор эди. У рус тилининг мошкичирига айланганидан энг кўп додлаган амалдор сифатида тарихда қолди.

Аммо киборлар француз тилида гапиришда давом этишди.

Улар фақат ўз малайининг онасини сўкканидагина  рус тилидан фойдаланишди.

Александр Пушкиннинг гўзал хонимларга ëзган мактубларининг 90 фоизи француз тилида эди.

1812 йилда Наполеон Россияга уруш бошлагани ортидан галлофобларнинг куни туғди.

Оддий рус мужиги французча гапирган рус зобитининг бўйнини болта билан узгани ҳақида Питер газеталари даҳшат билан ëзди.

Бугун Россияда галломания ўрнини рус шовинизми  ва путинизм тўла эгаллади.

Лекин қатиқ тўкилса, юқи қолади. «Афиша», «пресса», «шарм», «кавалер», “шифоньер” каби сўзлар ўша француз қатиғининг юқидир.

Бу калималар ўзбекчага ҳам ўтган.

Дарвоқе, ўзбек тилидаги «вергуль» сўзи ҳам французча. Бу сўзни усмонли адабиëти ўқиган жадидлар тилимизга киритишган.

Умримда биринчи марта Францияга борганимда мен ўзимни илк маротаба чет эллик сифатида ноқулай ҳис қилдим. Мен билган чала- чулпа инглиз тили ва сал яхши биладиганим олмонча йўлда юришим учун таянадиган ҳасса бўлмай қолган эди.

Французча гапир, дейишди менга. Борган пайтимда баъзи хонадонларда ички коммутацияли телефон тизими бор эди.

Яъни сиз телефон қилсангиз, бир хотин кўтаради. У хотинга француз тилида тўртта рақам айтиш керак бўлди.

Рассом дўстим яшаган Париждаги квартиранинг тўртта рақамини шеър каби ëдлаб олгандим:

«Ду ду катрин турува».

Ўша даврда қулоғимга сингган қўшиқни ҳуштак чалиб хиргойи қиламан.

Ман нима қилдим? Нимани гапирдим? Қайси мамлакатдаман? Бошимга қўнган  қор ранги қандай? Одам қариб-чуриш учун туғиладими? О, менинг йўқолган болалигим. Кўчамнинг номи не аталганди?

Qu’ai-je fait? Qu’ai-je dit?

Qui suis-je en ce pays?

Quelle neige est déjà tombée dans mes cheveux?

Les hommes ne sont-ils nés que pour devenir vieux?

O mon enfance disparue

Quel était le nom de ma rue?

Рассом ТУЗ

Тағин ўқинг
11 феврал 2022
Азиз ва мукаррам, ҳар бири дуру жавоҳирлар каби қадрлиларим. Мабодо хафа бўлиб, ғам-ғуссага ботган, ишингиз юришмаган бўлса, бошлаган ишингиздан ...
2 октябр 2015
29 сентябр куни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар Хоразм вилоят Хазорасп ТИИБ милиционерлари томонидан ушланган ва ...
26 август 2019
Узоқ йиллар давомида режим пахтақўярлари томонидан оғзи кўпириб мақтанилган “тараққиётнинг ўзбек модели нотўғри бўлгани” мамлакатнинг энг юқори доиралари томонидан ...
6 январ 2022
Ўзбек мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ Элтуз мухбири билан суҳбатда Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди. Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...